26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Абдуқаҳҳор ҲАСАНОВ: “Халқимга нафим тегса, дейман”

Орамизда тиниб-тинчимайдиган, қачон қараманг, биронта янгилик яратиш ёхуд бошқаларга наф келтирадиган ишнинг бошини тутиш ишқида елиб-югурадиган инсонлар талайгина. Улар ҳақида гап кет­ганда, бир сўз билан “омилкор” дейишади. Баъзилар эса “фалончи зап ишнинг кўзини биладида, қандини урсин” деб чин дилдан қувонади. Уларга ҳасад қиладиганлар ҳам  топилади, албатта. Нима бўлганда ҳам айнан ана шундай ишбилармон ҳамюртларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли янги иш ўринлари очиляпти, киши кўзини қувонтирадиган муҳташам иморатлар қад кўтаряпти. 

Сайрам тумани, Қорабулоқ қишлоғида амалга ошири­лаётган эзгу ишлар ҳақида гап кетганда, сўзсиз, биринчи галда, Сайрам туман маслаҳатининг депутати, тадбиркор, меценат  Абдуқаҳҳор Ҳасановнинг номи тилга олинади. Бу бежиз эмас. Чунки, бу сахий инсон тадбиркор сифатида янги бозорлар очиб, кўплаб ҳамюртларимизни иш билан таъминлаётган бўлса, депутат сифатида бюджетдан тегишли  маблағ ажратилишига эришиш эвазига янги таълим муассасалари барпо этилмоқда, кўчалар асфальтланиб, йўлакчалар қурилмоқда. 

Бундай ишлар, ёки айтайлик, давлат маблағидан ўринли фойдаланиш ҳамма халқ ноибиининг қўлидан келавермайди. Депутат А. Ҳасанов билан кундаликдаги вазифалар, келгуси режалар хусусида суҳбатлашиш имконияти туғилиб қолди.

– Абдуқаҳҳор Матлаб ўғли, сиз бир неча чақириқ­дан бери туман маслаҳати депутатисиз. Шу муддат мобайнида сай­­­лов­чиларингизга берган ваъда­ларингизнинг устидан чиқдингизми ёки ҳали ҳал этилиши зарур муаммолар борми?

– Ўринли савол бердингиз. Дар­ҳақиқат, ҳар бир депутат номзодини кўрсатаётганида ўзига ишонч бил­дирган ҳамюртлари олдида сўз беради. Мабодо, ваъдасининг устидан чиқ­­маса, у ҳолда келгуси чақириқда  унга ҳеч ким овоз бермайди. Сай­лов чоғида менга ҳам шундай та­лабномалар беришган. Буларга би­ринчи галда, йўлларни созлаш, сув қувурларини тортиш, симёғочлар ўрнатиш каби масалалар киради. 

Шу ўринда, гарчи мақтанишга йўйсангиз ҳам айтиб ўтай, мен де­путат бўлмаган чоғимда ҳам ҳам­қиш­лоқларимдан ёрдамимни аяма­­­­ганман. Халқимизда депутатни бежиз “халқ хизматкори” дейишмайди. Шун­дай бўлгач, биринчи галда сай­ловчиларимга берган сўзимнинг ус­тидан чиқишга ҳаракат қилдим. Қишлоқда яшагандан кейин, деҳқонга, албатта, экин суви керак. “Ишчи” даҳа­сига экин суви Оқсувкентдан етиб келгунича ярмидан кўпи ис­роф бўлади. Шунинг учун  Янги каналнинг 21 чақиримини бетонлаш мақсадида республика экология департаментидан бир миллиард тенге ажратилишига эришдим. 

Бу иш осонликча битмади. Қанча-қанча ҳаракат­лардан кейин  ариққа бетон ётқизилди. Энди қаранг, қишлоқда туғилиш кўп, йилдан йилга ўғил-қизлар сони ортиб бормоқда. Демак, ёшлар билимли бўлиши учун замонавий мактаблар зарур. Шу ҳудуддан сайланган депутатлар билан ҳамкорликда кейинги беш-олти йил ичида қарийб барча таълим муассасалари янги биноларга кўчиб ўтди. Депутатдан янги мактабга лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёр­­лашдан тортиб, тўлиқ битгунга қа­дар барча хизматларга бош-қош бўлиш талаб этилади. Агар, ку­­­затган бўлсангиз, 30та кўча рес­публика бюджети ҳисобидан тў­лиқ асфальтланди. Баъзи тир­банд чорраҳаларга светофор ўр­натиш, "Далабозор" кўчасини обо­донлаштириш сингари ишлар ҳам ўтган давр мобайнида амалга оши­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­рилди. Яна бир қанча режалар бор­­­­ки, бу хусусда вақти-соати билан айтилади.    

– Депутат сифатида амалга ошираётган хизмат­ларингиз ас­лида бундан ҳам кўп. Энди тад­биркорлик фаолиятингизга қайт­сак. Икки йил муқаддам қишлоқ аҳолисининг вилоят прокурори билан бўлган учрашувида сизга қарашли мол бозорини янги жойга кўчириш хусусида гап кетганди.

– Дарҳақиқат, ҳозир ишлаб турган мол бозори аҳоли зич яшай­диган манзилда жойлашгани сабабли, шу­нингдек, турли юқумли касалликлар тарқалишининг ол­ди­­ни олиш мақ­садида қишлоқ чеккасида янгидан замонавий бозор қурилмоқда.  Ма­ҳаллий ҳокимлик билан тузил­ган меморандумга кўра, янги бо­зор белгиланган муддатда ишга ту­ширилади. Бу ерда чорва моллари наслига, турига кўра, алоҳида-алоҳида жойлаштирилади. Қисқаси, у ҳозирги бозордан ўн чандон ях­широқ, барча қулайликларга эга бўлади. Шунингдек, мол гўштини қайта ишлайдиган цех, 300 ўринли болалар боғчасини ҳам очганман. Улар ишлаб турибди. Келгусида яна янги иш жойларини барпо этиш, ҳамқишлоқларимга иложи борича қулайлик яратиш устида бош қотиряпман. Халқимга озми-кўпми, нафим тегса, кўпчиликнинг дуосини олсам, дейман.

– Яқинда “Кўҳна ва навқирон Қорабулоқ” китоби қўлимга тушиб қолди. Қўлланмага керакли ноёб манбаларни топишда ёрдамингиз тегибди...

–  Аслида, қишлоғимиз тари­хи жуда кўҳна. Кўпдан буён Қора­булоқнинг ўтмиши, ушбу заминда яшаб ўтган инсонлар ҳақида китоб чоп этишни режалаштириб юрган эдик. Мана, ниҳоят, иш амалга ошди. Дарҳақиқат, китобга керакли ноёб маълумотларни архивлардан, халқ душмани сифатида отишга ҳукм қилинган ва кейинчалик тўлиқ оқланган ҳамқишлоқларимиз ҳақи­даги даракларни махсус хизмат идорасидан олишда ёрдамим тек­кани рост. Яна китобнинг дунё юзини кўришида ҳам озми-кўпми хизматларим бор. 

Демоқчиманки, биз биргаликда меҳнаткаш халқи­мизнинг ўтмиши ва бугунидан ҳикоя қилувчи жуда ноёб китоб  яратдик. Бундай савобли ва эзгу ишда иштирок этганимдан бениҳоя хурсандман. Ўйлайманки, бу рисола ёшларимиз учун  ота-бо­­­­­­­­­­­­­болари ўтмишидан сўзловчи қим­­­­­­­­­­­­­­­­матли қўлланма сифатида қадр­лидир.

– Абдуқаҳҳор, юқорида тилга олинган савобли ва хайрли иш­ларда, қолаверса, халқ хизматида ҳеч қачон хориманг!

P.S. А. Ҳаса­­нов куни кеча "Вилоятга кўрсатган хизматлари учун" медали билан тақ­дирланди. Юксак му­кофот муборак!

 

И. КАРИМОВ, 2017-12-14, 10:04 185
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.