26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Қадриятларимиз қадр топган кун

Бундан икки-уч йил муқаддам Сайрам туман ўзбек этномаданият бирлашмаси томонидан Оқсувкентдаги марказий истироҳат боғида миллий либослар кўрик-танлови уюштирилгани ва унда минг йиллик тарихга эга ўзбек халқининг зарчопонларию, қуёш нурида ял-ял товланувчи хонатласлари кўз- кўз қилингани кўпчиликнинг ёдида бўлса керак. 

Ўша тадбирда ҳозир бўлган турли этнос вакиллари ўзбек халқининг азалий бой маданий ва маънавий меросига ички бир ҳавас билан қарашган эди. Ўтган шанба куни Қорабулоқ қишлоқ маданият уйида “Мангу эл қўшиқлари” кўрик-танлови ўтиб, унда қишлоқ санъаткорлари ўз истеъдодларини намойиш этдилар. 

Маданият уйи ҳовлисида ”Саид карнайчи” гуруҳи кўпчиликни байрамга чорлади. 

Қишлоқ аҳли бундай қадриятларини улуғловчи, мумтоз қўшиқларимизни эшитишни соғинган эканми, Маданият уйи ёшу қари санъатсевар томошабинлар билан лиқ тўлди. 

Сайрам туман маслаҳати депутати, тадбиркор Ғанишер Раимқулов етакчилигидаги Қорабулоқ қишлоқ ўзбек этномаданият бирлашмасининг иш режасига мувофиқ уюштирилган мазкур санъат байрамида қишлоқда яшаб, ижод қилаётган турли ёшдаги етти нафар санъаткор мумтоз ҳамда замонавий қўшиқларни ижро этиши керак эди.

Тадбирнинг очилиш маросимида ўзбек этномаданият бирлашмалари республика “Дўстлик” ҳамжамияти раиси, вилоят ўзбек драма театри директори Икромжон Ҳошимжонов, Сайрам туман ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси Фахриддин Исломов, Қорабулоқ қишлоқ округи ҳокими Абдуғофир Абдуқодиров ва бошқалар Қозоғистон халқи Ассамблеяси тадбирлари доирасида ўтказилаётган ушбу танлов мамлакатимизда истиқомат қилаётган бошқа этнослар қатори, ўзбекларнинг ҳам дўстлик, ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашда ўзига хос ўрни борлигини яна бир карра намоён этишини таъкидлаб ўтдилар.

 Шундан сўнг, сухандон Илёс Убайдуллаев чорлови билан бирин-кетин саҳнага кўтарилган, танлов иштирокчилари даставвал мумтоз қўшиқларни маромига етказиб куйлашди. Хусусан, Шоҳруҳ Қодирқулов томонидан ижро этилган “Қурбон ўлам”, Бобур Нодирхоновнинг “Саъий”, Элёр Шерматовнинг “Самарқандга борсам мен агар...”, Наврўз Юсуповнинг “Камдан кам”, Иззатулла Аллануровнинг “Йиғлатур”, Сардор Каримовнинг “Фиғонким” ва ниҳоят Зардиёна Иззатуллаеванинг “Фарғона тонг отгунча” қўшиқларини тошабинлар гулдурос қарсаклар билан кутиб олдилар. 

Шу ўринда хонандаларга жўр бўлиб доира чалган, қолаверса, куй-қўшиққа монанд хиром айлаган ёш ўғил-қизларни байрам кечасига тайёрлаган “Оқсув” мактабининг мусиқа фани ўқитувчиси Ботир Нодирхоновнинг хизматини тилга олиш ўринлидир. Тўрт йилдан бери фаолият юритиб келаётган “Бойчечак” гуруҳи аъзоларининг маҳоратига нафақат томошабинлар, балки, ҳакамлар ҳайъати ҳам тан берди, десак муболаға бўлмайди. 

 Ниҳоят, танловга якун ясалди. Хушовоз хонанда Зардиёна Иззатуллаева бир овоздан олий ўринга лойиқ топилди. Биринчи ўринни Иззатулла Аллануров ва Шоҳруҳ Қодирқулов ўзаро баҳам кўришди. Қолган ўринлар Бобур Нодирхонов, Элёр Шерматов, Сардор Каримов ва Наврўз Юсуповларга насиб этди. 

“Мангу эл қўшиқлари” танловининг ғолиб ҳамда совриндорларига қишлоқ ўзбек этномаданият бирлашмаси томонидан Астанада ўтадиган халқаро ЭКСПО-2017 кўргазмасига йўлланмалар ва қимматбаҳо совғалар тантанали равишда топширилди.

Бирлашма етакчиси Ғанишер Раимқулов келгусида шу каби миллий қадриятларни улуғловчи тадбирларни мунтазам уюштиришни режалаштираётганини таъкидлади. Депутатлик ва бошқа жамоат ишлари бисёр бўлсада, марказ ишларини янада жонлантириб, маънавиятимиз ривожига муносиб ҳисса қўшишга астойдил бел боғлаган бу ташаббускор, уддабуро инсонга келгуси ишларида омад тилаймиз.

 

Али НИЁЗ., 2017-05-04, 11:07 1135
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.