26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Ютуқлари зиёда маскан

“Эллик йилда эл янги”, деган нақл бор. Мен 40 йил муқаддам Сайрам туманидаги Алишер Навоий номли мактабда таълим олганман. Устозларимиздан Фароғат Эминқулова, Абдужаббор Аҳмедов, Дилбар Раупова, Озодбек Ҳайдаров, Каримқул Тошниёзов, Суннатулла Акромов ва бошқалар нафақага чиқишса, Аҳмадқул Бойтоев, Манзура Аъзамхонова, Абдумавлон Тошниёзов ва бошқалар дорилбақога рихлат қилишди. Аммо жамоанинг жўшқинлиги, таълим самарадорлигини оширишга интилиши сусаймаган. Аксинча, янгиланиш даврида замона руҳига монанд иштиёқ билан ишлаш барча устозларда кўриниб турибди.

– Умр бўйи билимини чуқурлаштириб бориш – ҳар бир муаллимнинг вазифаси, – дейди мактаб директори Неъматжон Отаниёзов. – Жамоамиз аъзолари имкони борича билим олиб, уни амалда қўллашга интилишмоқда. Турли машғулотлар, курслар, мустақил тайёргарлик самарасини бермоқда. Ўқитувчилар ҳар бир дарсини рисоладагидек ўтмоқда. 

Неъматжон Отаниёзовнинг мазкур даргоҳни бошқараётганига кўп вақт бўлмади. Аммо шу қисқа давр мобайнида фанлардан тўгараклар ташкил этилди, бирор шанба куни йўқки, мактаб биноси бўшаб қолса. Янгиланган таълим мазмуни курсларида ўқиганлар қатори кенгайди. Физик Музаффар Баротов, химик Нодира Абдуқаюмова ва бошқаларнинг иш тажрибаси мамлакатимиз миқёсида оммалаштирилди. Ҳадемай мактабларда баъзи фанлардан инглиз тилида таълим берилади. Устозлар янги довон – жаҳон тилини ўзлаштиришда ҳам муваффақият қозонишмоқда. Шавкат Эшимов, Абдували Салимсоқов, Шоҳсанам Усмонова каби инглиз тили муаллимлари эса даражали ўқишда билимларини оширмоқдалар. Мунира Аҳмадниёзова I даражали уч ойлик курсга йўлланди. 

Самарали иши билан туманга, вилоятга, мамлакатимизга танилаётган устозлар ҳам кўп. Моҳир филолог, давлат тилини тарғиб этишда катта хизмат қилаётган Айнагул Ашурбекова КИО олимпиадасида бронза медаль соҳибаси бўлди ва унинг иш тажрибаси республика миқёсида оммалашди. Бошланғич синфлар муаллими Шомурод Имомов ҳамда рус тили муаллимаси Мунира Эшметова “Білім шыңы, ғылым сыры” журнали ташкил этган танловда ғолиб бўлдилар. Қозоқ тили мутахассисларидан яна бири, Ақмарал Амантаева республика семинарида маърузаси билан иштирок этди. Умуман олганда, 136 муаллим ишлаётган мактабда жорий йилда олий тоифали устозлар сони 12 нафарга етди.

Мактаб фаолиятида ўқитувчи, ўқувчи ва ота-оналарнинг умумий мақсад йўлида бирикиб, фаолият юритиши яхши йўлга қўйилган. “Мактабга йўл” акцияси, “Саломатлик” фестивали, спорт турнирларида ота-оналар, албатта қатнашади. Бу ишларни ташкил этишда катта ўқитувчилар Абдували Нишонбоев, Эрпўлат Мўминов ва бошқалар фаол.

Ўқувчилар ҳам барча дарсдан ташқари тадбирларда маҳоратини намойиш этишмоқда. Улар “НиК” ўқув маркази ўтказаётган олимпиадаларда ўндан ортиқ таълим грантларини олишга муваффақ бўлдилар. Halanda олимпиадасида қатнашган 26 ўқувчининг деярли барчаси биринчи, иккинчи, учинчи даражали дипломларга эга бўлдилар. 51 ўқувчи турли интернет олимпиадаларда билимини синаб кўрди ва юқори натижаларга эришди. 

Ва албатта, катта ютуқларга эришган, Шавкат Эшимов инглиз тилидан таълим берган, Шаҳло Эргешова ва Минора Усмонтоеванинг тарбиясини олган, қобил фарзанд, тиришқоқ ўқувчи, мактабнинг фахри Отабек Султонқулов ҳақида икки оғиз айтиб ўтиш лозим. У бир йил давомида FLEX дастури асосида хорижда таълим олгач, «Олтин белги»га лойиқлигини исботлади ва Алмати Статистика академиясига ўқишга кирди. 

Жамоа нафақат касбий, балки ижтимоий билимини ҳам кенгайтириб бормоқда. Бугунги кунда унда “Жанубий Қозоғистон”нинг 100 нафардан зиёд обуначилари бор. Айни вақтда “Егемен Қазақстан”, “Оңтүстік Қазақстан”, “Южный Казахстан”, уч тилдаги туман газеталари ҳам мунтазам ўқилади. Сиёсий жиҳатдан мукаммал билимга эга устоз эса ҳар қандай баҳсда мағлуб бўлмаслиги маълум.

– Албатта, муаммоларимиз ҳам йўқ эмас, – дейди мактаб раҳбари. – Аҳолининг ўсиш суръатлари юқори. 28 синф хонаси бўлгани ҳолда, жами 46 синф таълим олмоқда. Йил сайин 2-3 синф қўшилса, тез орада яна уч сменали таълим муаммоси кўндаланг бўлади. Бунга тайёрланишимиз зарур. Иситиш тизимини мукаммаллаштирмоқдамиз. Ота-оналар ташаббуси билан “Энг яхши совға – китоб”, “Мактабга ёрдам бер” каби тадбирларга тайёргарлик давом этмоқда.

Мактаб – аҳоли манзилининг ойнаси. Чунки, у ерда миллатнинг келажаги тарбияланади. Ўйлаймизки, халқимизга хизмат этаётган, кўплаб қобилиятларни тарбиялаган А. Навоий номли умумий ўрта мактабдан дунёга таниқли яна кўплаб шогирдлар чиқади.

Абдумалик САРМОНОВ, 2017-10-30, 19:03 232
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.