26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Ҳар бир иншоот давлат меъёрига мувофиқ ишласин!

Газета – халқники. Унда кўпчиликнинг кўнглидаги муаммолар акс этиши табиий. Яқинда мухбиримиз Қорабулоқ қишлоғида жойлашган ахлатхона фаолияти хусусида тушган шикоятлар боис муаммони юзага келган ҳудудда ўрганди ва мутасаддиларнинг фикрларини сизга тақдим этмоқда.

***

Қорабулоқ қишлоғи – Қозоғистондаги аҳоли сони энг юқори бўлган қишлоқ ҳисобланади. Қорабулоқликлар чорвачилик ва деҳқончилик бобида юксак кўрсаткичларга эришган. Таълим, соғликни сақлаш, бошқа соҳаларда ҳам бу қишлоқнинг салмоқли улуши бор. Қорабулоқнинг мамлакатимиздаги жадал ривожланаётган тирак қишлоқ­лар қаторига киритилгани ҳам сир эмас.

“Кўпдан кўп гап чиқади”, кўп сонли элнинг ўзига яраша муаммолари ҳам бўлиши табиий. Турли даражадаги депутатлар, вилоят, туман, қишлоқ ҳокимлари саъй-ҳаракати, аҳолининг ёрдами билан уларнинг аксарияти айни вақтида ўз ечимини топмоқда. Аммо “Ғайрат” даҳаси, унга яқин Кўлкент қишлоғи аҳолисини безовта қилаётган ахлатхона муаммоси чўзилиб бораётгани ҳақида таҳририятга мурожаат қилинди. 

Таҳририят – суд эмас. Халқ ичидаги муаммолар юзасидан ажрим чиқариш журналистларнинг хизмат вазифасига кирмайди. Аммо  жамоатчиликни юз бераётган воқеалардан огоҳлантириб бориш – бурчимиз. Қуйида мазкур муаммо юзасидан мутасаддиларнинг фикрларини чоп этмоқдамиз, кимнинг ҳақ, кимнинг ноҳақлиги ҳақида эса зукко муштарийнинг ўзи хулоса чиқаради, мавжуд муаммолар эса бартараф этилади, деган умиддамиз.

***

Таҳририятга мурожаат этган Ортиқ Холжалилов ва бошқа бир қанча юртдошларимиз мухбир билан суҳбатда янги ахлатхона барпо этилгач, унда тез-тез ёнғин чиқаётгани, ҳафтада 2-3 марта Қорабулоқ ва Кўлкент қишлоқлари аҳли қуюқ тутундан азият чекаётганини айтишди. Ахлатхонанинг “шарофати” билан чор-атрофдаги ёввойи итлар, мушуклар ҳам шу ерга келаётган экан. Натижада, 500-600 метр масофада жойлашган 17-мактабга қатновчи ўқувчиларнинг ота-оналари “бирорта қутурган ҳайвон боламизни тишлаб-тирнаб олмасмикан”, деб хавотирланмоқда. Ёз кунларида ундан анқиган ҳидлар – муаммо. Шунингдек, чор-атрофда яшаётганлар бирорта эпидемия тарқалиши эҳтимолини тилга олишиб,  ахлатхонага Шимкент шаҳри ва бошқа туманлардан чиқиндилар келтирилаётганига қарши эканликларини айтдилар.

***

“Жанубий Қозоғистон” газетаси таҳририятининг ушбу масала юзасидан Қорабулоқ қишлоғи ҳокимлигига ёзган мактубига қуйидагича жавоб келди:

Сайрам тумани, Қорабулоқ қишлоқ округи ҳокимлигига қарашли қаттиқ маиший чиқиндилар ахлатхонаси тўғрисида маълумот.

 Қорабулоқ қишлоқ округи, М. Ауезов кўчаси яқинидаги 034 квартал (шимолий-ғарбий йўналиш) жойлашган “Қаттиқ маиший чиқиндиларни ташлайдиган жой” қурилиши учун 2012 йил март-апрель ойларида “санитария – эпидемиология текшируви” ишлари амалга оширилган. Қозоғистон Республикаси Соғликни сақлаш вазирининг 2010 йил 28 июль, 555-сонли буйруғига мувофиқ, бундай иншоотлар уй-жойлардан 500 метр масофада жойлашиши керак. 

Чиқиндилар ташланадиган ер участкаси Жанубий Қозоғистон вилояти ҳокими А. Мирзахметовнинг 2014 йил 9 октябрдаги 323-сонли қарорига кўра ажратилган. Тўпланган ҳужжатларга кўра 2015 йилда “Шуғила -2002” МЧБ пудратчи ташкилоти томонидан 46 млн. 153 минг 657 тенге миқдорида давлат бюджетидан ажратилган маблағ ҳисобидан қурилиш ишлари амалга оширилди. 

2015 йил қаттиқ маиший чиқиндилар ташланадиган ер меъёрлари тасдиқланди ва  йилига 16719 тоннагача чиқин­диларни қабуллашга рухсат берилди. 

2017 йил 2 майда Сайрам тумани ҳокимининг 186-сонли қарорига мувофиқ Қорабулоқ қишлоғида полигон ишини бажариш учун “Таза ауыл” давлат коммунал корхонаси тузилди, бугунги кунда бу корхона полигонга чиқиндиларни қабуллаб олиш, кўмиш ва қайта ишлаш билан шуғулланмоқда. 

Сайрам туман ер кадастри маҳкамаси маълумотига кўра, қаттиқ маиший чиқиндилар ташлайдиган жой атрофи яйлов­лардан иборат бўлиб, у ерда уй-жойлар электрон харитага киритилмаган.

(Қорабулоқ қишлоқ ҳокими А. Абдуқодиров имзолаган жавоб мактуби қисқартириб берилди).

***

Мухбир “Таза ауыл” ДКК директори М. Ҳожихонов билан суҳбатлашди. Корхона раҳбари ёнғинлар юз бераётганини яширмади. Аммо бу иш ким томонидан содир этилаётгани ҳалигача аниқланмаган. Корхонанинг моддий аҳволи оғирлиги боис, шу кунгача қоровул штатига ҳеч ким олинмаган. Шу вақтгача полицияга ҳам мурожаат этилмаган. 

Айни вақтда, директорнинг айтишича, металлолом, макула­тура, пластик каби чиқиндиларни қабулловчи ташкилотлар билан шартномалар тузиш масаласи кўрилмоқда. Бу ишлар амалга ошса, корхона даромади ортиши ва ишлар рисоладагидек бўлиб кетиши мумкин экан. 

М. Ҳожихонов ахлатхонага фақат Сайрам туманидаги бир неча қишлоқлардан ахлат келтирилмоқда, тегишли органлар томонидан ўтказилган текширув давомида кўрсатилган камчиликлар (келган-кетган автомобилларни рўйхатга олиш, чиқиндиларни саралаш ва бошқа ишлар) тузатилаётганини таъкидлади. 

– Шимкентдан ахлат келтириб ташлашаётгани ёлғон! – деди у суҳбат ниҳоясида. 

***

Қорабулоқ қишлоғи ҳокими ўринбосари Бахтиёр Шомуро­дов мавзу юзасидан қуйидагиларни айтди:

– Қорабулоқ қишлоғида 400 дан ортиқ расмий рўйхатдан ўтказилган тадбиркорлик объектлари: катта-кичик дўконлар,  устахоналар, умумий овқатланиш корхоналари мавжуд. Қишлоқ аҳолиси йилдан йилга кўпайиб бормоқда, янги уйлар, иншоотлар қурилмоқда. Буларнинг ҳар биридан, истасак-истамасак, хўжалик чиқиндилари чиқарилади. Ҳар куни 20 куб метргача ахлатни йўқотишимиз зарур. 

Ахлатларни бошқа қишлоқларга ташиш – охир-оқибат аҳолининг харажатларини оширишга олиб келишини ҳисобга олган ҳолда Қорабулоқда ахлатхона очишга қарор қилдик. Барча талабларни ҳисобга олган ҳолда Ғайрат участкасидан маиший қаттиқ ахлатлар учун жой ажратдик. Қишлоқ ҳокимлигига қарашли “Таза ауыл” давлат коммунал корхонаси тузилди. Унинг атрофидан, санитария меъёрларида кўзда тутилган масофада, қишлоқ ҳокимлиги томонидан, бирорта шахсга уй-жой қурилиши учун ҳужжат берилмаган.

Ташкилий ишлар давом этган даврда Қозоғистон Рес­публикасининг Миллий иқтисодиёт вазирлигининг янги «Ишлаб чиқариш ва истеъмол чиқиндиларини тўплаш, ишлатиш, қўлланиш, зарарсизлантириш, ташиш ва кўмишга санитария-эпидемиологик талаблар” санитария қоидалари қабулланди. Унга кўра, ахлатхонадан селитеб ҳудудларгача масофа 500 метрдан 1000 метргача узайтирилди. Иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда, баҳорда қонунчиликнинг ушбу талаби бажарилади. 

Албатта, ҳар қандай ишнинг аввалида камчиликлар бўлади. Яқинда ўтказилган текширувдан сўнг ахлатхонанинг иши юзасидан ҳам қатор камчиликларни бартараф этиш талаби қўйилди. Уларнинг асосий қисми масъул шахс – “Таза ауыл” давлат коммунал корхонаси директори М. Ҳожихоновнинг зиммасида. Қишлоқ ҳокимлиги барча ишларнинг қонун доирасида ҳал этилишини бевосита назорат қилмоқда. 

***

Таҳририят мавзуга оид фикр-мулоҳазаларни чоп этаркан, бу борада бошқа фикрлар ҳам билдирилиши мумкинлигини ҳисобга олган ҳолда, газета халқники эканлигини такрор эслатади.

 

Абдумалик САРМОНОВ тайёрлади, 2017-11-13, 11:06 212
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.