26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултан Назарбаевнинг Қозоғистон халқига Мактуби

ТЎРТИНЧИ САНОАТ ИНҚИЛОБИ ШАРОИТЛАРИДА РИВОЖЛАНИШНИНГ ЯНГИ ИМКОНИЯТЛАРИ

Ҳурматли қозоғистонликлар!

Бугун жаҳон Тўртинчи саноат инқилоби даврига, чуқур ва жўшқин технологиявий, иқтисодий ва ижтимоий ўзгаришлар даврига қадам қўймоқда.

Янги технологик тартиб бизнинг ишлаётганимиз, ўз фуқаролик ҳуқуқларимиздан фойдаланишимиз ва болаларни тарбиялашимизни тубдан ўзгартиради. 

Дунёвий ўзгаришлар ва таҳдидларга шай туриш зарурияти бизни “Қозоғистон-2050” тараққиёт стратегиясини қабул қилишга ундади. 

Биз жаҳондаги энг ривожланган мамлакатлар ўттизлигига кириш мақсадини қўйдик.

Миллат режаси – 100 аниқ қадам амалга оширилмоқда, улардан 60таси бажарилди. Қолганлари асосан узоқ муддатли тавсифга эга ва режа асосида амалга оширилмоқда. 

Ўтган йили Қозоғистоннинг учинчи янгиланиши бошланди.

Индустрлаштириш дастури муваффақиятли амалга оширилмоқда. 

“Рақамли Қозоғистон” мажмуавий дастури қабул қилинди.

Қозоғистон Республикасини ривожлантиришнинг 2025 йилгача бўлган давригача мўлжалланган мажмуавий Стратегик режаси ишлаб чиқилди. Бизнинг узоқ муддатли мақсадларимиз ўзгармай қолмоқда.

Бизда барча зарур дастурлар бор.

Ушбу Мактуб янги оламда – Тўртинчи саноат олами инқилобида мукваффақиятли ҳаракат қилиш ва мослашиш учун нималар қилишимиз кераклигини белгилаб беради.

Қадрли ватандошлар!

Биз мустақил Қозоғистонни барпо этдик, у жаҳонда ишонч ва ҳурматга сазовор брендга айланди. 2017 йилда мамлакатимиз БМТ Хавфсизлик Кенгашининг муваққат аъзоси бўлди. 

2018 йилнинг январида биз унда раислик қиламиз. 

Биз жаҳон ҳамжамияти МДҲ ва Шарқий Европа мамлакатлари орасидаги ЭКСПО бутунжаҳон ихтисослаштирилган кўргазмасини ўтказиш учун биринчи давлат бўлдик. 

Қозоғистонда муваффақиятли фаолият юритувчи бозор иқтисодиёти модели шаклланди. 

2017 йилда мамлакат дунёвий тангликнинг салбий оқибатларини бартараф этиб, дадил ўсиш йўналишига тушиб олди.

Йил якунига кўра, ички ялпи маҳсулотнинг ўсиши 4 фоизни, саноат ишлаб чиқаришиники – 7 фоиздан зиёдни ташкил этди. 

Бунда саноатнинг умумий ҳажмида қайта ишлаш шўъбаси улуши 40 фоиздан ошиб кетди. 

Қозоғистоннинг муваффақиятли ривожланиши ўрта синфнинг шаклланишига имкон берди. Қашшоқлик даражаси 13 бараварга қисқарди, ишсизлик 4,4 фоизга пасайди. 

Мамлакат ижтимоий-иқтисодий ютуқлари замирида фуқаролар тинчлиги, миллатлараро ва конфессиялараро тотувлик ётади, улар бизнинг бош қадриятларимиз бўлиб қолаверади.

Шу билан бирга биз чуқур англаб олишимиз керакки, Қозоғистоннинг ютуқлари – ишончли замин, бироқ эртаги ютуқларга кафолат эмас.

“Нефть мўл-кўлчилиги” даври деярли ниҳоясига етиб қолди. Мамлакатга тараққиётнинг янги сифати керак.

Дунёвий трендлар шуни кўрсатмоқдаки, у биринчи навбатда Тўртинчи саноат инқилоби элементларини кенг жорий этишга асосланиши керак. 

Бу ўзи билан ҳам таҳдидлар, ҳам имкониятларни олиб келади.

Аминманки, Қозоғистонда янги дунё етакчилари қаторига кириш учун барча имкониятлар мавжуд. 

Бунинг учун қуйидаги вазифаларни ҳал этишга эътиборни жамлаш керак.

БИРИНЧИ. Индустрлаштириш янги технологияларни жорий этиш дарғасига айланиши керак. 

Таҳликали 2014-2015 йилларда, нефть баҳоси кескин тушиб кетганда унинг натижалари барқарорлаштирувчи асосий омиллардан бири бўлди. 

Шунинг учун ҳам юқори меҳнат унумдорлигига асосланган қайта ишловчи шўъбага муносабат ўзгармади.

Шу билан бирга индустрлаштириш янги технологик тартиб – 4.0нинг барча устунликларидан фойдаланган ҳолда янада инновацион бўлиши керак. 

Маҳсулотни экспорт қилишга йўналтирилган корхоналаримизни янгилаш ва рақамлаштиришга мўлжалланган янги дастакларни ишлаб чиқиш ва синаб кўриш лозим. 

Улар биринчи навбатда технологиялар трансфертини рағбатлантириши керак.

Қозоғистоннинг бир қанча саноат корхоналарини рақамлаштириш бўйича пилот лойиҳани амалга ошириш, кейин эса бу тажрибани кенг ёйиш мақсадга мувофиқдир. Рақамли ва бошқа инновацион қарорлар ихтирочиларининг ўз эко тизимини ривожлантириши муҳим масалага айланади. У Назарбаев Университети, АТФМ ва IT стартаплари халқаро технопарки сингари инновация марказлари теварагида жамланиши керак. 

“Алатау” инновацион технологиялар паркининг фаолиятини ташкил этиш жиддий қайта кўриб чиқишни тақозо этади. 

Реал шўъба томонидан янги технологияларга талабнинг рағбатлантирилиши ва венчур усулида молиялаштириш хусусий бозорининг ишлаб туриши инновацион экотизим муваффақиятининг асосий омиллари ҳисобланади.

Бунинг учун тегишли қонунчилик керак. 

Бундан ташқари IT ва инжиниринг хизматларини ривожлантириш алоҳида аҳамият касб этади.

Иқтисодиётни рақамлаштириш дивидендлар билан бирга ишчи кучининг ёппасига бўшатилиши хавфини ҳам туғдиради. 

Бўшаган ишчи кучини ишга жойлаштириш юзасидан тегишли сиёсат олдиндан ишлаб чиқилиши керак.

Таълим тизимини, коммуникация ва стандартлаш соҳасини янги индустрлаштириш эҳтиёжларига мослаштиришга тўғри келади. 

2018 йилда “рақамли давр” саноатининг шаклланишига бағишланган учинчи индустрлаштириш бешйиллигини ишлаб чиқишни бошлаш лозим. 

ИККИНЧИ. Имкониятлар салоҳиятини янада ривожлантириш.

ХХI асрдаги олам табиат ресурсларига муҳтожлик сезаверади, улар келажакда ҳам дунё иқтисодиёти ва мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантиришда алоҳида ўрин тутаверади. 

Шундай экан, хомашё индустриясини ташкил этишни, табиат ресурсларини бошқаришга ёндашувларни танқидий жиҳатдан қайта кўриб чиқиш лозим. Мажмуавий ахборий-технологиявий дастурларни фаол жорий этиш керак.

Корхоналарнинг энергия самрадорлиги ва тежамкорлигига, шунингдек, энергия ишлаб чиқарувчиларнинг ўз иши, экологик тозалиги ва самарадорлигига талабларни кучайтириш муҳимдир.

Астанада ўтган ЭКСПО-2017 кўргазмаси муқобил, “тоза” энергия соҳасида тараққиёт қандай илдам бораётганини кўрсатди. Бугунги кунда жаҳондаги энергия ишлаб чиқаришининг тўртдан бир қисми янгиланган энергия манбалари (ЯЭМ)га тўғри келмоқда. Тахминларга кўра, 2050 йилга бориб ушбу кўрсаткич 80 фоизга етади. 

Биз 2030 йилга бориб Қозоғистондаги муқобил энергия улушини 30 фоизга етказиш вазифасини қўйдик.

Бугунги кунда бизда умумий қуввати 336 МВтга тенг 55та ЯЭМ иншооти ишлаб турибди, улар томонидан 2017 йилда 1,1миллиард кВт-соатга яқин “яшил” энергия ишлаб чиқарилди. 

Бизнесни рағбатлантириш, “яшил” технологияларга сармоя қуйиш муҳимдир. 

Минтақалар ҳокимлари кичик ва ўрта бизнес субъектларини кенг жалб этган ҳолда қаттиқ маиший чиқиндиларни ўз вақтида тўплаш ва қайта ишлаш чораларини кўришлари лозим. 

Бу ва бошқа тадбирлар қонунчиликни, шу жумладан, Экология кодексини пухталаштиришни талаб қилади.

УЧИНЧИ. “Ақлли технологиялар” – агросаноат мажмуасини ривожлантиришда олға сапчиш имконияти.

Аграр сиёсат меҳнат унумдорлигини тубдан оширишга ва қайта ишланган маҳсулотни экспорт қилишни ўстиришга қаратилган бўлиши керак.

Биз турли қишлоқ хўжалик экинларини, ғаллани етиштиришни ўрганиб олдик. 

Бу билан фахрланамиз.

Бироқ бу ҳали етарли эмас.

Хомашёнинг қайта ишланишини таъминлаш ва юқори сифатли тайёр маҳсулот билан жаҳон бозорларига чиқиш керак.

Бутун агросаноат мажмуасини ана шу вазифаларни ҳал этишга йўналтириш муҳимдир. 

Аграр фанларни ривожлантириш ҳам жиддий эътибор талаб қилади.

У биринчи навбатда янги технологиялар трансферти ва уларни мамлакат шароитига мослаштириш билан шуғулланиши керак.

Бунда аграр университетлар ролини қайта кўриб чиқиш лозим.

Улар фақат диплом бериш билан кифояланмай, агросаноат мажмуасида чинакамига ишлайдиган ёки илмий фаолият билан шуғулланадиган мутахассисларни тайёрлаши зарур.

Мазкур олий ўқув юртлари ўқитиш дастурларини янгилаши ва агросаноат мажмуасидаги энг илғор билимлар ва энг яхши амалиётни тарқатиш марказлари бўлиши керак.

Масалан, экиш ва ҳосилни йиғиштириб олиш, “ақлли суғориш” учун қулай вақтларни белгилаб берувчи технологиялар, минерал ўғитлар солиш ва зараркунандалар ҳамда бегона ўтларга қарши курашнинг интеллектуал тизимлари натижасида маҳсулдорликни бир неча баравар ошириш мумкин. 

Одамсиз бошқариладиган техника, инсон омилини четга сурган ҳолда, деҳқончилик маҳсулотлари таннархини анча пасайтиришга имкон беради.

Янги технологиялар ва бизнес-моделларни жорий этиш, агросаноат мажмуасига илм-фанга асосланган усулларни татбиқ қилиш хўжаликларнинг ширкатларга бирлашиш заруриятини оширади.

Қишлоқ хўжалик ширкатларига ҳар томонлама қўллов кўрсатиш лозим.

Давлат бизнес билан биргаликда халқаро бозорларда стратегик ўринларни излаб топиши ва мамлакат маҳсулотини ўтказиши зарур. Қишлоқ хўжалигини жадаллаштириш маҳсулот сифати ва экологик тозалигини сақлаган ҳолда ўтказилиши керак. 

Бу “Қозоғистонда ясалган” табиий озиқ-овқат маҳсулотлари брендини яратиш ва кўрсатишга ёрдам беради. У бутун жаҳонда танилиши керак. 

Бундан ташқари ердан иложи борича самарали фойдаланаётганларни рағбатлантириш, самарасиз фойдаланувчиларга чора кўриш лозим.

Самарасиз субсидияларни АСМ субъектлари учун банк насияларини арзонлаштиришга йўналтириш зарур. 

Беш йил мобайнида АСМда меҳнат унумдорлигини ва қайта ишланган қишлоқ хўжалик маҳсулоти экспортини камида 2,5 баравар оширишни топшираман.

ТЎРТИНЧИ. Транспорт-логистика инфратузилмаси самарадорлигини ошириш. 

Бугунги кунда Қозоғистон орқали бир қанча трансконтинентал даҳлизлар ўтган. Бу ҳақда кўп айтилган. 

Умуман олганда, Қозоғистон орқали юклар транзити 2017 йилда 17 фоизга ўсди ва қарийб 17 миллион тоннани ташкил этди.

Олдимизда транзитдан тушадиган йиллик даромадни 2020 йилда 5 миллиард долларгача етказиш вазифаси турибди. Бу давлат томонидан инфратузилмага сарфланган маблағни жуда қисқа муддатларда қайтаришга имкон беради. 

Юкларнинг онлайн тартибда ҳаракат қилишини кузатиб туриш, уларнинг тўсиқсиз ўтказилиши, шунингдек, божхона операцияларининг соддалаштирилиши учун блокчейн сингари рақамли технологияларнинг кенг жорий этилишини таъминлаш лозим. 

Замонавий қарорлар логистика барча бўғинларининг ўзаро ҳамкорлигини ташкил этиш имконини беради. 

“Катта маълумотлар” (Вig data)дан фойдаланиш сифатли таҳлилни таъминлаш, ўсиш захираларини топиш ва ортиқча харажатларни камайтиришга кўмаклашади.

Бу мақсадлар учун Интеллектуал транспорт тизимини жорий этиш лозим. 

У транспорт оқимларини самарали бошқариш ва инфратузилмани янада ривожлантириш эҳтиёжларини аниқлаб олишга имкон беради. 

Ички минтақавий сафарбарликни яхшилаш учун маҳаллий автойўллар шохобчаларининг таъмирланиши ва тузатилишига маблағни кўпайтириш ҳам муҳимдир. 

Бунга ҳар йили ажратилаётган бюджет маблағлари умумий ҳажмини ўрта муддатли келажакда 150 миллиард тенгегача етказиш мақсадга мувофиқдир. 

Мазкур ишда барча минтақалар ҳокимларининг фаол иштирокини таъминлаш зарур.

БЕШИНЧИ. Қурилишда ва коммунал шўъбада замонавий технологияларни жорий этиш.

Амалга оширилаётган дастурлар туфайли Қозоғистонда уй-жойни ишга тушириш ҳажми йилига 10 миллион квадрат метрдан ошиб кетди. 

Аҳолининг кенг қатламларига бошпана олиш имкониятини яратиб берган уй-жой жамғармалари тизими самарали ишламоқда. 

Жон бошига чақиб ҳисоблаганда уй-жой билан таъминлаш кейинги ўн йил ичида 30 фоизга ўсди ва бугунги кунда 21,6 квадрат метрни ташкил этмоқда.

2030 йилга бориб ушбу кўрсаткични 30 квадрат метрга етказиш лозим.

Бу вазифани бажаришда қурилишнинг янги усуллари, замонавий материаллардан фойдаланиш, биноларни лойиҳалашга ва шаҳар қурилишларини режалаштиришга янгича ёндашувлар муҳимдир.

Биноларнинг сифати, экологик тозалиги ва энергия самарадорлигига кучли талаблар қўйилиши керак. Қурилаётган ва мавжуд уйлар ҳамда инфратузилма иншоотлари интеллектуал бошқарув тизимлари билан жиҳозланиши лозим.

Бу аҳоли учун қулайликлар яратади, электр қуввати, иссиқлик, сув истеъмолини камайтиради, табиий монополиячиларни ўз иши самарадорлигини оширишга ундайди.

Қонунчиликка, шу жумладан, табиий монополиялар соҳасини созлаб турувчи қонунларга тегишли ўзгаришлар киритилиши ҳам муҳимдир.

Ҳокимлар давлат-хусусий шерикчилиги негизида уй-жой коммунал инфратузилмани янгилаш масалаларини жадаллик билан ҳал этишлари керак. 

Қишлоқ аҳоли манзилларини сифатли ичимли сув билан таъминлаш масаласини ҳал этиш учун Ҳукумат бу соҳага барча манбалардан ҳар йили камида 100 миллиард тенге қараштириши керак.

ОЛТИНЧИ. Молиявий шўъбани “Қайта янгилаш” .

Банк портфелини “ёмон” насиялардан тозалашни тугатиш зарур.

Бунда банк эгалари иқтисодий жавобгарликни ҳис этишлари, зарарларни тан олишлари лозим. 

Акционерларнинг сохта компаниялар ва шахслар фойдасини кўзлаган ҳолда банклардан маблағ чиқариши оғир жиноят сифатида баҳоланиши керак.

Миллий банк бундай қилмишларга чек қўйиши лозим. Акс ҳолда бундай давлат органининг бизга нима кераги бор? 

Миллий банк томонидан молиявий институтлар фаолияти устидан назорат қатъий, ўз вақтида ва таъсирчан бўлмоғи керак.

Давлат бундан буён ҳам оддий фуқаролар манфаатларининг ҳимоя қилинишига кафолат беради. 

Жисмоний шахсларнинг банкроти ҳақида қонун қабул қилинишини тезлаштириш керак. 

Бундан ташқари Миллий банкка 2016 йилнинг 1 январигача тақдим этилган, аҳолига валюта-ипотека қарзларини бериш масаласини узил-кесил ҳал этишни топшираман. Ўша пайтда уларни жисмоний шахсларга бериш қонуний тақиқланган эди.

Миллий банк ва Ҳукумат биргаликда иқтисодиёт тармоқларида чинакам рентабелликни ҳисобга олувчи ставкалар бўйича бизнесни узоқ муддатли насиялар билантаъминлаш масаласини ҳал этиши лозим.

Сармоявий иқлимни янада яхшилаш ва жамғарма бозорини ривожлантириш ҳам муҳимдир. 

Бу ўз ишини бошлаган “Астана” халқаро молиявий марказининг асосий вазифаларидан биридир.

У энг яхши халқаро тажрибадан фойдаланган ҳолда инглиз ҳуқуқи ва замонавий молиявий технологияларни қўлланувчи минтақавий хаб бўлиши керак.

“Самруқ-Қазина” ХФЖ миллий компаниялар акцияларининг IPOга чиқарилиши ҳам жамғарма бозорининг ривожланишига кўмаклашади. 

ЕТТИНЧИ. Одам салоҳияти – янгиланиш гарови.

Таълимнинг янги сифати.

Барча ёшдаги фуқароларни қамраб олувчи таълимнинг ўз илғор тизимини барпо этишни жадаллаштириш зарур. Ўзгаришларга мунтазам мослашув ва янги билимларни ўзлаштириш қобилиятини ривожлантириш таълим дастурларининг энг муҳим йўналиши бўлиши шарт.

Мактабгача таълимда 2019 йил 1 сентябргача болаларни эрта ривожлантириш учун ижтимоий кўникмалар ва мустақил ўқиш кўникмаларини ривожлантирувчи дастурларнинг ягона андазалари жорий этилиши лозим.

Ўрта таълимда янгиланган мазмунга кўчиш бошланади, у 2021 йилда тугайди. 

Бу мутлақо янги дастурлар, дарсликлар, андазалар ва кадрлардир. 

Педагогларни ўқитиш ва малакасини оширишга ёндашувлар қайта кўриб чиқишни тақозо этади. 

Мамлакат университетлари қошида педагогика кафедралари ва факультетларини ривожлантириш керак. 

Таълимнинг барча поғоналарида математик ва табиий фанларни ўқитиш сифатини ошириш зарур.

Бу ёшларни янги технологик тартибга тайёрлашнинг муҳим шартидир. 

Таълим муассасалари ўртасида рақобатни кучайтириш ва хусусий сармояни жалб этиш учун шаҳар мактабларида жон бошига қараб маблағ ажратиш жорий этилади. 

Бизда МДҲ мамлакатлари ўртасида ўқувчилар сони кўплигини ва Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти мамлакатларидагидан ўрта ҳисобда деярли учдан бир қисм юқорилигини ҳисобга олган ҳолда уни пасайтириш керак.

Барча минтақаларда ўқувчилар саройлари қошида компьютерлар, лабораториялар, 3D принтерларини ҳам қўшганда, барча зарур инфратузилмаларга эга болалар технопарклари ва бизнес инкубаторлари тармоғини барпо этиш зарур.

Бу ёш авлодни илмий-тадқиқот ва саноат-технология муҳитига муваффақиятли жалб этишга ёрдамлашади. 

Қозоғистонликларнинг келажаги – қозоқ, рус ва инглиз тилларини эркин ўзлаштиришига боғлиқ.

Русийзабон мактаблар учун қозоқ тилини ўргатишнинг янги услубияти ишлаб чиқилди ва жорий этилмоқда.

Биз қозоқ тилининг асрлар бўйи яшашини хоҳласак, уни ортиқча атамалардан халос қилган ҳолда замонавийлаштиришимиз керак.

Ҳолбуки, кейинги йилларда жаҳонда қарор топган ва умум томонидан қабулланган 7 минг атама қозоқ тилига таржима қилинган.

Бундай “янгилик” баъзан кулгига сабаб бўлади. Масалан, “ғаламтор” (интернет) “қолтыраун” (Крокодил), “күй сандық” (фортепиано) ва бундай мисоллар жуда кўп.

Бундай таржималарнинг асосланишига ёндашувларни қайтадан кўриб чиқиш ва тилимизни атамалар жиҳатидан халқаро даражага яқинлаштиришимиз зарур. 

Лотин алифбосига ўтиш ушбу масалани ҳал этишга кўмаклашади.

Таълимнинг барча поғоналарида 2025 йилгача лотин алифбосига ўтишнинг аниқ жадвали белгиланиши керак. 

Рус тилини билиш ҳам муҳимлигича қолади.

2016 йилдан бошлаб янгиланган дастурлар асосида рус тили қозоқ мактабларида 1-синфданоқ ўқитилмоқда. 

2019 йилдан 10-11-синфларда айрим табиий-илмий фанларни инглиз тилида ўқитишга кўчиш бошланади.

Натижада битирувчиларнинг ҳаммаси мамлакатда ва бутун жаҳонда яшаш ва ишлаш учун керакли даражада учта тилни ўзлаштириб оладилар.

Ана ўшанда чинакам фуқаролик жамияти вужудга келади.

Ҳар қандай этник гуруҳ кишиси мамлакат Президентлигига сайланишгача бўлган ҳар қандай ишни танлаб ола олади.

Қозоғистонликлар ягона миллат бўладилар. 

Таълим мазмуни замонавий-техникавий йўлдошлик билан узвий равишда тўлдириб борилиши керак.

Рақамли таълим имкониятларини ривожлантириш, кенг миқёсли интернетга қўшилиш ва мактабларимизнинг видеоускуналар билан жиҳозланишига доир ишларни давом эттириш муҳимдир.

Иш берувчиларни жалб этган ва халқаро талаблар ҳамда рақамли малакаларни ҳисобга олган ҳолда техникавий ва касб-ҳунар таълимида ўқитиш дастурларини янгилаш лозим.

“Барча учун бепул ҳунар-техника таълими” лойиҳасининг амалга оширилишини давом эттириш керак. 

Давлат ёшларга дастлабки касбни беради.

Ҳукумат ана шу вазифани бажариши лозим. 

Интернетда ўрта мактаблар, коллежлар ва олий ўқув юртлари энг яхши ўқитувчиларининг видеодарслари ва видеолекцияларини жойлаштириш зарур.

Бу барча қозоғистонликларга, шу жумладан олисдаги аҳоли манзилларда ҳам, энг яхши билим ва малакаларга эришиш имконини беради.

Олий таълим соҳасида ахборот технологияларига, сунъий заковат ва “катта маълумотлар” билан ишлашга ўргатилган битирувчилар сонини кўпайтириш зарур.

Бунда металлургия, нефть-газ-кимё, АСМ био- ва IT-технологиялар соҳасида тадқиқотлар ўтказиш устувор бўлган олий ўқув юрти фанларини ривожлантириш мақсадга мувофиқдир.

Амалий-илмий тадқиқотларни босқичма-босқич инглиз тилига ўтказишни амалга ошириш тақозо этилади. Олий ўқув юртлари хорижнинг етакчи университетлари ва тадқиқот марказлари, йирик корхоналар ва трансмиллий корпорациялар билан қўшма лойиҳаларни фаол амалга ошириши керак. 

Хусусий шўъба томонидан қўшимча молиялаштириш барча амалий илмий-тадқиқот ишланмалари учун мажбурий талаб бўлиши шарт.

Ёш олимларимизни қўллаб-қувватлашга доир тизимли сиёсатни ишлаб чиқиш, уларга илмий грантлар доирасида квоталар ажратиш керак.

Таълим соҳасига ўзининг сармоявий лойиҳалари ва экспорт салоҳиятига эга иқтисодиётнинг алоҳида тармоғи сифатида ёндашиш пайти келди. 

Олий ўқув юртларининг академик эркинлигини қонуний жиҳатдан мустаҳкамлаш, уларга таълим дастурларини тузишда кўпроқ ҳуқуқлар бериш зарур.

Ўқитувчиларнинг қайта тайёрланишини кучайтириш, олий ўқув юртларига хорижлик менежерларни жалб қилиш, жаҳон университетлари бўлимларини очиш талаб қилинади. 

Миллат салоҳиятини ўстириш маданиятимиз ва мафкурамизни янада ривожлантиришни тақозо этади. 

“Маънавий янгиланиш”нинг асл моҳияти мана шунда.

Ўзининг тарихи, тили, маданиятидан яхши хабардор, шу билан бирга замонавий, чет тилларни биладиган илғор ва дунёвий қарашларга эга қозоғистонлик жамиятимизнинг идеали бўлиши керак.

Биринчи даражали соғликни сақлаш ва соғлом миллат.

Аҳоли умр ёшининг ўсиб бориши ва тиббиёт технологияларининг ривожланиши муносабати билан тиббий хизматлардан фойдаланиш ҳажми ҳам ўсиб боради. 

Замонавий соғликни сақлаш қимматга тушадиган ётқизиб даволашга эмас, касалликларнинг олдини олишга кўпроқ йўналтирилиши керак.

Соғлом турмуш тарзини тарғиб қила бориб, жамоат соғлигини бошқаришни кучайтириш зарур.

Ёшлар репродуктив соғлигини муҳофаза қилиш ва мустаҳкамлаш алоҳида эътибор талаб қилади.

Давлат учун кам самарали, серхаражат диспансерлаштиришдан масофадан туриб ташҳис қўйиш, шунингдек, амбулаторияда даволашни қўллаган ҳолда асосий сурункали касалликларни бошқаришга ўтиш мақсадга мувофиқдир.

Бундай тажриба жаҳонда илгаридан бор.

Уни дадил ва фаол жорий этиш керак. 

Онкология касалликларига қарши курашга доир мажмуавий режа қабул қилиш, илмий онкомарказ ташкил этиш зарур.

Илғор халқаро тажриба асосида саратонни эрта аниқлаш ва даволашнинг энг самарали усуллари қўлланилиши керак.

Биз кардиологияда, силга қарши курашда ва ҳомиладор аёлларга ёрдам беришда ўтказилган ишларни давом эттиришимиз лозим.

Соғликни сақлаш босқичма-босқич аҳоли, давлат ва иш берувчиларнинг умумий жавобгарлигига асосланган мажбурий ижтимоий тиббий суғурта (МИТС) тизимига кўчади.

Уни жорий этишнинг зарурлигига шак-шубҳа йўқ. 

Бинобарин, Соғликни сақлаш ҳамда Меҳнат ва ижтимоий муҳофаза вазирликлари бажармаган тайёргарлик ишларини пухта ўтказиш талаб қилинади. 

Бепул тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажми (БТЁКҲ)нинг янги моделини ишлаб чиқиш, давлат мажбуриятларининг аниқ чегараларини аниқлаш керак.

Давлат томонидан кафолатланмаган хизматларни аҳоли МИТС қатнашчиси бўлган ҳолда ёки кўнгилли тиббий суғурта, шунингдек, қўшимча ҳақ тўлаш орқали олиши мумкин.

Ахборот тизимларини интеграциялаш, уяли рақамли иловалардан фойдаланиш, электрон саломатлик паспортларини жорий этиш, “қоғозсиз” касалхоналарга кўчиш орқали тиббий ёрдам оммабоплиги ва самарадорлигини ошириш лозим.

Тиббиётда ирсий таҳлил, сунъий интеллект технологияларини жорий этишга киришиш тақозо этилади, улар касалликларни аниқлаш ва даволаш самарадорлигини бирмунча оширади.

Тиббиёт кадрлари билан таъминлаш ва уларни тайёрлаш сифати ҳам муҳим масаладир.

Бугун биз Назарбаев Университетининг ажойиб Тиббиёт мактабига эгамиз, унинг қошида интеграциялашган университет клиникаси ишлаб турибди. 

Ушбу тажриба барча тиббиёт олий ўқув юртларига тарқатилиши керак.

Шу ва бошқа чораларни амалга ошириш учун янги таҳрирдаги “Халқ саломатлиги ва соғликни сақлаш тизими тўғрисида” Кодекси ишлаб чиқилиши лозим.

Сифатли бандлик ва адолатли ижтимоий таъминот тизими.

Меҳнат бозори самарадорлигини таъминлаш, ҳар бир киши ўз қобилиятини кўрсата олиши учун шарт-шароитлар яратиб бериш муҳимдир.

Барча асосий касблар бўйича замонавий андазалар ишлаб чиқилиши зарур.

Бу андазаларда иш берувчилар ва бизнесменлар ходимларда қандай билим, маҳорат ва малака бўлиши кераклигини аниқ белгилаб оладилар.

Касбий андазалар талабларидан келиб чиққан ҳолда янги таълим дастурлари ишлаб чиқилиши ёки амалдагиси янгиланиши керак.

Ўзини-ўзи банд қилганлар ва ишсизлар иқтисодий ўсиш захираси ҳисобланади.

Ўзини-ўзи банд қилганлар масаласини ҳал этишни бир неча бор талаб қилганман.

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги бу ишда масъулиятсизлик ва юзакилик кўрсатди.

Одамларни самарали бандликка жалб этиш – ўз ишини очиш ёки янги касб эгаллаш ва ишга жойлашиш учун кўпроқ имкониятлар берилиши лозим.

“Атамекен” МТПнинг бизнесга ўқитиш борасидаги иши ҳам қўллаб-қувватланса арзийди.

Аҳолининг ушбу тоифаларини самарали бандлик ва оммавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури билан қамраб олиш, унинг дастакларини кучайтириш муҳимдир.

Ўзини-ўзи банд қилганларни рўйхатга олиш жараёнини имкон қадар соддалаштириш, шундай шароитлар яратиб бериш керакки, давлат олдидаги мажбуриятларни сидқидилдан бажариш ўзига фойдали бўлсин.

Қозоғистонликлар янги ишни, шу жумладан, мамлакатнинг бошқа аҳоли манзилларида ҳам нисбатан тез топиш имкониятига эга бўлишилари керак.

Ягона электрон меҳнат биржаси кенг кўламда жорий этилиши, унда бўш ўринлар ва иш излакётган шахслар ҳақидаги барча маълумотлар тўпланиши зарур.

Одам уйда ўтириб, касбга йўналтириш бўйича тестдан ўтиш, ўқув курсларидан, давлат қўллови чораларидан хабардор бўлиш ва қизиқарли иш топиш имкониятига эга бўларди. 

Меҳнат дафтарчаларини ҳам электрон шаклга ўтказиш мақсадга мувофиқдир.

Электрон меҳнат биржаси ҳақидаги қонун 2018 йил 1 апрелгача қабул қилиниши лозим. 

Ижтимоий сиёсат фуқароларни тўлақонли иқтисодий ҳаётга жалб этиш орқали амалга оширилади. 

Пенсия тизими эндиликда меҳнат стажига бевосита боғлиқ.

Ким кўп ишласа, шу одам кўпроқ пенсия олади.

Шу муносабат билан барча қозоғистонликлар ўз меҳнат фаолиятини қонунлаштиришга жиддий ёндашишлари керак.

Ижтимоий суғурта тизимида ҳам иш стажи ва тўловлар миқдори ўртасидаги ўзаро боғлиқлик кучайтирилади. 

2018 йилдан бошлаб биз аҳолининг кам таъминланган қатламларига манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатишнинг янги тартибига кўчдик.

Уни кўрсатиш чегараси яшаш минимумининг 40 фоизидан 50 фоизигача кўтарилди.

Меҳнатга лаёқатли кам таъминланган фуқаролар пуллай ёрдамни бандликка кўмаклашиш тадбирларида қатнашган тақдирдагина олишлари мумкин.

Ишга лаёқатсиз фуқаролар учун давлат қўллови чоралари кучайтирилади.

Азиз қозоғистонликлар!

Давлат ўзининг барча ижтимоий мажбуриятларини тўла-тўкис бажаради. 

Сизларга эслатиб ўтмоқчиманки, 2016-2017 йилларда пенсия ва нафақалар уч марта оширилди.

Базавий пенсия ҳаммаси бўлиб 29 фоизга, умумий пенсия – 32 фоизга, бола туғилганлиги учун нафақа – 37 фоизга, ногиронлик ва боқувчисини йўқотганлик бўйича – ҳар бири 43 фоизга ўсди.

Соғликни сақлаш ходимларининг маоши 28, таълим – 29, ижтимоий ҳимоялаш – 40, “Б” корпусидаги давлат хизматчилари – 30, стипендиялар – 25 фоизга кўпайди.

Ҳозир танглик даври. Жаҳондаги мамлакатларнинг аксарияти ижтимоий харажатларни бу даражада ошира олмади.

Республика бюджетининг ижтимоий соҳага харажатлари 2018 йилда 12 фоизга кўпайтирилди ва 4,1 триллион тенгедан ошди.

Ижтимоий тўловлар, шу жумладан, пенсияларнинг оширилиши 3 миллиондан зиёд қозоғистонликларнинг даромадларини кўпайтирди.

2018 йил 1 январдан умумий пенсия 8 фоизга ошди.

Ногиронлар, боқувчисини йўқотган, ногирон болаларни тарбиялаётган оилалар учун нафақалар 16 фоизгача кўпайтирилди.

2018 йил 1 июлдан базавий пенсия меҳнат стажига боғлиқ равишда ўрта ҳисобда 1,8 бараварга ошади.

Бундан ташқари 2018 йил 1 июлдан болаликдан I гуруҳ ногиронлари бўлмиш балоғатга етмаган болаларни парваришловчи ота-оналар учун қўшимча давлат нафақасини жорий этишни топшираман.

14 мингга яқин оила ой сайин битта яшаш минимумидан кам бўлмаган миқдорда ана шундай нафақаларни олади.

Ана шу мақсадлар учун 2018 йилда 3 миллиард тенгегача керак бўлади.

Ўқитувчи касбининг нуфузини ошириш учун 2018 йил 1 январдан ўқув материалининг янгиланган мазмунига кўчган ўқитувчиларнинг мансаб маоши 30 фоизга кўтарилади.

Янгиланган мазмун – халқаро андазаларга мувофиқ ва Назарбаев заковат мактабларида мослаштирилган замонавий ўқув дастурларидир.

Булар болаларимизга зарур функционал билим ва танқидий фикрлашни беради.

Бундан ташқари 2018 йилда ўқитувчилар учун тоифалар ўртасидаги тафовутни кенгайтириш шарти билан малака даражасини ҳисобга олувчи тоифаларнинг янги ғалвирини жорий этишни топшираман.

Тоифаларни бутун жаҳондаги каби миллий малака тести орқали бериш лозим.

Бу эса педагогларни мунтазам такомиллашиб боришга ундайди. 

Натижада тасдиқланган малакасига боғлиқ равишда ўқитувчиларнинг маоши 30 фоиздан 50 фоизгача ошади.

Бунинг учун жорий йилда қўшимча равишда 67 миллиард тенге ажратилиши керак. 

Саккизинчи. Самарали давлат бошқаруви.

Тадбиркорлар ва аҳоли учун давлат бошқарувидаги харажатларни қисқартириш юзасидан ишларни давом эттириш лозим. 

Шу муносабат билан бизнесни келгусида қайта созлашга қаратилган қонун қабулланишини тезлаштириш даркор. 

Бизнесга давлат қўлловини олиш жараёнларининг рақамлаштирилиши “ягона дарча” қоидаси асосида кўрсатиш билан таъминланиши зарур. 

Давлат органлари ахборот тизимларини интеграциялаш “битта ариза” тамойилига кўра алоҳида давлат хизматлари кўрсатишдан мажмуавий хизмат кўрсатишга ўтиш имконини беради. 

Шунингдек, табиий монополиялар субъектларининг хизматлар сифатини оширишга доир ишини давом эттириш мақсадга мувофиқдир.

Инвестициявий дастурларни ҳисобга олган ҳолда уларга ва энергия ишлаб чиқарувчиларга асосланган тарифлар белгиланиши муҳимдир.

Бизнес иқлимни, айниқса, минтақавий даражада, яхшилаш борасида қатъий ҳаракатлар талаб қилинади. 

Ҳукумат бизнесни қўллаб-қувватлаш, уни соядан чиқаришга доир мажмуавий чораларнинг янги пакетини тайёрлаши зарур.

Давлат органлари тасарруфидаги ташкилотлар сонини қисқартириш ҳисобига хусусийлаштириш режасини кенгайтириб, уни амалга оширишни жадаллаштириш даркор. 

Амалда зарур маҳкамаларга оид ташкилотларни, маъмурий харажатларни қисқартириш учун имкониятга қараб бирлаштириш керак. 

Тежалган маблағни фактор-балл шкаласи асосида давлат хизматчилари меҳнатига ҳақ тўлашнинг янги тизимини жорий этишга йўналтириш зарур. 

Бу минтақалар ва марказдаги давлат хизматчилари маошларидаги фарқни камайтиради, шунингдек иш тарзи ҳамда самарадорлигини ҳам ҳисобга олади.

Ҳукуматга Давлат хизмати ишлари агентлиги билан бирга 2018 йилда марказий ва маҳаллий давлат органларида ана шу тизимни жорий этиш пилот лойиҳаларини топшираман. 

Уларнинг иқтисодий мустақиллиги ва масъулиятини ошириш орқали минтақалардаги давлат хизматининг самарадорлик салоҳиятини тўлароқ очиб бериш керак. 

Умуман олганда, минтақавий сиёсат марказини харажатларни тенглаштиришдан минтақаларнинг ўз даромадларини ўстиришини рағбатлантиришга ўтиш зарур. 

Масалан, ҳар қандай минтақа учун истиқболли йўналишлардан бири жаҳондаги ҳар ўнта иш ўринларининг бирини яратаётган ташқи ва ички туризмни ривожлантириш ҳисобланади. 

Ҳукумат ўз навбатида виза жараёнларини соддалаштириш, инфратузилмаларни ривожлантириш ва туризм соҳасидаги тўсиқларни олиб ташлашни кўзда тутадиган мажмуавий чоралар кўриши лозим. 

Фискал номарказлаштириш доирасида кичик ва ўрта бизнесдан тушадиган корпоратив даромад солиғини минтақа бюджетларига бериш масаласини ҳал этиш зарур. 

2018 йил 1 январдан 2000 дан зиёд одам яшайдиган туман аҳамиятига эга шаҳарлар, қишлоқлар ва қишлоқ округларида маҳаллий ўзини-ўзи бошқаришнинг мустақил бюджети ва коммунал мулкини жорий этиш қонунда кўзда тутилган. 

2020 йилдан бошлаб мазкур меъёрлар барча аҳоли манзилларида амал қила бошлайди. 

Қишлоқ бюджетига 7та солиқ ва бошқа солиққа кирмайдиган тушумлар, шунингдек, харажатларнинг 19 йўналиши берилган. 

Бу эса аҳолининг маҳаллий аҳамиятга эга масалаларни ҳал қилишга жалб этилишини таъминлайди. 

Бундан ташқари, давлат органлари фуқароларнинг эътироз ва таклифларини айни вақтида ҳисобга олиш ва жадал чора кўриш учун замонавий рақамли технологияларни қўлланишлари зарур. 

Янги технологияларни жорий этар экан, давлат ва компаниялар ўзларининг ахборот тизимлари ва қурилмаларининг ишончли ҳимояланишини таъминлашлари шарт.

Бугунги кунда киберхавфсизлик тушунчаси нафақат ахборотнинг, балки ишлаб чиқариш ва инфратузилмалар бошқарувига киришдан ҳимоя қилишни ҳам ўз ичига олади. 

Ушбу ва бошқа чоралар Қозоғистоннинг Миллий хавфсизлиги стратегиясида аксини топиши зарур.

Тўққизинчи. Коррупцияга қарши кураш ва қонун устуворлиги.

Уюшган жиноятчиликнинг олдини олувчи кураш давом этади. 

Катта иш амалга оширилмоқда. 

Сўнгги 3 йил давомида коррупция учун, юқори лавозимли амалдорлар ва давлат компаниялари раҳбарларини ҳам ҳисобга олганда, 2,5 мингдан ортиқ шахс судланди. 

Шу даврнинг ўзида улар томонидан етказилган 17 миллиард тенгелик зарар ундириб олинди. 

Давлат органларидаги жараёнларни аҳоли ва бизнес билан ўзаро муносабатларини ҳам қўшганда, рақамлаштириш муҳимдир. 

Чунончи, фуқаролар уларнинг мурожаатлари қандай кўриб чиқилаётганини кўришлари ва ўз вақтида сифатли жавоблар олишлари зарур.

Суд ва ҳуқуқни ҳимоялаш тизимларида идоравий ўзгаришлар амалга оширилмоқда. 

Жиноий жараёнда фуқаролар ҳуқуқларининг ҳимояланишини кучайтириш ва жазо чораларини юмшатишни кўзда тутувчи меъёрлар қонунчиликка киритилди. 

Адвокатлар ҳуқуқлари, шунингдек, судгача бўлган босқичда суд назорати кенгайтирилди. 

Ҳуқуқ ҳимоялаш органлари ваколатлари ва жавобгарлик доираси чегараланган. 

Фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини мустаҳкамлаш, ҳуқуқ устуворлигини таъминлаш, ҳуқуқни ҳимоялаш фаолиятини инсонпарварлаштириш бўйича ишларни давом эттириш зарур.

Жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлашда, кўчалар, фуқароларнинг оммавий тўпланган жойларида, йўл ҳаракатини назорат қилишда видеоназорат ҳамда шахсни аниқлашнинг интеллектуал тизимлари фаол жорий этилиши лозим.

Ўнинчи. “Ақлли миллат” учун “ақлли шаҳарлар”.

2018 йил – пойтахтимиз Астана шаҳрининг 20 йиллик юбилейи йили. 

Унинг шаклланиши ва Евроосиёнинг энг муҳим ривожланиш марказлари қаторига кириши – умумий ифтихоримиз белгиси. 

Замонавий технологиялар жадал ривожланаётган мегаполислар муаммоларини ҳал этишнинг самарали ечимини беради. 

“Смарт Сити” концепцияси ва шаҳарга кўчиб келаётган одамлар идрокини ривожлантириш асосида шаҳар муҳитини мажмуавий бошқаришни жорий этиш зарур.

Жаҳонда шундай тушунча бор: сармоядорлар учун айнан шаҳарлар рақобатлашадилар.

Улар мамлакатни эмас, яшаш ва ишлаш учун қулай шаҳарни танлайдилар. 

Шунинг учун Астана тажрибаси асосида “Смарт Сити”нинг эталон андазасини шакллантириш ва Қозоғистон шаҳарлари ўртасида энг яхши амалиётларни тарқатиш ва тажриба алмашишни бошлаш зарур.

“Ақлли шаҳар”лар минтақавий тараққиёт бутун мамлакат ҳудудида инновациялар ва турмуш сифатини оширишнинг локомотивлари бўлади. 

Мана, 10 та вазифа. Улар тушунарли ва аниқ.

Азиз қозоғистонликлар!

Сиёсий барқарорлик ва ижтимоий консенсус туфайли биз иқтисодиётни, сиёсат ва тафаккурни замонавийлаштиришга киришдик. 

Технологик ва инфратузилмавий тараққиётнинг янги босқичига туртки берилди. 

Конституциявий ислоҳот ҳокимият шохобчаларининг аниқроқ мувозанатини белгилаб берди. 

Биз миллий тафаккурни янгилаш жараёнини авж олдирдик.

Ушбу учта асосий йўналиш, моҳиятига кўра, Қозоғистон янгиланишининг тизимли уч таянчидир. 

Янги даврга мувофиқ бўлишимиз учун биз ягона миллат – Тўртинчи саноат инқилоби шароитларида тарихий юксалиш бўсағасида турган миллат бўлиб жипслашишимиз керак!

 

Астана, 2018 йил январь.

, 2018-01-10, 22:48
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.