26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Театр – ҳаётим!

Бизнинг маълумот: Дилдора ХОЛМЕТОВА. Жанубий Қозоғистон вилоят ўзбек драма театри актрисаси. 1982 йил 21 июлда Шимкент шаҳрида туғилган. Ҳамза номидаги 42- ва М. Улуғбек номли 3-сонли умумий ўрта мактабларда ўқиган. М. Ауезов номидаги Жанубий Қозоғистон давлат ва Халқлар дўстлиги университетларининг “Педагогика ва санъат” факультетида таҳсил олган. Оилали, икки қизи бор – Сафия ва Мариям. Турмуш ўртоғи Нодирбек Холметов Шимкент шаҳар Ал Форобий туман ички ишлар бўлимида ишлайди, полиция майори. Д. Холметова “Қозоғистон Мустақиллигига – 25 йил” юбилей медали билан тақдирланган. “Театр баҳори – 2016” халқаро фестивалининг “Энг яхши аёл роли” номинацияси соҳибаси. 

Қозоғистон Республикаси Президенти Н. Назарбаевнинг “Келажакка йўлланма: маънавий янгиланиш” дастурий мақоласида белгиланган вазифалар мамлакатимиз бўйлаб атрофлича муҳокама этилиб, жойларда унинг ижросига киришиб кетди. Тафаккурни ўстириш, маънавий янгиланиш борасида театрнинг ҳам аҳамияти катта. Келгуси йил 15 йиллигини нишонлайдиган вилоят ўзбек драма театри ана шу давр ичида салмоқли ишларни амалга оширди. Элбоши театрни шахсан ўзи очиб, унинг олдига қатор вазифалар қўйди. Театр жамоасининг, шу жумладан, моҳир актриса Дилдора Холметованинг ҳам театр муваффақиятларида муносиб улуши бор. Байрам арафасида у билан суҳбатлашишга муваффақ бўлдим. 

– Санъатга қизиқишингиз қандай бошланган?

– Қонимда бор, деб ўйлайман. Бувам Ортиқ Бобошев ҳаваскор қўшиқчи бўлган. Умуман, оиламиз мусиқага яқин, хушчақчақ эди. Оилавий тадбирлар жуда қизиқарли ўтарди. Ўзим ҳам санъатдаги йўлимни қўшиқчиликдан бошлаганман.

– Айтганча, “Азия” триосида қўшиқ куйлаганингиздан ҳам кўпчилик хабардор.

– Мактабдаги тадбирларда фаол қатнашардим. Бир куни ўқитувчим “Юмакс” радиосида “Умид” эшиттириши кастинг эълон қилганини айтиб, унда омадимни синаб кўришга чақирди. Иккиланиб, истиҳола билан бордим. У ерда Мурод Алиқулов ва Мурод Шодмоновлар суҳбатида бўлдим, Шоҳиста Усмонова, Равшан Файзиев ва Собир Исаевлар билан танишдим. Улар “Азия” студиясини очишди. Натижада “Азия” гуруҳи ташкил этилди. Студияда қўшиқлар ёздирдик, тадбирларда фаол қатнаша бошладик. Бир куни Шоҳиста опа театр ташкил этилаётганини айтиб қолди. Театр очилмаган бўлса ҳам жамоа тузила бошлаган эди. 

– Дастлабки ролингиз ҳақида гапириб берсангиз?

– “Сеҳрли олма” спектаклидаги Малика роли. Кейин “Темир хотин”да Аломатхон бўлиб ўйнадим.

– Сўнгги вақтда ўзбекистонлик таниқли режиссёрлар театримизда иш юритмоқда. Улардан нималар ўргандингиз? Қайси бири билан ишлаш мароқли бўлди?

– Албатта, Марат Азимов, Сайфиддин Мелиевларнинг театримизда фаолият юритиши актёрлар учун маҳорат дарси бўлмоқда. Тошкентда санъат мактаби профессионал даражада ривожланган. Ана шу режиссёрлар орқали биз ундан баҳраманд бўлмоқдамиз. Қозоғистонлик Қуаниш Қасимбеков “Шоҳ Эдип”ни қўйди. Ундан ҳам кўп нарса ўрганганимизни яширмайман. 

– Турмуш ўртоғингиз касбингизга қаршилик қилмадими?

– Нодирбек билан бир синфда ўқиганмиз. 10 йил мобайнида бир-биримизни обдон синадик. У феъл-атворим, дунёқарашим, ўй-фикрларимни жуда яхши биларди. Лекин оила қурмасимиздан аввал бир куни мендан: “Оиламиз келажаги учун ишингдан воз кеча оласанми?”, – деб сўради. Мен унинг гапини икки қилмай, ишдан бўшаганман. Кейин оила қурдик, кунларимиз мен ўйлагандек ўта бошлади. Менга ҳаётнинг икир-чикирларини ўргатган Салтанат бувижоним вафот этди, тўнғич қизим дунёга келди. Тўрт йил ўтиб, унинг ўзи қўлимдан ушлаб, театрга олиб борди. Чунки, Нодирбек менинг ҳаётимни театрсиз, санъатсиз тасаввур қилолмаслигимни англаб етганди.

– Қайнонангизнинг касбингизга муносабати қандай?

– Фарзандларимни ўстиришда Гулсара ойижонимнинг ҳиссаси катта. Гастролларда, ижодий сафарларда ҳафталаб юрганимизда қайнонам ва онам Лола менинг йўқлигимни билдиришмайди. Айниқса, қайнонамнинг панд-насиҳатлари ҳаётимнинг гўзал ўтишига сабабчи, десам муболаға бўлмайди. 

– Устозларингиз ҳақида гапириб берсангиз?

– Театримизнинг етук актёрлари Саидкарим Маҳмудов, Одилжон Тўғонбоевлардан бир умр миннатдорман. Мана шу даражага етишимда уларнинг хизмати катта. Мени қўллаб-қувватлаган бошқа ҳамкасбларимдан ҳам миннатдорман.

– Россиялик кинорежиссёрларнинг  “Гюльчатай” сериалида ўйнаган экансиз?

– Ҳа, Зуҳра ролини ўйнадим. Ўзбекистонлик Карим Мирҳодиев, Дилбар Икромовалар билан ёнма-ён ишлаш насиб этди. Мен сериал сценарийсини ўзгартирвордим. Чунки менинг қаҳрамонимни турмуш ўртоғи қарзи эвазига бировга бериб юбориши керак эди. Мен россиялик режиссёрга мусулмонлар аёлини ўлдириши мумкин, лекин бировга бермайди, дедим. 

– Спектаклда ноқулай вазиятларга тушиб қолган ҳолларингиз бўлганми?

– “Келинлар қўзғолони” спектаклида кичик келин Нигора ролини ўйнаганман. Қайнонам “сени бу уйда нима қаноатлантирмайди?”, деб сўраганда, мен “Бу уй эмас, ҳақиқий қамоқхона. Бу ерда яшаш мумкин эмас”, деганимда томошабинларнинг орасида ўтирган қайнонамга кўзим тушиб қолса бўладими. Миямда бўшлиқ пайдо бўлиб, сўзлар бутунлай эсимдан чиқиб кетди. “Зумрад ва Қиммат” эртагида Зумрадни ўйнаганман. Бир сафар қизимни олиб чиқдим. Мени она-бола ураётган пайтда томошабинлар қаторида ўтирган қизим “Ойимни урманглар!” деб бақириб юборган.

– 2016 йил сиз учун омадли келибди...

– Тўғри, “ҚР Мустақиллигига – 25 йил” медали билан тақдирландим. Халқаро фестивалда “Энг яхши аёл актриса” номинацияси соҳибаси бўлдим. Энг асосийси, театр раҳбариятининг тавсияси билан бошпана ҳам беришди. 

Блиц-интервью

– Бўш вақтингизни қандай ўтказасиз?

– Рақсга тушсам, кўнглимдаги бор ғуборим тарқаб кетади. Бўш вақтимни фарзандларимга ажратишни хуш кўраман.

– Мутолаага қандайсиз?

– Китоб ўқисам, руҳиятим енгиллашади, баҳри дилим яйрайди. Ўйинқароқ бўлсам ҳам, китоб ўқишда жуда сабрлиман. Смартфонимда 80 мингта китоб бор. Асосан, саргузашт, ишқий можароларга тааллуқли асарларни севиб ўқийман. Ҳозир буюк қўмондон Чингизхон ҳақидаги китобни мутолаа қиляпман. 

– Сизга рад жавобини беришса?...

– Бунақаси бўлмаган. Чунки менинг сўз бойлигимда ҳам “йўқ” деган сўз йўқ.

– Танқидга муносабатингиз?

– Тўғри қабул қиламан. Ишимда ундан фойдаланаман. Актёр доимо изланишда бўлиши керак, у меҳнат қилмоқда. Шундай экан, унда камчиликлар бўлиши табиий.

– Қайси ролни ўйнашни орзу қиласиз?

– Шекспирнинг “Ўжар қизнинг қуюлиши” асаридаги қайсар, шўх қизни гавдалантиргим келади. 

– Қайси фаслни ёқтирасиз?

– Ёзни. Чунки ёзда турмуш ўртоғим таътилга чиқади ва биз оиламиз билан вақтимизни чоғ ўтказамиз.

– Модага қараб кийинасизми?

– Йўқ. Либосларим қулай ва ўзимга ярашиб турса бўлди. Бировларнинг гапига қараб кийинмайман. Спорт кийимлари ҳам ёқади.

– Қайси таомни яхши кўрасиз?

– Ўзимизнинг паловхонтўранида.

– Янги йил тилакларингиз...

– Дунёда тинчлик ҳукм сурса, осмонимиз мусаффо бўлса. Соғлик ҳам энг катта бойликлардан бири.

Хуршид ҚЎЧҚОРОВ суҳбатлашди, 2017-12-26, 09:27 265
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.