26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Ёшларнинг ҳам бошида кўпдир ҳикмат

“Ўзбек бойиса, уй солади...” деганла­­ридек, кўклам келиши билан Сафар ака шаҳарда яшаб турган уйини таъмирлатиш, қўшимча қурилиш учун қурувчилар излаб, одамлар гавжум жойларга эълон ҳам илиб қўйди.

Кўп ўтмай, дарвозани тақиллатиб, қўшни республиканинг турли вилоят­ларидан  тўрт нафар ишчи Сафар акани излаб келди. 

Уларга бажариладиган иш ҳажмини кўрсатиб берган Сафар ака: 

– Ҳаммасини кўнгилдагидек қил­санг­лар, сизларни хафа қилмай, айтган пулингизни тўлайман. Агар эвидан чиқол­масангиз, харажатларимни тўлайсизлар, – деб огоҳ­лантирди. 

Йигитлар учун ётоқхона ҳамда уч маҳал иссиқ овқатни ҳам уй эгаси зим­масига олди.

Ишчилар эрта тонгдан то қоронғи кечгача астойдил меҳнат қилишиб, бир ойда қурилиш ишларини якунлашди.

Сафар ака мард кишилардан эди, авва­лида нархни келишиб олмаган бўлса-да, бажарилган ишлардан кўнгли тўлгач,  мамнунлик билан тўртовлонга 100 минг тенгедан, жами 400 минг тенге пул берди. Уларга тўкин дастурхон ёзиб, меҳмон қилиб, дуосини бериб, қилган меҳнатларига рози бўлишларини айтиб, хайрлашди.

Мардикор йигитлар Сафар акадан бундай саховатни кутишмаганми, мўл­жалдагидан кўп пул олишганига хур­санд бўлиб, уй соҳиби ва соҳибасига мин­натдорчилик билдириб,  йўлга чиқишди.

Шимкент шаҳридаги Қўчқор ота дарёси ҳақида улар кўп ва хўп эшитгану, лекин кўрмаган эдилар. Улар шу дарё сувидан татиб, кейин йўлга чиқишга келишиб олишди. 

Ўзан бўйига келгач эса, тиниқ ва сокин оқаётган сувга бир шўнғиб чиққилари келди.

Йигитлар кийимларини ечаркан, Сафар акадан олган пулларини қаерга қўйсак экан, деб ўйланиб қолишди. Атрофда болалар ўйнаб юришибди. Анҳор бўйида сувга қармоқ ташлаб ўтирган отахонни кўриб қолишди. Улар пулни  газетага ўраб, қариядан илтимос қилишди: 

– Отахон, биз чўмилиб чиққунга қадар мана шу омонатни сизга қолдирсак. Хавотир олманг, биз сувга бир шўнғиймизу қайтамиз, аммо биримиз олдинроқ келиб, тугунни сўрасак, берманг, тўртовлон кел­ганимизда омонатни қайтарасиз, деб тайинлашди. 

Қария: – Майли бемалол чўмилиб келинг­лар, менга бу тугуннинг оғирлиги йўқ, – дея балиқ соладиган халтасининг бир чеккасига ташлаб қўйди.

Орадан кўп ўтмай, йигитлардан бири қайтиб келиб, отадан омонатни қайта­ришни сўради. Қария йигитга қараб: “Бо­лам, ўзларинг баримиз келмагунча, ҳеч биримизга берманг, дедиларинг. Энди дўстларингни кутиб тур, ҳаммалари келгач, омонатни бераман”, деди. 

Аммо йигит қўярда-қўймай қарияга тугун бизники, мен ҳозир уларнинг олдига бораман, деб паст овозда улар томонга қараб, ота тугунни бермаяпти, деган ишо­рани қилди.

Анҳор ўртасида завқ билан чўмилаёган йигитлар бир-бирларига сув сепишар, нималардир деб ҳайқиришарди. Улардан бири қўллари билан сувни баландга сепиб кулаётганини кўрган йигит, ана, отахон бериб юборинг, деяпти-ку, дейди.

– Агар дўстларинг бериб юборинг, дейишса, ол омонатингни, – деб отахон халтасидан ҳалиги тугунни чиқариб берди.

Орадан анча вақт ўтгач, қолган уч йигит келиб, қа­риядан омонатларини сў­рашди. Уларга ҳайрон боққан отанинг жаҳли чиқиб кетди.

– Нима, мен сенларга ёш боламанми ёки мени лақиллатмоқчимисанлар? Ҳозиргина биттанг келиб, ўзларингнинг рухсатинг билан тугунни олиб кетди-ку.

– Биз сизга тўрттамиз йиғилиб кел­ма­гунча ҳеч биримизга бер­­манг, деган эдик-ку, – деди бир-бирига хавотир билан боққан йигитлар.

–Ҳа, тўғри. Лекин келган йигит ўз­ларингдан қичқириб сўраганда, биттанг қўлингни кўтариб, бериб юборинг, дединг-ку.

Йигитлар бир-бирларига қараб, елка қисишди.

Сўнг танг аҳволда қолиб, отани ма­ҳал­лий полиция участкасига олиб бо­ришди. Полиция ходими йигитларнинг шикоятларини тинглаб, уларнинг талабини ўринли деб топди-да ва қариядан омонатни қайтариб беришини талаб қилди. 

Қария уйига қайтаркан, тугунчадаги нима эди, уни қандай қайтараман, деб ташвишга тушиб қолди. Бўлиб ўтган воқеалардан фаромуш бўлиб, остонада ўтирганида мактабда ўқийдиган 11 ёшли невараси кириб келди. “Ҳа, бува, бугун қармоққа балиқ илинмадими, жуда хомушсиз” – дея гап қотади.

Бува неварасига бугунги воқеанинг ҳаммасини батафсил айтиб берди.

– Эҳ, буважон! Нега танимаган киши­ларнинг буюмини қўриқлайсиз. Уларнинг қандай одам эканлигини билмайсиз-ку, – деб дашном ҳам берди.

– Ҳа, болам, қарилик қурсин, савоб бўлар, деб, шу аҳволга тушдим-да. Газетага ўралган нарсанинг нима экан­лигини ҳам билмайман... 

Бироз ўйланиб турган невара, бобо­сидан тугунчанинг ҳажми, кўринишини сўради. Кейин дастурхондаги булка нондан буваси айтган катталикда нонни кесиб олиб, газетага ўради-да, бувасига кўрсатди. 

– Ҳа, болам,  чамаси шундай эди.

– Агар ўхшаган бўлса, энди юринг, полиция бўлимига борамиз, – деди набира.

Э-э, қўй, болам, ҳожати йўқ. Яна “оғри­­маган бошингга олти таёқ”, деганларидек, бошимизга бирор нарса орттириб олмайлик, – деди бува.

– Сизга айтганларини менга ҳам айтсин, кўрайлик, – деди набира.

Буваси билан  бўлимга кириб борган набира полиция ходимига:

– Сизлар бувамни бекор қийнабсизлар, у киши балиқ овлаб ўтирганда ейиш учун олган нонини адашиб, биринчи йигитга бериб юборибди. Уларнинг омонати бувамнинг сумкасида қолибди. У тугунда нима борини сиз ҳам билмайсиз, биз ҳам билмаймиз. Мана бу омонатни олинг-да, сейфингизга солиб қўйинг, – деди.

– Тугунни олган йигит ҳадемай келиб қолиши мумкин. Ана шунда шерикларини топиб, бериб юборарсиз, – деди-да, бобо­сининг ҳужжатлари ва устидан ёзилган аризани қайтариб олиб, бўлимдан шахдам қадамлар билан чиқиб кетишди.

Полиция ходими уч мардикор йигитни чақириб, тўртинчи шерикларини топиб келишни, омонатни шунда олишларини айтди.

“Мол топиб, маза топмаган” йигит­ларнинг тақдири нима бўлгани менга қоронғи. Бироқ, қиссадан ҳисса шуки, ёш боланинг ақли баъзи бир катталарникидан устун бўлганини қаранг-а.

Бир сўзим бор, тушунганга бўлсин ибрат,

Ёшларнинг ҳам бошида кўпдир ҳикмат.

Турдали УСМОНОВ. Шимкент шаҳри, 2018-01-08, 23:14 172
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.