26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
“Машаққатнинг роҳати ҳам бор”

БИЗНИНГ МАЪЛУМОТ:

Исломқул Мўминжон ўғли АБДУНАБИЕВ 1957 йил 19 ноябрь куни Сайрам туманининг Қорабулоқ қишлоғида туғилган. 1974 йилда Ҳамза номли ўрта мактабни, 1986 йилда Тошкент Давлат университетининг филология факультетини тамомлаган.

1974 – 1976 йиллар оралиғида “Манкентсельмаш” заводида токарь шогирди, токарь, Бўка автомобиль йўллари техникуми талабаси бўлган, 1976 –1978 йилларда Совет Армияси сафларида хизмат қилган, икки йил Чимкент ип-газлама комбинатида чилангар-монтажчи бўлиб ишлаган.

1980 йилдан 2008 йилгача “Меҳнат байроғи” (ҳозирги “Сайрам садоси”) газетасида таржимон, масъул котиб, муҳаррир муовини бўлиб фаолият юритган, 2008 йилдан ҳозирги кунгача “Жанубий Қозоғистон” газетаси бош муҳаррирининг муовини.

2000 йилда Сайрам тумани бўйича “Йилнинг энг яхши журналисти” унвони соҳиби бўлган, Жанубий Қозоғистон вилояти ҳокимининг Фахрий ёрлиғи, вилоят маслаҳатининг ёрлиғи, Қозоғистон халқи Ассамблеясининг Фахрий ёрлиғи, “Тауелсиздикке 25 жыл”, “Жамоат фидойиси” медаллари, кўплаб ташаккурномалар билан тақдирланган. Республика ўзбек этномаданият бирлашмалари “Дўстлик” ҳамжамияти қошидаги “Ижодкор” адабий бирлашмасининг “Арғумоқ” адабий мукофоти соҳиби. 

Умр йўлдоши Ойкарам билан уч ўғил, бир қизни тарбиялаб, ўстиришган. 

 

Ижодкорни тўлиб-тошиб оқаётган дарёга, осмонни қоқ ёриб, гулдираган момақалдироққа, эрта тонгдан осмонга кўтарилиб, тафти ва нури билан бутун мавжудотга, инсониятга ва жами тирик жонга ҳаёт бахшида этадиган Қуёшга менгзашади. Чунки Қуёш ўзи ёнсада ўзгаларни илитади, нури билан бутун борлиқни ёритади, ўзи куйиб, адо бўлишини билсада, бошқаларга умр улашади. Шунинг учун ҳам мен заҳматкаш, фидойи инсонларни унга ўхшатгим келади. 

Шундай ижодкорлардан бири, бутун билимини, ҳаётини таҳририятга, газета ишига бағишлаган, эрталабдан кечгача оқ қоғозга тикилиб, мақолалардаги имловий, услубий хатоларни тузатиб, уларга қайта “жон” бағишловчи “жарроҳ муҳаррир”, “Жанубий Қозоғистон” вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси бош муҳаррирининг муовини Исломқул Абдунабиев айни кунларда таваллудининг 60 йиллигини нишонлаш тараддудида. Юбилей арафасида фурсат топиб, устозни суҳбатга тортдим.

– Ислом ака, гурунг аввалида беғубор болалик йилларингизга бир қайтсак...

– “Еттигача ер тўқмоқ”, деганларидек, онам пахта териб юрганларида дала шийпонида “тупроққа қорилиб” ўзиюрар ўйинчоқ қўнғизни ўйнаган пайтларимни элас-элас эслайман. Ёшим етгач, қишлоғимиздаги Ҳамза номли ўрта мактабнинг биринчи синфига қабул қилиндим. Биринчи устозим раҳматли Тошниёз ака Сидиғалиев ҳам талабчан, ҳам меҳрибон эдилар. Ўқитувчимнинг дашномини эшитмаслик учун иложи борича яхши ўқишга ҳаракат қилдим ва кўп ҳолларда бунинг уддасидан чиқа олдим, деб ўйлайман. 

Юқори синфларда география фанига жуда қизиқдим, бошқа фанларни, ҳатто ўзбек тилини ҳам унча хушламас эдим, турли-туман фонетик, грамматик, синтактик таҳлиллар жонга тегиб кетарди. Адабиёт эса жони дилим эди. Балки шунинг учундир, қанчалик талабчан, серзарда бўлишмасин, адабиётдан сабоқ берган устозларим Абдумавлон ака Далабоев, Замира опа Асқароваларни жуда яхши кўрар эдим. Раҳматли устозларим Абдунаби ака Абубакиров, Абдуғани ака Абдусаматовларнинг ўгитлари ҳамон қулоғим остида жаранглаб туради.

– Танлаган касбингиздан хурсандмисиз? Газетага, умуман журналистика соҳасига келишингизга нима ёки ким сабабчи бўлган?

– Ёшлигимда китобга ўч бўлганман. Отам совхозда оддий сувчи, онам раҳматли уй бекаси эсаларда, хотиралари ўта кучли эди. Дастлабки саводимни дадам, араб алифбоси асосида чиқардилар. Алиф, лом, мимларни ёздириб, ёнига кириллча шаклини туширтирардилар, Қуръон сураларидан ёдлатардилар. Оилада тўққиз фарзанд эдик, турмушимиз оддийгина, уйимизда китоб кам эди. Мактабга боргач, кутубхонанинг ашаддий мижозларидан бирига айландим. Ўзбек халқ эртак ва достонлари, Ғафур Ғуломнинг “Шум бола” ва “Ёдгор”идан тортиб Абдулла Қодирийнинг “Меҳробдан чаён”и, Парда Турсуннинг “Биринчи ўқитувчим”, Ойбекнинг “Қутлуғ қон”игача қуйи синфларда ўқиб тугатганман. 4 ёки 5-синфдамидим, ҳозир ёдимда йўқ, ҳинд адибаси Лакшмининг “Аёл қалби” асарини ўқиб ўтирганимни холам кўриб, “Ие, сен ҳалитдан шунақа китобларни ўқияпсанми?” – деб уришиб бергандилар. Одил Ёқубовнинг “Эр бошига иш тушса...” асари мени чинакамига тарбиялади, деб бемалол айта оламан, чунки мен қаерда бўлмайин, асар қаҳрамони Машрабга ўхшашга ҳаракат қилдим, ундан ибрат олдим. 

Дорилфунунга ўқишга тушган йилим бир куни уйимизга тоғам, ўша пайтларда “Меҳнат байроғи” газетасида муҳаррир бўлиб ишловчи бўлғуси устозим Юсуфжон Сайдалиев келиб қолдилар. Гап орасида “Таржимага қалайсан?” деб сўрадилар. Ҳайрон бўлиб, елка қисдим. У рус тилидаги газетадан бир неча мақолани таржима қилиб, эртасига таҳририятга оборишимни тайинладилар. Кейинги куни “ижодим”га кўз югуртириб чиққач, ишга қабул қилишини айтдилар. Шу-шу таҳририятнинг “тупроғини ялаб” юрибман. Журналист бўлишимга ёшликда ўқиган бадиий китобларим, қолаверса тоғамнинг турткиси сабаб бўлса керак. Қайтадан касб танлаш имконияти берилиб қолса, яна шу касбни танлаган бўлар эдим.

– Демак, биринчи устозингиз тоғангиз экан-да...

– Ҳа, бугун буни зўр ифтихор билан айта оламан, сабаби, бирга ишлаб юрган пайтларимизда, жиянини ишга олибди, деб айтишмасин деган истиҳола билан, “менга Юсуфжон ака ёки Юсуфжон Сайдалиевич деб мурожаат қил”, дердилар-да. Қолаверса қозоғистонлик барча қаламкашларнинг устози, моҳир журналист, ёзувчи, шоир раҳматли Собиржон ака Юсуфалиевнинг, аввал менга ғойибона, кейинчалик ёнма-ён туриб устозлик қилган собиқ ҳамкасбим Ҳавазмат Қўчқоровнинг йўл-йўриқлари, маслаҳатлари, сабоқларини ҳеч қачон унутмайман.

– Сизнинг таҳрирингиздан сўнг мақоланинг чиройи очилиб, ўқиганда кишига ҳузур бағишлайди. Аммо масъулиятли, диққинафас ишингиздан безиб кетган кунларингиз ҳам бўлганми?

– Албатта, ҳар бир ишнинг машаққати ва роҳати бўлади. Баъзан кўзлар ёшланиб, ачишиб, асаблар таранг тортилиб, дунё кўзингга тор кўриниб кетганда, “бор-е, шу менга керакми” деб шартта ўрнимдан туриб, ҳаммасининг баҳридан ўтгим келади. Ўшанда ҳарбийдаги бир воқеа ёдимга тушади. Аскарликнинг дастлабки ойларидан бирида ротамизни ҳарбий машққа олиб чиқишди. Орқамизда оғир солдат рюкзаги, қўлимизда карабин, ёнимизда калта сопли белкурак билан олти чақиримга югурдик, сўнг противогаз кийиб, яна бир неча юз метрга эмаклаб бордик, окоп қазиб, “душман ҳужуми”га тайёрландик. Биласизми, ўн саккизга энди тўлган, ҳали ҳаётида бирор жиддий қийинчиликка учрамаган йигитлар учун бу нечоғлик оғир бўлганини.

Кўплар охирги маррага етолмай, йўлда қулаб қолди, айримлар ёлғон баҳоналар билан вазифани бажаришдан бош тортишга уринди. Ўшанда мен кўпчиликдан қолмай, маррага етганим, машаққатга бардош берганим учун ўзимдан ғурурланиб кетдим. Полигондан қайтаётганимизда қишлоқлардан ўтарканмиз, бизга ҳавас билан қўл силкитиб турган болалар, аёллар, ёшларни кўрганда елкамдан тоғ ағдарилгандай ўзимни енгил сезиб, қалбимни илиқ туйғулар чулғаб олди. Машаққатдан кейинги роҳатни ўшанда илк бор туйдим. Шундан сўнг қачон бирор нарсадан қийналадиган бўлсам, ўша воқеани эсимга оламан ва ҳозиргина жонингни ўтли исканжага олиб, минг бир азобга солаётган диққинафаслик, асабийлик ўз-ўзидан тарқаб кетади.

– Ота-онангиз, оилангиз ҳақида ҳам айтиб ўтсангиз.

– Дадам Мўминжон, юқорида таъкидлаганимдек, совхозда тажрибали сувчи, звено бошлиғи бўлдилар, ҳозир қарилик гаштини сурмоқдалар. Тўғри сўз, виждонли, чўрткесар бўлиб, фарзандлар тарбиясига катта эътибор берардилар. Бирор иш билдириб қўйсак, “Яша!” деб койирдилар. Шу биргина сўз биз учун энг оғир жазо эди. Оилада олти ўғил ва уч қиз эдик. Ҳамманинг ўзига яраша вазифаси, юмуши бор эди. Раҳматли онам Омила оқкўнгил, меҳрибон, жуда меҳнаткаш аёл эдилар. Ҳозир эсласам, онамнинг тайёрлаган таомлари энг мазали ва лаззатли экан. Ойижонимнинг доимо уй юмушлари билан андармон бўлиб юрганини, кичкина сингил ва укаларимни овутиб, эртак, чўпчак айтиб ўтирганларини эслайман. Айниқса, эски сандиқларида қишки олма сақлашни канда қилмасдилар. Шу хонага кирсак, олманинг ҳиди димоққа “гуп” этиб уриларди. Онам сандиқни очиб, олмалардан уч-тўрттасини тенг ўртасидан бўлиб, бизга улашардилар. Ўша олмаларнинг таъми ҳамон оғзимда.

1981 йили келинойингиз Ойкарам билан турмуш қурдик. Тўрт фарзандимиз бор. Катта ўғлим Рустам – тадбиркор, келиним Саидахон инглиз тили ўқитувчиси, улар учта ўғилни тарбияламоқдалар. Қизим Дилнозахон “Далабозор” ўрта мактабида ўзбек тили ва адабиёти муаллимаси. Азиз ўғлимизда тўрт фарзанд, келиним Шаҳноза уй бекаси. Кичик ўғлим Суръатжон ҳайдовчи, кенжа келин Шаҳноза боғчада тарбиячи, икки қизни ўстиришмоқда. 

– Суҳбатингиз учун раҳмат, устоз! Сизга ҳамкасблар ва шогирдлар номидан ижодий камолот, ўзингизга ва оилангизга соғлик-саломатлик, омад ҳамда бахт, сермашаққат меҳнатлар самарасини, неваралар орзу ҳавасини кўришни тилаб қоламиз. 

 

С. ШАРИФБОЕВА, 2017-11-17, 18:03 748
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.