26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Қозоғистон – Ўзбекистон: абадий дўстлик, стратегик шериклик

 Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати Раиси Қасим-Жўмарт Тўқаев бошчилигидаги делегация 25 сентябрь куни Самарқанд шаҳрига борди. Шу муносабат билан мухбиримиз Қозоғистон – Ўзбекистон Парламентлараро комиссияси раисининг ўринбосари, Парламент Мажлиси депутати Фахриддин Қоратоев билан суҳбатлашиб, сафар таассуротларини ўртоқлашишни илтимос қилди. 

– Ўзбекистон Марказий Осиёда барқарорликни мустаҳкамлашда муҳим мавқега эга, – деди Фахриддин Абдунаби ўғли. – Дўстлик, ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган Ўзбекистон – Қозоғистон муносабатлари барча соҳада изчил ривожланиб бормоқда. Қозоғистон Парламенти делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи чоғида бўлган учрашув ва музокаралар мамлакатларимиз ўртасидаги серқирра ҳамкорлик, шу жумладан, парламентлар­аро мулоқотнинг изчил ривожланишига хизмат қилади. 

– Сафар қандай бошланди?

– Бизни Самарқанд халқаро аэропортида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Бўри Алихонов, Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Туропбой Жўраев, Халқаро муносабатлар ва ташқи иқтисодий масалалар ҳамда туризм бўйича комиссия раиси Алишер Қурманов, Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Ерлан Утембаев ва бошқа расмийлар кутиб олди. 

Қозоғистон Парламенти вакиллари Самарқанд билан танишувни Ҳазрати Хизр мажмуаси зиёратидан бошлашди. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрига гул қўйиб, унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирди. Қуръон тиловат қилинди.

Бизга мазкур мажмуанинг бунёд этилиши ва бу ерда қисқа фурсатда амалга оширилган улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари ҳақида сўзлаб беришди. Делегациямиз аъзолари Имом Бухорий зиёратгоҳида бўлиб, мамлакатда буюк аждодларимиз маънавий меросини асраб-авайлаш, ўрганиш, муқаддас ислом динининг маърифий ғояларини кенг тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган ишларга юксак баҳо беришди. 

Самарқанд шаҳридаги Амир Темур мақбараси, Регистон мажмуаси, Бибихоним мадрасаси ва Ўрта Осиёдаги энг қадимий Сиёб деҳқон бозорига ташриф ҳам бизда катта таассурот қолдирди ва ҳар қадамда боболар руҳи сезилиб турди. 

– Иккинчи кун ҳам самарали бўлгандир?

– Албатта. Олий Мажлис Сенати раиси Н. Йўлдошев билан бўлган учрашувда парламентлараро ҳамкорлик, шу жумладан, халқаро ва минтақавий тузилмалар доирасидаги алоқаларни янада фаоллаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, олий даражадаги ташрифлар давомида эришилган икки томонлама келишувлар ва қабул қилинган қарорлар ижросини таъминлаш ҳамда ўзаро манфаатли шерикликка доир истиқболли лойиҳа ва дастурларни илгари суришда мамлакатларимиз Парламентлари муҳим ўрин тутиши қайд этилди. 

Сўнг Олий Мажлис қонунчилик палатаси спикери Нуридинжон Исмоилов билан учрашув ташкил этилди. Унда икки қардош давлат ўртасида турли даражадаги алоқалар фаоллашгани, ўзаро савдо ҳажми ва тури изчил ортиб, диверсификация қилинаётгани, энергетика ва машинасозлик тармоқларида муҳим сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш бошлангани, автомобиль, темир йўл ва ҳаво транспорти соҳасидаги ҳамкорлик кенгайгани тилга олиниб, чегараолди ҳудудларида ўзаро ташрифлар уюштирилаётгани, шериклик муносабатлари мустаҳкамланаётгани ҳамда мамлакатларимизда ишбилармонликка оид ва маданий-гуманитар тадбирлар биргаликда ўтказилаётгани айтилди. 

– Яна қандай тадбирлар ўтди?

– Сафаримиз темурийлар давлат музейидан бошланди. Мотамсаро она ҳайкали пойига Парламент Сенати ва Мажлиси номидан гулчамбар қўйилди. Сўнг Тошкент Ислом университетига, Тўле бий мақбарасига бордик. Ҳазрати Имом мажмуасида Қуръоннинг асл нусхасини кўриб, Ислом дини ҳақида бир қатор батафсил маълумотларга эга бўлдик. Кейинги мулоқотда дўстлик ва ҳамкорлик гуруҳлари ўртасида мунтазам учрашувлар ўтказиш, Қозоғистон ва Ўзбекистон Парламентларининг тегишли қўмиталари ўртасида яқин амалий алоқалар ўрнатиш муҳимлиги таъкидланди. 

– Қозоғистон делегациясининг Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашуви ҳақида ҳам қисқача айтиб ўтсангиз. 

– Бу учрашувда Қасим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистон Республикаси Парламенти ўзаро дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш йўлида Ўзбекистон билан фаол ва кенг кўламли ҳамкорликка тайёр эканини таъкидлади. Шунингдек, Қ. Тўқаев Ўзбекистон раҳбарига самимий ва мазмунли учрашув учун миннатдорчилик билдириб, Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултан Назарбаевнинг саломи ва эзгу тилакларини етказди.  Учрашувда мамлакатларимиз ҳамкорлиги 1998 йили имзоланган Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома, Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома ва бошқа қатор ҳужжатлар асосида янги босқичга кўтарилгани таъкидланди. 

Президентларимиз учрашувларида эришилган келишувлар асосида жорий йилнинг январь-август ойларида савдо айланмаси 35 фоиз ўсди. 2020 йилга бориб икки томонлама ҳамкорлик бўйича товар айирбошлаш ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилган. Мамлакатларимиз ўртасида автомобиль, темир йўл ва ҳаво транспорти ҳаракатининг фаоллашиши бунда муҳим ўрин тутади. Бу борадаги имкониятларни кенгайтириш юзасидан Ўзбекистон Президенти илгари сураётган ташаббуслар халқларимизни янада яқинлаштиришга хизмат қилади. 

Ташрифлар давомида Ўзбекистон Олий Сенати ва Мажлиси палаталари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказилгани, давлатларимизнинг стратегик шериклигини ривожлантириш ва кенгайтиришга хизмат қиладиган истиқболли йўналишлар юзасидан фикр алмашилгани айтилди.

Ўзбекистон раҳбари меҳмонларни қутлар экан, Қозоғистон Парламенти делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи ва Олий Мажлис палаталарида ўтказилган самарали музокаралар натижалари ўзаро алоқаларнинг мустаҳкамланиб бораётганидан далолат беришини алоҳида таъкидлади.

– Икки давлат раҳбарининг бир йилда олти маротаба учрашгани Ўзбекистон–Қозоғистон муносабатларининг истиқболли эканидан далолат беради, албатта... 

– Дарҳақиқат, Ўзбекистон Президентининг жорий йил март ойида Қозоғистонга ва Қозоғистон Президентининг шу ойда Ўзбекистонга давлат ташрифлари, шунингдек, мамлакатларимиз раҳбарларининг изчиллик касб этган ва ишончга асосланган мулоқоти кенг кўламли Қозоғистон – Ўзбекистон муносабатларини сифат жиҳатидан янги поғонага кўтариш ва уларни аниқ мазмун билан бойитишга хизмат қилади. Элбошимиз таъкидлаганларидек, одам мангу яшамайди, унинг иши мангу. Президентимизнинг икки қўшни давлат дўстлигини мустаҳкамлашга қаратилган эзгу ишлари бардавом бўлишига ишончим комил.

Шавкат Мирзиёев Давлатимиз раҳбарини Ўзбекистоннинг олий мукофоти – “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирлашида ҳам чуқур мазмун ва маъно бор. Бу мукофот Элбошимиз Нурсултан Назарбаевнинг жаҳон ҳамжамиятидаги юксак обрўсидан далолатдир.

Сафар доирасида ўтказилган маданий дастурлар эса ҳар икки республика минтақавий ва умумбашарий хавфсизликка, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ривожланишга алоқадор кўпгина масалалар юзасидан ўхшаш нуқтаи назарга эга эканлигини, тенг ҳуқуқлилик, ўзаро наф кўриш ва бир-бирининг манфаатларини ҳурмат қилиш тамойилларига риоя этишини кўрсатди. Бундан ташқари, биз Ўзбекистоннинг кўплаб тарихий обидалари билан танишдик. Муқаддас қадамжолар Қозоғистонда ҳам беҳисоб, шунинг учун Президентимиз Нурсултан Назарбаев "Келажакка йўлланма: маънавий янгиланиш" дастурий мақоласида "Қозоғистоннинг муқаддас жойлари" лойиҳасини тузиб, амалга оширишни топширди. Қозоғистон муқаддас жойларининг аксарияти Мамлакат Мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан ўзбек, қозоқ ва рус тилларида чоп этилган “Менің Отаным Қазақстан” китобида ўз аксини топган. Рисолада Аҳмад Яссавий бобомиз, Қорахон, Арслонбоб, Ойша биби, Жўчи хон, Алаша хон мақбаралари, “Култегин”, “Қўрқит ота”, “Асан қайғу” мажмуалари, Авлиёота қалъаси, Ўтрор, Саврон, Саройчиқ, Сиғаноқ шаҳарлари ва бошқа муқаддас қадамжолар ҳақида батафсил маълумотлар берилган. Шу китобни мен Ўзбекистон Олий Мажлиси раҳбарларига топширдим, 

– Қизиқарли ва мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат!

 

 

Авазхон АБДУФАТТОҲ ўғли суҳбатлашди., 2017-10-02, 20:24
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.