26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Она тилига муносабат қандай?

“Маънавий янгиланиш – иши­­­­­­­­­­­­­­­­­­­миздан тафак­куримизнинг олдинда юриши, унинг янги­ланиб туришидир. Биз янги­ланиш йўлида ота-боболардан мерос бўлиб қонимизга синг­ган, бугун томиримизда қотиб қолган эзгу хислатларни қайта­дан уйғотишимиз керак”.

Н. Назарбаевнинг “Келажакка йўлланма: маънавий янгиланиш” мақоласидан.

Шимкент шаҳрининг Сайрам даҳасидаги 107-сонли Ю. Сарёмий номли мактаб-лицейда “Бизнинг она тилимизга муносабатимиз: бугун ва эртага” мавзуида мунозара ўтди. Пешқадам таълим масканида ўзбек тили ва адабиёти фани ҳафталиги доирасида ташкил этилган якуний тадбирда устозлар, ота-оналар ва юқори синф ўқувчилари иштирок этишди. 

Дарҳақиқат, она тилини ривожлантириш учун давлат томонидан барча шароитлар яратилган: таълим ўзбек тилида юритилаётган мактаблар бор, она тилимизда ОАВ чиқади, телеканалларда кўрсатувлар берилади, ўзбек театри фаолият юритмоқда. Бироқ бу борада ҳал этилиши зарур долзарб муаммолар ҳам мавжудки, уларга эътибор қаратиш ва муҳокама этиш мақсадга мувофиқдир.

Тадбирни мазкур ўқув даргоҳининг ўзбек тили ва адабиёти фан бирлашмаси раҳбари, Қозоғистон маориф аълочиси Барно Иброҳимова очиб, аввало, тадбир меҳмонлари –  меҳнат фахрийлари Э. Абдунақибов, А. Абдазимов, вилоят ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси, вилоят маслаҳати депутати Б. Нишонқулов, вилоят таълим бошқармаси услубият кабинети бош мутахассиси Ш. Норалиева, М. Ауезов номидаги ЖҚДУ педагогика ва этнопедагогика кафедраси профессори, педагогика  фанлари доктори Н. Алматов, М. Ауезов номидаги ЖҚДУ доценти Ё. Мадалиев, “Жанубий Қозоғистон” вилоят газетаси бўлим мудири З. Мўминжонов, “Жануб жарчилари” газетаси мухбири Г. Мақсадоваларнинг ҳар бирига мурожаат қилди ҳамда танланган мавзу бўйича фикр-мулоҳаза билдиришларини сўради.  

Сўз олган А. Абдазимов она тилини ўрганиш орқали ёшлар онггига миллий қадриятлар, удумлар ва урф-одатларни сингдириш мумкинлигини таъкидлади. “Ҳозир рақамли антенналар орқали Ўзбекистон теледастурларини кўриш имконияти туғилди ва айниқса, ёшлар бундан фойдаланишлари керак. Бу – тафаккури эндигина шаклланиб келаётган келажак авлод вакилларида она тилига ҳурмат ва эътибор уйғотиши аниқ”, – деди у. 

Э. Абдунақибов Сайрам даҳасидаги ташкилот ва муас­сасалар пештоқида ўзбекча ёзувлар бўлиши кераклигига эътибор қаратиб, бу қонунда ман қилинмаганини эслатди. Б. Нишонқулов эса Конституцияда кафолатланганидек, ҳар бир фуқаро она тилида таълим олиш имкониятидан фойдаланиши зарурлигини таъкидлади У, жумладан, катта фарзандлари шаҳардаги таълим рус тилида юритиладиган нуфузли мактабларда ўқишгани, эндиликда кенжа фарзандини мазкур мактаб-лицейга берганини маълум қилди. 

З. Мўминжонов ўз сўзида мазкур билим даргоҳида уюш­тирилган тадбирда қозоғистонлик ўзбек этноси вакиллари учун долзарб масала кўтарилганидан мамнун эканини билдирди. “Тил билиш – маданиятлилик белгисидир, – деди у. – Бу – муомала, китоб ўқиш маданияти, тилни асраб-авайлаш, қоидаларга риоя қилиш, ўзга тилларга муносабат каби масалаларни қамрайди”.

Н. Алматов классик педагогика меъёрларини эслатиб ўтди. Унга кўра, энг муҳим босқич, бу – она мактабидир. “Шу поғонада кўп муаммо ечимини топади. Болаларнинг сўз бойлиги, дунёқараши шаклланади.  Биз ҳам ўзбек мактабида ўқидик, ҳожат бўлганида рус, ҳожат бўлганида қозоқ тилида гапирамиз. Қозоғистонда ўзбек тили қандай ўқитилади, қандай услубиятдан фойдаланимиз? Бу саволга аниқ жавоб йўқ. Кейинги йилларда инглиз тилини ўқитиш услубияти кучайиб кетди. Шу тажрибани ўзлаштириш керак”. 

Ё. Мадалиев инсондаги уч муқаддас нарса: она, ватан, тил эканини таъкидлаб, тилни сезиш ва билиш, ҳурмат қилиш кераклигини таъкидлади.

Ш. Норалиева ҳозирги кунда вилоят бўйича жами 610 нафар ўзбек тили ва адабиёти фани мутахассиси бор­­­­лигини, айни пайтда уларга эҳтиёж катталигини эслатди. Бинобарин, уларнинг аксарияти нафақа ёшига етиб қолган. “Яқинда 5 йилгача стажга эга ўқитувчилар учун семинар уюштирганимизда, ўзбек тилидан атиги 6 нафар ёш мутахассис борлиги маълум бўлди. Бу устозлар ўрнини босадиган ёш мутахассислар йўқлигини кўрсатади, – деди у. –  Шогирдлар етишиб чиқариш учун ўзбек тили фанига меҳр ва ҳавас уйғотиш зарур. Баъзида айнан ўзбек тили фани ўқитувчилари она тилимизнинг келажаги ҳақида эзгин руҳдаги фикрлар айтишади. Биз – устозлар ёшларда ҳавас уйғота олмаяпмиз...”

“Ўқувчи инглиз тилида нон сўзини айтганида, кўз ўнгига оддий тандир нони келиши керак”, деб бошлади сўзини Г. Мақсадова. Шунингдек, у таҳририят томонидан эсселар танлови уюштирилганини, Кентов шаҳридаги мактаб ўқувчиси ғолиб бўлганини маълум қилди.

Тадбирга якун ясаган мактаб-лицей директори Б. Нуралиев авар шоири  Расул Ҳамзатовнинг тўртлигини ўқиб берди:

 

Майли, ким қай тилдан завқу шавқ олса,

Менинг ўз тилимга минг жоним фидо.

Агар она тилим эрта йўқолса,

Мен бугун ўлишга бўлурман ризо!

 

 

З. АҲМАДЖОНОВ, 2017-11-22, 18:30 183
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.