26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Икки халқнинг ардоқли фарзанди дунёдан ўтди

14 январь куни таниқли адиб, Ўзбекис­тонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, ада­биётимиз заҳматкашларидан бири Носир Фозилов касалхонада 90 ёшида вафот этди. 

Адабиётимизнинг қутлуғ даргоҳига ўтган аср – 50-йилларининг иккинчи ярмида кириб келган Носир Фозилов 1929 йили Қозоғистоннинг Чимкент вилоятига қарашли Туркистон тумани­даги Кориз қишлоғида таваллуд топди. Ота-онаси деҳқончилик билан шуғулланган, буваси Турсунмуҳаммад Аълам “Ғурбатий” тахаллуси билан шеърлар ёзган. Камий,  Хислат,  Сидқий-Хондайлиқийлар билан ҳамнафас, ҳамфикр бўлиб ижод қилган. Тошкентда унинг учта шеърий китоби чоп этилган.

Носир Фозиловнинг болалиги уруш даврига тўғри келганлиги учун ҳам ўқиб, ҳам ишлашига тўғри келди. Шу туфайли у ўз тенгдошларидан анча кеч, яъни, 1949 йилда ўрта мактабни тугатди. Сўнг Тошкентга келиб, Ўрта Осиё Давлат университетига ўқишга кириб, уни 1954 йилда тамомлайди. Шундан сўнг “Гулхан”, “Шарқ юлдузи” каби журналлар, нашриётларда турли лавозимларда фаолият юритади.

Адибнинг илк ҳикояси 1953 йилда босилган. Биринчи китоби 1959 йилда “Ирмоқ” номи билан чоп қилинган. Сўнгра “Оқим” (1962), “Ро­­­­­бинзонлар” (1964), “Қуш қаноти билан” (1965), “Қорхат” (1968), “Кўклам қиссалари” (1970), “Жўхори тузоқ” (1971), “Саратон” (1975), “Кичкина деманг бизни” (1977), “Дийдор” (1979), 2 жилдлик “Танланган асарлар” (1982-1983), “Шум боланинг набиралари” (1985), “Болалигим ‒ пошшолигим” (1989), “Бир отар тўппонча”, “Тошкентнинг носи”, “Саид Аҳмад номинг баланд” (1995), “Мунаввар лаҳзалар” (1998), “Эсласанг кўнглинг ёришур” (2003), “Устоз сўзлаганда” (2007), “Топдиму йўқотмадим” (2010) каби ўнлаб китоблари нашрдан чиқди.

Носир Фозилов айниқса таржимон сифатида самарали ижод қилди. Ш. Ҳусаиновнинг “Нурли тош” (пьеса, 1952), С. Муқановнинг “Ҳаёт мактаби” (қисса, 1954), “Чўпон ўғли” (қисса, 1960), “Чўлоқ полвон” (қисса, 1970), Б. Мустафиннинг “Қарағанда” (роман, 1956), Қ. Абдуқодировнинг “Хожимуқон” (қисса, 1959), Ғ. Мусреповнинг “Қозоқ солдати” (роман, 1960), “Чўлқор” (қисса ва ҳикоялар, 1960), “Қирон қуш қўшиғи” (қисса, 1970), Мухтар Ауезовнинг “Қараш-қараш воқеаси” (қисса, 1960), “Абай ‒ халқ фарзанди” (пьеса, 1970), М. Ауезов, Л. Соболевнинг “Абай” (трагедия, 1970) асарларини таржима қилган. Шунингдек, рус, туркман, қирғиз адибларининг ҳам асарларини ўзбек тилига ўгирган. Айни пайтда Н. Фозиловнинг ҳам рус, туркман ва қозоқ тилларида китоблари чоп этилган, шунингдек, асарлари арман, латиш, грузин, ҳинд, араб, озарбайжон тилларига таржима қилинган.

Ёзувчининг самарали меҳнатлари зое кетмади. 1985 йилда у “Шум боланинг набиралари” китоби учун Ўзбекистон Ёзув­чилар уюшмасининг Ғафур Ғулом номидаги, 1986 йилда эса қозоқ адабиётидан қилган таржималари учун Қозоғистон Ёзувчилар уюшмасининг Бейимбет Майлин номидаги мукофотлари соҳиби бўлди.

Носир Фозилов 1999 йили “Эл-юрт ҳурмати” ордени, 2011 йили “Топдиму йў­­қот­мадим” китоби учун Ўзбекистон Респуб­ликасининг Давлат мукофоти билан тақдир­ланган эди.

Бутун ижодий фаолиятини ўзбек ва қозоқ адабий алоқаларини ривожлантиришга бахшида этган, икки халқнинг ардоқли фарзанди Носир Фозилов адабиётларимиз ўртасида “олтин кўприк” қуриб, ўзидан бебаҳо маънавий мерос қолдирди. 

Икки марта Ўзбекистон Давлат мукофотига сазовор бўлган ёзувчи, таржимон, покиза юракли, ҳалол инсон,  бошқаларга ибрат ва ўрнак бўла олган Носир оғамизни Аллоҳ ўз раҳматига мушарраф этгай. Инна лиллаҳи ва инна илаҳи рожиун. Аллоҳ раҳматига олсин! Марҳумнинг оила аъзолари, ёру дўстларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз, сабр тилаймиз.

 

Бағишлов Носир Фозиловга

Шум хабарни эшитиб, тоғ қулади бошимга,

Осмон узилиб тушди, титраб турган дошимга.

Фалак ёмғирин тўкди, кўзимдаги ёшимга,

Ажал оғусин қуйди тотаётган ошимга.

Насрий чаман булбули боқийликка қайрилди,

Туркистон энг баланд чиноридан айрилди.

Тупроғинг юмшоқ парқу, тупроққўрғон кенг бўлсин,

Имон йўлдошинг бўлиб, бўйинг билан тенг бўлсин.

Қилган савоб ишингдан қабринг нурларга тўлсин.

Ҳур қизлар хизматингда, жойинг жаннатда бўлсин.

Хўшлашмай кетган оғам, сўнг манзилга қайрилди

Шогирд Носир отадек устозидан айрилди.

Соатой  КАМОЛОВА.

 

Жанубийқозоғистонлик ижодкорлар, 2018-01-16, 10:15 938
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.