26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Туркистонда ўтди зўр мушоира

Қозоғистон Республикаси Мустақиллигининг 26 йиллиги ҳамда “Туркистон – туркий оламнинг маданий пойтахти” деб эълон қилиниши муносабати билан Туркистондаги “Туркий халқлар кутубхонаси”да ўтган “Илҳомим бахш этай, Ватаним сенга!” мавзуидаги “Назм юлдузлари – 2017” мушоирасида вилоятимизда фаолият юритаётган “Чашма”, “Шуъла”, “Исфижоб”, “Қорамурт”, “Чимкент”, “Қарноқ” каби ижодий уюшмалардан жами 26 нафар ижодкор қатнашди.

Тадбир иштирокчиларини очиқ чеҳра билан кутиб олган мазкур муассаса директори Мария Куришбаева кутубхона тарихи ва фаолияти тўғрисида гапириб, бу – ҳозирча минтақада ягона эканини таъкидлади. 

– Кутубхона жамғармасининг катта қисмини ўзбек тилидаги бадиий китоблар эгаллаган, айниқса, машҳур адиблар Одил Ёқубов, Носир Фозиловларнинг шахсан армуғон қилган ижод намуналари борлигидан фахрланамиз, – деди у. 

Тадбир “Ижодкор” адабий бирлашмаси раиси А. Пратов ва “Жанубий Қозоғистон” вилоят газетаси директор-бош муҳаррири А. Сотволдиевнинг кириш сўзи билан очилди. А. Пратов мушоира иштирокчилари номидан кутубхона китоб жамғармасига ўзбек тилида чоп этилган юзга яқин китобларни туҳфа қилди.

– 2004 йили илк бор “Жанубий Қозоғистон” газетаси таҳририяти ташаббуси билан уюштирилган “Назм юлдузлари” мушоираси кейинги йилларда мунтазам равишда ўтказилмоқда, – деди ўз сўзида Алишер Ғофуржон ўғли. – Ушбу тадбирнинг Туркистонда ўтказилишининг ўз сабаблари бор. Уни ташкил этиш ва уюштиришда ёрдам кўрсатган А.Яссавий номидаги ХҚТУнинг профессори, академик Қулбек Ергўбекка, “Туркий халқлар кутубхонаси” директори Мария Куришбаевага, Туркистон шаҳар ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси Дониш Маннотовга, газетамизнинг махсус мухбири Шомирза Мадалиевларга миннатдорчилик изҳор этаман!

У танлов ташкилочилари – Қозоғистон ўзбек этномаданият бирлашмалари “Дўстлик” ҳамжамияти, “Жанубий Қозоғистон” вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси, “Ижодкор” адабий бирлашмаси эканини таъкидлаб, мушоирага вилоятимизнинг турли бурчаклари – Сайрам туманининг Қорабулоқ, Қорамурт, Оқсувкент қишлоқларидан, Мақтаарал туманидан, Астана, Шимкент, Туркистон шаҳарларидан иштирокчилар ташриф буюрганини маълум қилди. 

А. Пратов мушоирада қатнашиш истагини билдирган ижодкорларнинг номини эълон қилиб, танлов шартлари ва иштирокчиларга қўйиладиган талабларни эслатди.

Тадбирнинг тантанали қисми Мағжан Жумабоевнинг Мирпўлат Мирзо таржимасидаги “Туркистон” ҳамда Муҳаммад Юсуфнинг Исраил Сапарбаев таржимасидаги “Туркистон” шеърларини ўқиш билан бошланди. 

Қозоғистон ўзбек этномаданият бирлашмалари “Дўстлик” ҳамжамияти раиси Икром Ҳошимжонов, адабиётшунос олим Қулбек Ергўбек, вилоят маслаҳати депутати Зуппархон Чолдонов, Туркистон шаҳар ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси Дониш Маннотов, таниқли шифокор Баҳодир Ҳабибуллаевлар “Назм юлдузлари” мушоирасининг нуфузи ҳақида фикр билдириб, беллашувда ижодкорларга омад тилашди.

Улар шу куни 85 йиллик юбилейи нишонланаётган Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли болалар шоири Эрназар Рўзиматовни қутлашиб, самимий тилакларини изҳор этишди ҳамда жанубийқозоғистонлик ижодкорларнинг оқсоқолига совға-саломлар ҳадя қилишди. 

Адабиётшунос олим Қ. Ергўбек юбилярга Қозоғистон Ёзувчилар уюшмасининг “Табрик хат”и ҳамда Абай бюстини тақдим этиб, жумладан, шундай деди:

– Эрназар Рўзиматов – таниқли болалар шоири. Унинг ижоди нафақат ўзбек адабиёти, балки қозоқ адабиётида ҳам муносиб баҳосини олган. Отахон шоирнинг юбилейини келаси йили Тошкент шаҳрида уюштиришни таклиф қиламан. Насиб этса, қозоғистонлик ижодкорларга ўзим бошчилик қилиб бораман...

А. Сотволдиев ҳам отахон шоирни таҳририят жамоаси номидан қутлади ва унинг кифтига зарбоф тўн ёпди. Уни, шунингдек, Туркистон шаҳри ҳокими 

А. Ўсербаев номидан, адабиётшунос олим Қ. Ергўбек, “Ижодкор” адабий бирлашмаси, “Исфижоб” ижодий уюшмалари раҳбарлари А. Пратов, П. Намозлар ҳам қутлашди. 

Ижод аҳли вакилига кўрсатилган ҳурмат ва эҳтиромдан кайфиятлари кўтарилган иштирокчилар ҳам танловга аталган назмий ижодларидан барчани баҳраманд қилишди. Таркиби Суннатилла Акромов (раис), Соатой Камолова, Акмал Иззатуллаев, Ҳусан Садиров, Гулҳаёт Аҳмадова, Эркиной Султонова, Пўлат Намозлардан иборат ҳакамлар ҳайъати аъзолари иштирокчиларнинг ижод намуналарини тўрт мезон – мавзунинг ёритилиши, бадиийлиги, шеърнинг техник тузилиши ҳамда саҳнада ўқилиши бўйича баҳоладилар. Шундай қилиб, катта ёшдаги (45дан юқори) ижодкорлар орасида 1-ўринни Қарноқ қишлоғидан Долимжон Сайфуллаев эгаллади, 2-ўринни Қорабулоқ қишлоғидан Гулиосиё Ҳасанова ва Шимкентнинг Сайрам даҳасидан Қурвоной Баҳодировалар олишди, 3- ўринга эса Иқон қишлоғидан Айниддин Абубакиров, Шимкент шаҳридан Файзулла Икромов, Султонработ қишлоғидан Анормат Лочин лойиқ топилди.

Шундан сўнг 45 ёшгача ижодкорлар орасида ғолибларнинг номи эълон қилинди. 1-ўрин Мақтаарал туманидан Сабоҳат Маҳмурзаевага насиб этса, 2-ўринни Астанадан ташриф буюрган, Эски Иқон қишлоғининг фарзанди Ирода Муҳаммаджонова ҳамда Сайрам даҳасидан Каромат Режаматовалар эгаллашди, 3-ўринга Кентов шаҳридан Валижон Азим, Қорабулоқ қишлоғидан Гулбаҳром Оботова, Туркистон шаҳридан Дилфуза Иброҳимовалар сазовор бўлишди. Ғолиб ва совриндорларга ташкилотчилар томонидан тайёрланган қимматбаҳо совғалар, диплом ва сертификатлар топширилди. Қолган иштирокчилар ҳам махсус дипломлар билан тақдирланишди.

Қарноқ қишлоқ ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси Ҳусан Садиров, М. Қошғарий номли гимназия мактаби мусиқа ўқитувчиси Расул Қаумбаев ва Азиз Шариповлар ижросидаги мумтоз тароналар тадбирга файз киритди.

Шеърият байрами Туркистон шаҳар ўзбек этномаданият бирлашмаси томонидан уюштирилган тўкин дастурхон атрофида якунланди.

 

 

Зокиржон МЎМИНЖОНОВ. Собиржон ИСАМАТОВ суратлари, 2017-10-30, 19:30 213
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.