26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Муҳаммад Али: “Шоҳ ва шоирнинг дўстлиги Қозоғистон театри саҳнасида намойиш этилаётганидан ҳаяжондаман”

Соҳибқирон Амир Темур авлодлари Ўрта асрлар сиёсатида улкан ўрин тутишади. Аммо улар ичида Мирзо Улуғбек, Ҳусайн Бойқаро ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур номлари энг кўп тилга олинади. Куни кеча Жанубий Қозоғистон вилоят ўзбек драма театри жамоаси  яна бир ютуққа эришди – сиёсат тизгинини тутганча илм-урфон, маданиятни юксалтирган буюк инсонлардан бирининг ҳаётидаги зиддиятли нуқталарни ҳаққоний ёритган “Навоий ва Бойқаро” спектаклини саҳнага чиқарди. 

Саҳналаштирувчи режиссёрнинг билим-заковати, Одилжон Тўғонбоев (А. Навоий), Сайдикарим Маҳмудов (Ҳ. Бойқаро)нинг тажрибаси, Савринисо Рўзиметова (Хадича бегим), Улуғбек Носиров (Бадиуззамон), Эрали Тўламетов (Хондамир) маҳорати, илк бора саҳна тўрига чиққан Зулхумор Сухорукова (канизак), Шермуҳаммад Салоҳиддинов (Ясовулбоши)ларнинг ёшлик шижоати ва бутун жамоанинг бир ярим ойлик фидокорона меҳнати ўз мевасини берди. Ўйлаймизки, бугунги кунда ҳам долзарблигини йўқотмаган мавзулар ўрин олган ушбу спектакль барча томошабинларни таъсирлантиради ҳамда жамиятимизнинг маънавий янгиланишига ўз ҳиссасини қўшади. 

Ажойиб кўринишда хотима топган спектаклнинг ёпилиш маросими ҳам саҳна асарига монанд бўлди. Ўз ролларини моҳирона ижро этган актёрлар давомли қарсаклар билан қарши олингач, театр директори И. Ҳошимжонов пьеса муаллифи Муҳаммад Алини саҳнага таклиф этди. 

– Ассалому алайкум, азиз театр мухлислари. Мен учун жуда ҳаяжонли дамлар бўлмоқда. Саҳна асарини томоша қилиб, узоқ тарих ҳақида мушоҳада юритар экансан, ҳаяжонланмасликнинг иложи йўқ. Жуда хурсандман, чунки, боболаримиз ҳақида ёзилган асарнинг тарихий Сайрамда қўйилиши ва ундан сизларнинг баҳраманд бўлишингиз мен учун катта обрў. Бизнинг еримиз бир, тилимиз бир. Кейинги пайтда икки қардош давлатлар президентларининг етти бор учрашгани гапимизни исботлайди. Сайрамдаги театр  кейинги йили нишонланадиган Қозоғистондаги Ўзбекистон йилини анча аввал бошлаб бермоқда. Спектакль шоирлар юрти, Юсуф Сарёмий юртида бўлаётганидан мамнунмиз. Актёрлар жамоасига таъзимдамиз.

Шундан сўнг, саҳнага Абубакир Хонхўжаев, “Жанубий Қозоғистон” газетаси бош муҳаррири Алишер Сотволдиев, Республика “Дўстлик” ҳамжамияти оқсоқоллар кенгаши раиси Бегмат Турдиқулов, вилоят ҳазил-мутойиба ва сатира театри директорининг ўринбосари ва бошқалар кўтарилиб, тарихимизда катта ўрин тутган бобокалонларимизнинг сиймосини яратган, ана шу муҳитни театр мухлисларига етказган актёрлар жамоасига миннатдорчилик билдиришди.

 

“Навоий ва Бойқаро” спектакли премьераси арафасида мазкур пьеса муаллифи, қатор тарихий асарлари билан Ўзбекистон ва жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида танилган адиб Муҳаммад Али билан суҳбатлашдик.

– Мазкур асарнинг ёзилиш тарихи хусусида икки оғиз гапириб берсангиз.

–Тарихимиз адабиётимизда кенг ёритилган, деёлмаймиз. Бунинг устига, узоқ вақт қаламкашларимиз мафкуравий босим остида ижод қилишга мажбур бўлдилар, бу эса, айниқса, тарихий асарларда уларнинг имкониятларини чеклаб қўйганди. 

Шунга қарамай, Спитамен, Широқ, Муқанна, Ғойибхон, Темур Малик, Навоий, Улуғбек ва бошқа кўплаб халқ қаҳрамонлари образлари яратилиб, кенг китобхонлар оммасига тақдим этилди.  Иззат Султон ва Уйғуннинг “Навоий” драмаси ҳам узоқ йиллар омма наздида Алишер Навоий яшаган мураккаб даврнинг ҳаққоний кўриниши сифатида сақланиб қолди.

Пьесада буюк шоир бобомиз ва унинг шоҳ дўсти ўртасидаги муносабатларни мафкура тушовидан холи шаклда тасвирлашга интилдим.

– Асар Тошкент шаҳридаги Ҳамза номли академик театр саҳнасида улкан муваффақият билан намойиш этилганидан хабаримиз бор. 

– Ҳа, Фарғона театри томонидан саҳналаштирилган пьеса Ўзбекистон пойтахтида ҳам намойиш қилинди. Томошабинлар режиссёр ва актёрларнинг улкан хизматини ижобий баҳолашганини тилга олишни истардим.

– Бир қанча дақиқалардан сўнг спектакль бошланади. Муаллиф сифатида унга баҳо беришни истармидингиз?

– Мен ҳам сизлар каби премьерага келиб турибман (кулади), спектакль қанчалик муваффақиятли чиққанини томоша қилгандан сўнг баҳолаймиз. Аммо юрак қўри билан саҳнани исита оладиган режиссёримиз Марат Азимовнинг муваффақият қозонишига ишонаман. 2018 йил Қозоғистонда Ўзбекистон йили, 2019 йил Ўзбекистонда Қозоғистон йили деб эълон қилинди. Бугунги тадбирни халқларимиз учун ниҳоятда муҳим бўлган ана шу тадбирлар дебочаси, дейиш мумкин. 

Марат АЗИМОВ, саҳналаштирувчи режиссёр, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист, Қорақалпоғистон Республикаси санъат арбоби, “Дўстлик” ордени соҳиби:

– Мен Миллий академик ва вилоят театрларида кўплаб спектаклларга режиссёрлик қилдим. Қизиқ томони мен Сайрамда бундан 35 йил муқаддам бўлганман. Ўшанда миллий академик театр “Келинлар қўзғолони” ва “Уйланиш” спектаклларини қўйиш учун келганди. 

Бу сафар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али қаламига мансуб “Навоий ва Бойқаро” пьесасини дастлаб Фарғона вилоят драма театрида саҳналаштирдим. 

Мен театр жамоасига, театр директори Икромжон Акром ўғлига чуқур миннатдорчилик билдираман. Улар яратиб берган шароит, актёрлар кўрсатган жонбозлик спектаклнинг яхши чиқишига сабаб бўлди, десам муболаға бўлмас. Тошкентлик дизайнер Севара Зуннунова либосларни тайёрлаб берди, мусиқасини ҳам шу ёқда ёздирдик. Спектаклда Навоий ва Бойқаро ўртасидаги дўстлик асосий мавзу қилиб олинган. Бу дўстлик халқнинг фаровон яшашига олиб келганига барчамиз гувоҳмиз. Дўстлик – илоҳий неъмат. Мен истайманки, Қозоғистон ва Ўзбекистон орасидаги дўстлик ҳам абадий бўлсин. 

Иш жараёнига келадиган бўлсак, мен Сайрамда иш бошлашимдан бир ҳафта аввал келиб, жамоа билан танишиб, актёрларнинг аввалги ишларини кўриб чиқдим. Шунга қараб актёрларни танлаб олиш жараёни қийинчилик туғдирмади. Алишер Навоийни саҳнада жонлантирган Одилжон Тўғонбоев, Бойқаро ролини ижро этган Сайдикарим Маҳмудовлар менга елкадош бўлиб, саҳна асарининг биз кутгандек чиқишига ёрдам беришди. Улар фаолиятларида ажойиб образларни яратишган экан. Актёрларнинг ўзлари ўйнаётган ролга ташналиги репетиция жараёнларининг ҳам енгил ўтишига замин яратиб берди. Мен бу ерга келганимдан жуда мамнунман ва яна таклиф этишса, бажонидил ишлашга тайёрман.

 

Шерзод ПЎЛАТОВ, Астана шаҳар ўзбек этномаданият маркази раиси:

– Жанубий Қозоғистон вилоят ўзбек драма театри санъатимизни ривожлантириб, уни саҳналарда намойиш этиб келмоқда. Биз учун бу катта обрў. Вилоят даражасидаги театр бўлса ҳам, республика миқёсида иш юритмоқда. Жамоанинг Астана, Алмати шаҳарларида, қўшни Ўзбекистон Республикасида саҳна асарларини қўйиши театримизнинг улкан ютуғи, деб билмоғимиз керак. Масалан, Астана шаҳрида қўйилган “Хўжа Насриддин – Сайрамда” спектаклини пойтахтликлар жуда яхши қабул қилишди. Икром Акром ўғли оқилона раҳбарлик қилаётган театр жамоасига ижодий муваффақиятлар тилаймиз. 

 

Сайдаҳмад МИРЗАЕВ, Сайрам туман маслаҳати депутати, 26-сонли М. Қошғарий номли мактаб директори:

– Ўқиб юрган кезларимизда Ҳамза номли, Муқимий номли театрларнинг ҳар бир янги спектаклини кўриб боришга интилар, шундай даргоҳнинг вилоятимизда ҳам бунёд этилишини орзу қилардик. Насиб қилибди, вилоят ўзбек драма театрининг саҳнасидаги ҳар бир премьерага машинамиз лиқ тўлиб албатта келамиз. Аммо меҳнаткаш жамоа, оқил раҳбариятнинг саҳнада ҳар куни намойиш қилаётган мўъжизаларига кўникиб қолганимизча йўқ. Чунки Қозоғистоннинг ҳам, Ўзбекистоннинг ҳам энг сара асарларини энг кучли режиссёрлар талқинида намойиш этаётган ҳар бир янги спектаклдан олам-олам таассуротлар олмоқдамиз. Бугунги “Навоий ва Бойқаро” спектакли муаллифи, режиссёри ва актёрлари маҳоратига тасанно.      

Абдумалик САРМОНОВ, Хуршид ҚЎЧҚОРОВ. С. ИСАМАТОВ тасвирлари, 2017-09-29, 19:55 1112
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.