26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Оқ ароқнинг қора ишлари

Кечқурун уйга қайтиш учун бекатга чиқдим. Автобусда ҳар доимгидай одам гавжум. Кимдир ишдан, кимдир ўқишдан, яна кимдир болаларини боғчадан олиб келаётган... Шовқин-сурон, орқа ўриндиқда ўтирган ёшларнинг ари каби ғувиллашлари... Ҳар қалай, чарчаган одамга ҳеч нарса ёқмайди. Болаларнинг инжиқликларию ёшларнинг шўхлиги майли, десак, ёши анчага бориб қолган отахонларнинг бақириб гапиришларига нима дейсиз? Шу кунларга етказгани учун Аллоҳга шукрона айтиш ўрнига “шайтон суви”дан отволиб, ширакайф ҳолатдаги гапларини эшитиб, дод деворгинг келади. 

Туппа-тузук кийинган икки отахон ичкиликка тўйиб олгани етмаганидек, қўлларидаги елим халтага ҳам икки шишасини солиб олишибди. Бир пайт бирининг телефони жиринглади. Бутун автобусни бошига кўтариб, яна бир оғайнисини маҳалладаги чойхонага чақира бошлади. Нима эмиш, қўлидаги икки шиша бугундан қолса, увол бўлармиш. 

Набираларига одоб-ахлоқдан сабоқ бериб, кичкиналарга ўрнак бўлиб, ҳалолликни ўргатадиган айни пайтда топганини дўстлари билан ўзининг кайфи сафоси учун сарфлаётган бундай отахонларни кўриб, бош чайқашдан бошқа илож йўқ. 

Бундай ҳолатларга кунда-кунора дуч келамиз. Қўшнимиз бўларди. Уйларида ҳеч базми жамшид тўхтамасди. Маст ҳолатда ҳовлининг у четидан бу четига бориб-келиб, сўкинишлари одамни безор қилиб юборарди. Беихтиёр ҳассос ёзувчи Абдулла Қаҳҳорнинг “Оқ ароқнинг қора иши” фельетони ёдимга тушади. Унда ичкилик туфайли барбод бўлган оила, эрта хазон бўлган ёш қизнинг умри, ичкилик деса, жонини беришга тайёр отанинг ҳаёти батафсил ёритилган.

“Тўрт йилдан бери аҳвол шу. Фақат шугина эмасда, хотин мастнинг қусиғи артилган латтадай қўланса шу одам билан бир кўрпада ётиб келаётибди!” – ёзади адиб.

Ичкиликбозлик иллатидан бутун оила, маҳалла азият чекади, ўсиб келаётган ёш авлоднинг тарбиясига ҳам таъсир қилади.

Динимизда маст қилувчи ичимликларни истеъмол қилиш қораланади. 

Ҳадисларда ичганда маст қилувчи (бўшаштирувчи, ланжлантирувчи) ҳар қандай нарсанинг ўзи ҳам ҳаром эканлиги таъкидланади. Пайғамбаримиз (с.а.в.) бир ҳадисларида: “Ҳар бир кайф қилдирувчи нарса хамрдир, ҳар бир хамр ҳаромдир”, – деб огоҳлантирган. Хамр ақл фаолиятини тўсувчи нарса, яъни маст қилувчи ичимликдир. Бошқа бир ҳадисда эса “Пайғамбар (с.а.в.) ҳар қандай маст қилувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарсаларни истеъмол қилишдан қайтардилар”, дейилган. Ичкиликнинг зарарлари ва салбий оқибатлари борасида алломаларимизнинг қимматбаҳо фикрлари ҳам мавжуд. Масалан, Ибн Сино шундай деб ёзади: “Мунтазам ичиш зарардир, у мия ва жигар фаолиятини бузади, асабни бўшаштириб, асаб касаллиги ва бевақт ўлимга олиб келади”.

Алишер Навоий эса маст одамни қопағон итга қиёслайди:

Улки, ичиб бодани паймонадин,

Маст чиқар кўйга хумхонадин,

Элга қилиб ҳамла ёмон ит киби,

Қайси ёмон ит, қопағон ит киби.

Бодаға кўргузса киши хиралиқ,

Ақл чироғига берур тиралиқ.

Юсуф хос Ҳожиб фикрларида эса, май ичиш пасткашликка олиб келувчи иллатларнинг сабабчиси эканлиги алоҳида баён этилади. “Ҳар қандай уят-андишали, хушфеъл, хулқи яхши кишилар ҳам май ичгудек бўлсалар, юзтубан кетиб пасткашлик қиладилар”, “Қанча-қанча қилиниши зарур бўлган ишлар май ичилгач, қолиб кетади, қанча ножўя ишлар эса шунинг оқибатида содир бўлади”, “Май билим ва ақл-заковатнинг ашаддий душмани, уруш-жанжал ва адоватнинг ҳақиқий сабабчисидир”.

Абдулла Қаҳҳор ичкиликни “жон ўғриси” деб атаганлар. “Ўғри мол ўғирласа, ичимлик жон ўғирлайди, жамият аъзосини сафдан чиқариб ташлайди”.

Дилбар ЗИЁМАТОВА, 2018-01-16, 10:06 199
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.