26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Элбоши: “Жанубнинг тарихи – бутун Қозоғистоннинг тарихи”

Элбоши Жанубий Қозоғистон вилоятига қилган хизмат сафари чоғида минтақа зиёлилари билан учрашиб, Жанубнинг тарихи ва маданий ўзгачалигига тўхталди.

– Жанубий Қозоғистон – қозоқнинг қаймоғи бузилмаган ўлка. Бу ер – ривоятлар ва авлиёлар туғилган, Хожа Аҳмад Яссавий ва Ал Форобийнинг изи қолган, қадимий маданий меросга бой кўҳна замин. Ҳозир бу ерда республика аҳолисининг 16 фоизи яшайди, – деди Нурсултан Назарбаев.

Давлат раҳбари Жанубнинг тарихини бутун Қозоғистон тарихига менгзаш мумкинлигини таъкидлади.

– Жанубий Қозоғистон вилоятининг ўзида 800дан зиёд тарихий-маданий ёдгорлик бор. Жаҳонга донг таратган бойликларимизнинг асосий қисми шу ерда. Туркистон, Ўтрор, Сайрам, Саврон шаҳарлари, Хожа Аҳмад Яссавий, Арслонбоб мақбаралари – бизнинг фахримиз. Бу ердаги ҳар бир қир-адир, дарё ва кўл бой тарихга эга. Мартепа, Култепа ва Ўрдабоши – халқимизнинг ўзлигини сақлаб қолишга таъсир кўрсатган қозоқнинг бирлиги ва ҳамжиҳатлиги рамзи. Мана шуларни ёш авлоднинг онггига сингдиришимиз керак. Ёшларни ватанпарварликка, она юртни севишга ўргатишимиз зарур, – деди Элбоши.

Нурсултан Назарбаев учтиллиликнинг аҳамиятига яна бир бор тўхталиб, алифбони алмаштириш зарурияти ҳақида гапирди.

– Инглиз тилини ўқитишни жонлантириш керак, у тадбиркорлик соҳасининг барча йўналишларида қўлланилишига шубҳа йўқ. Бу – замон талаби, фақат бизгагина дахлдор эмас, – деди Н. Назарбаев.

Учрашувда Қозоғистон Президенти вилоятни ривожлантиришдаги қатор масалаларга тўхталди.

– Бу ҳудуд ҳамон дотацияли минтақа бўлиб турибди. Вилоят бюджетида ўтган йили ўз даромади 20 фоизнигина ташкил қилди. Республика бюджети тушумлари 80 фоиздан ошади. Бюджетга тушадиган салмоқни камайтириш, ўз даромадлари улушини кўпайтириш бўйича чоралар кўрилмаяпти, – деди Давлат раҳбари.

Элбоши тадбиркорликни ҳар доим қўллаб-қувватлаш кераклигига эътибор қаратди.

– Жорий йилги Мактубда бизнес-муҳитни яхшилашга доир чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқишни топширдим. Қўшимча ер участкаларини ажратиш, ижара муддатини узайтириш, ундан фойдаланиш мақсадини ўзгартириш тўғрисидаги рухсатнома қоғозларини кўриб чиқиш муддатини қисқартиришга доир масалаларни ҳал этиш лозим. Мазкур ишларни ошкора амалга ошириб, қоғозбозликка чек қўйган дуруст. Тадбиркорликни ривожлантириш молиявий барқарорликни сақлаб, минтақанинг ўзини ўзи таъминлаш салоҳиятини кучайтирадиган аҳамиятли дастакка айланиши зарур, – деди Нурсултан Назарбаев.

Шунингдек, Давлат раҳбари сармоя жалб этиш йўналишида тизимли тадбирлар қабул қилиш кераклигини таъкидлади.

– 2016 йил натижасига кўра, ялпи инвестиция миқдори пасайган. Ҳудудда қишлоқ хўжалиги, қайта ишлаш соҳаси, сайёҳликни ривожлантиришга имконият етарли, – деди Н. Назарбаев.

Қозоғистон Президенти вилоятнинг сайёҳлик соҳасини ривожлантириш аҳамиятига алоҳида тўхталди.

– Мен “Келажакка йўлланма: маънавий янгиланиш” деган мақоламда “Қозоғистоннинг муқаддас маънавий қадриятлари” лойиҳасини ишлаб чиқишни топширдим. Бу борада биз Қозоғистоннинг маданий ва тарихий меросини асос қилиб олишимиз керак. Жанубий Қозоғистон вилояти такрорланмас табиат ва йирик маданий-тарихий бойликларга эга, сайёҳлик имкониятлари катта ҳудуд. Шу сабабли, самарали ва рақобатбардош сайёҳлик инфратузилмасини барпо этишимиз керак, – деди Давлат раҳбари.

Қозоғистон Президенти аҳолини, шу жумладан ёшларни иш билан таъминлашни яхшилаш учун туб ўзгаришлар қилиш кераклигини айтди.

– Нуфузли олий ўқув юртини тамомлаш доимо муҳим аҳамият касб этавермайди. Энг аввало – меҳнат бозорида талаб этиладиган мутахассисликка эга бўлиш керак. Бу, айниқса, ахборий технологиялар, саноатни рақамлаштириш ва компьютерлаштириш даврида муҳим аҳамият касб этади. Яқин келажакда ҳозирги ихтисосликларнинг 50 фоизига эҳтиёж йўқолади. Шунинг учун замон талабига мос бўлиш зарур, – деди Н. Назарбаев.

Ўз навбатида, Қозоғистон Президенти аҳолини меҳнат захиралари кўп ҳудуддан ишчи кучи етишмайдиган минтақаларга кўчириш дастури мавжуд эканлигини эслатди.

– Дастур сизнинг вилоятингизда ҳам қўлланилади. Мен сизларнинг меҳнатсевар эканликларингизни яхши биламан. Шимолий, шарқий ҳудудларга кўчиб, элимизнинг ривожланиши ва келажагига катта улуш қўшмоқдасизлар. Бу ишни давом эттириш керак. Вилоят ҳокимига Ҳукумат билан биргаликда аҳолини иш билан таъминлаш ва кўчиш даражасини орттириш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқишни топшираман, – деди Давлат раҳбари.

Қозоғистон Президенти вилоятда қурилиш, фармацевтика ва транспорт-логистика кластерлари шаклланиб, енгил саноат корхоналари ривожланаётганини таъкидлаб ўтди.

– Ҳудуднинг ўзига хос хусусиятларини эътиборга олиб, Учинчи янгиланиш даврида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш соҳасида экспорт салоҳиятини кучайтириш зарур. Бу йўналишни, аввало, вилоят марказида ривожлантириш керак, – деди Нурсултан Назарбаев.

Бундан ташқари, Давлат раҳбари ҳудуднинг қишлоқ хўжалиги соҳаси имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш муҳимлигига тўхталди.

– Агросаноат мажмуасини ривожлантириш дастурининг имкониятларидан фойдалана билиш керак. Энг асосийси – қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг сифатини ошириш, ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, замонавий агротехникани қўлланиш, – деди Президент.

Жанубийқозоғистонликлар Давлат раҳбарининг “Келажакка йўлланма: маънавий янгиланиш” мақоласидаги ўй-фикрларини тўлиқ қўллашларини айтиб, минтақага кўрсатаётган ғамхўрлиги учун Нурсултан Назарбаевга миннатдорчилик билдиришди. 

Шунингдек, учрашув давомида Жанубий Қозоғистон вилоятининг ҳокими Ж. Туймебаев вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволи ва уни ривожлантириш истиқболлари ҳақида маълумот берди. 

Учрашув сўнгида Давлат раҳбари иштирокчиларга муваффақият ва бирлик-барака тилади.

 

 

 

Президентнинг  матбуот хизмати., 2017-05-04, 11:51
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.