26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Меҳр қолур, муҳаббат қолур

Уйни таъмирлаётиб, ойимнинг эсдалик дафтарини топиб олдим ва уни ўқиб, 30 йил муқаддам бўлиб ўтган воқеаларни кўз олдимга келтирдим. 

Дадам билан ойим уйлангач, шифокорлар онамга буйраги касал бўлгани учун фарзанд кўриш мумкин эмаслигини айтишган экан. «Фарзанд кўрмасам, унда яшашнинг нима кераги бор», деб ҳомиласи олти ой бўлгунича шифокорларга билдирмаган экан. Мен дунёга келгач, кўп ўтмай, Совет Иттифоқи тарқаб, дадам ишлаётган корхона ёпилиб, заводга қоровуллик қилибди. Маоши оз бўлгани учун онам ҳам дўконга ишга кирган экан. Ишга кетишдан аввал мени болалар боғчасига олиб борар экан. Автобусдан тушиб, боғчага кириш ҳамда тарбиячининг қўлига топширгунча анча вақт кетиб, келгуси автобусни кутиб, ишга кеч қолар экан. Дўкон мудири «яна бир марта ишга кеч келсанг, ишдан бўшайсан», деб шарт қўйибди. Бир куни онам мени автобусдан тушириб, «Ботиржон, ўғлим, энди сен катта йигит бўлиб қолдинг, боғча опангга бориб, келганингни айт. Бугундан бошлаб шундай қиламиз», деди. Автобус ҳайдовчиси мен боғчанинг дарвозасига етиб олгунимча қараб турди ва секин юриб кетди.

«Қишнинг совуқ кунлари эди. Уч яшар ўғлимга иссиқ тўн кийдириб олдим. Автобусдан бир ўзини тушириб, боғчанинг дарвозасига етиб олишига умид қилиб, буни Оллоҳдан ёлвориб сўрадим. Нари борса, дарвозагача 30-40 қадам эди. Шундай бўлса ҳам, бу менинг ҳаётимдаги энг секин ўтган, таҳликали дақиқалар бўлиб муҳрланди», деб ёзибди онам. 

 Бу ҳол уч йилгача такрорланган экан. Автобус ҳайдовчилари онамни таниб қолгани учун мени тушириб юбориб, боғчанинг дарвозасига етгунимча кутиб туришга ўрганиб қолишган эди. Баъзи йўловчилар «Ҳайдовчи, нега тўхтаб қолдинг, биз ишга кечикяпмиз», дейишса, «Ака, бирпас чидаб туринг, Ботиржон боғчасига етиб олсин», деб жавоб берар экан чиптачи. 

Куни кеча шаҳар автобусига чиқиб ўтирган эдим, чиптачи аёл келиб: «Ботиржонмисан? Буни қарая, катта йигит бўлиб қолибсанку. Эсингдами, кичкиналигингда онанг сени шу ерда туширар ва дарвозага етиб олгунингча бирга қараб турардик», деди. Миннатдорчилигимни қандай билдиришимни билмай қолдим. Муҳаммад Юсуфнинг бир шеъри эсимга тушди:

Ўтар қанча йиллар тўзони,

Юлдузлар кўз ёши самони.

Ўтар инсон яхши-ёмони,

Меҳр қолур, муҳаббат қолур.

Фараз қилинг, бу аёлнинг меҳри туфайли автобус тўла одам ўзлари танимайдиган, бегона боланинг боғчага кириб кетгунича кутиб туришган.

Ҳозир ҳам шундай инсонлар бордир, лекин яқинда Шимкентда бир чиптачи Улуғ Ватан уруши қатнашчисини «гувоҳномангни тан олмайман», деб автобусдан тушириб юборганини кўриб, юрагим оғриди. Шоирнинг қуйидаги сатрларини эсладим:

Нима дейсан, эй, ғаюр инсон?

Ғийбатларинг қилди мени қон.

Сен ҳам бир кун ўтурсан, инон,

Меҳр қолур, муҳаббат қолур.

 

Ботиржоннинг дил розини Баҳорой ДЎСМАТОВА ёзиб олди., 2017-10-04, 19:23 167
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.