26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Онамнинг ўгитлари

Онам раҳматли жуда саранжом-саришта аёл эдилар. Эрталабдан кечгача ўзига бирор иш топиб олар, биз – қизларини ҳам бирор сония бекор ўтиришга қўймасдилар. Айниқса, ҳар йили баҳор келиши билан ошхона, айвон ва уйнинг сиртларини оҳаклатиб, палос ва гиламлар, пардаларни, кўрпа-кўрпачаларнинг жилдларини ювдирардилар. Онам яна шунга одатланган эдики, эрталаб ювилган кўрпа-кўрпачалар жилдларининг йиртиғини тушгача яматиб, қоплатиб қўярдилар. Ёшлигимдан китобга ўч бўлганим учунми, баъзан бундай юмушлар жонимга тегиб кетар, ўқиётган қизиқ ҳикоям, романимдан, суюкли “қаҳрамонларим”дан ажратиб қўярди. Китобларим “мусофир” бўлиб, жавоннинг бир чеккасидан менга мунғайиб қараб турарди. Уй ишлари эса ҳеч ҳам тугамасди. Ана шунда мен “қўзғолон” кўтарардим. 

– Ойи, шу кўрпачага пахтани эртага солайлик, бир кунча офтобда тура турсин, ахир ёв келаётгани йўқку уйимизга.

Онам раҳматли қошларини чимириб: 

– Ҳа, энди сизнинг суюкли китобларингиз деб кўрпачанинг пахтаси “оқиб ётарканда”, – дердилар киноя билан.

Менинг жазавам баттар қўзирди, “биринчидан, пахтаси оқмайди, иккинчидан, офтобда турса, янада кўпчиб, кўрпа-кўрпачаларингиз келгуси баҳоргача момиққина бўлиб туради”, дердим қайсарлигим тутиб.

Ойим менинг сўзимни эшитмасдилар ҳам. Эрталаб ювилган кўрпа-кўрпачанинг жилдлари нари борса кечгача дазмолланиб, пахтаси солиниб, қавиларди. У бизга бир сўзни қайта-қайта такрорлардилар: “Мендан туғилганларинг рост бўлса, уй ичини тоза ушланглар. Юртга шарманда бўлмай десаларинг, жилди олиниб, пахтаси кўриниб турган уйдан қўрқинглар, уйининг бурчагига ўргимчак ин солган эшикдан қочинглар, оёқ кийимлари пала-партиш ётган остонадан йироқ бўлинглар!” Ҳозир ўйлаб қарасам, онамнинг ушоққина жуссасида метиндай ирода, толмас куч-ғайрат бор экан. Ана шу меҳнатсеварлиги ва талабчанлиги билан тўрт фарзандини ёлғиз ўзлари қарғага қоқтирмай, чумчуққа чўқиттирмай вояга етказган эканлар. Бизга ҳам ўзининг шуурида бор нарсани сингдириб кетган эканлар-да, жаннати онам. 

Онам умрининг сўнгига қадар биргина ақидага амал қилиб яшадилар: “Уйинг саришта, кўрпачанг тоза, идиш-товоқларинг жойида бўлса, қозонингда бир иссиғинг милтиллаб қайнаб турса, ўзинг ҳам хурсандсан, эшигингни очиб келадиган меҳмонлар олдида ҳам хижолат бўлмайсан”.

Ёшим элликка қараб кетяпти. Икки қизни узатгандан сўнг ўнг қўлимдан супурги, чап қўлимдан ойна тозалагич, пол латта тушмай қолди. Гоҳида сингилларим, қизларим телефон қилиб, ҳол-аҳвол сўрашади.

– Нима қиляпсиз, бекорчиликдан безор бўлмаяпсизми?

– Менда бекор ўтиришга вақт борми? Уч хонамни ҳеч йиғиштириб, адоғига етолмайман.

Ана шунда катта қизим койийди: 

– Ойи, худди бувимга ўхшаб кетяпсиз, тинчгина ўтирсангиз бўлмайдими, қўлларингизни қаранг, ёрилиб кетган, сувдан чиқмайди.

– Қўявер, қизим, бу ҳам бир эрмакда, – дейман кулимсираб. – Яхшиямки уй юмушлари бор, бўлмаса, одамнинг ақлдан озиши ҳеч гап эмас. 

Қизим ҳам бари бир қайсар онасига гапини ўтказолмаслигини тушунгач, “ўзингизни эҳтиёт қилинг”, дейдию қўл телефонини ўчиради. Мен эса куймаланиб, уй ишларига шўнғиб кетаман. Гоҳида қаттиқ чарчайман. Шунда қадимгиларнинг бир гапи ёдимга тушадию, кулгим қистайди. “Бир эваданинг ишини қирқта чилондор эплолмапти”... Меҳмондорчиликка борсам, ўзим англамаган ҳолда дарров кўзим уйнинг бурчакларига ва хонтахта атрофига ёзилган кўрпачаларга тушади. Беихтиёр онам раҳматлининг қиёфаси кўз олдимда намоён бўладию, кўрпачани секин ушлаб кўраман. Юмшоқ ва тоза бўлса, дилим равшанлашиб, мезбондан хурсанд бўламан. Жилди қатирмачоқ бўлдими, кўнглим хираланиб, меҳмондорчилик ҳам татимайди. Шу савил қолгур кўрпачани “автомат машина”га солса ҳам тоза бўладику, дейман, ҳафсалам пир бўлиб. 

Ич-ичимдан онамга таҳсинлар айтаман, ўзи ўрганган тозаликка, орасталикка бизни ўргатгани учун...

Аёл – уйнинг кўрки, дейишади. Фарзандлар тарбияси билан бирга уйни, ҳовли ва экинларни ораста ушлаш ҳам унинг зиммасида. 

Курашларга тўлиқ ҳаётимда мен яшамаган жой қолмаган бўлса керак. Бундан бир неча йил муқаддам бир хонали квартирани сотиб, ҳовли уй олишга жазм қилдим. Шунда бир нақлнинг маъносига тушунмаганим менга жуда қимматга тушганди. Уй олма, қўшни ол!” Каталакдай уйни боғи бор ҳовли уйга алмаштирганимдан хурсанд эдим. Бир меҳмонхона, ётоқхона ва ошхонадан иборат уйга кўчиб келдик. Шаҳарда яшаб, шаҳар мактабида ўқиган қизларим бу ерга унча кўниколмай юришди. Устига устак, водо­провод ҳам йўқ эди. Сувни қўшниникидан ташиймиз. У уйга иложсизликдан чиқаман. Чунки унинг уйи жуда ифлос, доимо қаровсиз ётарди. Сувни оламану худди ортимдан ёв қувгандек тез чиқиб кетаман. Шу уйда бирор нарса ёпишиб қоладигандай, гўё. 

Қўшни опа билан бир мактабда иш бошлагандик. Олий ўқув юртини имтиёзли диплом билан тамомлаган, лекин ҳозирги кунда савдо-сотиқ билан шуғулланарди. Бир куни у мени қўярда қўймай, уйига таклиф қилди. Айвон эшигини очдиму остонада туриб қолдим. Дераза токчасида тунука лаганча, унда қотиб қолган қиймали макарон. Ерга ёзилган кир дастурхонда нон бўлаклари, ювиқсиз идиш-товоқлар, чойнак ҳам негадир тўнкарилиб ётарди. Уч яшар қизалоқ кун совуқ бўлишига қарамай, иштонсиз, ялангоёқ хўмрайиб қараб турибди. Юзлари кир-чир. Айвоннинг ҳар ер, ҳар ерида тескари ўгирилган болаларнинг кийими...Бир пайт уйдан соқол-мўйлови ўсиб кетган қорачадан келган, тажангроқ киши чиқиб келди. Уй бекаси унга мени ким деб таништиргани ёдимда йўқ. Шу онда ташқарига отилдим. Оғзимни қўлим билан маҳкам бекитиб, ўқдек учиб уйимга кирдим. Дағ-дағ титрардим, қўшни уйнинг бадбўй ҳиди томоғимда ўрнашиб қолгандек бўлди. Икки қизим жавдираб, саволомуз кўзимга қарайди:

– Ҳечқиси йўқ, фақат қўшниникига чиққанда челакларга эҳтиёт бўлинглар, – дедим ҳансираб. 

Қизларим яна ўз ишлари билан машғул бўлдилар. Бояги манзара кўз олдимдан нари кетмасди. Ё Оллоҳим, ўзинг асра мана шунақа шармандаликдан...Наҳотки, бўй етган қизи, ўғли бўлсаю уйи шу аҳволда...Эрига ҳам қойилман, шундай ивирсиқда бемалол яшаса...Бунақа эркакни ким дейиш мумкин, наҳотки аёлини йўлга сололмаса. Бечоранинг пешонаси шўр эканда?! 

Шу воқеадан сўнг қудуқ сувини шлангаси билан кўчага чиқариб оладиган бўлдик. Қўшним ҳар замонда мени йўқлаб қоларди. Уни иложи борича уйга киритмасликка ҳаракат қилардим. Чунки ифлос аёлнинг икки елкасида жин-шайтонлар ўтиради, дегувчи эди раҳматли бувим. Онамнинг оналари ҳам жуда озода аёл эдилар. Тўқсондан ошиб вафот этдилар. Лекин бирор марта оппоқ кўйлагига гард юқтирмадилар. Нуроний кампир эди, эртак, чўпчакнинг кони эди.

Кеч кузда қўшним яна мени йўқлаб қолди. Тинчликми, деб сўрасам:

– Сув керак бўлса, олволинг, қудуқни тозалаймиз, – деди у .

Бўш челакларни кўтариб, ҳовлисига кирдим. Катта электр лампочкани ўчоқ тепасидаги устунга ўрнатибди.

– Томат ёпмоқчиман, – деди у менинг ичимдаги саволни уққандай.

Шундай дедию, кир кийимлар солинган “Алматинка”ни ўртага олиб, ичидаги кирларни ерга ташлади. Челакларим сувга тўлса ҳам анграйиб, яна нима қилар экан, деб турибман. Опа кирларини олиб бўлган ҳам эди ўғли Улуғбек бир қути помидорни “Алматинка”га солди. Кўз олдим хиралашиб, кўнглим яна беҳузур бўла бошлади. Улуғбек катта бочкадан бир челак сув олиб, кир ювадиган машинага қуйди. Нимага кирганим ҳам ёдимда йўқ, анграйганча қўшним ва Улуғбекнинг ишларини кузатяпман. Икки-уч челак сув қуйилгач, қўшним машинканинг тугмачасини босган эди, помидор сув билан бирга айлана бошлади.

– Вой, опа, нима қиляпсиз, – дедим эс-ҳушимни йиғиб.

– Ҳозир кўрасиз, – дедида мийиғида кулиб қўйди. 

Шу онда бутун танам ўтда қолгандай бўлди. Ё, Тангрим, ўзинг карамингни кенг қилгин. Бу томатни еган одам, ичбуруғдан ўладику, дердим ичимда куйиб-пишиб.

Қўшним менга эътибор ҳам бермади. Ўн дақиқадан сўнг кир ювиш машинкасини тўхтатиб, помидорларни олдию ўчоққа ўрнатилган қозонга “ғалвир”ни қўйиб, қобиғи арчилиб кетган помидорларни ундан ўтказа бошлади.

Қўшним “ажойиб ихтироси”дан мамнун эди: 

– Сизларга ўхшаб, помидорни беш-олти марта ювиб, қобиғини артиб ўтираманми, вақтимни кетказиб...

Қизим кириб, челакдаги сувни кўтармоқчи бўлганида ўзимга келдим.

– Тинчликми, ойи, нима бўлди сизга, юринг, – деб кичикроқ челакни кўтарганча олдимга тушди.

Менинг эса қимирлашга мажолим етмасди. Кўз олдимда кир ювиш машинасидаги помидор ва қўшнимнинг тилла тишлари чарх уриб айланарди. 

Шу воқеадан кейин анчагача ўзимга келолмай юрдим, не бир машаққатлар билан ёпган салатларимни ҳам еяолмай қийналдим. Чунки қишда еймиз деб ёпган банкаларни очсам, қўшнимнинг уйидаги манзара кўз олдимда намоён бўладию иштаҳам ғиппа бўғилади. 

Тавба, шунақа ҳам ивирсиқ хотин бўладими?! Ҳозирги кунда ҳам ифлос юрадиган, устидан бадбўй ҳид келадиган аёл ва эркакларни кўрсам, дарров кўз ўнгимда доимо уст-боши кир-чир, пахмоқ сочларига тароқ тегмаган, тишлари сарғайиб кетган қўшни аёл ва соч-соқоли ўсиб, доим тажанг юрадиган унинг эри, кирдан устидаги кўйлагининг ранги билинмай кетган бўй етган қизи ва кир ювиш машинасига сув қуяётган Улуғбек, пайдо бўладию қўрқинчли туш кўриб, уйғонгандай ёқамга туфлайман.

Беихтиёр қўшни хонадон билан ўзимизникини солиштираман. Қиш кунларида ҳам бизга дераза ойналарини чиннидай арттириб, оппоқ қор устида палослар чангини қоқтириб, уйни жуда саришта тутадиган, бажарган ишларимизни ипидан игнасигача текшириб, камчиликларни юзимизга айтиб, ютуқларимиздан қувониб, ўзи ҳам ҳаётининг сўнггига қадар тиниб-тинчимаган онажонимнинг заҳматкашлигию матонатига, сабрига қойил қоламан. 

Онажонимдан бир умрга миннатдорман, чунки унинг ўгитлари ҳаётимда жуда асқотди.

С. ШАРИФБОЕВА, 2017-11-24, 19:43 1012
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.