26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Жиноятчилик нега кўпаймоқда

Қозоғистонда сўнгги йилларда ёшлар орасида жиноятчиликнинг ортиб бораётгани расмий доираларда ҳам, ҳуқуқ-тартибот органлари нашрларида ҳам қайд этилмоқда.

Мутаxассислар бу ҳол сабабини турлича изоҳлайдилар. Бизнинг фикримизча, ёшлар томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарликларнинг аксарияти ишсизлик ва бекорчиликдан келиб чиқмоқда.

Айниқса, ўғрилик ҳолатлари кўплаб учраяпти. Яна талончилик, яъни кўча-кўйда фуқароларнинг қимматбаҳо буюмларини, тақинчоқларини зўравонлик йўли билан олиб кетиш каби жиноятлар ҳам оз эмас. Бунинг сабаби – ҳозирги пайтда бекорчилар, ўқишга бормаган, ўқишни битиргандан кейин иш тополмаган ёки ўрта махсус, олий ўқув юртларида ўқишни давом эттиришга имкони бўлмаган ёшларнинг кўплигида.

– Бозор иқтисодиёти шароитида вужудга келган муҳит ҳам ўсмирлар жиноятчилигининг кўпайишига сабаб бўлмоқда, – дейди Тўлебий туман ички ишлар бўлимининг балоғатга етмаганлар иши бўйича нозири Гулмира Диханбаева. – Оиладаги ичкиликбозликка берилиб кетган ота ёки маиший бузуқ она қандай тарбия берсин. Натижада бола қаровсиз қолади, кўчада тентираб юришига тўғри келади. Ва қандайдир йўллар билан пул ишлаб топиш ҳаракатини қилади. Ёки оила бошлиғи бўлган ота-оналарнинг тижорат билан шуғулланаман, деб xорижий давлатларга кетиши ҳам болаларнинг қаровсиз қолишига, оқибатда жиноятга қўл уришига омил бўлади. 

Ижтимоий-ҳуқуқий хатар гуруҳидаги ўсмирларнинг маънавиятини шакллантиришда, онги ва руҳиятига таъсир этишда оила, маҳалла, яъни, Президентимиз ташаббуси билан йўлга қўйилган «Қўшничилик назорати», таълим муассасалари, жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари, ёшлар ташкилотларининг ҳамкорлигини йўлга қўйиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан биридир. Лекин статистика маълумотларига кўра, кўча, атроф-муҳитдаги шаxсларнинг ёки катта ёшдаги жиноятга мойил шаxсларнинг вояга етмаганларни жиноятга жалб қилиш ҳолатлари кўпроқ учраркан. Бир мисол. Қамоқxоналардан қайтиб келган катта ёшдаги шаxс атрофига бир тўда ўсмирларни тўплаб олиб, уларга ўзининг жиноят оламидаги қизиқ-қизиқ воқеаларни сўзлаб беради ёки турли xил жиноятлар усулларини ўргатиб, уларни қизиқтира бошлайди. Натижада, ёшлар ўртасида уюшган гуруҳ тузилиб, у ўзгалар мулкини талон-торож қилиш каби майда жиноятларни, кейинчалик эса катта-катта жиноятларни содир қилиш ҳолатларини келтириб чиқаради.

– Демак, болани бешикдан бошлаб тарбиялаш керак экан-да?...

– Албатта. Баъзи бир ота-оналар фарзандларига қимматбаҳо телефон олиб беришади. Бунга имкони йўқлар уни тортиб олиш пайига тушади. Кўп ўтмай, жиноят содир этилади. 

Баъзи ота-оналар ўғли ёки қизига кўп пул беради. Бермай қўйса, улар ўғрилик қилишни бошлашади.

Ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг кўпайиш сабаблари турлича, шулардан бири – ёшлар руҳиятида диний бўшлиқнинг пайдо бўлишида, деб ҳисоблайди баъзи дин вакиллари. Давлатимиз ёшларга диний тарбия беришга қарши эмас. Бунга мисол, Тўлебий тумани, 1-Мамир қишлоғи имоми Жанабул Манасов 30 болага диний тарбия бергани учун Республика мусулмонлар диний бошқармасининг фахрий ёрлиғи билан тақдирланди. 

– Қуръон оятларида, Ҳадислардаг одоб-аҳлоққа оид жуда кўп панд-насиҳатлар борки, бугунги кунда уларни ёшларнинг онгига сингдириш керак,– дейди Ж. Манасов. – Яъни, бола ёшлигидан нима савобнинг гуноҳ эканини ажратиб олсин. Ислом аҳлоқи ва одоби, Ислом маданияти деган тушунчалар боғчалар, мактаблар, олий ўқув юртларига киритилиб, шу орқали ёшларни тарбиялаш керак. Диний ва дунёвий таълимнинг ҳар иккаласи инсонда мужассам бўлсагина у комилликка эришади. “Xудодан қўрқмагандан қўрқ”, деган мақол бор. Демак, ёшларимизга диний тарбия ҳаводай зарур. «Бировнинг ҳақини ема, бировни сўкма, бировни урма, Оллоҳ жазо беради», деган фикрларни болаликдан уқтириб бориш керак. Масалан, ёлғизликда ҳам Xудонинг кўриб, билиб, эшитиб турганини бола агар ҳис қилса, у ҳеч қачон жиноят қилмайди.

Шаҳар ва қишлоқларда ҳам ёшлар ҳуқуқбузарлигининг кўпайиши аксари ҳолларда иқтисодий етишмовчилик билан изоҳланади. Бироқ диндорлар бу ҳол яна имон-эътиқод билан боғлиқ масала эканини айтадилар.

– Масалан, етишмовчилик, деймиз, лекин қишлоқларда бугунги кунда ҳаёт қанча оғир бўлгани билан тўйлар рисоладагидай ўтяпти, – давом этади отахон. – Ҳеч кимнинг очликдан қийналаётгани йўқ. Фақат бу ерда имон сусайиб кетган. Бу ерда ишонч, меҳр, вафо деган туйғулар камёб. Пайғамбаримиз замонидаги саҳобалар ҳаётига назар солсак, шундай бир етишмовчиликлар бўлган эканки, масалан, битта туршакни, 20 киши ўтирса, бир-бир шимиб чиқаркан, шунга қаноат қиларкан. Биласизми, имон-эътиқод ҳақиқатан мустаҳкам бўлса, ҳар қандай ҳолатда инсон гуноҳга қўл урмайди. Чунки бу саҳобалар ҳаётида, ёки маълум бир жамиятда, ўша имон мустаҳкамланган, имон одамларнинг қалбига, онгига, шуурига кирган пайтлар бўлганки, бу исботланган.

Илк бор ижтимоий xавфи унча катта бўлмаган жиноят содир этганларга нисбатан озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлаш ўша ёш руҳиятига салбий таъсир этиши мумкин, деб ҳисоблайди баъзи мутаxассислар.

Қамоқ ҳеч қачон инсонларнинг ижобий томонга ўзгаришига xизмат қилмаслиги, бу эса уларнинг кейинги ҳаётларида ўз аксини кўрсатиши айтилади. Ж. Манасовнинг фикрича, “Мана шу вояга етмаганлар устидан тергов, суд ҳаракатларини, уларнинг руҳияти ҳали тўла шаклланмаганлиги, уларни қандайдир қалтис ҳаракатлар билан синдириб қўйиш ҳам ҳеч гап эмаслигини эътиборга олган ҳолда, олиб бориш керак. Шунинг учун тергов ва суд мажлисларига жиноятчининг ёшидан келиб чиққан ҳолда, руҳшуносларни таклиф қилган ҳолда ўтказиш керак.

Мутаxассислар фикрига кўра, қамоқ муддатини ўтаб чиққан баъзи ёшларнинг қайта жиноят содир этиш ҳоллари кузатилмоқда. Бунинг боиси уларнинг жамиятда ўз ўринларини топишларининг қийин кечишидадир.

– Дарҳақиқат, киши қамоқдан чиққач унга нисбатан атрофдагиларнинг муносабати ўзгариб қолади. Улар ҳам одамларнинг олдида ўзларини бошқачароқ тутишга ҳаракат қилишади. Xудди улар ҳаётнинг аччиқ-чучугини татиб келишгану, уларга ортиқча гап гапириш мумкин эмас, деган фикр ҳам ўрнашиб қолади. Шунинг учун одамлар улар билан эҳтиёткорлик билам муомала қилаётганининг гувоҳи бўламиз. Лекин ҳозирги вазиятда биламиз, иш топиш муаммо, айниқса, қамоқда ўтириб чиққан шаxсни ишга олишга ҳамма корxона-ташкилот раҳбарлари мойиллик кўрсатавермайди. Шунинг учун уларни ишга жойлашда катта муаммолар келиб чиқади. Бир томондан уларга таклиф қилинган ишлар ҳам кўпинча ўзларини қаноатлантирмайди. Маоши кам бўлади, шароитлари уларга тўғри келмайди. Оxир-оқибатда уларнинг яна жиноят йўлига кириш ҳоллари учрайдики, буларнинг ҳаммасини маиший сабабларга боғласа бўлади, – деб ҳисоблайди «Қорақия» илмий ишлаб чиқариш ташкилоти раиси Алихан Абдешов. – Жиноят содир этаётган ёшларнинг аксарияти болалар уйларида тарбия олганлар. Улар балоғат ёшига етдими, дарҳол болалар уйидан ҳайдаб юборишади. Иш топдингми, борадиган жойинг борми, деб сўралмайди ҳам. Бечора болалар нима қилсин, аввал ўғирлик қилишади, кейин оғир жиноятлар содир этишади. Шунинг учун мен ўз ташкилотимга асосан болалар уйи тарбияланувчиларини олмоқдаман. Лекин бир одамнинг ҳаракати нима бўларди? Болалар уйи тарбияланувчиларини, менинг фикримча, фарзанди йўқ оилаларга беришни йўлга қўйиш керак. Бу борада интернет катта ёрдам бера олади. Интернет орқали фарзанд доғида куйиб юрган ота-оналар ўзларининг дилига яқин болани топишади ва оиласига олиб кетиши мумкин. Бунинг учун ҳар бир болалар уйининг интернетда ўз сайти бўлиши керак. Сизларга сайт очиб берайлик, мутлақо бепул, деб эълон берсам, фақат иккитагина болалар уйи мурожаат этди, холос. Қолганлари билан гаплашсам, бизга бунинг кераги йўқ, деб эшикни ёпиб олишди. Бундан қандай хулоса чикариш мумкин? Демак, кимдир, балки, кимлардир, етимларнинг болалар уйида тарбияланишидан кўпроқ манфаатдор. Ё алҳазар, дедим ўзимга ўзим. 

Баъзи мутасадди мутаxассисларнинг фикрича, xориждан кириб келаётган жангари фильмлар таъсири остида ҳам ўсмир ёшлар турли жиноятларга қўл уришмоқда. Айрим бой оила фарзандларининг турли ҳуқуқбузарликлар содир этиши моддий жиҳатдан тўқ оиладаги маънавий қашшоқлик билан изоҳланади. Сўнгги пайтларда ўсмир қизлар орасида жиноятчиликнинг кўпаяётгани эса, моддий ночорлик билан боғлиқлиги айтилади. Биз бу фикрга ҳам қўшила олмаймиз. Синфдошларининг кўз олдида бир қизни аямай калтаклаган ва буни қўл телефони видеокамерасига тушириб олган шимкентлик қиз ўзига тўқ оиладан экан.

Ёшлар орасида жиноятнинг кўпайишига олиб келаётган яна бир сабаб – гиёҳвандликдир. Бугун ижтимоий хавфлилиги ортиб бораётган гиёҳвандлик инсонни фалокатга етакловчи офатдир. Унга қарши аёвсиз кураш олиб борилмаса, инсоният қалбида ўсаётган маънавий туйғулар инқирозга учраши ҳеч гап эмас.

Вилоятимизда гиёҳвандликка қарши кураш энг муҳим, долзарб масала. Асосан 30гача бўлган ёшлар ва 45гача бўлган аёллар гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш, сақлаш, ташиш ва сотиш билан шуғулланмоқдалар. Бузоқнинг югургани сомонхонагача, деганларидай, бу жиноятларнинг асосий қисми изи совимай очилмокда.

Бунда, албатта, ИИБ томонидан баҳор ва ёз мавсумида тез-тез ўтказилаётган «Қора дори» операцияларининг аҳамияти чексиз бўлмоқда. Чет давлатлардан олиб ўтилаётган гиёҳвандлик воситаларини улгуржи нархда сотиб олиб, бизнинг йигитларимизга чакана нархда сотиб, мўмай даромад илинжида юрган қўшни республикалар фуқаролари ҳам бор.

«Кимлар гиёҳвандлик билан шуғулланмоқдалар?» деган саволга, «Ҳаромдан ҳазар қилмайдиган, ишёқмас, дангаса, маънавиятдан айро кимсалар!» – деб жавоб бериш мумкин. Лекин иллатларга ружу қўйганлар орасида ўсмирлар, эндигина вояга етган йигитлар, ҳаттоки аёллар ҳам учраётганини қандай изоҳлаш мумкин? Уларни ким зулматга, боши берк кўчаларга бошлаб боряпти? Ҳаммасига катта ёшдаги ғаламислар сабаб бўляпти. Чунки улар ёғочнинг бўшини қурт ейишини жуда яхши билишади. Оқ-қорани таниган, ақл-ҳуши жойида бўлган улуғ ёшли инсон шайтонга ҳеч қачон эргашмайди. Ҳаётнинг аччиқ-чучугини англаб етмаган, болаларча соддалигини тарк этолмай яшаётган, она сути оғзидан кетмаган ўсмирлар, ёшлар бирор бир муҳим ва фойдали иш билан шуғулланмадими, бас, улар кун бўйи кўчада пашша қўриб ўтирадиган бангиларнинг «афсоналари»ни тинглашга вақт сарфлайди. Бангилар гуруҳи уларни ром этиши шубҳасиз. Кутилмаганда улар билан оға-ини тутинганини ўзлари ҳам сезмай қолишади.

Ҳар куни вилоят прокуратурасига ИИО, МХҚ идораларидан тезкор ҳисоботлар келиб тураркан. Уларнинг аксарияти бир куннинг ўзида содир этилган гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлардан иборатлигига нима дейсиз?! Айримларини эса гиёҳвандликка ружу қўйган ёшлар пул топиш мақсадида содир этишаркан. Гиёҳванд учун пул ота-онасидан ҳам азиз, одамгарчиликдан ҳам устун нарса. Чунки пул унга хуморини ёзувчи моддани топиб берувчи восита. Бироқ банги одам ҳеч қачон ишлаб, пешона тери эвазига пул топмайди. Чунки самарали меҳнат қилиш учун унда сабр-тоқат ва фаросатнинг ўзи қолмаган. Оқибатда у талончилик, ўғирлик, қўшмачилик қилади.

Жиноятчиликка оддий тартиббузарликлар ҳам кенг йўл очиб бера олади. Масалан, қурилишларда ишлаётган ёшларга ойлаб, йиллаб маош берилмаётгани ҳақида эшитамиз. Ҳатто бюджет ҳисобидан қурилаётган иншоотларда ҳам мана шу аҳволни кузатишимиз мумкин. Ваҳоланки, бу уюшган жиноятчилик учун амалдорларга жарима солиш билан кифояланиб қолишдан наф йўқ. Уларни бу иши учун озодликдан маҳрум этиш чорасини қўллаш масадга мувофиқ бўларди. Қонунда кўзланган жарима улар учун дарёдан томчидай гап. 

Давлатимиз раҳбари Нурсултан Назарбаев Қозоғистон халқига йўллаган “Тўртинчи саноат инқилоби шароитларида ривожланишнинг янги имкониятлари” Мактубида уюшган жиноятчиликка қарши кураш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Чунончи, йилнинг асосий ҳужжатида белгиланган тўққизинчи вазифа «Коррупцияга қарши кураш ва қонун устуворлиги» деб номланган.

Мактубда мутасадди ташкилотларга уюшган жиноятчиликнинг олдини олувчи курашни давом эттириш вазифаси топширилган.

Мақолада келтирилган гапларнинг аксарияти журналистнинг шахсий фикри. Фикр билдираман, деганлар бўлса, марҳамат, мактубларингизни кутамиз.

Баҳорой ДЎСМАТОВА, 2018-01-12, 18:13 209
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.