26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Давлат дастурлари – мустақиллик пойдевори

Элимиз 26 ёшда. Кўҳна тарих олдида ғоят қисқа муддат. Аммо бу фурсатни инсон умри билан таққослайдиган бўлсак, ушбу давр мобайнида кечагина туғилган гўдак бугун ўз мустақил фикрига эга баркамол инсонга, эзгу орзу-истакларига етишиш мақсадида лочиндек парвозга шай навқирон йигитга айланади. Навқирон юртимиз ҳам қисқа фурсат ичида дунё харитасидан муносиб жой олди. Ўзининг тараққиёт йўлини танлаб улгурган ёш давлатни жаҳон ҳамжамияти таниди. 

26 ёш. Инсон баркамоллигининг муҳим нуқтаси. Бор бўй-басти ила эзгуликка йўғрилган умрнинг дебочаси, чексиз имкониятлар даври. Демак, мустақил Қозоғистон учун ҳам ўтган давр ҳаётий сабоқлар, сабоқлардан чиқарилган тўғри хулосалар, порлоқ келажак сари ташланган залворли қадамлар йили ва йўлидир.

Дарҳақиқат, ўтган тарихий даврда диёримизда асрларга татигулик улкан бунёдкорликлар, эзгу ишлар амалга оширилди. Мустақил Қозоғистон тарихи саҳифаларига нафақат ўтган йиллар, балки ҳар бир кун зарҳал ҳарфлар билан битилди. Кун сайин гуллаб-яшнаётган юртимиз улкан бунёдкорлик ва қурилиш майдонига айланди. Шаҳару қишлоқларимиз кундан кунга чирой очмоқда. Янги таълим даргоҳлари, тиббиёт муассасалари, спорт иншоотлари, савдо марказлари, тўйхоналар ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари барпо этилди. Ҳаётимизнинг қайси жабҳа ва соҳасига назар ташламанг, янгиликлар ва ислоҳотларнинг ижобий натижасини кўрасиз. 

Бугунги кунда жаҳон ҳамжамиятини бутун дунёда ҳукм сураётган иқтисодий таназзул ташвишга солаётган бир пайтда мамлакатимизда ҳар соҳада юқори кўрсаткичлар қайд этилмоқда. Ўзгаларнинг ҳавасини келтираётган бу ижобий ўзгаришлар халқимизнинг меҳнатсеварлиги, фидойилиги ва ҳукуматимизнинг одил сиёсати натижасидир. Юртимизда 130дан зиёд миллат вакиллари тинч-тотув истиқомат килаётганлигини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз.

Дарҳақиқат, сўнгги йилларда юртимизда кенг кўламли ислоҳотлар босқичма-босқич, тизимли ва мажмуавий равишда, изчил амалга оширилмоқда. Президент Н. Назарбаев «Келажакка йўлланма: маънавий янгиланиш» дастурий мақоласида қозоғистонликларни рақобатбардош бўлишга чорлади. «Ҳозирги кунда одамнинг ўзигина эмас, бутун халқнинг ўзи рақобатбардошлик қобилиятини кучайтирсагина муваффақиятга эришиш имкониятини қўлга киритади.Рақобатбардошлик қобилияти деганимиз – миллатнинг минтақавий ёки дунёвий бозорда баҳоси ёки бўлмаса сифати жиҳатидан бошқалардан яхшироқ нарсаларни таклиф эта олиши. Бу моддий маҳсулотгина эмас, шу билан бирга, билим, хизмат, интеллектуал маҳсулот ёки сифатли меҳнат захиралари бўлиши мумкин.

Келажакда миллатнинг муваффақиятли бўлиши унинг табиий бойлиги билан эмас, балки одамларининг рақобатбардошлик қобилияти билан белгиланади. Шунинг учун ҳар бир қозоғистонлик, қолаверса бутун миллат ХХI асрга муносиб хислатларга эга бўлиши керак. Масалан, компьютер саводхонлиги, чет тилларни билиш, маданий очиқлик сингари омиллар ҳар кимнинг олға босиши учун ўта зарур шартлардан ҳисобланади. Шу сабабли “Рақамли Қозоғистон”, “Уч тилли таълим”, “Маданий ва конфессиялараро тотувлик” сингари дастурлар – миллатимизни, яъни барча қозоғистонликларни ХХI аср талабларига тайёрлаш омилларидир», – деб ёзади Элбоши. 

Мазкур вазифанинг рўёбга чиқарилиши мамлакатимиз олдида турган муҳим вазифа – дунёнинг ривожланган демократик давлатлари қаторидан жой олишда асос бўлиб хизмат қилади.

Тарихимизга олтин давр бўлиб кирган бу буюк марра муносабати билан ўтган вақт мобайнида ҳаётимиз сифати, мамлакатимиз қиёфаси қандай ўзгариб бораётгани, қандай ютуқ ва натижаларга эришганимиз, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига асосланган очиқ демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлида қандай суръатлар билан ривожланиб бораётганимизни баҳолаш эҳтиёжи туғилмоқда.

Маълумки, Қозоғистон 1991 йили ўз мустақиллигини қўлга киритганидан сўнг умрини ўтаб бўлган мустабид, маъмурий-буйруқбозлик, режали-тақсимот тизимидан воз кечиб, «Қозоғистон модели” деб ном олган ўз тараққиёт йўлини танлаб олди. 

1997 йили «Қозоғистон-2030», сўнг «Қозоғистон-2050» Стратегик дастурларида ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар белгиланиб, улар босқичма-босқич амалга оширилди.

Мустақил ривожланиш йилларида – тарихан қисқа бир даврда юртимиз янги ва улкан марраларни қўлга киритди, натижада мамлакатимизнинг қиёфаси бутунлай ўзгариб, жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни ва нуфузи юксалиб бормоқда. Айни пайтда барчамиз бир ҳақиқатни англаб олишимизни истардим. Яъни, эришилган бундай марралар – муттасил ривожланиб бораётган иқтисодиётга асосланган, очиқ демократик ҳуқуқий давлат қуриш, инсон, унинг манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари сўзда эмас, амалда олий қадрият даражасига кўтарилган, жаҳон миқ­ёсида обрў-эътибор қозонган жамият барпо этиш борасида олдимизга қўйилган юксак мақсадга қаратилган узоқ ва мураккаб йўлнинг бир қисми, холос.

Бу йўлда биз дуч келишимиз мумкин бўлган шундай бир хавф борки, у ҳам бўлса, эришилган ютуқларга маҳлиё бўлиб, хотиржамлик кайфиятига берилиш, асл воқеликдан узилиб қолиш хавфидир. Ушбу хатар мамлакатимиз тараққиётининг самарадорлиги ва истиқболига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Жаҳон миқёсида глобаллашув ва рақобат тобора кучайиб бораётган бугунги замонда биз дунёда эгаллаб турган ўрнимизни холисона ва танқидий баҳолашимиз, тобора ошиб бораётган ҳаёт талабларига жавоб беришимиз, кечаётган давр билан ҳамқадам бўлишимиз шарт.

Мустақиллик йилларида босиб ўтган йўлимиз ва тўплаган тажрибамизни холисона баҳолаш Қозоғистон танлаган моделнинг нақадар тўғри эканини ва шу йўлдан бундан буён ҳам оғишмай қатъият билан боришимиз зарурлигини яққол кўрсатмоқда.

Элбошининг «100 аниқ қадам» Миллат режаси мамлакатимизни демократик янгилашнинг бугунги босқичдаги энг муҳим йўналишларидан бири – қонун устуворлиги ва қонунийликни мустаҳкамлаш, шахс ҳуқуқи ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган суд-ҳуқуқ тизимини изчил демократлаштиришга хизмат қилмоқда.

Қозоғистонда кейинги йилларда сунъий йўлдош алоқа тармоғи орқали телерадиодастурларни тарқатиш йўлга қўйилди. Собиқ МДҲ давлатлари орасида Россиядан кейин иккинчи бўлиб, Қозоғистоннинг ўз сунъий йўлдошига эга бўлгани ҳам эътиборга лойиқ. Бугунги кунда мамлакатимиз телекоммуникациялар тизими дунёнинг 180та мамлакатига 28та йўналиш бўйича тўғридан-тўғри чиқадиган халқаро каналларга эга. Юртимиздаги телерадиоканаллар томонидан тайёрланаётган кўрсатув ва эшиттиришлар Интернет глобал тармоғи орқали реал вақт режимида жаҳонга узатилмоқда.

Шунингдек, бошқарув тизимини такомиллаштириш, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш мақсадида «Тадбиркорлик фаолияти соҳасида рухсат бериш тартиб-қоидалари тўғрисида» Қонунини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш муҳим аҳамият касб этади. Унда тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун зарур бўлган рухсат бериш қоидаларининг қатъий чекланган рўйхати, турлари аниқ белгилаб қўйилади ва интернет тизимида «Бизнесни Президент томонидан ҳимоялаш” деб номланган саҳифа очилиб, тадбиркорликка қўйилган тўсиқ ҳақида ҳар бир қозоғистонлик Президентга тўғридан-тўғри ёзиб юбора олади.

Юртимизда ўтган йиллар давомида бозор иқтисодиёти соҳасидаги ўзгаришларнинг ишончли қонунчилик базасини шакллантириш борасида амалга оширилган улкан ишлар ҳеч кимга сир эмас.

Президентимизнинг «Қозоғистоннинг ижтимоий такомиллашуви: оммавий меҳнат жамияти сари 20 қадам» деб номланган концепциясидан келиб чиққан ҳолда эски ғоя янгиланади. Унда дунёдаги барча иқтисодий ва маданий бойликлар, тамаддун эришган ютуқлар инсоннинг жисмоний меҳнати меваси эканлиги исботланган. Президентимиз ғояси бўйича «пул бўлса – чангалда шўрва” деган фикр унутилади.

Албатта иқтисодиёт, моддий таъминот инсон учун энг зарурий эҳтиёждир. Бироқ инсон ҳаётида шундай қадриятлар борки, уларни ҳеч қандай зебу-зийнат, инжу-жавоҳирлар билан алмаштириб, тенглаб, баҳолаб бўлмайди. Улар ҳақида Президентимиз маънавий янгиланиш дастурида батафсил маълумот берган. 

Бугунги кунда амалга оширилаётган ислоҳот ва янгиланишлар жараёни бутун жамиятимиз, саховатли заминимизда яшаётган ҳар бир инсонни амалий ишларга сафарбар этадиган умумий мақсадга айланиши учун барча имкониятларни ишга солайлик, эл-юртимиз манфаати, она Ватанимизнинг равнақи ва келажаги учун бир ёқадан бош чиқариб, меҳнат қилайлик.

Озод ва обод юртга байрамлар, тўйлар ярашади. Шу кунларда вилоятимизнинг барча маданий-маърифий муассасалари, таълим даргоҳлари, ишлаб чиқариш корхоналари, кутубхона ва маданият уйларида «Мустақиллик биз учун ўзлигимизни англаш, юрт тинчлиги ва барқарорлигининг, инсон манфаати, эркинлиги ва фаровонлигининг, биз кўзлаган демократик жамият барпо этишнинг гаровидир», деган эзгу ғояни ўзида акс эттирган давра суҳбатлари, учрашувлар бўлиб ўтмоқда. Улар ҳар бир қозоғистонлик учун янги марраларни белгилаб, юксалишга замин ҳозирлайди. Мустақиллик куни муборак, азизлар!

Баҳорой ДЎСМАТОВА, 2017-12-15, 19:47 707
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.