26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Тадбиркорлик – давр талаби ёки ишбилармон бир жойда тўхтаб қолмаслиги керак

 

Дарҳақиқат, замон билан ҳамнафас қадам ташлаш, унинг талаблари асосида иш юритиш – муваффақият гаровидир.

Мақола қаҳрамони, тадбиркор Шерали Усмонов юқоридаги фикримизга далил.

Шерали Султонали ўғли кўп болали деҳқон оиласида дунёга келди. М. Маметова номли ўрта мактабни, сўнг қишлоқдаги собиқ 68-сонли ўрта ҳунар билим юртини тамомлади. 1985 йил ҳарбий хизматдан қайтгач, Тошкент автомобиль йўллари институтига ўқишга кириб, уни муҳандис-конструктор ихтисослиги бўйича тамомлади. Дастлабки меҳнат фаолиятини Шимкент шаҳридаги автобус таъмирлаш заводида бошлади.

1997 йили “Нурали” деҳқон хўжалигини очиб, етти бош мол билан фермерликни бошлаган ишбилармоннинг фермасида ҳозир 1000дан зиёд қорамол мавжуд. 

Бугунги кунда вилоятимизда энг кўзга кўринган тадбиркор, “Тассай қус” МЧБ раҳбари Шерали Усмонов билан иш устида учрашиб, суҳбатлашиш имконига эга бўлдик.

 

– Айтингчи, тадбиркорлик фаолиятингизни қачон ва нимадан бошладингиз?

– 2000 йилда дўстим Ихтиёр Режабалиев билан “Шарқ” фирмасини очиб, Москвадан техника учун эҳтиёт қисмлар олиб келиб, савдо-сотиқ қилишни бошладик. Кейинчалик Шимкентдаги “Достар” ёғ заводига Ўзбекистондан чигит етказиб беришни йўлга қўйдик. Заводни ижарага олиб, ўзимиз иш юритдик. Бугунги кунда "Алтын май" ёғ заводини бошқараётган дўстим Ихтиёр ва илк фаолиятимизни бошлагандан буён бирга ишлаётган ҳамкоримиз Ўсканбой Солметов билан турли лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан маслаҳатлашамиз, бир-биримизни қўллаб-қувватлаб ҳамкорликда ишлаб келяпмиз.

– Шерали, фермада минг бошдан зиёд қора мол бор, дедингиз. Унга қўшимча мана тухум етиштирадиган ферма ҳам очибсиз. Бу бир кишига оғирлик қилмаяптими?

– Ишбилармон бир жойда тўхтаб қолмаслиги керак. Бугунги куннинг талаби шундай. Изла, ишла, имкон топ... 

2015 йили мен бу парранда фермасини очмасдан аввал минтақамизнинг тухумга эҳтиёжини ўрганиб чиқдим. Вилоятимизга 50 фоиз тухум шимолий вилоятлардан келтириларкан. Айнан бизнинг ҳудудда тухум етишмайди. Шу сабабли “Оңтустік қус” МЧБ раҳбари Абилқасим Дўсбўлов билан учрашиб, режаларимни айтдим. У киши 10 мингта товуқ берди. Эпласанг, яна келарсан, деди. Кейинги борганимда “жуда меҳнатсевар йигит экансан”, деб бугунги кунгача маслаҳатини ҳам, ёрдамини ҳам аямай келяпти. Фурсатдан фойдаланиб, мен у кишига миннатдорчилигимни билдираман. 

– Ферма қанча товуққа мўлжалланган? Умуман бир кунда қанча тухум оласизлар?

– Ферма 140 мингта (40мингта жўжа)товуққа мўлжалланган. Бир кунда 90 минг дона тухум етиштирамиз. Шуни таъкидлаш жоизки, паррандалар учун ем цехимиз бор, у ерда фақат табиий омихта ем тайёрланади. Ҳеч қандай кимёвий ферментлар қўшилмайди. Тухум экологик жиҳатдан тоза, сифатли ва табиий маҳсулот ҳисобланади. Уларни Сайрам, Қорабулоқ, Оқсувкент, Қорамурт қишлоқларидаги савдо дўконларига етказиб беряпмиз. Шунингдек, ўзимизнинг иккита дўконимиз ҳам бор.

– Фермани айланиб кўрдик. Барча жараёнлар автоматлаштирилган, компьютерлаштирилган. Ўрнатилган ускуналар ҳақида икки оғиз айтиб ўтсангиз?

– Технологияларни Германиядан олиб келиб, ўрнатдик. 3 йил давомида аста-секин барча жараёнлар автоматлаштирилди. Мутахассисларнинг ўзи келиб ўрнатиб, ишга тушириб, бизнинг ишчиларимизга ўргатиб кетишди. Тухумларни саралайдиган ускуна 10 млн. тенгега Хитойдан олиб келинди. 

– Ферманинг фаолияти учун давлатдан қандай ёрдам олгансиз?

– Ҳозиргача товуқ фермаси учун ҳеч қандай ёрдам олганим йўқ. Мен Қозоғистон паррандачилар уюшмасига аъзоман. Ташкилотнинг барча талабларига жавоб берган корхоналар субсидия олишлари мумкин экан. Яқинда Астанага бориб, субсидия учун лицензия олиб келдим. Субсидия олсак, тухумнинг баҳоси янада арзонлашиши мумкин.

– Парранда фермасида қанча одам ишлайди. Уларнинг маоши қанча?

– 30 нафар маҳаллий ишчи бор. Ўртача ойлик 100-120 минг тенге. Мутахассисларники 150 минг тенге. маошларини вақтида олишяпти.

– Қорамолга ҳам давлатдан ёрдам оласизми?

– 5 йилдан буён қорамолга субсидия оламан. Гўшти фақат Шимкент шаҳридаги шахсий учта дўконимизда сотилади.

– Шерали, келгуси режаларингиз қандай?

200 минг товуққа мўлжаллланган бройлер цехи мажмуасини очишни режалаштирганмиз. Насиб этса, келгуси йилда бу ғояни ҳам амалга оширамиз.

– Мана, 20 йилдан буён тадбиркорлик соҳасида фаолият юритиб келяпсиз. Юқорида қайд этган ҳамкор дўстлардан ташқари, бугун ишончли ўринбосарларингиз кимлар?

– Жуда ўринли савол. Мен фақат бошқарувчиман. Қолган ишларнинг ҳаммаси куёвларим – Фурқат, Бобур, Комилжон ва Азизларнинг зиммасида. Ем-хашак етказиб бериш, товуқларнинг соғлигини назорат қилиш, тухумни тарқатиш, сотиш каби жараёнларни улар пухталик билан бажаришмоқда. Мен уларнинг ҳам келгусида етук ишбилармон, ишларимнинг давомчиси бўлишларини истайман. Ишда жуда талабчанман, ҳеч қандай аяб ўтириш, қариндош-уруғчилик йўқ. Уйимда эса улар энг азиз меҳмонларим. Оллоҳ берган 6 қиз, 2 ўғилни муносиб тарбиялаб, илимли-ҳунарли қилиш ҳаётимдаги эзгу ниятларимдан бири эди. Катта оиламизда турли касб эгалари бор, фақат молиячимиз йўқ эди. Ўғлим Ботирали бу йил Астана шаҳридаги олий ўқув юртига ўқишга кириб, молия факультетида таҳсил олмоқда. Кенжатойимиз мактаб ўқувчиси.

Дарҳақиқат, донолар айтганидек, ҳалол меҳнат умрни чароғон, юзни ёруғ, ҳаёт йўлини равон қилади. Ҳамсуҳбатим меҳнаткаш оиланинг асл фарзанди, десам муболаға бўлмас. Меҳнатсевар, ҳалол, самимий, камтарин Шерали Султонали ўғли вилоят миқёсидаги ҳар қандай тадбирнинг сахий ҳомийси, кам таъминланган, кўп болали оила фарзандларидан имкон қадар ёрдамини аямайди. 

Меҳнат фаолиятида ҳамиша аниқликни, интизомни хуш кўрадиган ва барча ишларни пухта бажаришга одатланган Шерали Усмонов бугунги кунда худди ўзи орзу қилганидай эл манфаати йўлида бошқаларга ибратли фаолият юритмоқда.

Саҳифани Мухтабар УСМОНОВА тайёрлади, 2017-11-22, 18:03 196
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.