26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
“Барқарорлик, бирлик ва тотувлик – янгиланиш гарови”

Кун тартибидаги асосий банд: “Барқарорлик, бирлик, тотувлик – янгиланиш гарови” бўлган Қозоғистон халқи Ассам­блеясининг XXV сессияси ишида 1500дан ортиқ одам қатнашди. Улар қаторида барча минтақалардан келган Ассамблея аъзолари ва фахрийлари, республика ва минтақавий этномаданият бирлашмалари раҳбарлари, Парламент депутатлари, марказий ижроия органлари, сиёсий партиялар, диний бирлашмалар, олий ўқув юртлари раҳбарлари, хорижий мамлакатлар дипломатик хизматлари, илмий ва ижодий зиёлилар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари бор эди.  

2017 йил – Ватанимиз тарихида қиёси йўқ йил бўлади

Анжуман иштирокчилари олдида сўзга чиққан Давлат раҳбари жорий йилнинг Қозоғистон тарихида тенги йўқ йил бўлиб қолишига ишонч билдирди.

– Бу йил тизимли замонавийлаштириш бутун ишимизнинг олдинги қаторига чиқди, – деди Н. Назарбаев. – Биринчидан, биз иқтисодиётни янгилашни авжига чиқара олдик. Иккинчидан, сиёсий янгиланишни бошлаб юбордик. Учинчидан, биз жамият тафаккурини янгилашга киришмоқдамиз. “Келажакка йўлланма: маънавий янгиланиш” номли мақолам айнан шунга бағишланган.

Миллат истиқболи – бунёдкорликда

Элбоши дастурий мақоланинг асосий мақсадларига эътибор қаратди ва Қозоғистон жамиятининг ривожланиши қандай бориши хусусидаги фикрларини баён этди.

– Энг аввало, мен тасаввуримдаги қозоғистонликнинг қиёфасини белгилаб олдим, – деди Президент. – Биринчидан, у жаҳон миқёсида рақобатбардош бунёдкор шахс. Иккинчидан, у аниқ мақсадларга эришишга интилган прагматик ва реалист. Учинчидан, миллий ўзига хослигини мустаҳкамлаган ва миллат тараққиётига тўғаноқ бўлаётган ҳамма нарсадан воз кечган инсон. Тўртинчидан, билим олишни биринчи даражага қўювчи дунёвий илм чўққисига чиққан одам. Бешинчидан, фақат эволюцион ривожланишгина халқни фаровонликка олиб боришини аниқ тушунган онгли фуқаро. Олтинчидан, онги қобиққа ўралмаган, ўзгаришлар ва жаҳоннинг энг яхши тажрибаларини қабул қилишга тайёр кўптилли зиёли. 

Нурсултан Назарбаев дастурий мақолада олға сурилган бандларни чуқур ўрганиш зарурлигини таъкидлаб, Жамият тафаккурини янгилаш миллий комиссиясининг ролини кўрсатиб ўтди.

ҚХА маънавий янгиланишга хизмат қилади

Қозоғистон Президенти ҚХАнинг ижтимоий онгни янгилашда фаол иштирок этишига ишонч билдирди ва унинг имкониятлари етадиган қатор лойиҳаларни қайд қилди: 

Биринчидан, “Туғилган ер” лойиҳасида Ассамблея учун катта имкониятлар очилади. Иккинчидан, “Қозоғистондаги 100 янги ном” лойиҳаси бевосита ҚХАга тегишли. Қанчадан-қанча ажойиб юртдошларимиз, Ассамблея фаоллари мамлакатимиз фойдасига ишламоқдалар. Бу инсонларни, этноси, минтақаси, жинси, динидан қатъиназар, кўрсата олишимиз зарур. Бунда биргина меъёр ҳисобга олиниши керак: Қозоғистонни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси. Учинчидан, Ассам­блея “Жаҳондаги замонавий қозоғистонча маданият” лойиҳасида иштирок этиши мумкин.

Талабаларимиз учун  энг яхши дарсликлар 

Нурсултан Назарбаев ёшлар тафаккурини шакллантириш учун «Янги гуманитар таълим. Қозоқ тилидаги 100 янги дарслик» лойиҳасининг долзарблигини кўрсатди ва шундай деди:

– Бу китоблар жаҳоннинг етакчи тилларидан таржима қилинган энг яхши дарсликлар бўлади. Инглиз, рус, француз, испан ва бошқа тилларда фалсафа, социология, иқтисод, маданиятшунослик, шарқшуносликка оид ажойиб дарсликлар бор. Мазкур билим қатламини таълим жараёнига қўшиш уни янги босқичга кўтаришига ишонаман. 

Миллий бирликни сақлаш учун мунтазам ишлаш зарур 

Н. Назарбаев давлат ва жамият олдида турган глобал таваккалларга эътибор қаратиб, марказий ва маҳаллий давлат бошқаруви органларига мамлакатда тинчлик ва тотувликни сақлаш учун янги, қолипдан ташқари қарорлар қабуллашни топширди.

– Жамият ва фуқаролар тинчлик, барқарорлик ўз-ўзидан вужудга келмаслигини билишлари зарур. Давлат этнослараро ва конфессиялараро жараёнларни мунтазам кузатиб турибди. Қозоғистон халқи Ассамблеяси, барча давлат органлари миллий бирликни мустаҳкамлаш йўлида кундалик иш олиб бормоқдалар, – деди у. 

ҚХАга топшириқлар кўп

Қозоғистон Президенти қўлланилган чораларнинг тўғрилиги ва ўз вақтида амалга оширилганини кўрсатиб ўтаркан, ҚХА ва давлат органларига янги вазифалар топширди:

– Биринчи вазифа. Тизимли янгиланиш талабларига жавоб берувчи ижтимоий онгни шакллантириш керак. Бу жараёнга ҳамма – давлат ва фуқаролик жамияти, таълим ва ижтимоий соҳа, хусусий бизнес ва оммавий ахборот воситалари жалб этилиши лозим. 

Иккинчи вазифа сифатида Нурсултан Назарбаев фуқаровий ўзига хосликни мустаҳкамлаш ҳамда бирлик ва тотувликни таъминлашни кўрсатди. Шу муносабат билан Қозоғистон Республикаси Президенти қатор аниқ топшириқлар берди:

– Дин ишлари ва фуқаровий жамият вазирлигига вилоят ҳокимлари билан бирга Ассамблея барча даражадаги ижтимоий тотувлик кенгашларининг 2017-2018 йилларга мўлжалланган диний экстремизмга қарши курашга доир фаолияти режасини тайёрлашни топшираман. Шунингдек, ҚХА ижтимоий тотувлик кенгашларининг ишини созлаб туриш ва фаолият мезонларини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ. Бундан ташқари Ҳукуматга, ҳокимликлар ва ҚХАга шаффофликни таъминлаган ҳолда хайрия фаолиятини ривожлантириш бўйича таклифлар тайёрлашни юклатаман. Вилоятлар, Астана ва Алмати шаҳарлари ҳокимлари ҚХА фаолиятидаги янги йўналишлар – ижтимоий тотувлик, хайрия ва медиация кенгашларини кучайтиришлари зарур.

Рақамли технологиялар ҚХАга хизмат қилсин

Сессия давомида Нурсултан Назарбаев ахборот ишига алоҳида эътибор қаратди ва 2018 йилгача ҚХАнинг кўп вазифали мультимедиа порталини барпо этиш ҳамда “Қозоғистон халқи” интерфаол тарихий харитасини ишлаб чиқишни топширди.

– Электрон харита қозоқ миллатининг алоҳида, давлат ташкил қилувчи вазифасини ҳисобга олган ҳолда қадимий қозоқ ерида барча миллатларнинг бирлашув жараёнини яққол ва муфассал кўрсатиб беради, – деди Элбоши. – Таълим ва фан вазирлигига ҚХА билан биргаликда илмий асосда мана шундай интерфаол харитани ишлаб чиқишни ва келгуси йил Шукрона кунида тақдимотини ўтказишни топшираман. 

Шунингдек, Нурсултан Назарбаев бизнесменлар, ижодий ва илмий зиёлиларни “Туғилган ер” лойиҳасида фаол иштирок этиш ва овул-қишлоқлардаги юртдошларига кўмак кўрсатишга чақирди. 

Сессия давомида сўзга чиққан кўплаб нотиқларнинг фикрларини тинглагач, Элбоши таклифларнинг кўп қисми ўринли эканлигини ва оммавий ахборот воситаларида уларни муҳокама қилиш лозимлигини айтди. Сўнгра барча йиғилганларни яқинлашиб келаётган Қозоғистон халқи бирлиги куни – 1 Май билан муборакбод этди.

Янги ўринбосарлар тайинланди

Сессия давомида Давлат раҳбари ҚХА аъзолари, Ақтўбе вилояти ижтимоий тотувлик кенгаши раиси Сергей Викторович Вишняк ва “Озарбайжонлар ҳамжамияти” республика жамоат бирлашмаси раиси Абилфас Муслимович Хамедовни Қозоғистон халқи Ассамблеяси Раисининг ўринбосарлари этиб тайинлаш тўғрисидаги фармойишни имзолади.

***

ҚХА XXV сессияси якунида жамоат тафаккурини янгилаш Қозоғистонни ривожлантиришнинг бутун стратегиясига яхлитлик берувчи қонуний ва объектив зарур жараён эканлигини таъкидловчи Мурожаатнома қабулланди. 

Тадбирдан сўнг Давлат раҳбари тантанали концертни томоша қилди.

 

, 2017-04-29, 16:05
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.