26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Онаси тенгги аёлларни мазах қилиб...

«Топганимиз тўйдан ортилмаяпти», деган гапни сўнгги пайтда кўп эши­­­­­тадиган бўлиб қолдик. Дарҳақиқат, илгари фақат шанба ё якшанба ку­ни бўладиган тўйлар бугун ҳафтанинг етти кунида тўхтамаяпти. Тўйга тўёнасиз борилмайди, демак, ойлик маошнинг катта қисми тўёнага сарфланаётгани ҳақиқат.

Оилада фарзанд туғилса –  ақиқа-ю бешик тўйларга етамиз. Ўғилга суннат, қиз фарзандимизга мучал тўйлари… Никоҳ тўйлари эса элимизнинг фарзанди билан боғлиқ орзу-умидларининг энг олий кўриниши. Бироқ кейинги пайтларда орзу-ҳавасларимиз мантиқсиз удумлар билан қоришиб, қадриятларимизда қадр қолмай, азалий одатларимиз молпарастлигимиз чангида лойқаланаётгандек, назаримда. Тўйларимиз дабдаба борасида кимўзар пойгаларни эслатмоқда. Улардаги тартиб­сизликлар ҳам оз эмас. Илгари тўйларда ёшлар хизматда, катталар иззатда бўларди. Ҳозир ёшлар тўй бошланмай туриб, тўрга ўтириб олишади. Чунки, фарзандларимиз шундай тарбияланган. Ҳатто, ичимлик талашиб, сан-манга бориб қолаётганлар ҳам йўқ эмас. “Куёв сотар” деганлари эса маданиятсизлигимиздан нишона. Онаси қатори аёлларни ёшгина улфат йигитлар у ёқ-бу ёққа судрайди, рақсга тушиб беринг, ош пишириб беринг, деб тихирлик қилишади. Кўпчилик соат 11-12да тўйни тўхтатсин, деса, ёшлар соат биргача тўхтатмайсизлар, деб тўполон чиқаришади. 

– Бир маъракада катта ёшдаги ота ўғ­лига: “уйлансанг, бойваччани қизига уй­лан, сени боқади”, деганини эшитиб қолдим, – дейди суҳбатдошимиз, шимкент­лик Улуғбек Отамуродов. 

Баъзи туман этномаданият бирлаш­малари  оқсоқоллар ва бийлар кенгашлари билан биргаликда бу масалани қўлга олишди ва тўйлар, у билан боғлиқ қатор маросимлар тартибга солинмоқда. 

Тўғри, «тўй меники, истаганимдай ўтказаман! Камида 700 одам чақи­ра­ман!» дейдиганлар ҳам йўқ эмас. Тўй­ни камчи­қим қилиб, элдан оширмай ўтказаётган оилалар ҳам оз эмас. Келин кўйлак ижарасининг баҳоси осмонда. Мебель, сарпо, лимузин... Хонанда-санъат­корларнинг хизматлари баҳосичи?!

Охирини ўйламай дабдабага берилиш оқибатлари кўпчиликка маълум. Чилласи тугамай қарзларини узиш учун хорижга кетганлар қанча. Шунга қарамай, тўйлар билан боғлиқ бемаъни орзу-ҳавас­лари­миздан ҳам кечолмаяпмиз. Камхарж оилалар ҳам, бадавлат оилалар ҳам тўйни бирдай, бир тўйхонада ўтказаётганига нима дейсиз? Бундан ташқари, тўйга кўпчилик болаларини олиб бормайдиган бўлган, жой етмайди, уй эгаси ёқтирмайди, деган истиҳола билан. Натижада, қа­­­риндош-уруғларнинг болалари бир-бирини танимай ўсмоқда, меҳр-оқибат кўтарилиб, қариндошлик ришталари узилмоқда. 

– Кичкина қиз ёки болаларнинг тўйларда шеър ўқиб беришларига мен умуман қаршиман, – дейди яна бир суҳбатдошимиз, сайрамлик Фазлиддин Идинов. – Ўзи кич­­кина, она сути оғзидан кетмаган, ке­лин-куёвга насиҳат қилиши бачкана кўринмайдими?

Таклифноманинг интернет орқали юборилишини мен ҳурматсизлик деб биламан. Илгари автобусда ёки яёв бориб, қариндош-уруғни тўйга айтиб келардик. Тўйда хонадон эгаларидан олдин келин-куёвни рақсга таклиф қилишяпти, бу ҳам ҳурматсизликнинг бир кўриниши. Келин-куёв тортни кесиб, бир-бирига, қариндош-уруғларига едиришига ҳам қаршиман. Ёш болаларнинг келин-куёв ўтирган “тахтиравон”га чиқиб, суратга ё видеога тушиши ҳам бачкана кўринади. Шойи белбоғ тарқатишни ҳам тўхтатиш керак. Булар менинг шахсий фикрим.

«Маҳаллада дув-дув гап» кинофильми ҳам мана шу мавзуга бағишланган эди. Унда ҳам тўйларни камчиқим қилиб ўтказиш масаласи кўндаланг қўйил­ганди. Лекин, шунга қарамай, орадан 60 йилга яқин вақт ўтса ҳам кечаги муаммолар муаммолигича қолмоқда. 

Элни бир неча кун тўйдиришга етгулик нeъмaтлaрни бир кундa тўкиб-сочиб, ис­рoф қилиш урфгa aйлaниб бормоқда. Натижада, отa қaрз, oнa қaрз. Лeкин ҳaнуз eчим йўқ…

Тўй-маросимларда сархил мевалар, қимматбаҳо ширинликлар ва бошқа ноз-неъматларни  ижарага олиб, дастурхонга қўяётганлар ҳам анча.

– Бир тўйда шу ҳолат билан боғлиқ жуда ҳам хунук ҳодисага гувоҳ бўлгандим, – ҳикоя қилади суҳбатдошимиз, тўлебийлик Ғани Шомурод ўғли. – Соат 19.00 га белиланган тўй ўндан ўтганда бошланди. Сабаби, келин-куёв никоҳини улфатлари билан нишонлаш учун эрталаб тоққа чиқиб кетишибди. Ниҳоят, базм, ўйин-кулги бошланди. Дастлаб бироз тартибли кечган бу тантананинг вақт ўтган сайин сийқаси чиқиб борарди. Куёвнинг ширакайф ошна-оғайнилари навбат талашиб, тортишиб сўзга чиқар, ҳамманинг меъда­сига тегиб кетган сўзларни такрорлашар, бемаъни қилиқлар кўрсатиб, даврадан чиқмасди. Уларни тартибга солмоқчи бўлган кат­та ёшдаги кишиларга умуман қулоқ солмадилар. 

Бу ерда битта тўй мисолида одамийлик нуқтаи-назаридан олиб қараганда, беш нотўғри ҳаракатни кўрсатдим. Би­ринчиси – тўйнинг айтилган вақтда бошланмаганлиги, иккинчиси – келин-куёвнинг тўйдан аввал улфатлар би­лан тоққа чиқиб, кечқурун соат ўнда қайтгани, учинчиси – куёв улфатлари ширакайф бўлгани, бемаъни қилиқлари, тўртинчиси – ҳамманинг меъдасига тегиб кетган сўзларни такрорлаши, бешинчиси – каттани ҳурмат қилмагани. Бундай ёқимсиз ҳолатлар деярли барча тўйларда учраб туради, лекин, чек қўйишга ҳаракат қилаётганлар бармоқ билан санарли. 

Хўш, нима қилмоқ керак, ахир тўй на­фақат урф-одатларимизни, балки ма­даниятмизни ҳам намоён этадиган тад­бирку, деган савол туғилиши табиий. 

Тўйлар муборак бўлсин! Лекин… Камтарга камол дейдилар. Бахт кўз-кўз қилинмайди, замондош. Дабдабага берилиб манманлик қилмаган маъқулмикан? Исроф, увол бор. Сизга синов учун берилган бой­ликка кибр қилишингиз ношукурлик ало­мати эмасми?

Азиз муштарий, фикр-мулоҳаза­ларин­гизни кутиб қоламиз.

Малика ЭЛТОЕВА, 2017-11-13, 11:03 192
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.