26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Депутатларнинг халқ билан мулоқоти ғоят самарали кечди

Шу кунларда ҚР Парламенти Мажлиси депутатлари жойларда фуқаролар билан учрашиб, Қонун чиқарувчи органларда депутатлар томонидан қабулланаётган янги қонун лойиҳалари ҳақида атрофлича тушунча бериш баробарида ҳамюртларни ташвишлантираётган айрим масалалар билан муфассал танишмоқдалар ва уларни ижобий ҳал қилиш йўллари хусусида суҳбат қурмоқдалар. 

Шу ҳафтада Мажлис депутатлари, ҳамюртимиз Фаҳриддин Қоратоев ва Сапар Ахметовлар Сайрам туманида сайловчилар билан учрашувлар ўтказишди. 

Депутатлар сафар аввалида Кўлкент қишлоқ округидаги Қошғарий номли ўрта мактабда устозлар, маҳаллий депутатлар ва бошқа ҳамюртлар билан юзма-юз мулоқот қилишди.Туман ҳокими Б. Мамаев олиб борган тадбирда дастлаб сўз олган Фахриддин Абдунаби ўғли оқсувободликларга юзланиб:

– Азиз ҳамюртлар! Мен илк бор ушбу мактабда сиз, устозлардан таҳсил олдим. Сизнинг тўғри ва оқилона таълим-тарбиянгиз, қимматли ўгит-насиҳатларингиз орқасида ҳозиргидай обрў-эътиборга, мартабага эришдим. Шундай экан, энди шогирдлик, қолаверса, фарзандлик бурчимни астойдил ва сидқидилдан адо этаяпман. Гарчи пойтахтда бўлсамда, ҳамиша ҳамюртларимнинг дарду ўйларини, муаммоларини имкон қадар ҳал этишга, депутатлик вазифамни виждонан бажаришга интиламан. Зеро, халқимга ҳалол хизмат қилишни ўзимнинг асосий бурчим, деб биламан, – деди. 

 Шундан сўнг Мажлис депутати Президент Н. Назарбаевнинг Қозоғистон халқига йўллаган навбатдаги “Тўртинчи саноат инқилоби шароитларида ривожланишнинг янги имкониятлари” Мактубида белгиланган асосий йўналишлар, мамлакатимизда ислоҳотларнинг қандай амалга оширилаётганига атрофлича тўхталиб ўтди. 

Кўлкентликлар ҳузурида сўзга чиққан Сапар Қайратули депутатлар пленар йиғилишларида Қонун лойиҳаларини икки-уч ойлаб, ҳатто, ундан ҳам кўп вақт мобайнида муҳокама қилишларини, бу масала айримлар ўйлагандек, силлиқ кетавермаслигини таъкидларкан, жануб ҳудудига дўсти Фахриддин Абдунаби ўғлининг таклифига биноан келганини ва бу ерда ҳукм сураётган ҳамжиҳатлик, тотувликни кўриб, бениҳоя мамнун бўлганлигини яширмади. Ўша куни Қорабулоқдаги 100-сонли ўрта мактабда уюштирилган учрашувда ҳам таълим тизимини ислоҳ қилишдаги баъзи муаммолар ва уларни бартараф этиш йўллари кенг таҳлил қилинди.

Учрашув қатнашчилари Қорабулоқда янги шифохона қурилса, қишлоқдаги соғликни сақлаш муассасаларига етарлича эътибор берилса, деган таклифларни ўртага ташлашди. Бу масалада, депутат, 2018 йилда Қорабулоқ шифохонаси тўлиқ таъмирланиб, яна қўшимча 4та шифокорлик амбулаторияси қурилиши, янги поликлиника қуриш учун 1,5 га ер ажратилишини етказди.

Шунингдек, қишлоқдаги пиёдалар йўлакчаси сифатсиз ишланганлиги қайд этилди.

Келаси куни Парламент Мажлиси депутати Ф. Қоратоев туман ҳокими Б. Мамаев, “Нур Отан” партияси туман филиали раисининг биринчи муовини М. Қалибаева ва бошқа расмий кишилар ҳамроҳлигида “Аксукент” туман касалхонаси жамоаси билан учрашди. Дўстона руҳда кечган мулоқот чоғида халқ ноиби саломатлик посбонлари – шифокорларни масалаларга жиддий эътибор қаратиб, туман маркази ҳамда Қорабулоқда янги поликлиника биноси қурилиши учун тегишли ҳужжатларни расмийлаштиришда ўзининг ҳам муносиб ҳиссаси борлигини, буларнинг барчаси пировард натижада халқимиз фаровон турмуши, бахт-саодати учун амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлади. 

Маълумки, Сайрам туманида туғилиш кўп, шундай бўлгач, “Балапан” дастури доирасида кўплаб хусусий болалар боғчалари очилмоқда. Оқсувкентдаги кўп қаватли уйлар жойлашган ҳудудда собиқ 93-сонли мактабнинг эски биноси тадбиркор У. Расулов етакчилик қилаётган “Сигрос” компанияси томонидан қайта таъмирланиб, 280 ўринли болалар боғчасига айлантирилмоқда. Давлат-хусусий ҳамкорлиги доирасида бу ишларга компания томонидан 295 млн. тенге ажратилгани ва маблағ шартномага мувофиқ беш йил давомида эгасига қайтарилиши, шундан сўнг боғча тўлиқ давлат ихтиёрига ўтказилиши кўзда тутилган. Иншоот қурилиши билан яқиндан танишган Фахриддин Абдунаби ўғли шу ернинг ўзида туман таълим бўлими мудирига мактабгача тарбия муассасасида ишлаётган тарбиячилар, энагаларнинг иш ҳақи ўта оз эканини ва бу масалани чуқур ўрганиб, зарур таклифлар билан юқори идораларга чиқиш кераклигини жиддий уқтирди.

Манкент қишлоқ округидаги “Манкент” мактабида ўтган учрашув ҳам мулоқотларга бой бўлди. Таълимнинг янгиланган тизимига кўчишдаги баъзи муаммолар, дарсликларнинг етишмаслиги, ўзбек тилида ўқитадиган таълим ўчоқлари учун дарсликларни лотин алифбосига кўчириш сингари нафақат педагогларни, балки, кўпчилик ота-оналарни ҳам ўйлантираётган масалалар депутатнинг диққат-эътиборида бўлди. 

Астаналик меҳмон туман ҳокимига эсдалик сифатида “Жанубий Қозоғистон” вилоят газетаси журналистлари томонидан тўплам ҳолида нашр этилган “Элбоши Мактублари – тараққиёт кафолати” китобини тантанали равишда топширди.

И. КАРИМОВ, 2018-01-12, 18:55 754
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.