26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Иқтисодиётнинг стратегик шўъбаси

(Давоми. Боши ўтган сонда).

Шу билан бирга, бия сути билан даволаш лойиҳасини ривожлантириш мақсадида тарғибот ишлари юритилиб, Тулкибош туманида «Тонг нури» даволаш маркази, Тўлебий туманида «Ақкен-Саумал» даволаш-соғломлаштириш маркази ишга туширилди.

Жорий йил Хитойда Қозоғистон туризми йили деб эълон қилиниши муносабати билан юртимизнинг туристик салоҳияти Хитойнинг қатор шаҳарларида, шунингдек, Сингапурда ҳам намойиш этилмоқда. Бу шаҳарнинг энг йирик савдо-ҳордиқ мажмуаларидан бири – «Our TampinesHub»да шу кунларда «Hari Raya Bazaar-2017» ярмаркаси ўз ишини бошлади.

Тадбирда Қозоғистон, Бруней, Индонезия, Эрон, Марокаш, Сингапур ва Япониянинг туристик фирма ҳамда озиқ-овқат соҳасидаги корхоналарига 120та ярмарка кабиналари ажратилди.

Қозоғистоннинг Сингапурдаги элчихонаси томонидан ярмаркада миллий стенд ташкил этилди, унда халқ ижодиёти маҳсулотлари ва амалий санъат намуналари, экологик тоза мева-сабзавот маҳсулотлари, қуруқ мевалар, ёнғоқ, ҳолва, асал, қимиз тақдим этилган.

Шунингдек, Қозоғистондаги туристик соҳанинг ривожи ҳақида маълумотлар берувчи материаллар, Туркистон, Ўтрор тарихий ёдгорликларига бағишланган видеосюжетлар тайёрланди.

Таъкидлаш жоизки, ярмарка хорижий компаниялар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли шартномалар имзолаш, жаҳон туристик бозоридаги тенденциялар билан танишиш, тажриба алмашиш имкониятини беради.

Туркистоннинг – туркий оламнинг маданий пойтахти мақомини олиши ҳам вилоятимизнинг туристик салоҳиятини ошириш имкониятини кенгайтирди. Шу муносабат билан жорий йили Туркистон шаҳрида халқаро даражада 20дан зиёд тадбирлар ўтиб, уларда 1000дан зиёд чет эллик фуқаролар иштирок этишди.

Туркистон – тарихий-маданий обидаларга бой шаҳар. ЮНЕСКОнинг қадимий обидалар рўйхатига кирган Хожа Аҳмад Яссавий мақбарасининг ўзи алоҳида мавқега эга. Шунингдек, Эски Саврон шаҳарчаси, Уккоша ота, Гавҳар она ва Алқўжа ота зиёратгоҳлари ўзининг тарихий қадриятлари билан сайёҳлар ва зиёратчиларни жалб этиб келмоқда. 

Жорий йилда Туркистонга 1 миллиондан зиёд турист келди. Сайёҳ ва зиёратчиларнинг 24 мингдан зиёди олис ва яқин чет эллардан ташриф буюрганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Йилнинг биринчи ярмида соҳадаги даромад 1 млрд. 496,5 млн. тенгени ташкил қилди. 

Туркистон шаҳрини дунё миқёсидаги тарихий-маданий марказ сифатида ривожлантириш учун “Кўҳна Туркистон” концепцияси тасдиқланди. Унинг асосий йўналишларидан бири – сайёҳлик индустриясини ривожлантиришни кўзлайди.

“Кўҳна Туркистон” лойиҳасини амалга оширишнинг 2 нусхаси мавжуд. 

Биринчиси – ТУРКСОЙга аъзо давлатларнинг тарихий-маданий ўчоқларини Туркистонда акс эттириш. Қурилишни аъзо давлатларнинг ўзлари юритади ва ўзлари муҳофаза қилади. Иккинчиси – туркий тилли давлатлар томонидан сармоя ажратиш баробарида маҳаллий сармоядорларни лойиҳага жалб этиш.

Иккинчи босқичда: Туркия Республикаси томонидан бунёд этилган 2000 ўринли масжиднинг жануби-шарқий қисмидаги 45 гектар ерда Этнобоғ барпо этиш. У ҳам икки босқичда юзага оширилади.

Биринчиси: археолог, тарихчилар билан маслаҳатлашиб, биргаликда 45 гектар ерда ўрта асрдагидек эски шаҳарча – этнографик истироҳат боғини барпо этиш. Сайёҳлар у ерда ўзини ўрта асрга тушиб қолгандек ҳис қиладилар. Шунингдек, вилоятимиздаги тарихий ёдгорликларнинг нусхаси ишланади, қадимги кўл ўрнида ҳовуз бўлади. Ўтовлар ўрнатилиб, сайёҳларга миллий таом ва ичимликлар тавсия этилади.

Иккинчиси: Х. А. Яссавий мақбарасининг жануби-шарқий қисмида ўрта асрга оид рабат қолдиқлари яхши сақланган. Ҳозирги кунда Туркистонга келувчиларга фақат экспонат ва суратлар кўрсатилмоқда. У ерда қазилма ишларини юритиб, сайёҳларни янада кўпроқ жалб қилиш мақсадида ҳақиқий ўрта асрга мансуб шаҳарча бунёд этилади. Вилоят меъморчилик бошқармаси унинг чизмасини ишлаб чиққан. 

Учинчи босқичда: Есимхан марказий майдони билан Амир Темур кўчаси орасидаги С. Қўжанов, Байбурт кўчалари, пиёдалар йўлакчаси бўйидаги бинолар қайта таъмирланиб, ёритиш ускуналари ўрнатилади. Ана шу ерда сайёҳларга хизмат кўрсатиш маркази бўй кўтаради.

Шу билан бир қаторда, даволаш-соғломлаштириш туризмини ривожлантириш масаласи кун тартибига қўйилган. Туркистон шаҳрида ерости сув жамғармаси мўл. “Шипа-су” санаторийси бугунги кунда 100 ўринга эга. Йил сўнгигача 400 млн. тенгега замонавий 50 ўринли сиҳатгоҳ қурилади. Бундан ташқари, келажакда тарихий-маданий сайёҳлик турларини ва унинг инфратузилмасини ривожлантириш кўзланган. Улар –

Кўҳна Саврон шаҳарчаси, Уккоша ота тарихий қадамжоси;

Этник туризмни ривожлантириш бўйича барпо этиладиган “Этнобоғ”; Қоратов ёнбағридаги “Йиғлоқ ота” шаршараси.

«Муқаддас Қозоғистон» минтақавий харитаси лойиҳаси тайёрланиб, “Муқаддас Қозоғистон» республика марказига вилоятимиздан 104та иншоот тавсия этилса, шундан 23таси юртимизнинг муқаддас қадамжолари рўйхатига, қолган 81та тарихий-маданий ёдгорик маҳаллий аҳамиятга эга қадимий, кўҳна жойлар қаторига киритилди.

Шимкент шаҳридаги маҳаллий аҳамиятга эга Қаратўбе шаҳарчасида археологик тадқиқот ишларини юритиш учун 31 млн. 436 минг тенге, Қаратўбенинг эски қабристонларида археологик қазилма ишларини олиб бориш учун 40 млн. тенге, Қазиғурт тоғини тарихий-маданий марказга айлантириш учун 1 млрд. 513 млн. тенге, Ўрдабоши тоғига 1 млрд. 200 млн. тенге маблағ ажратиш режаланмоқда.

Шунингдек, келажакда Сайрам туманидаги “Хонқўрғон” шаҳарчасида археологик қазилма ишларини юритиш учун 31 млн. 436 минг тенге маблағ ажратиш мўлжалланмоқда.

Жорий йилда Шимкентдаги Эски шаҳар ҳудудида очиқ осмон остидаги музей қуриш учун лойиҳа- смета ҳужжатларини тайёрлаш ҳамда археологик ишлар юри- тишга шаҳар бюджетидан 100 млн. тенге ажратилиб, кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. 

Спорт туризмини ривожлантириш мақсадида 2018 йилнинг биринчи ярмида вилоятимизда Халқаро ярмарка ўтказиш режаланмоқда. Йилнинг иккинчи ярмида эса «Ontustik tourism-2018» форуми, август ойида «Бу бизнинг тоғлар» фестивали ўтади.

Бу саъй-ҳаракатлар туристик салоҳиятга эга шаҳар ва туманларнинг барқарор ривожланишини таъминлайди. Аҳолиси кам ва саноат ривожланмаган ҳудудларда бу, айниқса, қўл келади, туризмни шакллантиришга ундайди. Сайёҳлар эса, асосан, тоғ ва тоғолди ҳудудларга келишади. Ижтимоий тармоқларда бу жойларнинг ўзига хос анъана ва қадриятлари сақланиб қолгани ва тоғолди қишлоқларида меҳмон уйлари барпо этилаётгани ҳақида кўплаб маълумотлар бор. Бундай жойларда экологик туризмни, агротуризмни, қишлоқ туризмини ривожлантириш мумкин. Туристларнинг аксарияти ҳозир беш юлдузли меҳмонхоналарга қизиқмай қўйган. Уларга маҳаллий аҳолининг яшаш тарзи, миллий анъаналарини кўриш, табиат қўйнида дам олиш ва миллий таомларни тановул қилиш қизиқ, албатта. Бу эса, ўз навбатида, маҳаллий аҳолининг фаровонлигини оширишга олиб келади, яъни янги иш ўринлари яратилади, туризм инфратузилмаси ва сервис хизматлари ташкил этилади, натижада, тоғлардаги дарахтлар, айниқса, арча асраб қолинади, чунки, пули етарли бўлса, одамлар кўмир сотиб олади ва уларни қирқишмайди. 

Президентимизнинг маънавий янгиланиш дастурида туризмга нафақат дам олишни ташкил қилувчи ижтимоий соҳа, балки, миллий иқтисодиётнинг катта даромад келтирувчи тармоғи сифатида қаралиши бежиз эмас. 

Авазхон АБДУФАТТОҲ ўғли, 2017-12-23, 08:30 171
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.