26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Сувлар борми, бир туш айтсак...

Кексаларимиз кимга эзгулик тиласа, «сувдай сероб бўлинг», дея ният билдиради. Бунинг замирида сувдай қадрли бўлиш тилаги билан бирга унинг мўл-кўл бўлиши ҳақидаги орзу-истак ҳам мужассам. Сув сероб бўлса, набототу ҳайвонот, инсону замин тириклик неъматидан баҳра олиб, униб-ўсади. Чунки, сув борлиқнинг гуллаб-яшнаши, эл-юрт фаровонлигига сабаб бўлади. Лекин бугунги мавзумиз фақат сув ҳақида эмас, унинг тозалигига ҳам эътибор қаратсак. 

Ёши катталар эслашади: илгари ариқ сувини қайнатиб ҳам, қайнатмай ҳам ичишган экан. Дарёлар ҳам, ариқлар ҳам зилол бўлган экан. Ҳозир бу сувларда қўл ювишга ҳам жирканиб турасиз.

Ариқ ва дарёларда мағзава, турли чиқиндилар оқиб келаётганини кўрамиз. Ота-боболаримиз «Сувни ифлослаган, ножоиз нарсалар ташлаган одам кўр бўлади», деб бежиз айтишмаган.

Қишлоғимиздаги бир момо тушларимни айтиб келай, деб ариқ бўйига борарди. Энди тасаввур қилиб кўринг, шу кунларда бир ёши улуғ киши тушини айтиш учун дарё бўйига борди. Ахлат ва чиқиндиларни кўриб, дили оғриши ва тушини айтмай қайтиши турган гап. 

Қўчқор ота дарёси тиниқ булоқлардан бошланиб, Шимкент шаҳар марказини кесиб ўтадиган ягона дарё.

Буюк Ипак йўлида жойлашган бу ҳаёт манбаи асрлар бўйи олис юртлардан келган карвонлар чанқоғини қондирган.

Тарихий қадамжога айланган бу дарёнинг тозалигини таъминлаш учун йирик миқдорда маблағ ажратилмоқда, шунга қарамай, Қўчқор отанинг бўйида катта-катта ахлат уюмларини кўриш мумкин. 

Ишлатилган пластик идишларнинг юзлаб турлари ва пиво шишаларини ҳам шу дарёдан топасиз. 

Бу ерни тозалаш ва ободонлаштириш юзасидан шаҳар меъморлари режа ишлаб чиқишди. Лекин унинг амалга ошиши учун барча шимкентликлар бир ёқадан бош чиқаришлари керак. Ваҳоланки, ёзнинг жазирамасида бу дарё соҳиллари шаҳарликлар ва меҳмонларнинг энг боҳаво ва кўркам масканига айланиши керак. 

Суви тоза дарёда балиқлар кўпаяди. Соҳил тунда ҳам ёруғ бўлса, тозалик таъминланади. Вилоят ҳокими шаҳарликларни ватанпарварликка чорлаб, Шимкентнинг тозалигини таъминлаш барчанинг бурчи эканлигини эслатганди. Она шаҳримиз Шимкентни севган инсон унинг тириклик тимсолига айланган Қўчқор отани ҳам асраб-авайлайди.

Газетамизда ёзилаётган ҳар бир мақола эътибордан четда қолмаслиги керак. Лекин, бунинг учун мақолада аниқ таклифлар ҳам бўлиши шарт. Менинг таклифим – ЭКСПО- 2017 Халқаро кўргазмасида намойиш этилган технологияларни вилоятимизда кенг қўллаш. Чунончи, японлар павильонида намойиш этилган ажойиб чиқинди челаги. Агар унинг ичига аҳлат ташласангиз, миннатдорчилик эшитасиз. Челакдан чиқаётган овоз интизомли эканлигингизни эътироф этиб, атроф-муҳит озодалигига қўшган ҳиссангиз учун сизга ташаккур изҳор этади. Асосан, болаларга ўрнак бўлиш учун ўйлаб топилган бу янгиликни, тажрибани бутун дунё бўйлаб қўллаш керак. Челак қуёш батареясида ишлайди. 

Иккинчи таклифим. Атрофни ифлослантираётган одамни кўрсак, истиҳола қилмай, танбеҳ беришни ўрганишимиз керак, чунки, бу ишни бизга четдан биров келиб, қилиб бермайди. 

Зеро, халқимиз азал-азалдан тозаликка, озодаликка жуда катта эътибор бериб келган. Совчилар аввал уй тозалигини кўриб, кейин қизини сўрашган. 

Ҳадисда: 

“Уйларингизда ахлат-чиқиндиларни қолдирманг, чунки ахлат-чиқиндилар жину шайтонларнинг хуш кўриб ўтирадиган жойларидир” дея марҳамат қилганлар. Агар, ҳамюртларимиз бу насиҳат ва кўрсатмалардан хабардор бўлса, юқорида айтган челакнинг кераги бўлмасди. Ўйлайманки, атроф-муҳит тоза бўлса, одамлар ҳам касалликка чалинавермайди. Буюк аждодимиз Ибн Сино "Агар дунёда чанг-ғубор бўлмаса, одам минг йил яшарди", дея башорат қилган экан. Бир-биримизга узоқ умр тилагини сўзда эмас, амалда кўрсатайлик, азизлар.

М. АБДУРАИМОВА., 2017-12-11, 18:34 614
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.