26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Халқининг олижаноб фарзанди

Халқининг покиза қалбли, олижаноб фарзанди, сиёсий арбоб, таниқли ёзувчи Шароф Рашидов умри давомида Ўзбекистоннинг равнақи учун фидокорона хизмат қилиб, тириклигидаёқ ўзига ёдгорлик ўрнатган ажойиб инсонларнинг бири эди. 

Ш. Рашидовнинг фаолиятини муносиб баҳолай олган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев буюк сиймонинг 100 йиллик таваллуд айёмини давлат миқёсида нишонлаш тўғрисида фармон чиқариб, қарор қабул қилди. Шароф ака дунёга келган Жиззах вилоятининг Жиззах туманига Ш. Рашидов номи берилди. 

Шундай инсонга ҳам қанчадан-қанча “тошлар отилиб”, ер бағрида тинчгина ётишига имкон берилмаган замонлар ҳам бўлганди. Лекин, адолат туғи тикилгач, Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти И. А. Каримовнинг қарори билан қадрли оғамизнинг барҳаёт номи оқланди.

Бу жуда қувончли воқеа бўлди. Чунки, тарихий арбобларининг ҳурматини жойига қўёлмаган, руҳларини безовта қилганлар ҳеч қачон яхлит халқ сифатида ривожланмайди. Ҳаётдан кўз юмган одамни қаро ер қўйнига топширгандан кейин, Қуръон тиловат қилиб, қирқ қадам юргач: “Марҳум қандай одам эди?” деб сўрашса, барча йиғилганлар бир овоздан: “Яхши инсон эди!” демайдими? Зеро, ўтганларнинг хотирасини эъзозлаш – ўз-ўзимизни ҳурматлашнинг дебочасидир. Чунки барчамиз уларнинг авлодларимиз.

Ш. Рашидов кезида Ўзбекистонда яшаётган, эл билан бир қозонда қайнаган, бир миллионга яқин қозоқлар орасидан қўлидан иш келадиган, қобилиятли, ташкилотчи инсонларни танлаб, юксак лавозимларга қўйган эди. Бекиш Насиров, Алтинбек Нуралиев, Мухамед Ниязов, Натай Кенесарин, Камал Алиев, Қанибек Укибаев, Егемқул Тасанбаев, Мирзатай Умбетов, Абдиқадир Ўркенбаев, Сарсенбай Есимов, Ашир Қўсаев, Бегим Сериков каби арбоблар шулар сирасидан. Меҳнат қаҳрамонларининг номларини шу кунларда ҳам ғурур билан айта оламиз. 

Шароф ака 40 йилга яқин қозоқ элига бошчилик қилган Димаш Ахметули Қўнаев билан дўстона алоқада бўлди, қозоқ адабиёти ва маданиятини қадрлади. Бу борада Шўқан Уалиханов, Ибрай Алтинсарин, Абай Қунанбаев, Жамбил Жабаев, Мухтар Ауезов, Сабит Муқанов, Ғабит Мусирепов, Абдилда Тажибаев ва бошқа қозоқ адибларининг ижод маҳсулларини севиб ўқиган. 1960 ва 1971 йилларда Ўзбекистонда “Қозоқ адабиёти ва маданияти” ҳафталиги ўтишига Ш. Рашидовнинг ўзи бош-қош бўлгани ҳам барчамизга маълум. Қозоқ поэзиясининг йирик вакиллари Абай Қунанбаев ва Жамбил Жабаевнинг 125 йиллик, ёзувчи Мухтар Ауезовнинг 80 йиллигини Ўзбекистонда кенг нишонлашда ҳам Ш. Рашидовнинг ҳиссаси катта.

Шу боис, қозоқ зиёлилари Шароф акани “Адабиёт ва санъатни теран тушуниб, юксак даражада баҳолай оладиган жонкуяр, фаҳми олий эл бошқарувчиси”, деб билар ва эъзозларди.

“Адабиёт ва санъат – юрак малҳами, жамият ҳаётининг акс-садоси”, деб билган Ш. Рашидов 30 йил мобайнида эл бошқариш билан бир қаторда халқи учун кўплаб буюк ишларни амалга оширди. Ёзувчи сифатида ўткир қаламини қўлидан ташламаган. Совет Иттифоқи давридаги ўзбек адабиётининг ривожланишига улкан ҳиссасини қўшди.

Ш. Рашидов ва унинг ижодиёти ҳақида ўзбек зиёлилари билан бир қаторда қозоқ ёзувчилари ҳам асосли фикр-мулоҳазалар айтиб, бадиий адабиётимизнинг мусаффо осмонидаги ўрнини муносиб даражада баҳолашган эди. Масалан, 1959 йилнинг 14-24 февраль кунлари Москвада “Ўзбек адабиёти ва санъати ўнкунлиги” ташкиллаштирилганлиги муносабати билан М. Горький номидаги “Адабиётчилар уйи”да ёзувчилик маҳоратига оид маслаҳатлар ва фикр алмашувлар бўлиб ўтган.

Алматидан борган Мухтар Ауезов ушбу тадбирда ўзбек ёзувчиларининг бадиий асарлари, Шароф аканинг “Ғолиблар”, “Бўрондан кучли” романлари ҳақида ижобий фикрларини билдирганди: 

– Шу ердаги кўпчилик адабиёт ишқибозлари каби мен ҳам охирги пайтларда ўзбек ёзувчиларининг китобларини ўқиш, спектаклларини томоша қилиш орқали туғилган фикрларимни айтмоқчиман, – деди-да Абдулла Қаҳҳор, Асқад Мухтор, Ҳамид Ғулом, Пиримқул Қодиров каби ўзбек ёзувчиларининг романларини атрофлича таҳлил этиб берганди.

Қизиғи шундаки, баъзи бир 

москвалик адабиётшунослар Ш. Рашидов ва Пиримқул Қодировнинг бадиий асарларини аёвсиз танқид остига олганларида, М. Ауезов одилона баҳосини берган. У: “Мен аввало Шароф Рашидовнинг “Бўрондан кучли” романи ҳақида айтиб ўтмоқчиман. Фикримча, бу романни давом эттириш керак. Унинг қаҳрамонлари – ўзбек халқининг ажойиб йигит-қизлари. Улар тақдирини партия ва халқ билан боғлаб, умри давомида сидқидилдан меҳнат қилиб, янги чўққиларни забт этишни мақсад қилишган”, деган.

Ш. Рашидов ва унинг ижоди ҳақида фикр-мулоҳаза юритганлар қаторида Сабит Муқанов, Ғабит Мусирепов, Мухаметжан Қаратаев, Қалижан Нурмаханов, Абден Сатибалдиевларни ҳам ҳурмат ила тилга оламиз. 1961 йил 10 августда “Семей ақиқаті” газетасида А. Рахимжановнинг “Мустаҳкам дўстлик”, 1962 йил 24 майда “Қозоқ адабиёти” газетасида Қ. Нурмахановнинг “Шароф Рашидов” номли мақолалари чоп этилганини ҳам айтиб ўтишни лозим топдик. Уларда ёзувчи Ш. Рашидовнинг ҳаёти ва ижоди, бадиий асарлари ҳақида маълумотлар берилган.

Ш. Рашидов ижодига қозоқ халқининг ихлоси кучли бўлган. ХХ асрнинг 50 йилларидаёқ унинг асарлари таржима қилинган ва элнинг маънавий ва маданий озиғига айланган эди. Бунда таниқли таржимон Абен Сатибалдиевнинг хизматлари катта. У 1954 йили Ш. Рашидовнинг “Бўрондан кучли” романини, 1961 йили “Кашмир қўшиғи” номли бадиий асарини таржима қилиб, қозоқ ўқувчиларига тақдим этди. 

Кези келганда, ўзим ҳам Шароф ака билан уч марта юзма-юз кўришганман. Сўнгги учрашувимиз 1982 йили октябрь ойининг охири, тахминан, шанба кунига тўғри келган. Кабинетимда “Оққиз” номли асаримни ёзиб ўтирганимда бирдан телефон жиринглади. Асил ака (Ш. Рашидовнинг туғишган укаси) соғлик-саломатлигимни сўраб бўлгач: 

– Қалдибек! Мен акамни бориб кўрмоқчи эдим. Вақтингиз борми? Акамнинг ҳолидан хабар олсак, нима дейсиз? – деб қолди.

Мен Асил акага:

– Хўп бўлади, албатта вақт топаман, – дедим. 

Шароф аканинг хонадонидамиз. 

Шароф ака укасига қараб: “Хўш, Асилжон... Қалай, аҳволлар, яхшими? Келин, болалар омонми? Ишларинг қалай?” – деб сўраб бўлгач, менга қараб: “Укам, сиз қалайсиз? Ишларингиз яхшими? Бола-чақалар қалай?” – деб, камтарона, меҳр билан суриштира бошлади.

Шунда, Асил ака:

– Бу йигит Қалдибек Сайданов деган укамиз. Аввал академияда ишларди. Ҳозир бирга ишлаяпмиз. Биздаги “Қозоқ филологияси” кафедрасининг мудири, – деган эди. 

Шароф ака менга қараб:

– Жуда яхши. Қозоқлар билан ўзбеклар неча-неча асрлардан буён ёнма-ён яшаб, аралаш ҳаёт кечириб келаётган бир ота-онанинг фарзандлари. Шундай дўстона алоқа боғлаб, аралашиб турганларинг яхши. Мана мен, қозоқ адабиётининг буюк намояндалари Мухтар Ауезовни, Сабит Муқановни, Ғабит Мусирепов билан Абдилда Тажибаевларни ғоят ҳурмат қиламан, асарларини севиб ўқийман. Бизнинг Ойбек билан Мухтар оғанинг, Ғофур Ғулом билан Сабит оғанинг, Миртемир билан Абдилда Тажибаевнинг дўстлиги, ўзбек-қозоқ халқлари дўстлигини ривожлантиришда муҳим аҳамият кашф этмоқда. Дарҳақиқат, дўстлик – олтиндан ҳам қиммат, тоғдан ҳам юксак, денгиздан ҳам теран. Фақат дўстликка алоҳида аҳамият бериш керак! – деди-да, бирзум хаёлга чўмиб, менга қаради:

– Сайдан, “сайд” сўзи нима маънони англатади?-деб сўради. Мен эса шошилиб:

– “Сайд авлоди” деган сўздан чиққан бўлса керак. Чунки биз, Муҳаммад пайғамбарнинг биринчи саҳобаси ва қайин отаси Абу Бакир Сиддиққа бориб тақаламиз. У кишидан бизнинг Сунақ ота-бобомизгача 16 ота. Биз шу отадан тарқаганмиз, – деганимда Шароф ака бир зум ўйланиб:

– Қозоқларнинг қаердан чиққанлигини, ўз уруғларини билиши жуда ҳам яхши хусусият-да. Бизда бу нарса йўқ. Бизда – Андижонлик, Фарғоналик, Самарқандлик, Тошкентлик, Жиззахлик деган ибораларгина бор, – деди.

Мана шу учрашувдан сўнг Шароф аканинг денгиздай теран билими ва заковатини, пичоқдан ўткир зеҳни-ю донишмандлигини, камтаргина феъл-атвори-ю момиқдек юмшоқ табиатини, олий фаросат эгаси эканлигини кўриб, лол қолдим. Унинг устига, ҳурматли оға элининг ҳақиқий асл фарзанди, халқлар дўстлигининг ягона пойдевори, эмандай эгилмас йирик сиймоси эканлигини англаб, маънавий бойлик эгасига айландим.

 

 

Қалдибек СЕЙДАНОВ, “Турон” академиясининг академиги, профессор, 2017-11-07, 09:37 200
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.