26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Янги шифо маскани

Тўлебий туманида даволаш-соғломлаштириш маркази очилди

Вилоят ҳокими Жансейит Туймебаев хизмат сафари билан Тўлебий туманига бориб, Ақтас қишлоғида яқинда очилган «Ақкен-Саумал» даволаш-соғломлаштириш маркази фаолияти билан танишди. 

Жанубий Қозоғистоннинг табиати сўлим, мафтункор гўшасида очилган оромгоҳ нафақат дам олиш, балки, йирик шифо маскани бўлиб, бир пайтнинг ўзида 50 одамни қабул қила олади. 

Оромгоҳнинг очилиш маросимида вилоят маслаҳати котиби Қайрат Балабиев ва «Нур Отан» партияси вилоят филиали раисининг биринчи ўринбосари Нурмахан Жўлдасов бошчилигидаги халқ ноиблари иштирок этишди.

Беморларни бу ерда қимиз билан даволашади. Соғликни мустаҳкамловчи, бардамлик бахш этувчи шифобахш ичимлик билан даволаш муддати 10 кун. Масканнинг смета баҳоси 500 млн. тенге. Бу туманга сўнгги йилларда жалб этилган энг йирик сармоя. Оромгоҳнинг иккинчи навбати ишга тушадиган бўлса, яна 25 киши доимий иш билан таъминланади. Ҳозирнинг ўзида бу ерда 15 киши иш бошлаган, уларнинг аксарияти қишлоқ аҳли.

Марказ фаолиятига муваффақият тилаган вилоят ҳокими тўлебийликларни яқинлашиб келаётган Мустақиллик байрами билан табриклади. 

– Бугун биз миллий ичимлик билан даволовчи дастлабки марказнинг очилиш маросимида иштирок этмоқдамиз. Уни очишдан мақсад – ички туризмни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳамда аҳолини тоза табиий ичимликлар билан таъминлаш. Шунингдек, янги иш ўринларини очиб, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш, – деди минтақа раҳбари. 

Бу ерда сурункали гепатит, ошқозон-ичак касалликлари, қандли диабет, ошқозон ости безининг яллиғланиши, хафақон (қонбосими) каби ўнлаб касалликларни даволаш мумкин. Нафас йўли касалликлари билан оғриганларга ҳудуднинг микроиқлими айни муддао. Дам олувчилар, зиёратга келувчилар учун тансиқ таомлар тайёрлайдиган ошхона мавжуд. Даволанувчилар бу ерда минералли ва тузли ванна қабул қилиши, ёпиқ бассейнда чўмилиши, фин ҳаммоми, фитобар, уқалаш хонасида ҳамда биооптрон-ёруғлик ускуналарида муолажа олиши мумкин.

Шунингдек, маданий ҳордиқ чиқариб, жамоавий тадбирларни ташкил қилиш ва табиат қўйнида вақтни кўнгилли ўтказиш учун қулай шароитлар яратилган, от спорти билан шуғулланиш ҳам мумкин. Зеро, чавандозлар айтганидек, от минган одам соғлом ва бақувват бўлади. 

– Тўлебий тумани ўзининг мўъжизавий табиати, шифобахш булоқлари, тарихий ва меъморий ёдгорликлари билан сайёҳларни ўзига ром этмоқда, – деди марказ таъсисчиси Жарқинбек Тўлтебай оромгоҳнинг очилиш маросимида. – 300га яқин шифобахш зилол булоқлар мавжудки, уларнинг таъриф-тавсифини айтиб, тугатолмайсан. Мазкур маскан асосан оилавий ва жамоавий дам олувчиларга мўлжалланган. Кўриб турганингиздай, чет эллардаги машҳур курортлардан кам жойи йўқ. Қисқа вақтда оламшумул ишлар амалга оширилди. Шуни ҳам эътироф этиш керакки, бу ердаги барча қурилиш ва пардозалаш ишлари, бинони замонавий русумда жиҳозлаш моҳир қурувчилар томонидан амалга оширилди.

Туманда қимиз етиштириш йилдан йилга кўпаймоқда. Давлат қўллови натижасида сўнгги уч йилда йилқичилик ривожланиб, отлар сони 4500 бошга етди. 16та хўжалик ҳозир йилқичилик билан шуғулланмоқда. Уларга 26,8 млн. тенге субсидия тўланиб, 678 тонна қимиз етиштирилди. Соҳани ривожлантиришга жорий йилда яна 8 хўжалик бел боғлади. Келаси йили йилқичиликка 31,5 млн. тенге субсидия ажратиш мўлжалланмоқда. 

– Дам олиш баҳоси кунига 5000 тенгени ташкил этади, – дейди маскан фельдшери Кобей Наеков. – Бу ерда буюртмага кўра мазали овқатлар ҳам тайёрлаб берилади, дармондорига бой таомлар столи бор. Хорижлик сайёҳлар келадиган бўлса, фахрланиб кўрсата оладиган маскан бу.

 

Миллий ичимлик ҳақида қизиқарли маълумотлар

1858 йили самаралик шифокор Н. В. Постников Россияда илкбора қимиз билан даволашни қўллаган. Маълумки, қимиз асосан бия сутини ачитиш йўли билан тайёрланади. Аниқланишича, қимиз таркибида 0,5дан 2,5 фоизгача спирт бўлиб, бу организмда овқат ҳазм бўлишини тезлаштиради. Шунинг учун ошқозон касали бор одамларга овқатдан олдин 1-2 стакан қимиз ичиш тавсия қилинади. Шунингдек, қимиз таркибида кальций тузлари, организм учун муҳим бўлган В-В ( тиамин), В – рибофлавин, Р Р – никотин кислота, биятин параами-нобензой кислотаси мавжуд. Организмда В витаминининг етишмаслиги асаб тизимининг бузилишига, уйқусизликка олиб келади. Қимиз пенициллин, стрептомицин каби антибиотиклар ўрнини ҳам боса олади. Шамоллаш, зотилжам касалликларини бартараф этиши мумкин. Бия, сутидан тайёрланган қимиз дармондорига бой бўлиб, организмнинг юқумли касалликларга қарши курашиш хусусиятини кучайтиради. Қимиз таркиби сут кислотасига бойлиги сабабли нордон таъмга эга. Бу эса ўз навбатида ошқозон сўлак безлари фаолиятини яхшилайди.

Маълумки, кўпгина касалликларни даволашда антибактериологик воситалар кенг қўлланилади. Қимиз организмдаги барча зарарли кимёвий қолдиқларни ювиб чиқаради, микробларни ўлдиради. Кальций тузлари, айниқса, силга чалинган организмни яхши даволайди.

Бу доривор ичимликдан йил бўйи баҳраманд бўлиш жуда фойдалидир.

Б. ДЎСМАТОВА, 2017-12-14, 10:32 206
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.