26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Билимли ва малакали мутахассис

Москвадаги ўқиш – ҳаётининг энг ёрқин даврлари бўлди

 Қ. Айтаханов 1970 йили  Москва Ве­теринария Академиясини қизил диплом билан тамомлади. Ветеринария Ака­демиясида аълога ўқиш билан бирга жамоат ишларида ҳам фаол қатнашиб, Академия комсомол қўмитасининг бюро аъзоси, котибининг ўринбосари хиз­матларини бажариб, талаба ёшларнинг етакчилари сафида бўлди. Академияда хорижлик талабалардан германиялик Родрих Зондерман, Эфиопиядан Алему Абеба, Суриядан келган Абдурахман Муҳамедсалим ал-Сафаф каби йигитлар билан ўқиди. Улар: “Биз ўз элимиз мафкурасини яхши биламиз, шу билан бирга коммунистик идеология, марксча-ленинча назарияни ўзлаштирганимиз ортиқчалик қилмайди. Партиянгиз тарихини билишимиз керак, биз уларни ўзлаштириш орқали идеологиямизни тушунтира оламиз. Бу рақибинг билан курашиш учун ҳам керак-ку” дейишарди.

Қ. Айтаханов 1967 йили Москва шаҳрининг Жданов туман партия қўмитаси бюроси қарори билан КПСС аъзоси бўлди. Академияда у Москвада таҳсил олаётган  қозоқларнинг бошини қўшиб, “Арман” деган уюшма тузди. Ташкилот ёшлари  жуда ибратли тадбирларга бош-қош бўлишди. Аълочи, жамоатчи, меҳнатсевар, ватанпарвар йигитларнинг сардори бўлган Қуаниш Айтаханов талабалик даврини тез-тез ёдга олиб туради.

– Мен 1-курсдан Академияни тамом­лагунимча юқори стипендия олдим. Лекин бу барибир етмасди, кийингинг, кинога тушгинг, музқаймоқ егинг келади, элдан ёрдам йўқ, отам кексайиб қолган. Қўшимча пул топиш мақсадида тўрт йил қурилишда қоровул бўлдим. Ойлигим 60 сўм, стипендия 50-60 сўм. Баъзида “Москва-грузовая” станциясига келиб, кўмир, ун, сабзавот тушириб ҳам пул топдик. Охирги курсда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги академия талабаларини мутахассис сифатида ишга қабуллаб, июль-август ойларида молдан одамга юқадиган ўта хавфли касалликлар билан курашиш учун вилоятларга жўнатарди. Мен ҳам Атиров, Қўстанай вилоятларида бўлдим. Ишнинг зарарлилиги эътиборга олиниб, икки баравар маош олардик. Бу талаба учун катта маблағ эди, – дейди у.

Қуаниш Айтаханов кўп болали оила фар­занди, рафиқаси Айман билан 1967 йилда танишди. Москвада бирга 4 йил ўқиш давомидаги дўстлик улкан муҳаббатга айланди, 1970 йил 29 апрелда  турмуш қурдилар.

Москвада олган билими кейинги ҳаёти, меҳнат фаолияти давомида улкан мадад бўлганини фахр билан тилга олади. У энг севимли устозларидан, айниқса,  Совет Иттифоқи фанлар академияси, қишлоқ хўжалик фанлари академияси, тиббиёт фанлари академиялари академиги, бутун дунёга машҳур гельминтолог Константин Скриябиндан миннатдор. 

Иккинчи меҳнат академиясидан ўтди

1970-1973 йилларда Қуаниш Айта­ханули Жанубий Қозоғистон вилоятининг Байдибек (собиқ Алғабас) туманидаги “Партия XXII  съезди” республикадаги энг йирик давлат хўжалигида бош мол дўхтири бўлиб ишлади. Хўжаликни Қозоғистон Олий Кенгаши депутати, туман партия қўмитасининг бюро аъзоси, тажрибали директор Степан Федорович Горбатенко бошқарар эди. Қуаниш Айтаханули у киши билан бирга ишлаб, иккинчи буюк меҳнат академиясидан ўтди. У давлат хўжалиги марказий девони партия ташкилоти котиби бўлиб сайланди, хўжалик директори ўринбосари лавозимида фаолият юритди.

1975 йили 28 ёшли Қ. Айтаханов Қазиғурт туман партия қўмитасининг 2-котиби бўлди. Қуаниш Айтаханули ҳеч қачон ўзини кўрсатиш учун ишламаган, балки ҳамиша топшириқларни қатъий ва изчил равишда бекаму-кўст амалга оширарди. У “Туман иқтисодий таҳлил бюроси”ни тузди. Алғабас туманидаги давлат хўжалиги директори С. Горбатенкодан ўрганганлари бу ерда жуда асқотди. Бюро ҳар чоракда хўжаликлар, фермалар, чўпонлар, бригадалардан алоҳида ҳисобот олиб, қанча харажат  сарфланди, қанча ҳосил олингани таҳлил этиларди. Кўп ўтмай, туман партия қўмитаси бюроси қарори билан  иқтисодий таҳлил бюроси тузилди ва унга ўзи раҳбарлик қилди. Ростини айтганда, фойда ва зарарни пулга чақиб, ҳисоблаб, таҳлил қилиш кўп одамнинг кўзини очди.

Республикада энг ёш раис

Қ. Айтаханов 1977 йилда Чордара туман кенгаши ижроия қўмитасининг раиси этиб тасдиқланди. Д. Қўнаев­нинг ўзи унга оқ фотиҳа бериб, республикадаги энг ёш раис, деб елкасини қоқди. У Чордара туманида ишлаган даврда “Комсомолнинг Бу­тун­­­­­иттифоқ зарбдор қурилиши” Қизил­қумни ўзлаштиришда иштирок этиб, тақир да­лада гуруч, пахта етиштирадиган хўжа­ликларнинг пойдеворини тиклаб, юзлаб чақирим каналлар ва зовурлар, йўллар ва электр тармоқлари, минглаб гектар суғормали ерлар ва уй-жойлар, мактаблар, касалхоналар ҳамда бошқа ижтимоий иншоотлар барпо этишда иштирок этди. Ҳозир бу қишлоқлар яшилликка бурканган йирик аҳоли манзилларига айланган.

 У 1983 йили Алмати олий партия мактабини сиёсатшунос ихтисоси бўйича намунали тамомлади.

1983-1987 йиллари Қуаниш Айтаханули Қазиғурт тумани Кенгаши ижроия қўмита­сининг раиси вазифасида фаолият юритди. 

1988 йили вилоят агросаноат қўмитаси раҳбарининг биринчи ўринбосари лаво­зимига тайинланди. Шу йил кузда Арис шаҳри партия қўмитасининг I котиби бўлиб сайланди. 

1991 йили Коммунистик партия таназ­зулга юз тутган даврда у Арис шаҳар кенгашининг раиси, Арис шаҳрининг биринчи ҳокими бўлди.

Қуаниш Айтаханов 1962 йили тарқаб кетган Арис туманини 26 йил ўтгач, 1988 йили қайта тиклаб, унинг иқтисодий, ижтимоий, маданий-маиший аҳволини юксалтиришда кўплаб ишларни амалга оширди. Туманда фан ва илғор тажрибадан фойдаланишни йўлга қўйди. 1990 йили 12 чақириқ Қозоқ ССР Олий Кенгаши сайловида  Арис тумани сайлов округидан Олий Кенгашга депутат бўлиб сайланди. 12 чақириқ Олий Кенгашнинг депутатлик корпуси фаолиятининг ўзи тарихий давр бўлди. Уч йил ичида  265 қонун қабуллади. У 25 йиллик меҳнат фаолиятини туманларнинг иқтисодий-ижтимоий тараққиётига бағишлади.

Нон баҳоси ўн баравар ошиб кетди

1993 йили вилоят ҳокимининг ўрин­босари этиб тайинланган Қуаниш Айта­хо­новни 1994 йили вилоятга янги тайинланган ҳоким З. Турисбеков Сўзоқ туманига ҳоким этиб тайинлади.  Шу йили октябрь ойида қалин қор ёғиб, ер усти муз билан қопланиб, молларни далага ёйиш имконияти бўлмайди. Ем-хашак, озиқ-овқат, ун, ўтин, ёнилғи йўқ. Вилоят марказидан энг чекка туман халқининг ёдида қолди бу давр. Кутилмаганда аввал ун ва нон баҳоси бир кунда ўн бараварга ошиб кетди.

Тумандаги фавқулодда вазиятни барта­раф этиш учун Бош вазир С. Тереш­ченко билан учрашиб, респуб­ликанинг бир қанча вилояти ҳамда давлатдан ёрдам ундира олди. Энг оғир ва машаққатли кунларни талабчанлиги, меҳнатсеварлиги туфайли енгиб ўтди.

Қ. Айтаханов Сўзоқ туманининг келажаги ер ости бойликларида эканлигини яхши уқди ва уни ўзлаштириш юзасидан аниқ таклифлар айтди, чорвачилик соҳа­сини  ривожлантириб, аграрли туман бўли­шида кўп тер тўкди. Натижада, Сўзоқ вилоятимиздаги дотациясиз ҳаёт кечи­радиган соф даромадли туманга айланди. Сўзоқликлар ҳали-ҳануз унинг меҳнатини фахр билан тилга оладилар.

1999-2003 йилларда Қуаниш Айтаханули Сайрам тумани ҳокими бўлган даврда кичик ва ўрта бизнес ривожига катта йўл очди ва туман иқтисодиёти тараққиётига муносиб улуш қўшди. Халқ фаровонлиги ортди. 

2003-2005 йилларда Қуаниш Айтаханули ўзи туғилиб ўсган Ўтрор туманига ҳоким бўлди. Бу вақтни Ўтрор туманининг тараққиёт даври дейиш мумкин. 

Қуаниш Айтаханули 2005 йил август ойида Қозоғистон Парламенти Сенатининг депутати бўлиб сайланди, 2011 йилда яна такрор Сенат депутати бўлди. У 1995 йилдан қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди, 2008 йилдан иқтисод фанлари доктори. 2010 йилдан Қозоқ қишлоқ хўжалиги фанлари академиясининг академиги. 

У Сенат депутати сифатида вилоят миқёсида ечимини кутаётган масалаларни дадил кўтариб, уларни ҳал этишда респуб­ликадан маблағ ажратишга ҳисса қўшди. 

Унинг элимиз, вилоятимиз, туманлар тараққиётига қўшган ҳиссаси, меҳнатлари бир неча жилдли китобларга жо бўлади. 2006-2017 йилларда Сенат депутати хизматидаги меҳнати натижалари сифатида “Ел мерейі жолында”, “Сөз сұраймын”, “Елге қызмет – басты міндет” номли китоблар чиқарди. 2017 йилда Қ. Айтахоновнинг яна бир янги “Өмір белестері” китоби нашрдан чиқди.

70 ёшни қарши олаётган Қуаниш Айтаханулининг давлатимизга кўрсатган меҳнати муносиб баҳоланиб, “Парасат”, “Қурмет”, “Қурмет белгиси”, “Содружество” орденлари билан, Совет Итифоқи даврида олтин, кумуш медаллар ва мустақилликдан кейинги даврда ўндан зиёд турли меҳнат ва юбилей медаллари билан тақдирланган.

Унинг юрт ва халқ тақдирига дахлдор хизматлари фарзанд­ларининг ҳам ота изидан боришига омил бўлди.

У рафиқаси Айман Мағзиқизи билан уч фарзандни олий маълумотли, элу юртга ҳалол хизмат қиладиган ўғил-қиз қилиб тарбиялади.  Тўнғичи Ерлан отасинниг издоши, бугун Ўтрор туманининг ҳокими, иқтисод фанлари номзоди. Нурлан – ҳуқуқшунос. Лондонда халқаро ҳуқуқ компаниясида ишлайди. Қизи Айгул – 4 фарзанднинг онаси. Набираларнинг катталари олий ўқув юртларида таҳсил олишмоқда, кичиклари эса мактабга, болалар боғчасига боришади.

Қ. Айтаханов Жанубий Қозоғистон вилоятиниг  Байдибек, Қазиғурт, Ўтрор, Сайрам, Сўзоқ, Чордара туманлари ва Арис, Туркистон шаҳарлари ҳамда Жанубий Қозоғистон вилоятининг Фахрий фуқароси.

Дунёда инсон иродаси ва матонатидек қудратли туйғу бўлмаса керак. Агар инсон чин дилдан истаса, тоғни ҳам талқон қилишга қодир.  Қуаниш Айтаханули ўзига ҳам, ўзгага ҳам қатъий талаб ва мақсад қўйиб, Мустақил Қозоғистоннинг равнақ топиши, фаровонлигига муносиб улуш қўшиб келаётган малакали ва билимли инсондир.

Фахриддин Қоратоев, ҚР Парламент Мажлиси депутати:

– Мен Қуаниш Айта­ханулини устоз сифа­тида қадрлайман. У жуда талабчан, би­­лимдон, зийрак ва зукко, тиниб-тинчимас, ўз ишига фидойи ин­сон. У Сайрам ту­ма­нини бошқарган йил­ларда мен Қорабулоқ қишлоғида ҳоким эдим. Иқтисодиётни юксал­тириш, халқ фаровонлиги йўлида қандай масалаларни биринчи ўринга қўйиш каби йўл-йўриқларни кўрсатди, мен ундан жуда кўп нарсалар ўргандим. Қишлоқ ҳокимликларининг ижроия органлари фаолиятини йўлга қўйишда жуда катта ишлар қилди. У биринчилардан бўлиб, туман тасарруфидаги  қишлоқларнинг иқтисодий-ижтимоий тараққиётини баҳолаш учун рейтинг тизимини жорий қилди. 

Қуаниш Айтахановнинг ўзига хос мак­табидан ўтган мутахассислар  бугунги кунда турли даражадаги ҳоким, ҳоким ўринбосарлари, чинакам мутахассислар бў­либ, республика даражасида ҳам меҳнат қилишмоқда. Қуаниш Айтаханов билан ишлаш жуда мароқли эди, чунки у одамни янги ғоялар билан ишлашга ундарди. Бугунги кунда менинг меҳнат фаолиятимдаги энг қадрли устозларим – Бердибек Сапарбаев, Бўлат Жилқишиев, Қуаниш Айтаханов, Шалатай Мирзахметов каби инсонларни  айтган бўлардим. Улардан жуда кўп нарсаларни ўргандим, тажриба орттирдим. 

Қутлуғ 70 ёшни қарши олаётган Қуаниш Айтаханулига узоқ умр, сиҳат-саломатлик, оилавий хотиржамлик тилайман. Номлари тарих зарварақларига муҳрланган шундай фидойи инсонлар доимо эл эътирофида ва эъзозида бўлишига тилакдошман! 

 

Қувонч АБДУРАҲМОНОВ, меҳнат фахрийси:

– Қуаниш Айтаханов билан кўп йиллар бирга ишладик. Унинг ишлаш услуби, одамларга муносабати, муам­моларга ёнда­шиши, мураккаб масалаларни силлиққина ҳал этиши шу даврда ишла­ган­ларнинг ёдида. Қийин-қистов за­монларда, маблағ етиш­майдиган давр­ларда натижага эришиш ҳам осон эмасди. Лекин, Қ. Айтахановдан халқнинг умиди катта эди, асосийси, юртдошларимиз унга жуда ҳам ишонишарди. Давлат хизматчиси халқнинг ишончига эришиши қийин дамларда у бунинг уддасидан чиқди. Албатта, у бунга қуруқ ваъдалар билан эмас, балки амалий ишлари билан эришди. 

Эсимда, 1998 йиллар эди... Қуаниш Айтаханов Сайрам туманининг ҳокими. Мен ундан Сайрамдаги 68 нафар Улуғ Ватан уруши қатнашчиларининг аҳволидан хабар олсак, деб илтимос қилдим. У таклифимни мамнуният билан қабул қилиб, уч кун фахрийларнинг уйинини бирма-бир айланиб чиқдик. Уларнинг ҳол-аҳволи билан яқиндан танишган ҳоким кимгадир ногиронларнинг аравачасини, ким­ларгадир сигир, баъзи муҳтожларга озиқ-овқат маҳсулотларини берганди. Унинг бу эзгу иши катта олқишга сазовор бўлган эди. Ана шу уруш қатнашчилари Айтахановни умрларининг охиригача дуо қилиб ўтишди. Айниқса, онахон­ларнинг ҳурматини жойига қўйган Қуаниш “ҳоким бўлиб турсам, ҳар бирингларга бит­тадан автомашина совға қиламан”, деган гаплари уларнинг умрини анчага узайтиргани рост. Қуаниш бу ишларни газ, электр қуввати йўқ, ойлик маошлар берилмаётган вақтда айтганини жасоратга тенглаш мумкин. 

Отахон-онахонларнинг дуолари унинг давлат хизмати пиллапоясидан кўтарилишига сабаб бўлди, десам янглишмайман. Сенатор бўлган даврида у халқнинг муаммоларини “юқори”га етказишда ҳам республикага та­ниқли бўлди. 

Давлат арбоби, ҳамкасбимиз, бағрикенг, танти инсон – Қуаниш Айтахановга баракали умр, мустаҳкам соғлик тилайман! 

 

“Ўтрор туманининг иқтисодий-ижтимоий тараққиётнинг 2004-2007 йилларга мўлжалланган мажмуавий дастури” доирасида туманда жуда катта ишлар амалга оширилди. Унинг ташаббуси билан Арслонбоб мақбараси таъмирланди, “Ўтрор” давлат археология музейи” тўлиқ таъмирланди. Маданият соҳасида ҳам кўплаб тадбирлар уюштирилди.

Қуаниш Айтаханули ташаббуси билан “Сайрамликлар жанговар сафда”, “Шажарали Сайрам”, “Сайрамда бор сонсизбоб”, “Сайрамлик ботир оналар”, “Шажарали Ўтрор”, “Ўтрор ёдгорликлари” каби тарихий аҳамиятга молик китоблар чиқарилди.

С. Сейфуллин номидаги Қозоқ агротехника университети ҳамда докторлик диссертацияни ҳимоя қиладиган илмий кенгаш аъзоси. М. Ауезов номли ЖҚДУнинг фахрий профессори.

– 1985 йили академияни тамомлаганимизга 15 йил тўлиши муносабати билан Москвада учрашув ўтди. Шунда Алему Абеба Эфиопия пойтахти Аддис-Абеба шаҳри раҳбари, Абдурахман Муҳамедсалим ал-Сафаф Суриядаги Дамашқ Университетининг профессори эди, – деб хотирлайди  Қуаниш Айтаханули.

Кўп миллатли Сайрам тумандаги ўзбек қишлоқларида қозоқ синфлари очилиб, давлат тилини яхши ўзлаштира бошлади. 2001 йили дунёнинг турли чеккаларидан ташриф буюрган мингдан ортиқ бутунжаҳон қозоқларининг 11-қурултойи иштирокчилари кўҳна Сайрам заминида меҳмон бўлишди.

Мухтабар УСМОНОВА, 2017-11-13, 16:22 809
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.