26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Зокиржон МАВЛОНҚУЛОВ: “Китоб мутолааси ақлни пешлайди...”

БИЗНИНГ МАЪЛУМОТ:

Зокиржон Худойберган ўғли Мавлонқулов 1963 йил, 23 августда Қорабулоқ қишлоғида тавваллуд топган. Низомий номли Тошкент давлат педагогика инситутининг ўзбек тили ва адабиёти факультетини тамомлаган. 1982 йилда илк иш фаолиятини бошланғич синф ўқитувчиси сифатида бошлаган. Кейинги йилларда директорнинг ўқув ишлари бўйича муовини бўлиб фаолият юритган. 2013 йилдан бошлаб 3-сонли Ҳамза номли ўрта мактаб директори. Педагогика соҳасидаги кўп йиллик самарали меҳнати учун вилоят таълим бошқармасининг Фахрий ёрлиқлари ва бошқа мукофотлар билан тақдирланган.

Ҳар гал Сайрам туманидаги илм масканлари ҳақида гап кетганда даставвал Қорабулоқдаги 3-сонли Ҳамза номли ўрта мактаб тилга олинади. Бу бежиз эмас. Чунки мазкур таълим муассасаси ўз фаолиятини бошлаганига бир аср бўлган. Ўтган асрнинг 20-йилларида саводсизликни тугатишда бутун минтақада муҳим ўрин тутган мактабда илк бор саводини чиқарганлар орасидан қанчадан қанча олимлар, тилшунослар, давлат ҳамда жамоат арбоблари етишиб чиққан. 

Бундай обрўли илм масканида малакали муаллимлар фаолият кўрсатгани ва улар қўлида таҳсил кўрган ўсмирларнинг нуфузли олий ўқув юртларига кириш пайтида билимига ҳатто профессор-домлалар ҳам тан берганлиги маълум. Шундай билим ўчоғи педагоглар жамоасига саркорлик қилиш эса ўта масъулиятли ҳамда шарафли ҳисобланган. Айни пайтда бу вазифани тажрибали мутахассис, иқтидорли раҳбар Зокиржон Мавлонқулов муваффақиятли бажариб келмоқда. 

Устозлар куни арафасида директор билан замонавий технология тараққий этган даврда ёшларга тўлақонли таълим-тарбия беришнинг сир-асрорлари, педагог-устозларнинг жамиятимиздаги ўрни ва роли хусусида суҳбат қурдик.

 – Зокиржон, сиз етакчилик қилаётган мактаб жамоасининг ютуқларидан қисман хабардормиз. Айтингчи, ўқувчиларга пухта билим бериш самараси нималарда намоён бўлмоқда?

– Саволингиз жуда ўринли. Дарҳақиқат, ҳар бир иш пировардида ўз самарасини бериши керак. Мактабимиз мисолида айтадиган бўлсак, 2016-2017 ўқув йилида шогирдларимиз турли фан олимпиадаларида қатнашиб, совринли ўринларни қўлга киритишди. Бундан ташқари яна бир ютуғимизни таъкидлаб ўтмоқчиман. Уч нафар ўқувчимиз “FLEX” дастури бўйича грант соҳиби бўлди. Рўзиой Исмоилжонова, Бекмурод Мамашев ва Дониёр Шерметовлар бир йил давомида Америкада бепул таҳсил кўришади. Ҳар бир грантнинг қиймати 40 минг АҚШ долларига тенг. Яна бир 10-синф ўқувчиси Маҳаммад Аҳмаджонов Астанада ўтган ЭКСПО-2017 халқаро кўргазмасида волонтёрлик вазифасини ўтади. Бу шогирдларимиз ўзбек, қозоқ, рус тилларидан ташқари, инглиз тилини ҳам мукаммал билишади. Айни пайтда иқтидорли ёшларга эргашаётганларнинг сони ортиб бормоқда. Бу муваффақиятларда сўзсиз фан ўқитувчиларининг хизматлари беқиёс.

– Сизнингча замонавий педагог қандай хислатларни ўзида мужассам этиши керак?

Бизда жами 1051 нафар ўғил-қизга 142 муаллим сабоқ бераяпти. Педагогларимизнинг қарийб ҳаммаси олий маълумотли. Энг муҳими, ўз касбларининг усталари, десам муболаға бўлмайди. Шундай эсада, физика фанидан Гулфарида Сайдимхонова, математикадан Комилжон Нишонтоев, бошланғич синф муаллимаси Қизилой Сайдалиева, рус тилидан Элмира Юнусметова, Шарифа Саъдуллаева, қозоқ тилидан Умида Абдукаримова, жисмоний тарбия ўқитувчиси Турашбек Абдураҳмонов ва бошқаларнинг кўп йиллик самарали меҳнатларини тилга олиш ўринлидир. Замонавий педагог масаласига келсак, у ўта саводхон, ҳар дақиқада янгиликлардан воқиф бўлиб туриши керак. Бу – замон талаби. Чунки, ҳозирги ёшлар замонавий интернет орқали кўп нарсалардан хабардор. Демак, ҳақиқий устоз чин маънода руҳшунос бўлиши керак. Акс ҳолда, замондан орқада қолиб кетиши, зукко шогирдларининг саволларига тўғри жавоб қайтаролмай, уялиб қолиши мумкин.

– Шу кунларда янгиланган дастур бўйича ўқитиш хусусида турлича фикр билдирилаяпти. Бу ҳақда фикрингиз қандай?

– Ўзингизга маълум, республика Таълим ва фан вазирлиги томонидан жорий йилдан бошлаб 1, 2, 5 ва 7-синфларда ўқитишнинг янгиланган дастури кучга кирди. Таъкидлаганингиздек, бу ҳақда ҳар ким турлича фикр билдиряпти. Менимча, янгиланган дастур ўз вақтида жорий этилди. Чунки, шундай йўл тутилмаса, ёшларимиз Ғарб ва бошқа ривожланган эллардаги тенгқурларидан ортда қолиб кетиши мумкин. Бундан ташқари, қозоқ алфавитини лотинчага алмаштириш ҳақида ҳам гап боряпти. Бу иш жамиятимиз тараққиёти, қолаверса, дунёнинг ривожланган мамлакатлари қаторига тезроқ қўшилишимиз учун ҳаводек зарурдир. Янгиланган дастур билан биринчи галда, ўқитувчиларнинг ўзлари яхши таниш бўлишлари керак. Шу боисдан, ушбу дастур асосида дарс ўтувчи фан муаллимлари юз фоиз махсус курслардан ўтиб келишди. Дарсликлар масаласига келсак, 7-синфнинг қозоқ тили дарслигидан ташқари, ҳаммаси тўлиқ тақсимланди, дейиш мумкин.

– Бир гал суҳбатимизда ёшларнинг бадиий китобларни кам ўқиётганини тилга олгандингиз. Ҳали ҳам шу фикрдамисиз ёки уларда газета ва журналлар, китоб мутолаасига муносабат ижобий томонга ўзгардими? 

– Жуда ўринли масалани кўтардингиз. Чиндан ҳам ҳозирги ёшларнинг она тилидаги китобларни кам мутолаа қилишлари мени ҳам педагог, ҳам оддий бир инсон сифатида ўйлантириб келади. Баъзилар ҳозир интернетдан истаган нарсангни топа оласан, шу сабабли китоб ўқишнинг ҳеч ҳожати йўқ, деб ўйлашади. Бу мутлақо нотўғри фикр. Аксинча, кўп китоб ўқиш кишида фикрлаш, мушоҳада юритиш қобилиятини кучайтиради, ақлни пешлайди. Бир сўз билан айтганда, китоб – битмас-туганмас хазина. Биз айнан шуларни ҳисобга олиб, мактабимизда ҳар ойда уюштирадиган синф соатларида ўқувчиларга биттадан китоб ўқишни ва келаси сафар уни ўртоқларига сўзлаб бериш тажрибасини йўлга қўйдик. Бундан ташқари, ота-оналар билан ҳамкорликни кучайтиряпмиз. Мактаб ва ота-она ўртасида ўзаро муносабат қанчалик яқин бўлса, тарбия жараёнида учрайдиган баъзи нуқсонларни бартараф этиш шунча осон кечади.

– Суҳбатимиз сўнгида газета орқали ҳамкасбларингизга қандай эзгу-тилакларни билдирмоқчисиз?

– “Жанубий Қозоғистон” вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси кейинги кезларда сифат жиҳатидан ўзгариб, тобора қизиқарли бўлиб бормоқда. Шу ўринда унга жамоа бўлиб обуна бўлаётганимизни тилга олмоқчиман. Вилоятимиз педагогларини касб байрамлари билан самимий муборакбод этаман. Биз, устозларнинг жамият тараққиётида тутган ўрнимиз ғоят муҳим эканини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Ҳамкасбларимга қарата, Президентимиз, Нурсултан Назарбаев таъкидлаганларидек, ёшларнинг сифатли ва тўлақонли таълим-тарбия олиб, келажакда зукко инсонлар бўлиб вояга етишлари сизу бизнинг билим ва малакамизга бевосита боғлиқ экан, бу йўлда ҳеч қачон ҳориманглар, бор куч-ғайратимизни фақат рақобатбардош йигит- қизлар тарбиясига бағишлайлик, дегим келади.

– Самимий суҳбатингиз учун раҳмат, эзгу-тилакларингиз ўзингизга ҳам йўлдош бўлсин!

 

 

И. КАРИМОВ, 2017-09-29, 20:11 791
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.