26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Қардошлик ришталари мустаҳкамланмоқда

Мамлакатимизнинг ташқи сиёсатидаги ютуқлар залворли. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Хавфсизлик кенгашида вакилимиз бор, Евроосиё Иқтисодий иттифоқида нуфузимиз баланд, Хитой, Ҳиндистон, АҚШ каби алп давлатлар билан ҳам посангимиз тенглашиб қолди. Шу билан бирга мамлакатимизнинг Марказий Осиё давлатлари билан муносабатлари ҳам тобора ривожланиб, ўзаро фойдали алоқалар чуқурлашиб бормоқда. Тили яқин, дил ришталари чамбарчас боғланган Ўзбекистон, Туркманистон, Озарбайжон билан олий даражадаги мулоқотлар давом этмоқда. 

Қозоғистон Республикасининг тинчликпарвар сиёсати ён қўшни – жон қўшнилар билан муносабатларда яққол намоён бўлмоқда. Шу жумладан, Қозоғистон – Ўзбекистон алоқалари ҳам мунтазам ривожланиб бормоқда.

Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг, қозоқ ва ўзбек халқларининг ўзаро алоқалари асрлар қаъридан бошланади. Туркистонни қадрламайдиган ўзбек, Самарқандни соғинмайдиган қозоқ йўқ. Мустақилликнинг чорак асрлик тарихи давомида ҳам икки эл ўртасидаги дўстона алоқалар асраб-авайлаб келинмоқда. 

Марказий Осиёнинг энг йирик бу икки мамлакати баҳамжиҳатликда қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда. Жорий йилда Астанада ўтадиган ЭКСПО – 2017 кўргазмасининг ҳам туризм соҳасидаги ҳамкорликни янги чўққиларга олиб чиқиши кутилмоқда. Юртимизни томоша қилишга келган сайёҳларнинг бир қисми айни вақтда Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива зиёратини ҳам режаларига киритишган. Бу эса ҳар икки давлат учун янги имконият. Бугунги кунда Қозоғистонда Ўзбекистон капитали иштирокида фаолият юритаётган 800 дан ортиқ корхона мавжуд. 

Ўзбекистоннинг янги Президенти Ш. Мирзиёевнинг март ойидаги Астанага ташрифи чоғида қатор масалалар ҳал этилди. Савдо алоқаларини кенгайтириш ҳар иккала мамлакатга нафақат соф фойда, балки янги иш ўринлари ҳам бериши шубҳасиз. Транзит борасида қўлни қўлга бериб ишлаш эса Евроосиёдаги кўплаб мамлакатларнинг маҳсулотлари учун кўприк бўлишимизга имкон яратади. 

“Астана ЭКСПО– 2017”да Ўзбекистон ҳам  ўз маҳсулотларини намойиш этади. Бу эса янги кенг қамровли лойиҳаларга йўл очади. 

Хавфсизлик ва терроризмга қарши кураш масалаларида  ўзаро маълумот алмашиш  ўзаро алоқаларда муҳим аҳамият касб этади. Ёвуз кучлар жаҳоннинг энг ривожланган мамлакатларига ҳам таҳдид солаётган бугунги кунда  Марказий Осиёнинг хавфсизлигини таъминлаш – жуда муҳим. 

Денгиз чегаралари туташган Қозоғистон ва Озарбайжоннинг дўстлик алоқалари азалдан мустаҳкам. 

Қўрқут отани бирдек эъзозловчи қозоқ ва озарбайжон халқлари ўртасидаги самимий муносабатлар мустақиллик йилларида янада ривож топди. Ўзаро муносабатларда ҳам, халқаро доираларда ҳам бу қардошларнинг  ҳамиша  бир-бирини қувватлаб келгани сир эмас. 

Бу ҳамкорлик, айниқса, соҳиллари беш мамлакатни бирлаштирган Каспий денгизи мақомини аниқлашга доир тортишувларда яққол намоён бўлди. Шунингдек, давлатимиз Арманистон билан бирга Жамоавий хавфсизлик ташкилоти, Евроосиё Иқтисодий иттифоқига аъзо бўлсада, БМТ резолюцияси билан тасдиқланган Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлигини доимо ҳимоя қилиб келмоқда.  

Бугунги кунда Каспий денгизини тўғри маънода “Ҳамкорлик ҳавзаси”, дейиш мумкин. Боку ва Ақтау ўртасида кема қатнови йўлга қўйилган. Қозоғистон нефтининг бир қисми Озарбайжондан бошланадиган қувурлар орқали Туркия бозорига чиқмоқда. 

Икки давлат Президентларининг апрель ойи бошидаги учрашувлари  икки томонлама алоқаларнинг янада ривожланишига олиб келиши, шубҳасиз. Қозоғистон ва Озарбайжон тадбиркорларини бирлаштирувчи савдо-саноат палатаси тузилди. Энергетика соҳасида қайта ишлаш корхоналарини очиш режаланмоқда. Ва албатта, Жанубий Европа бозорларига йўл очувчи Ақтау – Боку йўналишининг самарали ишлаши халқларимиз фаровонлигини оширишга хизмат қилиши аниқ.

Туркманистон Республикаси битмас-туганмас газ конлари, кўз олувчи гиламлари, туёғидан ўт чақновчи тулпорлари билан танилган мамлакат. 

27 август куни икки давлат ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 25 йиллиги нишонланади. Чегарадош элларнинг иқтисодий алоқалари ҳам мустаҳкам. Қозоғистон, Туркманистон ва Эронни боғловчи темир йўл ушбу икки элни Ҳинд океани ҳавзаси ҳамда Евроосиёнинг Шимоли ва Шарқини энг қисқа йўл билан боғловчи транзит давлатлар қаторига киритди. Каспий ва Орол денгизлари муаммолари юзасидан ҳам икки мамлакат кенг ҳамкорлик қилмоқда.

18 апрель куни Астана шаҳрида икки давлат президентлари “Стратегик ҳамкорлик тўғрисида”, “Қозоғистон – Туркманистон чегараларини демаркация қилиш тўғрисида” ва бошқа қатор шартномаларни имзолашди. 

Мазкур учрашув давомида Элбоши Туркманистон Республикаси Президенти 

Г. Бердимуҳамедовга топширган 1-даражали “Достық” ордени эса икки элнинг чинакам дўстлиги рамзидир.

 

А. САРМОНОВ., 2017-04-29, 15:21
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.