26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Бир қуёшдан нур эмган

Ўзбек-қозоқ ёзувчилар дўстлиги ҳам теран илдизларга эга. Икки халқ алломаларининг  дўстлик алоқалари, ўзаро ҳурмати, ижодий ҳамкорлиги  асрлар оша алоҳида ривожланиб борган. Қозоқ ва ўзбек халқлари ўзаро қўлни қўлга бериб, иноқ  яшаганлиги тарихий ҳақиқат. 

Бу икки халқнинг дўстлиги, ўзаро меҳр-муҳаббати йиллар ўтган сари ривожланиб, бугунги мустақиллик даврида ҳам қарор топмоқда. Ўзбеклар билан қозоқлар ҳар иккала республикада бирга яшаб, ўзларининг яқин биродар, дўстгина эмас, балки жуда ҳам яқин туғишган, оға-ини халқ эканликларини алоҳида намоён этмоқдалар. 

Маълумки, халқлар ўртасидаги дўст­лик кимнингдир иродаси билан эмас, ҳаёт тақозоси билан юзага келади. Шота Рус­тавели, Низомий Ганжавий, Алишер Навоий сингари даҳо шоирларнинг бир миллат вакили бўлмиш йигитнинг бошқа миллатнинг соҳибжамол қизига  бўлган муҳаббатини олқишлаб, ўлмас асарлар яратгани бежиз эмас. Улар учун турли тилларда сўзлашадиган, турли урф-одат­ларга эга бўлган миллатларни ўзаро яқинлаштириш, улар қалбига меҳр-муҳаббат уруғларини сочишнинг бирдан-бир йўли шундай муҳаббатни тасвирлаш эди.

Мухтар Ауезов ва Ойбек, Сабит Муқанов ва Ғофур Ғулом, Абдулла Тожибоев ва Мир­темирлар билан бир даврда яшаган бизнинг авлодимиз улар ўртасидаги буюк дўстликни  ўз кўзи билан кўриб, улар сиймосида ўзбек ва қозоқ адабиётлари ўртасидаги ва умуман, икки халқ ўртасидаги дўстлик боғининг меваларидан баҳраманд бўлиб улғайди. Шунинг учун  ҳам бу дўстлик биз учун катта ва завол билмас қадриятлардан бири бўлиб қолган.

Улуғ рус шоири А. С. Пушкин тавал­лудининг 218 йиллиги муносабати билан Алматида шоир ҳайкали қошида тантанали маросим  бўлиб ўтди. Унда Россиянинг Қозо­ғистон­даги элчихонаси вакиллари, таниқли шоир­лар, ёзувчилар, таржимонлар, ада­биёт­шунослар, жамоатчилик вакиллари, та­лаба-ёшлар ва оммавий ахборот во­сита­лари ходимлари иштирок этдилар. Қо­­зо­ғистон Ёзувчилар уюшмасида атоқ­ли қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматов та­валлудининг 90 йиллигига тайёргарлик  муносабати билан Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси, Қозоғистон-Қирғизистон дўстлик жамияти ҳамда Қозоғистон Давлат Миллий университети қошидаги Чингиз Айтматов маркази ҳамкорлигида йиғилиш ўтди. Унда ҳам кенг жамоатчилик вакиллари қатнашдилар. Халқлар ўртасидаги адабий алоқаларнинг ривожланиши шахслар ўр­тасидаги дўс­тона муносабатларга, уларнинг ўзаро борди-келдиларига бориб тақалади. 

Шу маънода Чингиз Айтматовнинг ўз­бек адабиёти намояндалари Миртемир, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Абдулла Орипов ҳамда қорақалпоқ адиби Тўлап­берган Қайипберганов, қозоқ шоири Мухтар Шаханов, туркшунос олим, ёзув­­­­­­­­­­чи Ўлжас Сулейменов билан дўст­лиги алоҳида аҳа­миятга эга.

Тарих шундан шаҳодат берадики, минг йиллар мобайнида синовдан ўтган, халқлар ўртасидаги тинчлик ва осойишталикка хиз­мат қилувчи абадий қадриятлар асло йў­қолмайди. Халқлар ва адабиётлар ўрта­сидаги дўстлик шундай абадий қа­дриятлардан биридир.  

Адабий ва маданий алоқаларни ривож­лантиришга икки қардош мамлакат Прези­дентлари Нурсултан Назарбаев ва Шавкат Мирзиёевларнинг бир йилда 7 марта учрашгани ҳам  жўшқинлик беради, албатта. 

Абдулла Тожибоев айтганидек, илоҳим, бир қуёшдан нур эмган, бир дарё сувидан сероб бўлган икки қардош адабиётнинг ва икки қардош халқнинг дўстлик дарахти асло завол билмасин!                  

Авазхон АБДУФАТТОҲ, 2017-12-07, 11:53 1015
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.