26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Дўстликни шиор этган

Рўза Абдумуса қизи 1967 йил Шимкент шаҳрида туғилган. Жамбил енгил ва озиқ-овқат саноати институтининг Алмати филиали ва ҚИПХДУни тамомлаб, технолог, иқтисодчи, педагог-психолог ихтисосликларини эгаллаган. Бирмунча муддат Алмати шаҳрининг умумий овқатланиш тармоғида меҳнат қилди, сўнг илмий иш билан шуғулланди. 2016 йили кимё фанлари доктори унвонига сазовор бўлди. Халқаро ва республика миқёсида ўтадиган илмий-амалий анжуманларда фаол иштирок этади, матбуотда ўндан ортиқ илмий мақолалари чоп этилган. Ҳозирги кунда коллеж директори. Оилали, бир ўғил тарбияламоқда.

Қуатбековлар сулоласи нафақат вилоятимизда, балки республика, ҳатто қўшни давлатларда ҳам таниқли. Фан ва жамоат арбоби, академик Абдумуса Қуатбеков асос солган Қозоғистон инженерлик-педагогика Халқлар дўстлиги университети мамлакатимизда муваффақиятли фаолият юритаётган хусусий олий таълим масканларидан бири сифатида эътибор қозонган. Бугун ушбу таниқли сулоланинг яна бир вакили Рўза Абдумуса қизи Ермуханбетова(тасвирда)ни муштарийларга яқиндан таништирмоқчимиз. 

– Рўза Абдумуса қизи, коллежнинг фаолият бошлагани билан қутлайман! Унинг айнан Сайрам заминида очилишига сабаб нима?

– Раҳмат! Ҳа, бу йил ота-оналаримиз ташкил этган университетга 17 йил тўлди. “Достық” коллежининг университет қошида ташкил қилингани бежиз эмас. У дастлаб 2015 йилда Туркистонда очилган, айрим сабабларга кўра, фаолиятини вақтинча тўхтатганди. Мана, энди дунё­га танилган кўҳна ва муқаддас диёр – Сайрамда янгидан иш бошлади. Чунки Сайрам қадим тарихга эга, аҳоли сони кўп қутлуғ маскан, қолаверса, географик жиҳатдан олганда, улкан йўлларнинг марказида, чор атрофдаги шаҳар, қишлоқ ва овул ёшлари учун яқин ва қулай. Бошлаган ишимизга бу жойнинг одамлари ҳам хайрихоҳлик билдиришди, маҳаллий фаоллар билан танишиб, уларнинг қўлловини топдик. 

Маълумки, ҳар қандай илм даргоҳи моддий-техника базасига қараб баҳоланади. Шу жиҳатдан собиқ Сайрам таъмирлаш-механика заводининг икки қаватли маъмурий биносига жойлашган коллежимизнинг пойдевори мустаҳкам. Қарийб икки йил мобайнида унда тўла таъмирлаш ишлари юритилиб, ўқув жараёнига мослаштирилди. Ошхона батамом янгиланди. Ўзим озиқ-овқат технологияси соҳасининг мутахассиси бўлганим боис, бу ишга катта қизиқиш билан, астойдил киришдим. Ошхона ҳозирги кунда нафақат талабаларга, балки маҳаллий аҳолига ҳам хизмат кўрсатиш имкониятига эга.

– Ўқув юртига талабалар қабуллаш, кадрлар масаласини ечишда муаммолар борми? Жорий йилда қандай ишлар амалга оширилди?

– Биласизки, ҚИПХДУ етарли профессор-ўқитувчилар таркибига эга. Улар бизда ҳам дарс беришга жалб этилган. Жорий йил коллежга 29, университетга 10 нафар талаба қабулланиб, уларга малакали устозлар таълим бермоқда. Мени қувонтирган яна бир нарса, Сайрамда илмга фидойи шахслар, фан номзодлари-ю докторлари етарли экан. Маҳаллий ёшлар билим олишга чанқоқ, бу – жуда ноёб хислат. Алмати шаҳрида кўп йиллар педагогика соҳасида ишлаган мутахассис сифатида шуни таъкидламоқчиман. Жумладан, яқинда ўқув даргоҳимизда Қозоғистон этносларининг тиллари куни муносабати билан қизиқарли тадбир уюштирилди. Талабалар қўшиқ куйлаб, рақс тушишди, викторина саволларига жавоб беришди. Уларнинг инглиз ва бошқа тилларда эркин сўзлашаётганини кўриб, беҳад қувондим.

Ташкилий масалаларни ечиш, кундалик вазифаларни тезкор ҳал этишга малакали ёндашаётган, барча соҳада менга яқиндан ёрдам бераётган ўринбосарим, фан номзоди, ўз ишининг билимдони Фарҳод Шамшиметовнинг саъй-ҳаракатларини алоҳида айтиб ўтмоқчиман. 

– Келгуси режалар ҳақида икки оғиз...

– Режалар улкан. Ҳозирги давр талабига жавоб берадиган рақобатбардош мутахассисларни тайёрлаш учун олий ва ўрта махсус таълим юртлари катта ишларни бажариши керак. Касбий таълим соҳасини ривожлантириш масаласи Элбошимиз Н. Назарбаевнинг “Келажакка йўлланма: маънавий янгиланиш” мақоласида ҳам алоҳида таъкидланган. Ниятим – “Достық” коллежини ёшларга чуқур, ҳар томонлама ва чинакам билим берадиган, энг муҳими, касбга тайёрлайдиган илм масканига айлантириш. Чунки, таълим сифати – бош мезон.

Кейинги масала – ихтисосликларни кенгайтириш. Ҳозирча уч йўналиш: бошланғич таълим, жисмоний тарбия ва касбий таълим бўйича мутахассислар тай­ёрланмоқда. Келажакда авточилангар, тикувчи, дизайнер каби ихтисосликларни тайёрлайдиган гуруҳлар очиб, талабаларни давлат ҳисобидан ўқитиш, ҳар йили жами 200-300та давлат грантларини олишни мўлжаллаяпмиз.

– Раҳбарлик юки енгил эмас. Бўш вақтингиз бўлмаса ҳам керак?

– Ҳа, янги жойда иш бошлаш осон кечмайди. Оила аъзоларим билан бирга бўлиш учун бўш вақт топишга ҳаракат қиламан. Имконият топсам, руҳиятга оид, шунингдек, бадиий китоблар мутолаа қилишни ёқтираман. Айниқса, ўғлим билан Абай номидаги истироҳат боғида сайр этишни хуш кўраман.

– Суҳбат учун ташаккур! Илойим, ниятларингиз ижобат бўлсин!

 

 

 

 

Зокир АҲМАД суҳбатлашди, 2017-10-23, 19:46 1436
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.