26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
От тепкисини от кўтарар

Баҳор келиши билан Юсуф бо­бо томор­қасига мевали дарахт кўчатларини ўтқаза бошлади.

– Ажабо, – деди ўз-ўзига. Меҳнат қилиб, тер тўкиб, кўчат ўтқазяпман. Қайси бири мева беради, қайси бири бермайди. Худди инсон ҳаётига ўхшайди. Ўғил-қиз ўстирамиз, емаганини едириб, ичмаганини ичириб. Улғайганда бири қадрингга етади, бири етмайди, деб хаёл суриб, кетмонига суяниб, “уҳ” тортиб, энди ўтирган эди, дарвозадан ўғлини етаклаб кирган қизи Хуршидага кўзи тушиб, усти-бошини қоқиб, томорқадан чиқди.

– Ассалому алайкум, дада, дарахт ўтқаз­япсизми, ишни бошлаб юборибсизку, деди Хуршида. 

– Ҳа, қизим, уч йилда мева берса, невараларим бобом эккан, – деб ейишади, – деди бобо набирасини қучиб. Сўрига бошлади. Уйдан чиққан ке­лин дарров жой ҳозирлаб, дастурхонга таклиф қилди. Ота кўрпачага ўтириб, юзига фотиҳа тортиб, ҳол-аҳвол сўраб кетди.

– Қизим, куёвдан хабар борми?

– Йўқ.

– Нега кетди?

– Тўйга пул топиб келай, деб Россияга кетган. 

– Қизим “узоқдан арава­лагандан, яқиндан тўрвала” деган гап бор.

– Тўғри, дада. У қандай аҳволда яша­япти, иссиққа зор, совуқда хор. Аҳволидан ким хабар олади? Ундан хат-хабар келмагани учун хавотирдаман. На пул келади, на хат. Бир то­вуққа ҳам дон, ҳам сув керак. Ҳа, деб сизларга қўл чўзаверишга ҳам уя­ламан. Укам жўжабирдек жон бўлса...

– Қизим, сабр. Сабр таги сариқ олтин. Тун ортидан кун келади. Ноумид бўлма, болам. Унга ҳам осон эмас. Хуршида кўзига ёш олиб:

– Кеча бирга кетган ўртоғидан хабар олмоқчи бўлиб, уйига бордим. У бир кун олдин Россиядан келган экан. Мен эримнинг хат ёзмаётганини, соғ-саломатлигини сўрадим. У:

– Айтсам, тилим куяди. Айтмасам, дилим. Хуршида, хафа бўлманг. Четда ишлаш ит ётиш, мирза туриш бўлар экан. Қулдек хизмат қиласан. Ўртоғим Жабборнинг ошиғи олчи бўлиб, иш бошловчининг қизига уйланиб олган.

Бу гапдан мен ўзимни йўқотаёздим, сиримни бой бермай, лом-мим демай чиқиб кетдим.

– Ёш боланинг кўз ёши уни тинч қўярмиди. Биров болага зор, биров боладан безор. Хафа бўлма, қизим. От тепкисини от кўтаради, от айланиб, қозиғини топар, деган гап бор. Бир кун бошига таёқ текканда келади. Қачонгача ўзга юртда хор бўлиб юради дейсан...

– Дада, набирангиз келаси йили бешга тўлади.

Юсуф ота қизининг нима айтмоқчи экан­лигини тушуниб деди:

– Қизим, ўғил бо­лага дабдабали тўй қилиш шарт эмас. Шароитга қараб, Ху­дойи ош бе­риб, суннат қилса ҳам бўлади. Кўрпага қараб оёқ узатиш керак, – деб қизининг кўнглини сал бўлсада кўтариб қўйди.

Хуршида қанча зардоб ютсада, ўғли Туробга дил дардини айтиб, отасини ёмонламаган.

–  “Дадам қачон келади?” – деса,

– Албатта келади, сенга яхши совғалар олиб келади”, – деб  кўнглини отасидан совутмаган. Хуршида уйидан кир ювиш хусусий цехини очиб, мижозлар олиб келган кийимларни ювиб, дазмоллаб, кун кўра бошлади. Гоҳо бўш пайтларида бозордан қовоқ олиб келиб, қовоқ сомса қилиб, тўйхоналарга сота бошлади. Унга гоҳо укасининг қизлари ке­либ ёрдам берар, дадаси Юсуф бобо ўтин ва ун келтирарди. Орадан кунлар, ойлар, йиллар ўтаверди. Хуршиданинг боласи тўққизга тўлди. Туроб бир куни уйдан чиқиб, дарвозани очса, почта қутисида турган хатга кўзи тушиб:

– Ойи, ойи дадамдан хат келди, – деб, шодланиб, уйга кириб, хатни қўлига тут­­қазди. Хуршида кимдан эканлигини бил­май, хатни очиб ўқиса, “забирай своего алкаша” деган гапдан бошқа гап йўқ эди. Хуршида дадасининг от айланиб қозиғини топар, деган гаплари эсига тушиб, бор дардини ичига ютиб, кўзларига ёш олди. Хат келганидан хабар топган Юсуф бобо ҳол-аҳвол сўраш учун қизи Хуршиданинг уйига келди.

У бор дардини тўкиб солди. Бу гапларни эшитган ўғли Туроб қалбидаги севинч ўрнини нафрат қоплай бошлади. 

– Ойи, сиз дадамни менга мақтаб юрар эдингиз, аслида акси эканда, – деди.

– Болам, яхшими, ёмонми сенинг даданг. Қандай қилиб сенга ёмонлай. Сен ҳали кўп нарсани тушунмайсан. Сув кўрмай, этик ечиш керакмас.

Орадан ҳафта ўтиб, пешин чоғида дар­возани кимдир тақиллатди. Хуршида даз­молни қўйиб, ким экан, деб бориб дарвозани очди. Эшик олдида соч-соқоли ўсган Жабборни дарров таниди. Онасининг ортидан келган Туробга:

– Кел, ўғлим, бағримга босай – деди. У эса ўз отасини танимай ортга тисарилди.

–Киринг, – деди Хуршида. Иссиқ овқат, чой бериб бўлдида, отасига куёви келганини хабар қилди. Хуршида ўғлини бағрига босиб, лом-мим демай ўтирарди. Ўғли бу нотаниш кишининг отаси эканини англади ва ундан кўз олмасди. Эшикдан кирган Юсуф ота чой ичиб ўтирган куёв боласи Жабборни зўрға таниди.

 

 

Эрназар РЎЗИМАТОВ, 2017-10-30, 19:15 791
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.