26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Удумларимизни унутмайлик, азизлар!

“Онаси тенгги аёлларни мазах қилиб...” мақоласини ўқиб қўлимга қалам олдим.

Мақолада жуда долзарб, ўринли масала кўтарилган. Чунки, ҳаммамиз шу ҳақда ўйласакда, айтишга журъатимиз етмаган эди. Сабаби, кўпчилигимиз учун аёлимиз қадрли. Шундай воқеаларга кўп маротаба гувоҳ бўлганман. Тўйларда, маъракаларда гапирсак, кўпчиликка маъқул келмайди. Негалигини билмадиму, лекин кўпчилик унча хушламайди. Фарзандларимиз бир марта уйланади. Улар хафа бўлмасин, сазаси ўлмасин, деймиз Бизнинг қишлоқда бир киши тўй қилиб, икки ўғлига келин туширди. Куёв сотди одати бўйича янгалар катта акасини сотиб олишди. Иккинчи йигитга пул тополмай анча сарсон бўлишди. Оила шароитидан келиб чиқса, пул йўқ. Шунда абгор-сарсон бўлишиб, тонгга яқин бир амаллаб, пул топиб куёвни сотиб олишди. Икки ёш оила қуриб, бир ёстиққа бош қўйишяпти. Уларга шарт қўйишга қандай ҳаққинг бор? Келин олаётган хонадон эгасини менсимасликка қандай ҳаққинг бор? Бугунги кунда тўй қиляпмизу, лекин болаларимизнинг улфатлари бизга буйруқ бериб, тўй бошқаришмоқда. Уларга бу ҳуқуқни ким берди? Бундай бемаъни урф-одатга сабабчи ота-оналарнинг ўзлари эмасми?

Шунга ўхшаш яна бир воқеага гувоҳ бўлганман. Қиз томондан куёв йигитларга дастрўмол бериш урфи бор. Дастрўмол 150дан битта кам бўлгани учун сувга улоқтириб юборишган. Ахир, шу нарса сотиб олинган ёки йиллар давомида тўқилган. Ота-она – миллионлаб сарф-харажат қилсаю, ўғилнинг улфатлари уни оёқ ости қилишса. Бу қандай одат? Ота-она тўй қилсаю, ўзи бош бўлолмаса. Куёв улфатларига белбоғ боғлаш ҳам миллатимизга ёт одат. Белбоғ боғлайдиган аёл келиннинг янгалари бўларкан. Улар ҳам оилали, 2-3 фарзанди бор келинлар, тўй тугагунча йигитларни қувиб юраркан. Бу қандай одат? Бугун улфатнинг янгаси у бўлса, эртага сенинг онанг ёки қайлиғинг бўлиши аниқ. Бу бачкана қилиқ қаёқдан келди? Бир нодоннинг истаги одатга айланиши шартми? Шуни талаб қилаётган бизларнинг эркатой болаларимиз. Бошқа миллатларда бундай бемаъни урф-одатлар йўқ. Албатта, фарзандларимизнинг бу аҳволга тушишида биз, ота-оналарнинг ҳам “ҳисса”миз бор. Вақтида танбеҳ берсак, бу аҳволга тушмаган бўлардик. Бизларда яна бир ножўя одат бор. Базм оқшомида улфатлар 16та мусиқага ўйнаш керак экан. Бунга сиз нима дейсиз? Унда нима қиласан қариндош-уруғни чақириб, ҳаммани безовта қилиб. Ўзинг улфатинг билан ўйна, кул. Сени қутлашга, табриклашга тоға, амма, хола, амакилар келишди, шуларнинг дил сўзларини эшитгани маъқул эмасми? Мусулмон бўла туриб, қизимизни, келинимизни шароб ичишга ўргатяпмиз. Яна келинимиз ичади, деб арз қиламиз. Келин-куёвни ёмон кўздан асраш ўрнига спиртли ичимлик ичириб, тўйга келганларга кўз-кўз қиламиз. Бундай одатлар ёшларнинг келажагига салбий таъсир қилишини биламиз. Лекин қарши тура олмаймиз.

Келин-куёвнинг ҳар қандай хатти-ҳаракати ота-она назоратида бўлиши керак. Синглимиз, журналист Малика Элтоева яна бир воқеани мисол тариқасида келтиради. Келин-куёв тоққа чиқиб, тўйга 3 соат кечикиб келишган. Бу қандай бебошлик? Назоратсиз 17, 18, 19 ёшли йигит-қизлар сайри. Бунга ким жавоб беради? Оилани бир йигит-қиз қуряпти, лекин атрофдаги йигит-қизларнинг дўстлигига ким кафолат беради? Ҳеч ким. Тўйдан бироз вақт ўтгач, ижтимоий тармоқларга бемаъни расмлар чиқади. Ўринсиз сўзлар ёзилади. Бунга сиз, келин олган, қиз узатган ота-оналар нима дейсиз? 

Сайрам даҳасида катта анжуман бўлиб, ўзбекларнинг тўйлари тўғрисида мавзу кўтарилди. Ўзим қатнашганман. Туркистон шаҳри, Иқон қишлоғидаги ўзбекларнинг тўйларида шундай одатга тўхталиб ўтилди. Куёв болани қиз томон янгалари ечинтириб, янгидан кийинтирар экан. Бу одат бирорта миллатда йўқ. Бу бемаъни қилиқни тўхтатиш мумкинми, деб берилган саволга минбарда маъруза қилган аёл йўқ, деб жавоб берди. Ахир, ҳар бир нарсанинг чегараси бор. Шаҳар бедарвоза эмас. 

Абдужаббор АҲМЕДОВ, жамоатчи мухбир, 2018-01-12, 18:27
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Эълонлар
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.