26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Бобуржон ва Беҳзод – фахримиз!

Спортчиларимизнинг жаҳон миқёсида муваффақиятга эришиб, Қозоғистоннинг шуҳратини янада ошираётгани, нуфузини кўтараётгани қувонарлидир. Бугунги кунда АҚШнинг Флорида штатидаги Орландо шаҳрида касбий бокс билан шуғулланаётган ҳамюртимиз, Сайрам туманининг Оқсувкент қишлоғи фарзанди Бобуржон Мўминов ана шундай улуғвор мақсадларни рўёбга чиқариш йўлида тер тўкаётир. 

Жанубий Қозоғистон вилоят ўзбек этномаданият бирлашмаси ёшлар уюшмаси, “Жанубий Қозоғистон” вилоят газетаси таҳририяти ва Сайрам тумани ўзбек этномаданият бирлашмаси ташаббуси билан, қисқа таътил олиб, она юртига келган боксчи билан учрашувлар уюштирилди.

Дастлабки тадбир Сайрам туманининг Қорабулоқ қишлоғи Маданият уйида ўтиб, унда спортсевар ёшлар, маҳаллий ҳокимлик ва таълим муассасалари, жамоат ташкилотлари вакиллари қатнашди. “Жанубий Қозоғистон” вилоят газетаси директор-бош муҳаррири Алишер Сотволдиев йиғилганларни Бобуржон Мўминов ва ўзбекистонлик аралаш қоидалар жангчиси, "Осиё айиғи" Мурод Хонтўраевлар билан таништириб, уларнинг спортдаги ютуқлари ҳақида ҳикоя қилди. Дарҳақиқат, Бобуржон ҳаваскор боксда ҳарбийлар орасида жаҳон чемпиони, Қозоғистон биринчилигининг, шунингдек, турли халқаро турнирларнинг ғолибидир. 

Тадбирда сўз олган боксчи ёшларга мақсад сари интилиш, бунинг учун тинимсиз меҳнат қилиш зарурлигини таъкидлаб, ўзи Оқсувкент қишлоғида вояга етгани, эришган ютуқларида ота-онаси ва акаларининг кўмаги катта бўлганини фахр билан тилга олди: 

– Ҳозирги кунда мамлакатимизда спорт соҳасига катта эътибор қаратилаётганидан қувондим, – деди у. – Илгари бундай имкониятлар йўқ эди. Сизларга омад тилайман!

Шунингдек, учрашувда Сайрам туман ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси Ғанишер Раимқулов, Қорабулоқ қишлоқ округи ҳокимининг ўринбосари Бахтиёр Шомуродовлар ҳам сўзга чиқиб, икки спортчига ташриф учун миннатдорчилик изҳор этишди ва келгуси беллашувларда муваффақиятлар тилашди. Тадбир якунида боксчилар ёшларга маҳорат дарси ўтиб, касбий рингдаги тажрибалари билан ўртоқлашдилар.

Келаси учрашув Шимкент шаҳрининг Сайрам даҳасидаги 12-сонли ихтисослаштирилган спорт мактабида ўтиб, унда Б. Мўминов билан бирга яна бир машҳур спортчи, боксдан Қозоғистон терма жамоаси аъзоси, спорт устаси Беҳзод Холматов ҳам иштирок этди. Муассаса раҳбари Ҳасан Маҳкамбоев сўзга чиқиб, ўқувчиларни ҳар икки спортчидан ибрат олишга даъват этса, Алишер Ғофуржон ўғли боксчининг таржимаи ҳоли, ютуқлари ҳақида гапириб, нафақат бу соҳада, балки кундалик ҳаётда ҳам унга ўхшашга чақирди. 

Б. Мўминов илк устози Сайлау Алтинбеков номини фахр билан тилга олиб, бокс тушиш усули қарағандилик Г. Головкинникига ўхшашлиги боис, машҳур боксчи Сауль "Канело" Альварес спаринг ҳамкори бўлганини гапирди. Б. Холматов эса Ҳ. Маҳкамбоевдан мураббий сифатида миннатдорлигини таъкидлади. Дарҳақиқат, у айни кунларда Шимкент шаҳрида боксдан ўтаётган Қозоғистон биринчилигида қатнашаётганини, чемпион бўлиш орзусини маълум қилди.

Иштирокчиларнинг саволлари турфа ва қизиқарли бўлди. Улар спортчиларга қандай таомни хуш кўриши, ютуққа эришишда ким кўмак бергани, келгуси режалари ҳақида мурожаат қилиб, батафсил жавоб олишди. Спорт мактабининг услубиятчи-мураббийи Иброҳимжон Тожибоев уларнинг бокс оламига кириб келиши ҳақидаги хотираларини гапириб, учрашувга оид мулоҳазаларини билдирди, спортчиларга муваффақият тилади.

Тадбир ниҳоясида Б. Мўминов ўзининг уммон ортида олган чемпионлик камаридан бирини ва мексикалик боксчи "Канело"нинг дастхати туширилган футболкани миннатдорлик рамзи сифатида таниқли тадбиркор, “Южказавтодор” МЧБ директори Мирғани Маҳкамбоевга армуғон қилиб, тадбир ташкилотчиларига раҳмат айтди.

– Илк ғалабага Сайрам қишлоғида эришганим ёдимда. Ота-онам ушбу заминнинг муқаддаслиги, кишиларининг сахийлигини доимо таъкидлашади. Ана шундай саховат соҳибларидан бири Мирғани акадир, у бир неча нуфузли мусобақаларда қатнашишимга имконият яратган. Барчангизга раҳмат! Сиз каби мухлисларимнинг кўплиги менга куч-қувват беради, яна олға ундайди! – деди у ҳаяжонини яширмай.

Мирғани ака ҳам ўз навбатида Бобуржонга омад тилаб, келгуси жангларда доимо ғолиблик шоҳсупасидан кўринишига ният билдирди. 

Учрашув якунида иштирокчилар машҳур спортчилар билан эсдаликка суратга тушишди.

***

Шу кунларда “Жанубий Қозоғистон” вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририятининг ташаббуси билан ҳамюртимиз, боксдан Халқаро тоифадаги спорт устаси, АҚШнинг Флорида шаҳрида истиқомат қилиб, касбий бокс билан шуғулланиб, қатор ғалабаларни қўлга киритаётган, миллатимиз фахри Бобуржон Мўминов она қишлоғи Оқсувкентга келди, таътил вақтидан фойдаланиб, жойларда ўтказилган маҳаллий аҳоли, спортчилар билан учрашувларда иштирок этди. Чунончи, Қорабулоқ қишлоғида, Шимкентнинг Сайрам даҳасидаги 12-сонли спорт мактаби ва бошқа жойларда ўтган учрашувларда Бобуржон спорт, бокс соҳасидаги эришган ютуқлари, фаолияти, режалари ҳақида батафсил сўзлаб, ёшларни ватанпарвар бўлишга, яхши ўқиб, билим олиш, инглиз тилини мукаммал ўрганишга чақирди. Учрашувларда Бобуржон юксак чўққиларни забт этишида унга яқиндан кўмак бериб келаётган инсонлар номини фахр билан тилга олиб, уларга ўз миннатдорчилигини билдирди. Имкониятдан фойдаланиб, Бобуржонни қўллашга, унга ёрдам қўлини чўзишга шай турган оғаларимизга ишингиз бароридан келсин деймиз, сизларнинг ғамхўрлигингиз вақти келиб, Бобуржондан ғалаба ва ютуқлар кўринишида қайтиши аниқ. Камтарга камол деганларидек, узоқ АҚШ давлатида юрса ҳам, она юрт соғинчи Бобуржонни ҳеч вақт тарк этмасин.

Тасвирларда: Б. Мўминов, М. Хонтўраев ва Б. Холматов билан ўтган учрашувлардан лавҳалар.

 

З. МЎМИНЖОНОВ, И. Тожибоев, 2017-11-07, 09:24 196
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.