26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Мангу Элнинг ватанпарварларимиз

“Ватанни севмоқ имондандир”, деган ибора бежиз айтилмаган. Ҳар биримиз ҳаётга муҳаббатли, она Ватанга садоқатли бўлмоғимиз даркор. Юртни юракдан севиб, ардоқлаш учун биз меҳнатсевар, адолатли, меҳр-оқибатли, кек­саларга ҳурмат, ёшларга иззат кўрсатувчи, шарм-ҳаё, тўғрилик, инсоф-диёнат, раҳм-шафқат ва мурувват, камсуқумлик, бар­дош­лилик каби юксак фазилатларга эга бўлмоғимиз даркор.

Элбоши Нурсултан Назарбаев “Қозоғистон – 2050” стратегияси шаклланган мамлакатнинг янги сиёсий йўналиши” номли Мак­тубида: “Бизнинг асосий ютуғимиз – мустақил Қозоғистонни барпо этганимиз”, – деб, Қозоғистон хал­қи­нинг мустақиллик йилларида эришган муваффақиятларини саралаб, таҳлил қилиб, шулар қаторида “Қозоғистон–2030” стра­тегиясининг якуни, натижаси, ютуқ­ларини таъкидлаб ўтган эди. Айнан ижтимоий барқарорлик ҳамда тотувлик туфайли халқаро майдонда танила бошлаганимизни  Элбоши бот-бот такрорлайди.

Ана шу Мактубдаги муҳим йўна­лиш­лардан бири – янги,  қозоғистонча ватан­­парварликни шакллантириш экани барчага маълум. Бунга атрофлича тўх­таладиган бўлсак, ҳозирги кун­да ушбу масала ҳар қачонгидан ҳам му­ҳимроқдек туюлади. Сабаби, унга дав­лат раҳбарлари ҳам алоҳида эъти­бор қаратмоқда. Элбоши сўнгги Мактубининг еттинчи бандида “Янги қозоғистонча ватанпарварлик – бизнинг кўпмиллатли ҳамда кўп конфессияли жамиятимиз муваффақиятининг гарови” экани айтилган. Унда: “Биз­нинг ушбу йўналишдаги асосий мақсадимиз оддий ва тушунарли: биз ижтимоий тотувликни сақлаш ҳамда мустаҳкамлашга масъул­миз. Бу – бизнинг мамлакат сифатида, жамият сифатида, миллат сифатида ҳаёт кечиришимизнинг муқаррар шарти. Қозоғистон ватанпарварлигининг негизи – барча фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилиги ҳамда уларнинг Ватан олдидаги умумий бурчи”, дея алоҳида қайд этди.

Қадимда ота-боболаримиз Ватанни ҳимоя қилишда жону танини аямай, ватанпарварликнинг энг илғор намуна­сини кўрсатган. Сабаби, у табиат, мил­лий тарбия орқали берилган туйғу. Қазибек бий: “Отадан яхши ўғил туғилса, элининг байроғи бўлади. Отадан ёмон ўғил туғилса, карвоннинг орти бўлади”, деган. Бундай доно нақллар асрлар бўйи халқимиз ишончини мус­таҳкамлаб, ажойиб инсоний хислатларни қонига сингдирган. Биз ҳали ҳам ушбу хислатлардан айрилмадик. Бинобарни, эндиги масала миллий ватанпарварлик намунасини янги, қозоғистонча ва­тан­парварлик билан боғлаш, бар­ча миллатларга элимиз, еримиз, мил­латимиз, давлатимизни қадрлашда йўл-йўриқлар кўрсатишдан иборат.

Ватанпарварлик – оилага, туғилиб, ўсган элга, она замин ва табиатга, халққа бўлган ҳурматдан бошланади. Ўз миллатини, ерини суйиб, унинг бори ва йўғини дилдан ҳис этган одамгина чинакам ватанпарвар бўлади. Бунинг учун мажбурлаш керак эмас. Президент Н. Назарбаев: “Ҳар бир одам давлатимизга, унинг бой ва машҳур тарихига, унинг келажагига ўзининг тегишли эканини ифтихор билан ҳис қилиши лозим. Элнинг муаммолари ҳам, келажаги ҳам барчага яқин ҳамда тушунарли бўлиши керак. Ҳар бир қозоғистонлик ёшлигидан Қозоғистон – менинг Ватаним, унинг мен учун масъул экани каби мен ҳам унинг учун масъулман, деган оддий қоидани қалбига сингдириб яшаши керак”, деди ватанпарварликнинг ёрқин мисоли сифатида.

Қозоғистоннинг ҳар бир фуқароси учун ватанни севиш, ватанпарварлик руҳидаги тарбиянинг ўрни аввал ҳам ўзгача бўлган, бугун ҳам унинг моҳияти йўқолган эмас. Ҳар қандай давлатнинг ривожланиши онгли фуқаролар қато­рининг ортишига боғлиқ. Мана шу йўлдан тоймай, элимиз учун эринмай меҳнат қилсак, бунга ўз ҳиссамизни қўшишимиз аниқ. Келажакда эл тизгинини қўлга оладиган ёшларнинг билимли, ҳар томонлама иқтидорли, малакали бўлиши қанча муҳим бўлса, уларнинг Ватанига меҳр-муҳаббати зиёда бўлиши шунчалик зарурий эҳтиёжга айланади. Чунки, элини, ерини суймаган фуқаронинг Ватанига содиқ бўлиши даргумон. Миллатининг ватанпарвари бўлган фуқаро тилга эътиборсиз бўлол­­­майди. Ўз тилида ҳам, ўзга тилларда ҳам эркин гапирадиган мутахассис ҳар қачон элига фойда келтириши тайин. Мустақиллик даврида ватанпарварликни инсон онггига сингдириш  – алоҳида аҳамиятга эга масалалардан бири.

“Сиёсий-изоҳли луғати”да ватан­пар­варлик шундай таҳлил қилинган экан: “Патриотизм (юнон­ча patris – Ватан, ота юрт) – ўзининг шахсий ҳамда гуруҳли ман­­­­­­­­­­­­­­­­­фаатларини элимиз манфаатларига бўй­­­­­­­­­­­­­­­сундира­диган, унга виждонан хизмат қи­­­­­­­­­либ, ҳимоялашни мақсад қилган, ўз Ватанига, Отамаконига деган те­ран му­­­­­ҳаббат туйғуси”. Бугунги ватан­пар­варлик масаласи глобаллашув, бай­налмилалчилик, давлатлараро, мин­­­тақавий ҳамда ер шари бўйича ҳам­жиҳатлик асосида мус­таҳкамланиб бормоқда.

Луғат муаллифлари халқона ватан­парварликни – миллатни севиш билан боғлашади. Ваҳоланки, у фақат мил­латни севиш билан чекланмайди. Шу­нингдек, у давлатини, тилини, дини­ни, урф-одатларини эъзозлашга ҳам боғлиқ эканлиги ҳақиқат. Кўплаб муваф­фақиятларга сабабчи бўлган ҳам  ватанпарварлик десак, янглишмаймиз. 

Ватанпарварлик феноменини учга ажратган маъқул, дейди мамлакат олим­­лари. Бу: давлат, миллат ҳамда алоҳида турлари. Унинг биринчиси бугунги кунда ўта муҳим саналган – янги қозоғистонча ватанпарварлик. Бу элимизда истиқомат қилаётган 130дан зиёд миллат ва элатларнинг элга бўлган муҳаббати. Яъни, бар­ча қозоғистонликларнинг янги ватанпар­варликка мойил бўлиши асосий мақсад, кун тартибидаги масалага айланган. Умуман олганда, ҳар қандай одам ватанпарварликни бешикдан вужудига сингдира бошлайди. Бунда оилавий тарбиянинг ҳам, мактаблар, олий ўқув юртлари ва уларда таълим берувчи устозларнинг ҳам улуши зўр. 

Элбоши Н. А. Назарбаев Қозоғистон халқига Мактубида Лондон Олим­пиадасидаги спортчиларимизнинг 205та миллий терма жамоа ичида 12-ўрин олганини алоҳида таъкидлаб ўтди, шунингдек, Қозоғистон жамоаси кўплаб этнослар мустаҳкам ва тотув чанғароғининг ягона жамоаси сифатида мусобақага тушганини фахр билан маълум қилди.

Элбоши бу ғалаба нафақат қозоқ­ларнинг, балки бутун қозоғис­тонлик­ларнинг ғалабаси эканини айтиб, мам­лака­тимизнинг ҳар бир фуқароси олтин, кумуш ҳамда бронза медаль соҳиб­ларидан мамнун бўлганлигини яширмади. 

– Олимпиададаги ғалаба тантанаси халқи­мизни янада жипслаштириб, ва­тан­­парварликнинг катта кучини на­мойиш этди. Оммавий спорт ҳамда юксак ғалабаларга етаклайдиган спорт мажмуавий тизимли услубни талаб этади. Фақат соғлом миллатгина рақо­батбардош бўла олади, – деди Президент.

Кўп этносли Қозоғистон учун мил­латлараро тотувликдан кўра муҳимроқ масала йўқдир. Эларо барқарорликка давлат томонидан алоҳида эътибор берилиши ҳам шу туфайли. Қолаверса, ижтимоий тузилмаларнинг шаклланиб, иш юритишлари ҳам айни муддао. Бундай ташкилотлар ва марказларнинг асосий мақсади ҳам жамиятдаги барқарорликни, ижтимоий тафаккур ҳамда миллий ғояни шакллантиришга йўналтирилган. Ушбу муҳим масалалар қаторида қозоқ тилидан фойдаланиш доирасини кенгайтириш масаласи ҳам олдинги ўринда тургани ҳақиқат.

Агар элимизнинг келажаги – ёшларни ватанпарвар, миллатпарвар қилиб тарбияламоқчи бўлсак, энг аввало, қозоқ маданияти ва санъатига, давлат тилига эътибор берганимиз маъқул.  

Хулоса тарзида Элбошининг Қозо­ғистон халқига Мактубидан парча келтириш билан мақолани якунлаймиз: “2050 йилгача биз Қозоғистоннинг ҳар бир фуқароси эртанги кунга, келажакка ишончли сиёсий тизим қуриши керак. Бизнинг болаларимиз ва набираларимиз бошқа мамлакатлардан кўра, Ватанида яшаш афзалликларини ҳис этиши, ўз элида яхши яшаши керак. Бизнинг элимизнинг ҳар бир фуқароси ўзини ўз элининг эгаси сифатида билиши керак”.

Элбоши Астана ҳақида

* Астана асосан мамлакат ҳамда хориж компаниялари маблағи эва­­­­­­­зига, қозоқ эли фаровонлиги учун қурилди, бизнинг келажак ав­­­лодимиз эзгулиги учун қурилди. Бунинг учун қувонаман, ўкинмайман. Вақти келиб, келгуси авлод бизнинг бўғинга минг маротаба раҳматини айтадиган бўлади.

 * Астананинг халқимиз фахр­­­­­ланадиган шаҳар бўлишига, йигирма биринчи аср меъморчилиги асосида бунёд этиладиган янги пойтахт бўлишига шубҳа йўқ.

* Астананинг нафақат Қозо­ғис­тондаги, балки дунёдаги энг кўркам шаҳарлардан бирига айланишига ҳамда унинг яхшиликларини қозоғис­тонликларнинг ҳали жуда кўп авлоди кўришига ишончим комил.

* Астана бизнинг умидимиз,  кучимизга бўлган ишончимиз, келажак тимсолига айланди.

*Астанадек шаҳарни барпо этма­ганда, биз ЭКСПО каби халқаро кўргазмани ўтказиш ҳуқуқини Евро­панинг талай кучли мамлакатлари билан тортишиб, ютиб ололмас эдик. Астананинг номзодини қўл­­лаб овоз берган эллар Қозоқ мам­­лакатининг шундай замонда шаҳар қурганини кўриб, ҳавас қилиб, ўз баҳосини бермоқда.

*Астананинг нуфузи – қозоқ маъ­­­­­­­­на­­­­­­­­­­­­­­­­виятининг нуфузидир.

* Астана мен учун тўнғич фар­зандим каби. Мен Ватанимизнинг киндиги бўлмиш ерда пойтахт қу­ришни мақсад қилдим.

* Янги Астана – қадимги қозоқ заминининг тўри.

* Янги Астана – мустақил Қозо­ғистон учун порлоқ келажакнинг ни­шонаси.

* Астана қиёфаси – миллат қиёфаси.

Айгул ШАРИПБЕК, 2017-12-11, 18:38
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.