26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Ҳамкорлик натижаси

Мамлакатимизда таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар пировард натижада ўз самарасини бермоқда. Айниқса, қуйи синф ўқувчиларига таълимнинг янгиланган тизими асосида сабоқ бериш ёшларга она тили билан бир қаторда давлат, расмий ҳамда жаҳон тили ҳисобланмиш инглиз тилини чуқурроқ ўрганишга имконият яратаяптики, бунга кундаликда нафақат педагоглар, балки ота-оналар ҳам амин бўлишмоқда. 

Сайрам туманида кейинги йилларда эски мактаблар ўрнига янги, замонавий таълим муассасалари қурилиб, ўғил-қизларнинг тўлақонли таълим-тарбия олишлари учун чинакам имконият яратилмоқда. Қорабулоқдаги Мирзо Улуғбек номли ўрта мактаб ҳам шулар сирасидан. 2016 йил 1 сентябрда ўқувчиларга қучоқ очган 600 ўринли мазкур илм ўчоғида шу кунларда жами 932 нафар ўқувчига 124 нафар олий маълумотли педагог таълим-тарбия бермоқда. Директор Сайдикром Бадриддинов билан мактабнинг кундалик ҳаёти, сўнгги пайтларда таълимнинг янгиланган тизимига ўтишдаги ижобий натижалар хусусида суҳбат қурдик. Мактаб раҳбари қисқа вақт ичида моҳир устоз сифатида ҳамкасбларининг меҳрини қозонгани кўзга ташланди. Бунда ўқитувчилар Фарида Шомуродова, Сайёра Шукурова, Наргиза Қўшонова, Меҳриниса Ҳакимова, Собир Худойберганов, Ҳулкар Абдураҳмонова, Ботир Набиев, Рихсиой Абдураҳмонова ва Зулайҳо Қўчқортоева сингари катта иш тажрибасига эга устозлар ёрдамини аямаяпти. Сир эмаски, таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, яъни, янгиланган тизимга ўтиш бирмунча қийин кечмоқда. Бироқ ушбу мактабда бу борада катта тажриба тўпланган. 2016-2017 ўқув йилининг сўнгида мактабда уюштирилган “Янгиланган таълимга – янгича нигоҳ” мавзуидаги туман семинарига қарийб барча мактаблардан 170 нафар муаллим тажриба ўрганиш, қолаверса, ўз иш услубини ўртоқлашиш ниятида ташриф буюрди. Натижада ушбу мактабнинг қозоқ тили муаллимаси Садоқат Раимқулова ҳамда рус тили ўқитувчиси Хуршид Алиқуловлар томонидан ўтказилган дарслар экспертлар томонидан ижобий баҳоланиб, бошқа таълим муассасаларида оммалаштиришга тавсия қилинди. 

Мактаб ҳовлисига кириб келганимда чеккада турган автобус эътиборимни тортганди. Директорга шу ҳақда гап очишга шайланган ҳам эдимки, гўё ниятимни сезгандай, ўзи айтиб қолди. Маълум бўлишича, мактаб ота-оналар қўмитаси ҳузурида ”Ғамхўрлик” жамғармасини тузишиб, тўпланган маблағга автобус сотиб олишибди. Мана, энди у қишлоқнинг Ғайрат, А. Убайдуллаев, 

М. Аҳмаров, М. Ауезов, Педагоглар кўчаларида яшовчи болалар хизматида. Ҳатто ёзги таътил чоғида бир гуруҳ кам таъминланган оила фарзандлари автобусда вилоят марказининг диққатга сазовор жойларини томоша қилиб қайтишибди. Бу эса мактаб жамоасининг ота-оналар билан яқин ҳамкорлигини кўрсатмоқда.

Янги таълим муассасасидаги спорт зали кенг ва қулайлиги билан замонавий майдончалардан қолишмайди. Шу боисдан бўлса керак, кейинги йилда мактабнинг ёш спортчилари турли нуфузли мусобақаларда совринли ўринларни қўлга киритмоқда. Чунончи, ”Кока кола” фирмаси томонидан уюштирилган футбол бўйича республика турнирида мактабнинг ёш футболчилари фахрли учинчи ўринни эгаллашди. Ўқувчиларнинг ушбу ютуғида устозлар Каримжон Қосимбеков ва Тўлқинжон Саидовларнинг хизматлари катта бўлди. 4-“Б” синф ўқувчиси Диёр Султонбеков эса Мустақилликнинг 26 йиллигига бағишлаб ўтказилган стол тенниси турнирида фахрли биринчи ўринни эгаллади. Спорт соҳасида эришилган бу сингари ютуқлар талайгина.

“Китоб – ақл чироғи” деган нақл бугунги кунда ҳам ўз мавқеини йўқотмаганига кутубхонага ташриф буюрган чоғимизда ишонч ҳосил қилдик. Кутубхоначилар Ирода Эминова ва Гулмира Юнусметовалар бир гуруҳ ўқувчиларга керакли дарсликларни бераётган экан. 29 минг 730 та китоб жамғармаси мавжуд кенг ва шинам ўқув залида ўқувчилар зарур китобларни мутолаа қилишлари учун барча шарт-шароитлар яратилган. Мухтасар қилиб айтганда, мактабда яратилган қулайликлар ва шарт-шароитлар пировард натижада ўқувчиларга тўлақонли таълим-тарбия беришга йўналтирилган. Ҳозирдан пухта билим олган ёшларнинг келажакда Ватаннинг муносиб ўғлонлари бўлиб вояга етишишларига шак-шубҳа йўқ. 

И. КАРИМОВ., 2017-12-26, 09:13 964
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.