26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Миртемир ижодида қишлоғим жилвалари

Ҳа, мен туркистонлик. Туркистонданман.

Олис боболарнинг олтин тупроғи.

Мунгли ва жафокаш бир жаҳонданман,

Жафокаш жаҳоннинг қадим аймоғи.

Эсимга тушади оқсоч Туркистон...

...Эсимга тушади гўдаклик замон,

Ўт ўриб, даладан ҳориб келганим.

Ҳали оловнафас ва сўлқилдоқ нон,

Совуқ сувга ташлаб еганим...

                            Миртемир.

Кунларнинг бирида оила аъзоларим билан  Арслонбоб зиёратидан қайтарда бир неча тепаликларни томоша қилиш учун тўхтадик. Зиёрат таассуротлари ҳали хаёлимдан аримасдан туриб, бир неча кундан кейин  дўстлар билан май байрамини нишонлаш учун қишлоғимиздан анча олисга – тоғ тарафларга бордик. Қишлоқдан ташқарини кўрмаган экан­манми, бу саёҳат  менда жуда катта таассурот қолдирди. Атрофимда эшитган-билганларнинг, “буни “Бой­балх тепа”, дейишади”, “Бу шар­қироқ ирмоқларнинг боши тоққа бориб тақалади”, “Илгарилари бу ерда кўклам пайти кўп тошқинлар бўлар экан”, каби гапларини эшитиб,  мени беихтиёр хаёл элтди. 

Қишлоғимиз атрофининг гўзал­лигини, бир сўз билан таърифлаб бўлмас, бетакрор манза­­­ралари, шовуллаган анҳорлари, чака­лак­зор-тутзорлари, қамиш босган сой­лари, ўқтин-ўқтин эсган шаба­дада тебранаётган чучмома, қизғал­доқлари, тоққа бориб туташган чексиз қир-адирлар ва жийдазорда чуғурлашаётган сайроқи қушларини ҳайрат билан кузатар эканман, ҳамқишлоғимиз, шоир бобомиз Миртемир Турсуновнинг бетакрор шеърлари хаёлимдан бир-бир ўта бошлади:

Бу – мен туғилган тупроқ. Ҳа – мен туғилган тупроқ

Тоғлар, кўм-кўк адирлар, дарёлар, чексиз қумлоқ.

Бўронлар қамчилашар, ёмғирлар томчилашар,

Қишда қалин қордан оқ, кузда-чи, пахтадан оқ...

...Бу – мен туғилган тупроқ. 

Бу – мен йўғрилган тупроқ

Кўклам гоҳо сержала, ёз қурумсоқ ва қурғоқ.

Терак бўйи жарлардан сув тортар бобо деҳқон,

Буғдой ҳам, жўхори ҳам, бўлиқ, кўм-кўк, сербошоқ...

“Шоир куйлаб ўтган қиш­­лоқ манзаралари, она туп­роқ баётлари, мана шу жой­лар эканда”, деган фикр ми­ям­да чарх урди. Унинг шеърларида акс этган қиш­лоғимиз манзаралари тасви­рини ўзимча таққослаб, қиш­лоғимизнинг ўзбек ада­­биёти саҳифаларида куйланишидан фахр­ланар­дим. 

Шоирнинг “Лолазордан ўтганда” шеърида куйланган сойлар, тошлоқлар мана шу жойлар бўлса, ажабмас:

...Катта йўлнинг бўйида ясси тепа тошлоқ бор,

Ҳар йил баҳор келганда бўз-сийнаси лолазор.

Мен бу йўлдан неча бор қишлоғимга ўтганман,

Лолазорнинг сайлига тўёлмайин кетганман.

Ҳар йил эрта баҳорда тошлоқ ерда сел оқар,

Катта йўлни сув босар, гўё жўшқин Нил оқар.

Ҳар йил баҳор келганда ҳатто тошга кирар жон,

Баҳор чоғи бормикан яйрамаган бирор жон.

Қалдирғочлар келади учиб аллақайлардан,

Чиройли уй солади, балчиқлардан, лойлардан.

Қизариб тонг отганда сайраб қолар тўрғайлар,

Овоз қўшар бедана, кўлда оқ чағалайлар...

Катта йўлнинг бўйида мана шундай ҳар баҳор,

Алвон-алвон жимирлаб имлар ёйиқ лолазор...

Лолазорнинг сайлига тўёлмайин кетган шоир то умрининг охиригача, сўнгги нафасигача қишлоқ тароватини куйлаб ўтди. Унинг гоҳ қувноқ, гоҳ аламли шеърларида бўлсин қишлоқ соғинчи, ота юрт соғинчининг акс этиб турганини кўрамиз: 

Бизнинг қишлоқ тоғ бағрида,

Тоғ бағрида – боғ бағрида.

Этагида чопқиллар сой,

Ёзда тиниқ,

Кузда тиниқ,

Сувда қуёш юз бир синиқ.

Кўклам чоғи сой бутун лой,

Қирғоғида жамбил, ялпиз.

Қучоғида балиғи мўл,

Ўлтираман баъзан ёлғиз.

7-синфнинг ўзбек адабиёти дарслик китобида Миртемир ҳақидаги мисралар шундай бошланган: “Муқаддас Туркистон шаҳри яқинидаги гўзал Иқон қишлоғида туғилган Миртемир ота юрти тароватини умрининг охиригача унутмаган, сўнгги нафасигача куйлаб келган шоир эди...” 

...Мен кетганда авжидайди айни куз,

Пишиқчилик файзидайди дала туз.

Саҳар пайти қарсилларди тўрлама,

Бир палакдан узар эдик худди юз.

Мен кетганда етилганди ғўза ҳам

Чўнг хумларда кўпирганди бўза ҳам

Мен Тошкентга шайлангандим тугал ой

Кетар куним санқиб юрдим сойма-сой...

Шоир кўпгина шеърларида қишлоқ қиёфасини,  ўзига хосликларини усталик билан тасвирлаб ўтган. Унинг ижоди орқали нафақат қишлоғимизнинг номи, балки насаби ҳам олис-олисларга танилди. Шундай шеърларидан бири – “Мўнди”да ҳам шоир қишлоқ ҳаёти, ўтмиши, гўзал табиатини,  одамлари меҳнаткаш, қадоққўл  эканлигини, бободеҳқон меҳнатининг улуғлигини  тасвирлаган:

Қишлоққа боргандим ёз ойи бир вақт,

Соғиниш ва дийдор – ўзи тенгсиз бахт.

Келишади дарров қавму-қариндош,

Сабза мўйлов жиян ё ундан ҳам ёш.

Саватида нони – аммаю холам,

Қўшним мақтаниб дер: “Бу – кенжа болам!”

Амаким келади – етакда қўзи:

“Зап келдинг!” қўзини сўймоқчи ўзи.

Бир-бир йиғилишар қурдош-тенгдошлар,

Бир кез жон олгувчи не қаламқошлар.

Бобомдек чоллар ҳам бўлмайди ҳеч кам,

Шундоқ. Бир нафасда олис-яқин жам.

Қучоқлари очиқ,  ўрашиб олар,

Нима бор, нима йўқ – сўрашиб қолар.

Дастурхон ясоғлиқ, чой сузилади. 

Суҳбат чўзилади, сўз чўзилади.

Кўп ўтмай тортилар ажиб кулчатой

Қўзининг эти ҳам барра жиққа мой.

Чирманда вада-ванг,  чалинар дутор

Авжида қўшиқ ҳам, лапар ҳам ёр-ёр.

Аста таралишар тун оққан маҳал,

Тонгдан меҳмон­­дўстлик учун келур гал...

...Эшитгандим олис ўтмишдан оз-моз,

Қишлоқ жаннатдан ҳам яхшироқ ва соз.

Яшиллик қўйнида оларкан нафас,

Бир кўрган ўлгунча қиларкан ҳавас.

Айлана чуночун чексиз мевазор,

Мева пишар экан то тушгунча қор.

Бозорга элтишар – кутади бозор,

Аравалар тўла мўндилар қатор.

Мўндиларки нақшлик, ғазаллик, хатлик,

Авайласанг умри узун, ҳикматлик.

Мўндилар лиммо-лим қўлбола шароб,

Шароб бўлганда ҳам тансиқ ва ноёб.

Мўндилар лиммо-лим шинни, шира, бол,

Бол тўлсин деб ахир ясамиш кулол.

Шаробдан бўшаса сув тўлар муздек,

Явғон гўжаси ҳам нондек ва туздек.

Шу важдан қишлоғим лақаби мўнди,

Наинки лақаби, насаби мўнди.

Миртемирнинг бошқа мавзудаги шеърларида ҳам,  қайсидир мисраларида,  қишлоқ ҳаётининг бир парчаси акс этиб турганлигини сезиш мумкин. “Онагинам”, “Қовурмоч”, “Култепа”, “Она тилим” шеърларини бунга мисол қилиб келтира оламиз.

Қишлоғим 

Қишлоғим, нечоғлик сулувсан бугун,

Яшилга бурканиб, яшнабсан шунча.

Нечоғлик тўкиссан, нечоғлик тўкин,

Мени ўраб олди хаёл, тушунча:

Қай қўрага кирсанг, эшиги очиқ,

Бир нима татийсан, қўймас асло оч.

Қорақумғон қайнар, ёзилур чочиқ,

Зоғорами, сўкми, ёвғон ё умоч.

Борини аямас, борини қўяр,

Юпқами ё гўжа, талқон, қўғирмоч,

Қурутми ё жийда – ўртага уяр,

Жуда бўлмаганда қатиғу кўмоч.

Агар сўйган бўлса кеча бўрдоқи,

Қозонда қовурдоқ, ўртада кўза.

Данак, қовунқоқи, сузгун кўз соқи,

Ё қимиз сузилур, ё аччиқ бўза.

Агар сўйган бўлса улоқ ё қўзи,

Ўҳҳў, нўхат шўрва ёки кулчатой.

Жуда қашшоқ бўлса, бор яхши сўзи,

Шундоқ яхши сўзки, гўё сармой.

***

“...Ёрамазон” айтар эдик баъзи кез,

Шом пайти, чанг-тутун қишлоқ кўчаси,

Пул ошими, тўқоч – олиб чиқар тез.

Тонггача жаранглар ойдин кечаси.

Келин йўлин тўсиб мачит олдида,

Айланишар эдик ёқиб аланга.

Ҳаммаси қоларкан гўдак ёдида,

Бошдан сочилгувчи туршагу танга.

Қиш куни тўю базм ё яёв улоқ,

Ё нарги қишлоқдан ногаҳон қорхат.

Эсимда гўдаклик – унутилмас чоғ,

Ўша кунларимдан қалбимда бор хат...

Қишлоғим, тағин ҳам сулувсан бугун,

Тағин ҳам суюксан, менинг ардоқлим,

Нечоғлик тўкиссан, нечоғлик тўкин,

Дунё тургунча тур, қўли қадоқлим.

Ҳар гал Миртемир шеърларида қишлоқ қиёфа­сини, қишлоқ қиз-аёллари таърифини, қишлоғимизга хос удумларимизнинг маънавий сифатларини ўқир эканман, донғи кетган шоир ва ёзувчилар “Домла” деб атаган, кўпларнинг юрагидан жой олган она юрт куйчиси, шоир бобомизга бўлган қалбимдаги меҳр ва ҳурмат туйғуси яна ҳам ортиб, шу қишлоқ фарзанди эканлигимдан, шундай азиз инсонларнинг давомчиси эканлигимдан фахрланиб кетаман.

 

 

Ирода МУҲАММАДЖОНОВА. Астана, 2017-09-29, 20:49 291
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.