26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Кундан кун яхши!

«Нурли Йўл» иқтисодий сиёсати ва «100 аниқ қадам» Миллат режаси туфайли биз мураккаб дунёвий ўзгаришларнинг дастлабки босқичидан муносиб ўтмоқдамиз. Фақат 2014-2016 йилларнинг ўзида иқтисодиётни қувватлаш учун қўшимча 1,7 триллион тенге ажратдик. Бунинг ҳаммаси иқтисодий ўсиш ва бизнесни қувватлаш, 200 000дан ортиқ янги иш ўринлари яратиш имконини берди. Натижада, 2016 йил якунига кўра ички ялпи маҳсулотнинг 1 фоизга ўсиши таъминланди. Бугунги мураккаб шароитларда бу жуда муҳим. Жаҳондаги вазият жўшқинлик билан ўзгармоқда. Бу – янги дунёвий воқелик ва биз уни қабул қилишимиз керак. 

Нурсултан НАЗАРБАЕВнинг “Қозоғистоннинг учинчи замонавийлашуви: дунёвий рақобатбардошлик” Мактубидан.

ХОМАШЁДАН КЛАСТЕРГА

Элбоши ўз Мактубида “Меҳнат унумдорлигини муайян даражада ошириш керак. Асосий омил сифатида Тўртинчи саноат инқилоби элементларини ҳамма жойда жорий этишимиз зарур. Бу автоматлаштириш, роботлаштириш, сунъий заковат, улкан маълумотларни алмашув ва бошқалар. Ҳукуматга бизнес билан биргаликда асосий тармоқларни 2025 йилгача технология жиҳатидан қайта қуроллантиришнинг мажмуавий чораларини ишлаб чиқишни топшираман”, деб ёзган эди. Президентимизнинг топшириғига биноан, минтақа раҳбари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлашга ихтисослашган, замонавий минитехнологиялар билан жиҳозланган корхоналарни ишлаб чиқилган дастур асосида бутун вилоятимиз бўйлаб ташкил этиб, мева-сабзавот ва гўшт-сут маҳсулотларини қайта ишлаш ҳажмини бир неча баробар ошириш вазифасини қўйди ва бу масалани ўз назоратига олди.

"ЖАНУБ ЭКСПОРТ" дастури амалда

Давлат раҳбари “Устувор тармоқларда рақобатбардош экспорт ишлаб чиқаришини ривожлантиришга урғу берган ҳолда индустрлаштиришни давом эттириш зарур. Ҳукумат олдида 2025 йилга бориб нохомашё экспортини икки баравар кўпайтириш вазифаси турибди. Ушбу йўналишда ишларни фаоллаштириш учун экспортни ривожлантириш ва олға силжитиш дастаклари битта маҳкамада жамланиши зарур. Экспорт қилувчиларга, шу жумладан, минтақаларда ҳам, “ягона дарча” қоидаси асосида ёрдам кўрсатилиши керак”, деб экспорт соҳасидаги долзарб масалаларни белгилаб берган эди. Бу топшириқни амалга ошириш бўйича вилоятда кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Чунончи, Жануб минтақасининг озиқ-овқат саноатини ривожлантириш суръати ортиб бормоқда. Бугунги кунда Сайрам, Мақтаарал ва Сариоғоч туманлари етиштираётган маҳсулотларини экспортга чиқармоқда. Бу йўналишдаги ишларни жонлантириш мақсадида экспортга чиқариладиган маҳсулотлар рўйхати тузилиб, "Жануб экспорт" дастури тайёрланди.

ИСТИҚБОЛЛИ СОҲАГА – ИСТИҚБОЛЛИ ЛОЙИҲАЛАР

Вилоят ҳокими Президентимиз истиқболли соҳа деб белгилаган туризмни тараққий эттириш масалаларини ҳам ўз назоратига олди. Натижада, давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилган соҳа вилоятимизда иқтисодиётнинг юқори даромад келтирувчи йирик тармоқларидан бирига айланмоқда. Жанубий Қозоғистоннинг қулай географик ҳудудда, қадимий Буюк Ипак йўлида жойлашгани, мамлакатда минглаб ноёб тарихий ва маданий ёдгорликлар борлиги сайёҳлар оқимини ҳам кенгайтирмоқда. 

Вилоятда тарихий-илмий, тарихий-этник, маданий-кўнгилочар, табиат қўйнида дам олиш билан уйғунлашган янги сайёҳлик йўналишларини ташкил этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётир.

Шунингдек, вилоятда экологик туризмни ривожлантиришнинг долзарб масалаларига бағишланган қатор тадбирлар ўтказилмоқда. Бу борада амалга оширилаётган ислоҳотлар атроф-муҳит барқарорлигини сақлашда, аҳолининг экологик маданиятини юксалтиришда муҳим омил бўлмоқда. Жанубий Қозоғистон ўзига хос иқлими, флора ва фаунаси, нодир табиат бойликлари билан бошқа минтақалардан ажралиб туради. Ушбу бетакрор табиий салоҳият экологик туризмни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга. Хорижлик сайёҳлар ва юртдошларимизнинг минтақамиздаги тоғ ва чўл ландшафтларини намоён этувчи ҳудудлар, миллий боғлар, замонавий инфратузилма иншоотларига саёҳат қилиб, табиат қўйнида ҳордиқ чиқаришга қизиқиши кучаймоқда. Жойларда экологик сайёҳлик объектлари барпо этилиб, хизмат кўрсатиш яхшиланмоқда. 

Бу борада ютуқлар билан бирга соҳа ривожига тўсиқ бўлаётган муаммолар ҳам йўқ эмас. Экотуризм иншоотлари имкониятини баҳолаш, уларнинг кадастр тизимини яратиш, соҳада малакали мутахассислар тайёрлаш, мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳиятини жаҳонга кенг намойиш этиш ва экологик туризм соҳасида тадбиркорликни ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга.

ПАХТАГА МУНОСАБАТ ЎЗГАРДИ

Жанубий Қозоғистон вилоятидаги миллиондан зиёд аҳолининг (вилоятда яшовчиларнинг учдан бир қисми) пахта етиштиришдан топадиган даромадга таяниши расмий маълумотларда айтилмоқда. Республикада "оқ олтин"нинг Ватани ҳисобланган бу минтақада Элбоши Н. Назарбаевнинг ташаббуси билан пахта-тўқимачилик кластерини шакллантириш бежиз йўлга қўйилмаган. 

Бундан 10 йил аввал пахта кластери ҳамда тўқимачилик саноатини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш учун Давлат раҳбарининг Фармони билан “Оңтүстік” махсус иқтисодий минтақаси барпо этилди. Унинг ҳудудида қатор фабрикалар қад ростлади. Стратегик хомашё манбаи, минтақа қишлоқ хўжалигининг муҳим маҳсулоти бўлмиш пахта майдонларининг ўтган йилларда маҳаллий бошқарув органлари томонидан асоссиз қисқартирилгани вилоятимиз иқтисодиётига шубҳасиз зарар келтирди.

Бугунги кунда Жанубнинг брендига айланган пахта майдонларини кенгайтириш таклифини вилоятимиз ҳокими Ж. Туймебаев кўтариб чиқди.

ШАҲАР ОБОД БЎЛМОҚДА

Шаҳримизнинг кундан-кунга ободонлашиб, кўркамлашиб бораётгани сир эмас, албатта. Бунга қад кўтараётган салобатли бинолар, қурилишлар гувоҳ. Замон билан ҳамнафас одимлаётган ва ривожланаётган, республикадаги учинчи мегаполисга айланаётган вилоят марказига эътибор кучайди, унинг жадал суръатларда ривожланиши, турли техникавий ўзгаришларнинг ҳаётимизга кириб келиши, барча соҳалардаги ютуқлар дилларга қувонч бағишлайди, албатта. Биргина шаҳримиз кўчаларини олиб кўрайлик. Икки ёнда кўкка бўй чўзган кўм-кўк дарахтлар турфа гулзорлардан кўзингиз қувнайди. Қозоқ халқининг ўтмишидан дарак берувчи миллий нақшлар вилоят аҳлининг ота мерос қадриятларини тиклаш, уларни қадрлашга ундайди. Кўчаларимиздаги жамоат транспорт воситаларини айтмайсизми? Барча қулайликларга эга, шинам, манзилингизга зумда етказади.

Юртимизнинг барча шаҳарларида бўлгани каби бугун Шимкентда ҳам фуқароларимизнинг муносиб турмуш кечиришлари учун шароит яратиш, саноат, қурилиш ва хизмат кўрсатиш соҳаларини янада ривожлантириш тадбирлари изчил давом этмоқда. Замонавий шаҳарсозлик андазаларига мос кўркам уй-жойлар, таълим, тиббиёт муассасалари, болалар спорт иншоотлари, маданий-маиший бинолару кенг, равон йўллар, кўприклар шаҳар кўркига кўрк қўшмоқда.

Шаҳарда 200га яқин сервис ва хизмат кўрсатиш шохобчалари фаолият юритаётгани, қурилиш материалларини ишлаб чиқаришдан тортиб, фармацевтика, озиқ- овқат ва енгил саноат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш кенг ривожланаётгани – юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик, тотувлик, ҳамжиҳатлик мевасидир.

Шаҳримиздаги барча ижобий ўзгаришлар, бунёдкорлик ишларининг бориши вилоят ҳокимининг назоратида.

“ЯШИЛ ИҚТИСОДИЁТ”ГА КЕНГ ЙЎЛ

Қозоғистоннинг барча минтақаларида "Индустрия харитаси" доирасида иш олиб борилаётганига икки йилдан ошди. 2013 йил 30 май куни Президент Фармони билан тасдиқланган "Қозоғистонни яшил иқтисодиётга ўтказиш концепцияси" ушбу дадил қадамнинг дебочаси бўлди. Президентимизнинг "100 аниқ қадам" Миллат режасида ўз аксини топган концепция бўйича юқорида қайд этилган ишлар 2050 йилгача 3 босқичда амалга оширилади. Ва бу ҳаракат Қозоғистоннинг тараққий этган, атроф-муҳити тоза, табиий захиралари исроф бўлмай келаётган 30та мамлакат қаторига киришига кенг йўл очади. "Яшил иқтисодиёт"га ўтишдан мақсад, нафақат иқтисодиётни мустаҳкамлаш, балки халқ фаровонлигини ошириш ҳамдир. Ҳукуматнинг ҳисоб-китоби бўйича иқтисодиётнинг "яшил янгиланиши" натижасида 2030 йилга бориб юртимизда 400-600 минг янги иш ўринлари очилади, 2050 йилга бориб, 3 фоизли ялпи миллий маҳсулотга эришамиз. "Яшил иқтисодиёт" дастури халқ хўжалигининг барча жабҳаларини қамраб олади. Шунинг учун ҳам ушбу масала доимо минтақа раҳбарининг диққат марказида.

2017 ЙИЛИ ВИЛОЯТДА 5000 КВАРТИРА ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ

Вилоят аҳлининг фаровонлиги ошиб бормоқда. Янги иш ўринлари очилиб, хонадон калитлари эгаларига топширилмоқда. Вилоятимизда 2017 йилнинг 10 ойи натижалари бўйича фойдаланишга топширилган уйларнинг умумий майдони 526 минг квадрат метр (5246 квартира)ни ташкил этади. Шимкент шаҳрида “Нурли ер” дастури доирасида жорий йилда қурилиши режаланган 231та иншоотнинг 115таси келгуси ойда топширилади. Қолган 54та иншоот йил охиригача битказилади. Умуман олганда, Шимкент шаҳрида бу йил 201та кўп қаватли уй қурилмоқда.

ДАРЁНИНГ ТОЗАЛИГИ ҲАМ ЭЪТИБОРДА

Қўчқор ота – суви тиниқ булоқлардан бошланадиган ва вилоят марказининг барча туманларидан ўтадиган Қозоғистондаги ягона, суви зилол дарё.

Азал-азалдан, асрлар бўйи Буюк Ипак йўлида жойлашган бу ҳаёт манбаи ўз қирғоқларида олис юртлардан келган карвонларни қабул қилган. Кейинчалик дарё бўйида шаҳар қад кўтарган.

Тарихий қадамжога айланган бу дарёнинг тозалигини таъминлаш масаласини ҳам вилоят раҳбари назорат қилмоқда.

КЕНТОВДА КОНЧИЛИК ҚАЙТА ТИКЛАНАДИ

Минтақа раҳбари хизмат сафари билан Кентов шаҳри тасарруфидаги кончилар кенти – Ашисойда бўлиб, соғликни сақлаш, таълим, маданият ва бошқа соҳалардаги қатор ижтимоий иншоотларнинг фаолияти билан танишди.

Сафарни хотималаркан, вилоят ҳокими таназзулга юз тутган кончиликни қайта тиклаш имкониятларини кўриб чиқиб, кончиларни иш билан таъминлашни шаҳар ҳокимлиги ва ижтимоий-тадбиркорлик корпорациясига топширди. 

Хизмат сафари давомида қурилиш сифатига эътибор қаратган минтақа раҳбари қишлоқ аҳолисининг фаровонлигини оширадиган шароитлар яратиш, кичик ва ўрта бизнесни қўллаш, янги иш ўринлари очиш зарурлигини таъкидлади.

ҚОРАКЎЛ ҚЎЙИ КЎПАЯДИ

Вилоятимизда илгари қоракўлчиликка ихтисослашган хўжаликлар кўп бўлган. Вилоят ҳокими Арис шаҳрига хизмат сафари чоғида шу масалани кўндаланг қўйиб, мутасаддиларга соҳани қайта тиклашни топширди.

ШИМКЕНТДА “ОЗИҚ-ОВҚАТ БЕЛБОҒИ” БАРПО ЭТИЛМОҚДА

Элбоши Мактубида “Аграр шўъба иқтисодиётнинг янги таянч нуқтаси бўлиши лозим. Қозоғистоннинг агросаноат мажмуаси истиқболли келажакка эга. Кўп йўналишлар бўйича биз йирик аграр экспорт маҳсулоти ишлаб чиқарувчи бўлишимиз мумкин. Айниқса, экологик тоза маҳсулотлар ишлаб чиқаришда “Мade in Kazakhstan” бренди эталон бўлиши керак”, деб яна бир муҳим масалага эътибор қаратди. Давлат раҳбари топшириқларининг амалдаги ижроси муҳокамасига бағишланган кенгайтирилган мажлисларда бу масала вилоят ҳокими томонидан мунтазам назорат қилинмоқда. 

Шимкентни агломерация маркази сифатида ривожлантириш ва аҳолини озиқ-овқат билан таъминлаш, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлашни йўлга қўйиш мақсадида вилоят туманлари ва шаҳар ўртасида меморандумлар имзоланади.

– Қишлоқ хўжалиги соҳасида шаҳарни озиқ-овқат билан таъминлаш мақсадида кичик ва ўрта бизнес белбоғини барпо этишни, шу билан бирга, боғлар, далалар ва ўрмон ҳудудларини ўз ичига олган “яшил белбоғ” яратиш мақсадида ерларни тўлиқ тафтиш қилишни топшираман, – деди вилоят ҳокими.

Бундан ташқари, Давлат раҳбарининг топшириқлари асосида вилоят, ҳар бир туман ва шаҳарнинг минтақавий ривожлантириш харитаси ишлаб чиқиладиган бўлди.

ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ

Элбоши Мактубида ердан фойдаланиш самарадорлигини ошириш вазифаси белгиланган. “5 йил мобайнида суғормали ер майдонларини 40 фоизга кенгайтириб, 2 миллион гектарга етказиш зарур, ишлаб чиқаришда талаб қилинадиган қишлоқ хўжалигига оид илмий тадқиқотларга сармоялар ҳажмини ошириш даркор. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни диверсификациялаш йўли билан озиқ-овқат товарлари экспортининг 2021 йилга бориб 40 фоизга оширилишини таъминлашни топшираман. Бу вазифалар агросаноат мажмуасини ривожлантиришга оид янги давлат дастури доирасида амалга оширилиши зарур”, дейилади муҳим ҳужжатда. Вилоят ҳокими қишлоқ хўжалиги ривожланган қатор туманларга махсус хизмат сафари билан бориб, мутасаддиларга соҳани ривожлантириш концепциясини тайёрлашни топширди. Томчилатиб суғориладиган экин майдонларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилиб, иссиқхоналар барпо этилмоқда. 

Жанубий Қозоғистон вилояти ҳокимлиги ҳамда Новосибирск шаҳридаги “Фудсиб” савдо мажмуаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Бундан асосий мақсад – минтақадаги қишлоқ хўжалик маҳсулоти ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт салоҳиятини ошириш. 

Мазкур шартнома Россиянинг Новосибирск шаҳрида ўтган “Фудсиб” мева ва сабзавотларни кўтара ҳамда чакана савдо қилиш иншоотининг очилиш маросимида имзоланди.

Шунингдек, “Оңтүстік” “RIC ON EXPORT” қишлоқ хўжалик товар ишлаб чиқарувчиларининг экспорт салоҳиятини ривожлантириш дастури доирасида марказ томонидан молиялаштирилган қишлоқ хўжалик товар ишлаб чиқарувчилари иштирокида “RIC ON KORME” доимий кўргазма-ярмаркаси уюштирилмоқда.

ВИЛОЯТИМИЗ САРМОЯ ЖАЛБ ЭТИШ БЎЙИЧА РЕСПУБЛИКАДА БИРИНЧИ ЎРИНДА

Элбошининг “Қозоғистон хорижий сармояларни жалб этиш бўйича етакчиликни сақлаб қолиши керак. “Астана” халқаро молия маркази мамлакат иқтисодиётига молиявий ресурсларни жалб этишда муҳим роль ўйнаши зарур. Биз товарлар ишлаб чиқариш ва сотиш ҳамда хизматларнинг ягона дунёвий занжирига улана олишимиз лозим. Бунга, энг аввало, трансмиллий компанияларни жалб этиш ҳисобига эришиш керак. Хитой билан ҳамкорликда Қозоғистонда ишлаб чиқаришни барпо этишга доир сармоявий дастурни самарали амалга ошириш зарур. Хитой томони билан келишувга эришилган. Объектлар белгиланган. Амалий ишлаш керак. Бу қозоғистонликлар учун 20 мингга яқин янги иш ўрнини берувчи замонавий корхоналар бўлади”, деган топшириғига асосан минтақамиз раҳбари Ж. Туймебаевнинг ташаббуси билан хорижлик сармоядорлар билан ўнлаб шартномалар имзоланмоқда. Ташқи сармояларнинг минтақа тараққиётига катта улуш қўшиши учун минтақада кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Туман ва шаҳар ҳокимлари сармоядорлар ва тадбиркорларни жалб этиш учун барча зарур шарт-шароитларни яратишмоқда. 2016-2020 йилларга мўлжалланган “Даму” дастури амалга оширилмоқда. Вилоятимизга 180,6 млрд. тенге сармоя жалб этилди, бу ўтган йилгидан 33 фоиз ортиқ. Сармояларнинг асосий қисми нефтни қайта ишлаш заводини замонавийлаштириш ишлари туфайли кириб келди. Бу кўрсаткич бўйича минтақамиз республикада 1-ўринда. 

2017 йилда вилоятимиз ҳудудида 209та сармоявий лойиҳа амалга оширилади. Вилоят қурилиш бошқармаси, шунингдек, туман ва шаҳар ҳокимликлари буюртмачи бўлган ушбу иншоотлардан 116тасини йил охиригача фойдаланишга топшириш мўлжалланган.

 ТАДБИРКОРЛИККА – КЕНГ ЙЎЛ

“Эндиликда Қозоғистон фуқаролари ўз бизнесини юритиш учун қишлоқда ҳам, шаҳарда ҳам 16 миллион тенгегача кичик насия ола олади. Кичик насия бериш доирасини кенгайтириш, тадбиркорларга кафолат бериш ва уларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларга хизмат кўрсатиш дастакларидан унумли фойдаланиш муҳимдир. Мазкур чоралар бизнесга ва молиявий саводхонликка ўргатиш ишини ташкил этиш билан бир вақтда бажарилиши керак. Оммавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш дастакларини янада такомиллаштирмоқ зарур. Қозоғистоннинг ҳар бир минтақаси оммавий, шу жумладан, оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга доир мажмуавий тадбирларни таклиф этиши лозим. Барпо этилган янги иш жойлари сони, худди аввалгидек Ҳукумат ва ҳокимлар фаолияти самарадорлигини баҳолашда энг муҳим мезонлардан бири бўлиб қолсин”, дейилади Элбоши Мактубида. 

Жанубий Қозоғистон вилоятида ширкатлар очиш ва уларни ривожлантиришга доир қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. 14 туманнинг ҳар бирида ширкатлар ташкил этиш ва молиялаштиришга оид тушунтириш ишлари ўтказилмоқда. 

Насиялаш имтиёзли шаклда (8 фоиз) 84 ойга берилади. Шундан 24 ойда тўловлар соддалаштирилган тарзда амалга оширилади. Шу билан бирга ширкатларга лизинг шартномаси асосида қатор имтиёзлар кўзда тутилган. Чунончи, ширкатлар учун махсус, олдиндан тўлаш ва кафолат талаб қилмайдиган молиялаштириш механизмлари ишлаб чиқилган. Инвест-субсидиялар ёрдамида улар таннархнинг ярми миқдоридаги пулга бизнесларини ташкил эта олишади. Бу йўналишда иш юритишни истаганларга кўмаклашишга «Оңтүстік» минтақавий сармоя маркази ва «Ырыс» кичик молия ташкилоти бел боғлаган.

Жорий йилда вилоятимизда «Ырыс» кичик молия ташкилоти ёрдамида 11та ширкат ташкил қилинди. Бундан ташқари 28 ширкатга 567 млн. тенгелик молиявий ёрдам кўрсатилди. 

Вилоят ҳокими Ж. Туймебаев ширкат раисларига 10та сутни қайта ишловчи модулли станция калитларини топширди. Улардан 7тасини «Оңтүстік» минтақавий сармоя маркази ва «Ырыс» кичик молия ташкилоти маблағ билан таъминлаган. Натижада, мазкур станцияларни ишлаб чиқарган Шимкент механика заводига ҳам улкан молиявий ёрдам кўрсатилди.

ЮКСАК МАРРАЛАРНИ КЎЗЛАБ

“Қозоғистон – навқирон, кўпмиллатли, келажагига ишонган, жадал ривожланаётган мамлакат. Биз 25 йиллик тикланиш давридан ўтдик. 

Олдиндаги чорак асрда бизни янада юксак марралар кутмоқда. Давлатчилик барпо этишда ғаройиб, бой тажриба тўплаган ҳолда биз янги босқичга қадам қўйдик. Олдимизда қандай қийинчиликлар учрамасин, биз уларни енгиб ўтишимизга ишонаман. Қудратимиз – бирликда. Биз Қозоғистонни авлодларимиз учун энг гуллаб-яшнаган мамлакатга айлантирамиз”. Элбошининг бу илҳомбахш сўзлари ҳар бир қозоғистонлик қалбида келажакка ишончни орттириб, янги довонларни забт этишга чорлайди. Байрам шукуҳининг ҳар бир хонадонга кириб бориши, ҳалқимизнинг яхши кайфиятда эканлиги – буларнинг барчаси тинчлик ва хотиржамликдандир. Бундай имкониятлар эса барчамизнинг дилларимизда шукроналик ҳиссини уйғотган ҳолда улуғ ва эзгу мақсадлар сари бошлайверади. 

 

 

 

М. ЭЛТОЕВА, 2017-12-04, 18:16 177
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.