26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Ижтимоий нафақанинг янги тури

2018 йил 1 январдан бошлаб Элбошининг “Миллат режаси – 100 аниқ қадам” ғояси ва халққа Мактубида белгиланган топшириқларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида ижтимоий-меҳнат соҳасини янгилашга йўналтирилган мажмуавий тадбирлар амалга оширилади.

Шу жумладан, манзилли ижтимоий ёрдам янги шаклда берила бошлайди. У жон бошига ҳисоблаганда даромади яшаш минимумининг 50 фоизидан ошмайдиган оилаларгагина берилади. Буни Меҳнат ва ижтимоий муҳофазалаш вазири ўринбосари Светлана Жақипова маълум қилди. “Өрлеу” лойиҳаси бўйича ёрдамга муҳтож шахслар билан янгича иш усулига ўтиш кераклигини айтган у кун кўриш ғамида юрган фуқароларнинг аризаларини кутмасдан ҳужжатларни расмийлаштиришни бошлашга чақирди. Юртимизда бугунги кунда бундай хизматга муҳтож одамлар сони 761 мингдан ошади. Бу кўрсаткич ўтган йилги билан таққослаганда 5 маротаба ошган. Вилоят бандликни мувофиқлаштириш ҳамда ижтимоий дастурлар бошқармасининг маълумотига кўра, янги шаклдаги ушбу ёрдам минтақамиздаги 300 мингга яқин одамни қамраб олади.

Ижтимоий манзилли ёрдамни тайинлашдан мақсад – аҳолини боқимандаликдан фориғ қилиш. Бундай эзгу қадам – даромади кам оилаларнинг турмушини яхшилаб, уларни фақирликдан халос этиш. Ушбу ёрдамнинг янги туридан қандай фойда бор? У қайси тоифадаги одамларга берилади? Унинг берилиш тартиби қандай?

Вилоятда тузилган 36та сафарбарлик гуруҳи аҳоли орасида маслаҳат-тарғибот юритиб, ушбу ижтимоий ёрдамнинг янги усулларини тушунтирмоқда. Шу мақсадда жойларда ўқув-семинарлар ўтказилмоқда. Шунингдек, иш билан таъминлаш ва ижтимоий дастурлар бўлимлари мутахассислари ҳамда туман ва қишлоқ округлари ҳокимлари, “Өрлеу” лойиҳаси маслаҳатчилари, ёрдамчиларининг малакасини ўстириш тадбирлари ҳам амалга оширилмоқда.

Яқинда бандликни мувофиқлаштириш ва ижтимоий дастурлар бошқармаси ташаббуси билан Сайрам ва Тўлебий туманларида йиғилиш ўтди. Учрашувларда 2018 йилнинг 1 январидан янги шаклдаги манзилли ижтимоий ёрдамни самарали амалга ошириш тартибининг ўзгариши тўғрисида батафсил маърузалар қилинди.

Хўш, янги шаклдаги манзилли ёрдамнинг ҳозирги ижтимоий тўлов турларидан ўзгачалиги нимада? Газетамизнинг ўтган сонларида ёзганимиздай, кам таъминланган фуқароларга ёки оилаларга бериладиган манзилли ижтимоий ёрдам мажмуавий турда бўлади. У 3 турли давлат қўлловига эга. Биринчиси, манзилли ижтимоий ёрдам тўлови дейилади. Иккинчиси, ишга жойлашишда кўмаклашиши. Масалан, иш берувчилар томонидан тавсия қилинган бўш ўринларга йўллайди, унинг маълум бир манзилда яшаши, йўлкираси, бир марталик иссиқ овқатга ишлатадиган (техника ва касбий ўқув юртларида таълим олган ҳолларда) харажатлари тўланади. Шунингдек, ўқишга юбориб, унга давлат ҳисобидан стипендия тўлайди. Иш берувчи давлат ҳисобидан меҳнат ҳақини субсидиялаб, уларни ёшлар амалиётига, ижтимоий иш ўринларига ҳамда жамоат ишларига юборади. Энг муҳими, хусусий иш очиш ёки бизнесни кенгайтиришга кичик насия беради. Учинчидан, ижтимоий хизматга муҳтожларга давлат томонидан кафолатланган махсус ижтимоий хизматлар кўрсатилади. Шунингдек, бу иш билан ноҳукумат ташкилотлари, ижтимоий ходимлар ва давлат тиббий-ижтимоий муассасалари ҳам шуғулланади.

Шу каби янги шаклдаги манзилли ижтимоий ёрдам кам таъминланган оилаларга ёки фуқароларга қўллов кўрсатиб, қашшоқликдан халос этишни кўзлайди. Янги тизим бўйича ижтимоий ёрдам даромади яшаш минимумининг 50 фоизидан кам оилаларга ёки шахсларга шартсиз ёки шартли турда пул ёрдами турида тайинланади.

Шартсиз пулли ёрдам деганимиз нима? Оиласида меҳнатга лаёқатли аъзолари йўқ (имкониятлари чекланган одамлар ёки катта ёшдаги нафақадорлар) ёки меҳнатга лаёқатли аъзолари объектив сабабларга кўра бандлик тадбирларида иштирок эта олмайдиган (масалан, мактабгача ёшдаги болалари бор ёлғиз она) оилаларга кўрсатиладиган ёрдам. Бундай оилаларнинг нафақа олиш учун бандлик тадбирларида иштирок этиши мажбурий эмас.

Шартли пулли ёрдам эса таркибида меҳнатга лаёқатли бир аъзоси бор кам таъминланган оилаларгагина тавсия этилади. Бу ўринда қўйиладиган шарт – бандликнинг фаол тадбирларида уларнинг иштироки.

Албатта, ижтимоий шартномани имзолаган томонлар мажбуриятларни ўз зиммаларига олишади. Масалан, ижтимоий хизматлар – иш билан таъминлашга ёрдамлашиб, тўловларни амалга оширишга ваъда беради. Оиланинг меҳнатга лаёқатли аъзолари оиласини кам таъминланган гуруҳ таркибидан чиқаришга йўналтирилган ижтимоий мослашиш ва иш билан таъминлашга ўз ҳиссаларини қўшишга бурчлидир.

Лекин, кам таъминланган оиланинг 18 ёшга тўлган меҳнатга лаёқатли аъзолари ижтимоий шартномада белгиланган вазифаларни бажармаса, нафақа миқдорини қисқартириш механизми қўлланилади. Айтиш жоизки, биринчи марта оиланинг меҳнатга лаёқатли аъзоларининг манзилли ижтимоий ёрдами 50 фоизга, такрорланса, бутунлай тўхтатилади. 

Бугунги кундаги энг устувор йўналишлардан бири – кам таъминланган оилаларга янги турдаги манзилли ижтимоий ёрдамнинг киритилиши.

Янги манзилли ижтимоий ёрдам фақат ёрдам пулигина эмас, қашшоқликдан қутулишнинг мажмуавий чораси ҳамдир.

У кам таъминланган оилаларга ҳозирги кунда берилаётган қуйидаги учта ижтимоий тўловни бирлаштирадиган Ягона нафақа ҳисобланади:

а) оиланинг жон бошига чақиб ҳисоблагандаги ўртача даромади энг паст яшаш кўрсаткичининг 40 фоизидан кам бўлган ҳолда оиланинг ҳар бир аъзосига бериладиган манзилли ижтимоий ёрдам;

б) оиланинг жон бошига чақиб ҳисоблагандаги ўртача даромади энг паст яшаш кўрсаткичининг 60 фоизидан паст бўлган ҳолда 18 ёшгача бўлган болаларга тайинланадиган болалар нафақаси. Унинг миқдори жорий йили 1,05 ОҲК ёки 2383 тенгени ташкил этади;

в) балоғат ёшига тўлмаган тўрт ва ундан кўп фарзанди бор оилаларга даромадига қарамасдан бериладиган махсус давлат нафақаси.

– Янги усул фуқароларга фақат пул бериш эмас, балки ишга жойлашиш имконияти ҳамдир. Яъни, шартнома тузган одам турли қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларига юборилади. Уларга кичик насия ҳам берилади, – дейди вилоят бандликни мувофиқлаштириш ҳамда ижтимоий дастурлар бошқармаси раҳбари Мухит Ўтаршиев.

Шунингдек, у кўп ҳужжатнинг электрон турда юритилишини тилга олиб, маҳаллий ҳокимлик вакилларининг мазкур масалага эътиборни кучайтиришлари лозимлигини таъкидлади.

Маълумки, “Өрлеу” республикада илк бор бизнинг вилоятда пилот лойиҳа тариқасида амалга оширилмоқда. Манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатишнинг янги усули ушбу лойиҳа доирасида синовдан муваффақиятли ўтиб, ўзининг самарали эканини кўрсатди. 

М. АБДУРАИМОВА, 2017-11-21, 11:13 199
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.