26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Ўзбек этномаданият бирлашмаси: кеча ва бугун

Шимкент шаҳри ҳамда вилоятимизда истиқомат қилувчи бир гуруҳ зиёлиларнинг саъй-ҳаракатлари натижасида, шаҳар ижроия қўмитасининг “Ўзбек маданият марказини тузиш тўғрисида” 1989 йил 21 ноябрдаги 971-сонли қарорига биноан 1989 йил 17 декабрда марказнинг таъсис қурултойи чақирилди.

Унда жамоат фидойилари ижодкор шоир Ирисмат Юнусметов (Сарварий), Фарҳод Асилов, Собиржон Нурметов, Абубакир Қорахўжаев, Мурод Каримбоевларнинг маърузалари тингланиб, жамоат ташкилотининг Низоми ва дастури қабул қилинди. Марказга ёш олим, физика-математика фанлари номзоди Собиржон Нурметов раис этиб сайланди.

Янгидан тузилган ташкилотнинг асосий вазифалари: миллий, маданий бойликларини сақлаб қолиш ва уни ривожлантириш, ўсиб келаётган авлоднинг маданий-эстетик тарбиясини миллий қадриятлар асосида шакллантириш, шаҳар ва қишлоқлар орасидаги алоқани ҳамда қардош халқлар дўстлигини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, вилоятимизда истиқомат қилаётган ўзбеклар олдида турган муаммоларни ҳар томонлама ўрганиб чиқиб, уларни ҳал этишда фаоллик кўрсатишдан иборат эди. Шунингдек, зангори экран, оммавий ахборот воситаларидан кенг фойдаланиш, вилоят ўзбек драма театрини қайта тиклаш каби вазифалар тилга олинган эди.

Ш. Муҳаммаджонов, К. Соипов, Э. Йўлдошев, М. Имомсаидов, С. Бекмуродов. А. Абдуқодиров, М. Бекметов, И. Ниёзов, Т. Маҳмудов, М. Мирхолдоров, М. Соипов, Э. Қирғизбоев, М. Абдиева, У. Мусаева, И. Туёқов, Ф. Мусаев, М. Муҳиддинов, М. Орипов каби фидойи инсонларнинг (барчасини атаб ўтишнинг иложи йўқ) кўпчилиги бугунги кунда бу ёруғ дунёни тарк этган бўлсаларда, уларнинг эзгу ишлари халқимиз, бугунги ёшлар қалбида абадий қолажагига ишончим комил. Хуллас, бундан 28 йил муқаддам ўзбек маданият марказининг ташкил этилиши халқимизнинг улкан ютуғи, катта бир тарихий воқеа бўлган, десак муболаға бўлмайди.

Қурултойда қабул қилинган дастур миллатимиз олдида турган деярли барча муаммоларни қамраб олиб, бугунги кунда ҳам долзарблигини йўқотмади.

М. Исоқов раис бўлди

1992 йил 25 октябрда ўтган қурултойда Маҳаммадрасул Исоқов марказга раис этиб сайланди. М. Орипов жамоат ташкилоти ҳисобчи-иқтисодчиси ҳамда тафтиш комиссиясининг раиси, Э. Қирғизбаев, сўнгра А. Абдуҳолиқовлар раис ўринбосарлигига сайланиб, фаол иш олиб бордилар. 

М. Исоқов даврида қишлоқ, туман ва вилоят раҳбарлари билан алоқани яхшилашга эътибор берилди. Халқ фаровонлигини ошириш йўлида ишлар олиб борилди. Миллий байрамлар Абай номидаги истироҳат боғида ўтказиладиган бўлди.

И. Ҳошимжонов – учинчи раис

1999 йил 17 июнда ўтган навбатдаги қурултойда Икромжон Ҳошимжонов жамоат ташкилотига раис этиб сайланди. 2000 йил январь ойида марказ қошида мунтазам иш олиб борадиган махсус гуруҳ тузилди. У “Йил одами” унвонининг Низомини ишлаб чиқди ва тасдиқдан ўтгач, 2000-2001 йил натижаларига кўра, эл фаровонлиги, халқ соғлиги, бойлигини оширишда, миллатлар орасидаги дўстлик-тотувликни мустаҳкамлашдаги хизматларини эътиборга  олган ҳолда 51 нафар миллатдошимиз бу шарафли номга сазовор бўлди. Ўзбек тили мақомини ошириш мақсадида Жанубий Қозоғистон вилоят таълим бошқармаси Таълим ва фан вазирлигига хат йўлланиб, кўзланган мақсадга эришилди. Натижада Жанубий Қозоғистон давлат университети филология факультети қошида “Чет тили: ўзбек филологияси” бўлими фаолият юрита бошлади. “Офарин” кўрик–танловига асос солинди. Шунингдек, миллий анъаналар, урф-одатларга ёт иллатларга чек қўйилди. Вилоят ўзбек драма театрининг очилишида ҳам маданият маркази етакчиларининг хизматлари салмоқли бўлганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Янги раиснинг режалари катта

2017 йил 4 мартда ўтган навбатдаги қурултойда таниқли тадбиркор, вилоят маслаҳатининг депутати Бадриддин Нишонқулов кўпчилик овоз билан раисликка сайланди. Янги раиснинг ўзбек ёшларини ўқитиш, рақобатбардош кадрлар қилиб етиштириш йўлида олиб бораётган фаолияти, саъй-ҳаракатлари, ёшларга кўрсатаётган ғамхўрлиги ҳақида кўп ёзганмиз.

У ўтган қисқа вақт ичида миллатимиз вакилларидан бир неча гуруҳини кўҳна Самарқандга, Туркистон шаҳрига зиёратга олиб бориб, мўътабар оталар, мунис оналаримизнинг дуоларини олди. Жанубий Қозоғистон вилоят ўзбек этномаданият бирлашмаси вилоят таълим бошқармаси услубият кабинети ҳамда “Өрлеу” педагог кадрлар малакасини ошириш миллий маркази билан ҳамкорликда қатор тадбирлар ўтказди. 

Қозоғистон халқи Ассамблеяси томонидан ўтказилаётган тадбирларда ҳам бирлашма етакчиликни қўлдан бермай келмоқда. 

Жорий йилги “Ўзбек тили, маданияти ва анъаналари” байрами Ўзбекистон, Туркманистон, Қорақалпоғистон Республикалари халқ артисти Ортиқ Отажонов ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, ҳамюртимиз Ғиёс Бойтоев ҳамда вилоят ўзбек драма театри санъаткорлари иштирокида кенг нишонланди.

Ҳайитмат МУҲИДДИНОВ, 2017-12-14, 10:26 690
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.