26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Астанада ўзбек якшанбалик мактаби очилди

26 ноябрь куни пойтахтимиз Астана шаҳридаги 53-сонли мактаб-лицей биносида “Зиё” якшанбалик мактабининг расмий очилиш маросими ўтди. 

1 декабрь – Тўнғич Президент куни арафасида “Маънавий янгиланиш” дастури доирасида ўтган тадбирда Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажлиси депутатлари Фахриддин Қоратоев ва Кенес Абсатиров, Астана шаҳар таълим бошқармаси раҳбари Ануар Жанғозин, Қозоғистон халқи Ассамблеяси котибияти бош мутахассиси Гулнар Тайғақова, Гумилёв номли Евроосиё миллий университети археология ва этнография кафедрасининг профессори Жамбил Артиқбаев, “Алғабас компанияси” инновацион-холдинг гуруҳи таъсисчиси Жумағали Аристан ва бошқалар иштирок этишди. 53-сонли мактаб-лицей директори Замзагул Қиянова, шунингдек, турли этномаданият бирлашмалари фаоллари, ёшлар бирлашмалари раҳбарлари ва бошқалар қатнашган тадбир шукуҳли ўтди. 

Ўзбек амалий санъати намуналаридан тайёрланган кўргазма кўпчиликда ижобий таассурот қолдирди. Меҳмонлар ял-ял ёнган миллий дўппи ва либосларни кийиб, анвойи нонлардан таътиб кўришди. Мактаб атрофида йиғилган интилувчан ўқувчиларнинг ижод маҳсуллари билан танишишди.

Меҳмонлар “Зиё” мактабидаги ўзбек тили ва тарих фанлари бўйича ўтган очиқ дарсларга ташриф буюришди. Қозоғистон Республикасининг давлат Мадҳияси билан бошланган дарсларда болалар она тилимизда ватанпарварлик руҳидаги шеърлар, мақоллар айтиб, қўшиқлар ижро этишди. 

Ажойиб байрамнинг бадиий қисми арафасида Астана шаҳар ўзбек этномаданият бирлашмасида олиб борилаётган ишлар тасвирланган видеоролик намойиш қилинди. Концерт давомида эса ўзбек этномаданият бирлашмаси ҳузуридаги рақс дасталарининг чиқишлари ҳамда вокал-чолғу асбоблари дастасининг куй-қўшиқлари меҳмонлар қалбидан жой олиб, олқишларга сазовор бўлди. 

Тадбирда сўзга чиққан Қозоғистон халқи Ассамблеяси котибияти бош мутахассиси Гулнар Тайғақова, “Зиё” якшанбалик мактабининг директори Райимжон Музаффаров, Астана шаҳар ўзбек маданият маркази раисининг ўринбосари, якшанбалик мактаб мураббийи Ихтиёра Хўжаевалар “Астана ўзбек этномаданият марказининг 10 йиллиги” байрам медали, 53-сонли мактаб-лицей директори Замзагул Қиянова, Астана шаҳар таълим бошқармаси раҳбари Ануар Жанғозин, “Зиё” якшанбалик мактабининг намунали ўқувчиси Малика Тошматовалар “Фахрий ёрлиқ”лар билан тақдирланишди. Шунингдек, мактаб кутубхонасига ўзбек этномаданият бирлашмаси томонидан китоблар совға қилинди.

Концертдан сўнг меҳмонлар ўзбек миллий таомлари дастурхонига таклиф этилди. Улар бугунги маросим ҳақида, миллийликдан сабоқ берувчи илм даргоҳининг очилиши каби савобли ишга муносабатларини эзгу тилак ва ижобий фикрлари орқали билдиришди. 

***

Астана шаҳар Қозоғистон халқи Ассамблеяси таркибида 24та этномаданият бирлашмаси мавжуд, улардан 12тасида якшанбалик мактаблар фаолият юритмоқда. 

3-17 ёшлардаги болалар қабул қилинадиган “Зиё” якшанбалик мактабининг мақсади ўзбек тилини, маданиятини, анъаналарини ёш авлод онггига сингдириш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашдан иборат. Уларнинг она тилига қизиқишини кучайтириш, шунингдек, ижод билан шуғулланишига имконият яратиш. Сентябрь ойидан мактабни ишга тушириш юзасидан ишлар бошланганди. Унинг қошида 50дан ортиқ болалар рўйхатга олинган.

Мактаб бағрида болалар нафақат тил ўрганади, балки ўзбек миллий санъати: рақс ва созандалик бўйича сабоқ оладилар. Дарслар қозоқ, ўзбек, рус ва инглиз тилларида олиб борилади. 

Мактаб жамоаси директор Р. Музаффаров, мураббий И. Хўжаева раҳбарлигида самарали фаолият юритмоқда. Ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси Севара Музаффарова, тарих ва одобнома ўқитувчиси Анора Қалибекова, амалий санъат ва хореография ўқитувчиси Ирода Муҳаммаджонова ва унинг ёрдамчиси Муҳтарам Мамадалихонова, доира тўгараги ўқитувчиси Ҳасан Баротовларнинг ҳар бири ўз соҳасининг устаси.

– Фарзандларимизнинг ҳар томонлама етук бўлиши, она тилини севиши, ардоқлаши, ватанпарварлик руҳида тарбия топиши учун якшанбалик мактабни ташкиллаштирдик. Элбошимизнинг “Маънавий янгиланиш” дастурида кўзда тутилган лотин алифбосига кўчишга ўз ҳиссамизни қўшиш ниятида мактабимизда сабоқларнинг лотин алифбосида ўтилишини йўлга қўйдик. Мамлакатимизда илк бор бутунлай лотин алифбосига кўчган таълим даргоҳимизнинг муваффақиятига шубҳамиз йўқ.

 Бугунги байрам билан мактабимизнинг устозлари, ўқувчиларини ва ҳамма ватандошларимизни табриклайман. Мана шу тадбиримизнинг муваффақиятли ўтишига ҳомийлик қилган ва ҳисса қўшган ўзбек этномаданият бирлашмасининг барча фаол аъзоларига ўз миннатдорчилигимни билдираман, – деди Астана шаҳар ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси Шерзод Пўлатов.

Ирода Муҳаммаджонова, жамоатчи мухбиримиз, 2017-11-30, 19:22
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.