26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Қорлар эриганда

Булутлар орасидан қуёш мўралаб турган бўлса-да, ташқари совуқ эди. Кечагина ёққан қорнинг заҳри ҳали-бери кетадиганга ўхшамасди. Оллон уйдан кўчага чиқаркан, бувиси Чаман момонинг кўрмай қолганидан ичида суюнди. Ҳозир мактаб вақти эмас, болалар қишки таътилга чиққан. Бола таътилда уйда ўтиришдан зерикарди. Ташқарига чиқай деса совуқ, бувиси қорда ўйнашга рухсат бермасди. Қачон қараса, сени ота-онангга эсон-омон топширай, уйда ўтир, дейди. Болага эса диққинафас уйда ўтириш ёқмасди. Аксига олиб, унинг дўстлари ҳам йўқ эди. Оллон бироз оқсагани учун, мактабда болалар уни калака қилишар, у билан ўртоқ бўлишни ҳеч ким истамасди.

Боланинг оқсоқлиги туғма эди. Раҳим муаллимнинг айтишича, Оллоннинг бундай нуқсон билан туғилишига ота-онаси сабабчи экан. Унинг отаси ўзининг холаваччасига уйланганди. Қариндош-уруғлар турмуш қурса, болаларнинг ногирон туғилиш эҳтимоли юқори бўлар экан. Муаллимнинг айтишича, қандайдир генлар яқин бўлиб қолармиш. Оллон бу нарсаларни яхши тушунмаса ҳам, Раҳим муаллимнинг сўзларига ишонарди. Негаки, Раҳим муаллим унга жуда меҳрибон эди. Мактабда болалар Оллонни “оқсоқ” деб калака қилса, Раҳим муаллим боланинг тарафини олиб, масхара қилган болаларнинг таъзирини берарди. У шунинг учун ҳам муаллимни ўзига яқин тутар, ота-онаси Россия деган мамлакатга ишлагани кетгандан буён, кези келганда унга суянарди. 

Оллоннинг ота-онаси ўзлари билан бирга укаси Эсонбердини ҳам олиб кетишган, уни Чаман момонинг олдига қолдириб кетишганди. Бола ота-онаси ва укасини соғинарди. Бувиси уларни ўтган йили қишда келади, деганди. Аммо ўтган йил тугул, бу йил қишда ҳам улар келишмади. Бола бу ҳақда бувисидан сўраса, кампир нуқул уришиб беради:

– Худо кўтарсин буларни, бир ногирон болани кекса кампирга ташлаб, зим-ғойиб бўлиб кетишди. Аллоҳга ҳам хуш келадими бу?!

У шундай деб тақдирдан нолиб, йиғлаб кетарди. Бола бувисига ота-онаси ҳақида гапириш бефойда эканлигини биларди. Шу боис бу ҳақда яхшиси Раҳим муаллимдан сўрамоқчи бўлди. Қишки таътилга чиқишдан аввал устозига учрашиб:

– Сиздан бир нарса сўрасам, майлими? – деди. 

– Майли, сўрай қол, – деди муаллим. 

– Пул-мул керак бўлиб қолдими?..

– Йўқ, – деди бола. – Мен ота-онам ҳақида сўрамоқчи эдим. Улар ўтган йили қишда келамиз, дейишганди. Лекин бу йил ҳам улардан дарак йўқ. Бувимдан сўрасам, уришиб берадилар. Нима, Россия шунчалик узоқми?..

Қошларини чимириб турган, ўртабўйли муаллим боланинг соддалигига жавобан жилмаяркан:

– Нима десам экан сенга, – деди. – Ҳув анови тоғларни кўраяпсанми?..

 У қиш пайтларида ҳатто мактаб ҳовлисидан ҳам кўриниб турадиган Сўқори тоғларини кўрсатди. Оппоқ қорга беланган тоғларга боқаркан:

– Ҳа, албатта, – деди бола.

– Россия ўша тоғлар орқасида. Ота-онанг ўша ёқда ишлаб юришибди. Агар, келамиз, дейишган бўлса, албатта, келишади. Майли, энди уйга бора қол. Бувинг хавотир олиб ўтирмасин.

У боланинг елкасига қоқиб, жўнатиб юборди. Аслида Россия Сўқори тоғларининг орқасида эмаслигини Раҳим муаллим яхши биларди. Бироқ болаларга ҳамма нарсани содда ва лўнда тушунтиришга ўрганган муаллим, Оллон билан ҳам шундай йўл тутишни лозим топганди. Аммо бола муаллимнинг фикрини бошқача қабул қилганди. Сўқори тоғларининг яқинлиги унга умид ва ишонч уйғотарди. У ҳар куни оқсоқланганча мактабдан қайтаркан, энди болаларнинг калака қилишига ҳам эътибор қилмас, оппоқ қорлар қоплаб ётган тоғларга ҳаприқиб боқарди. Болага гўё-ки, тоғлар яқиндай, агар шу чўққилардан ошиб ўтилса бас, ота-онаси ва укаси Эсонбердини кўриши турган гапдек туюларди. У баъзан мактабдан қайтиш чоғида ўша тоғлар томон кетишга чоғланар, аммо тушдан кейин бўлгани учун тоғларга етгунча кеч тушиб қолишидан чўчирди. Шунинг учун у қишки таътилни кутди. 

Мана, ниҳоят у кутган кунлар ҳам келди. Бола оқсоқланганча муюлишдан буриларкан, бувиси чиндан ҳам кўрмай қолдимикан, дея, кўча бошидан орқасига қараб қўйди. У қишлоқнинг эгри-бугри йўллари бўйлаб юриб бораркан, аввал мактаб олдидан ўтди. Сўнг, олислардан чўққилари кўриниб турган Сўқори тоғлари томон кета бошлади. Оқсоқланиб юришига қарамай, қатъият ва жаҳд билан юрганидан бирпасда қишлоқдан чиқиб, адирлар томон кетиб бораётганлигини илғади. Атроф-жавонидаги қир-қиялар ҳам, олдидаги баланд тоғлар ҳам оппоқ қорга бурканганди. Бола адирлар оша юқорилаб бораркан, пастда қишлоқнинг жимитдек бўлиб кўринишига, ундан қуйида эса Оқсувдарёнинг ирмоқчага ўхшашига, ўрмон дарахтларининг эса бутачалардек кўринишига дам олгани тўхтаганда қараб қўярди. У юриб бораркан, тоғлар борган сари яқин бўла бошлаганидан севинди. Оллонга шу тоғлардан ошиб ўтса, ота-онаси қучоқ очиб кутиб тургандек туюлди. У ҳафсала билан одимлаб бораркан, чарчаганлигини ҳис қиларди. Аммо ҳозир дам оладиган вақт эмасди...

 Бола Сўқори тоғлари этакларига тушга яқин етиб келди. Бироқ энди ортиқ юролмаслигини туйди. У роса чарчаганди. Ҳамма ёқ қор бўлганидан пальтосини ечиб, устига ўтирди. Сўқори тоғларига қор қалин ёққанидан юрганида унинг этиклари ичига ҳам қор кирганди. Шу боис, Оллон этигини ечиб қоқди. Бир муддат дам олиб ўтираркан, қорни очганлигини сезди. Тушликда ейиш учун уйдан бирор егулик олмаганига ўзидан ўкинди. Аммо баланд тоғларга боқаркан, заҳматнинг кўпи кетиб, ози қолганлигини илғади. У этигини қайтадан кияркан, йўл юриши лозимлигини англади. Пальтосини кийгач, тоғ томон юқорилаб юра бошлади. Йўл юраркан, бир-икки бор йиқилиб ҳам тушди. Аммо бола бундан тушкунликка тушмади. У тоғ томон қанчалар юқорилаб борса, ота-онасининг дийдори шунчалар яқин эканлигини ҳис қиларди. Соат миллари тушдан чоракка оғаётган вақтда, у тоғнинг баланд чўққисига оқсоқланганча, бир амаллаб чиқиб борди. Бироқ у ерга чиққач кўрдики, яна қуйига эниш ва яна шундай баланд чўққидан ошиб ўтиш керак экан. Эҳтимол, у чўққиларнинг ортида ҳам яна чўққилар бордир. Яна ким билсин. У янги чўққини забт этиш учун йўлга тушаркан, ҳаво совиётганлигини кўрди. Тоғларда қуёш кўринмас, ҳамма ёқни малларанг қорамтир булутлар қоплаганди. Очликдан ҳолдан тойган, йўл юриб чарчаган бола оқсоқланганча янги чўққи томон чиқиб бораётганда, кўк юзини зулмат пардаси тўсгандек булутлар батамом қоплаганча, қор ёға бошлади. Қор шунчалик кўп ва бетийиқ ёғардики, Оллон энди олдда ҳам, ён-атрофда ҳам паға-паға қордан бўлак деярли ҳеч нарсани кўрмасди. У чўққига етай деганда, оёғи тайиб, йиқилиб тушди. Ўрнидан кўтариларкан, кўз олди қоронғилашиб яна сирпаниб кетди-ю, қандай қилиб қуйига қараб думалаб кетганини билмай қолди. Шу ағанаган куйи бир чуқурликка бориб тушди-ю, ҳушидан кетди. Қор эса, шу ёққанча уч кун тинмади...

Боланинг йўқолганлиги хабарини Чаман момо ўша куниёқ қишлоқ кезиб элга овоза қилди. Қишлоқ аҳли уни ахтариб, ҳамма ёқни кезиб чиқди, аммо ундан дарак бўлмади. Боланинг йўқолганлиги ҳақида хабар Чаман момонинг ўғли Ёшузоқ ва келини Дилсорага ҳам етиб борди. Улар ўғиллари Эсонбердини олиб, самолётда учиб келишди. Уни кўп ахтаришди, суриштиришди, аммо бола топилмади...

Ниҳоят, эрта баҳорда қўйларини Сўқори тоғларига олиб чиққан Ниёз чўпон поданинг нимадандир ҳуркаётганлигини кўриб, ўша жойга яқинлашди. Чўпоннинг яқинлашганини кўрган икки-учта ғажир сал нарироқдаги тошларга бориб қўнди. Ниёз чўпон эндигина эриган қорлар остидан боланинг жасадини топди. У биринчи кўришдаёқ, қишда йўқолиб қолган Чаман момонинг набирасини таниди. Унинг кўзлари ва юзларини ғажирлар чўқилаб ташлаганди. Чўпон боланинг майитини эшагига ортмоқлаб қишлоққа олиб тушди. Чаман момо ҳам, Ёшузоқ ва Дилсора ҳам Оллоннинг майитини йиғлаб қарши олишди...

Боланинг дафни ўтгач, қишлоқда Чаман момонинг ҳам оғирлашиб қолгани хабари тарқалди. Ўғли Ёшузоқ ва келини Дилсора Чаман момонинг кўнглини олиш учун ҳар қанча уринишмасин, кампир уларга миқ этиб оғиз очмади. Ўриклар гуллаган оқшомда унинг ҳам жони узилди...

Шерзод ҲАЛИЛОВ, 2018-01-10, 22:37 744
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.