26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Қайнонага қандай ёқиш мумкин?

Қизлар янги хонадонга келин бўлиб тушгач, анча қийинчиликларга дуч келадилар.

Бу эр билан янги муносабатлар қуриш, эрининг уйидагилар билан яхши алоқада бўлиш, яъни, қайнота ва қайнона билан муомалани йўлга қўйишда кузатилади. Шу ўринда қайнона билан тил топишиш ҳақида айтиб ўтсам. Қайнона ҳам, келин ҳам аёл сифатида қанчалик яхши бўлмасин, даставвал бир-бири билан яхши муомалада бўлиши осон кечмайди. Келинлардан қайнонаси ҳақида, қайноналардан эса келинлар ҳақида яхши ва ёмон фикрлар эшитамиз. Айниқса, ҳозирги вақтда келин ва қайнона ўртасидаги можаролар кўпаймоқда. Нега?

Бунинг сабаби жуда кўп бўлиб, қайнона ва келинлар билан суҳбатимизни шу мавзунинг муҳокамасига бағишладик.

Шаҳло Мамурова, келин:

– 25 йил қайнонам билан аҳил, иноқ яшадим. У қайнона эмас, онам бўлди. Ҳатто, қайнона деб айтиш менга ноқулай. Менга тарбия берди ва шу тарбия ҳаётимда кўп асқотди. Эр ва хотин жанжалига баъзан қайнона ҳам сабабчи бўлиши мумкин. Лекин менинг қайнонам бунга йўл қўймасди. Айбимни яширарди. Эрим олдида мени мақтаб, яхши сифатларимни тез-тез гапириб турарди. Бу мақтовларни эшитган эримнинг менга бўлган ҳурмати ортарди. Шу сабабли, қўлимдан келган ишимни ва меҳримни қайнонамдан аямасдим. Уддалай олмаган ишимни ҳам қандай бажарганимни билмай қолган кунларим бўлган. Шу сабабли айтишса керак: “Келин бўлиш осон, қайнона бўлиш қийин”, деб. 

Карима Ирисалиева, қайнона: 

– “Кунларнинг бирида бир маҳаллага икки келин тушибди. Уларнинг қандайлигига қизиққан маҳалладаги бир аёл келинларни синовдан ўтказиш ниятида уйига неварасини мош сўраттириб чиқарибди. Биринчи келин: “ҳозир, қараб чиқай, ойижоним ухлаётган бўлса, олиб чиқиб бераман, деб кириб кетибди”, иккинчиси эса: “ҳозир, ойижонимдан бир оғиз сўрай, майли, деса солиб бераман” дебди. Хўш, сиз қайси келинни яхши келин деб ҳисоблайсиз? Албатта, иккинчи келин. Уйим-жойим деган келин қайнонаси билан маслаҳатлашиб иш кўради. Гапини икки қилмайди. Унинг дуосини олади.

Феруза Қаюмова, келин:

– Мен қайнонамнинг хизматини деярли қилмаганман. Эримга эркалик қилиб, қайнонам буюрган ишларни охирига етказмай, айланишга чиқиб кетардик. Лекин қайнонам бир марта ҳам қаттиқ гапирмаган. Кунлар ўтиб, келинлик вазифамни яхши бажармаётганимни ва бундан қайнонамнинг кўнгли тўлмаётганини тушуниб етдим. Лекин кеч эди. Қайнонам оғир бетоб бўлиб, ҳеч кимни танимас ва гапирмасди. Қўлимдан келган ёрдамимни қилдим, билди ё билмади. 

Умриой Расулова, қайнона:

– Худога шукур, келинимдан миннатдорман. Оилам, бола-чақам, деб доимо елиб-югуради. Эрта-ю кеч хизматимни қилади. “Ойижон” деган сари ўзимнинг қизимдек бўлиб кетганини англайман. Гоҳида жаҳл билан қаттиқ гапирсам ҳам кулиб туради, сўнг жаҳлдан тушгандан кейин ўз ишимдан ўзим уяламан. Тўғри, хатоликка йўл қўяди, уқтираман, ўргатаман. Чунки ёш. Барчасини мен ўргатмасам ҳам, ҳаётнинг ўзи тарбиялайди, дея кўз юмаман. Бир марта ҳам менга қарши гапирмаган. Доимо менга суянчиқ, мен билан суҳбатдош, кўнглимни оладиган яқин инсоним. Шу сабабли ҳам меҳримни аямайман. Худога менга қиз бермагани учун нолалар қилардим, кейин эса Аллоҳим менга шундай қиз туҳфа қилди. Минг шукур: Ҳаққига дуо қилиб, ўғлим билан бахтли, ширин ҳаёт кечиришини доимо сўрайман. Лекин ўзига билдирмайман. Чунки эркаланиб кетмасин, дейманда. Келинимдан кўнглим тўқ. Ота-онасининг берган тарбияси шундайдир, жуфти-ҳалолининг қадрли онаси сифатида мени қадрлайди. Яхши келин ёмон қайнонани ҳам яхши қиларкан, ёмон келин яхши қайнонани ҳам ёмон қиларкан. Бу саломга алик демакдир! 

Хулоса

Демак, қайнона ва келин муносабати яхши бўлиши учун улар, аввало, бир-бирларини тушунишга ҳаракат қилишлари лозим. Қайнонани, она деб қабул қилиш, келинни эса қиз деб билиш керак. Онани ранжитиб, ҳеч қачон бахтли бўла олмайсиз. Оила – бу турмуш ўртоғингиз ва фарзандларингиз. Қайнона эса шу яқинларингизнинг онаси ва бувиси. Қайнона билан муносабатингиз эса ана шу оилани бахтли қилишга сабаб бўладиган 100та омилдан биттасигина, холос. 

 

 

Кумуш ИСАМАТОВА суҳбатлашди, 2017-10-06, 20:22 189
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.