26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Икки элга бирдай қадрдон адиб

... Шомирза иним қўнғироқ қилди. Ҳол-аҳвол сўраб туриб, «Носир ака... вафот ...», деди. Устимдан биров муздай сув қуйиб юборгандек вужудим титраб кетди. Телефон гўшагини қулоғимга тутган кўйи ўтириб қолдим.

... 1973 йили апрель ойининг 18-санасида буюк қозоқ ёзувчиси Сабит Муқанов оламдан ўтди. 

Адабиётнинг айни кучга миниб, ёзувчиликнинг гуркираб турган палласи. Халқ ёзувчисини сўнгги сафарга кузатиш учун Қозоғистоннинг турли чеккаларидан Алматига одам оқиб келмоқда. Мотамсаро сафнинг боши Кенсойда, охири Абай номидаги академик опера ва балет театрида. Ҳамкасб қаламкашлар собиқ Иттифоқнинг ҳамма республикаларидан келишган. Гавжум одамлар орасидан сиқилиб ўтиб, бир ҳовуч тупроқни марҳумнинг қабрига солишга улгурсанг, улгурдинг, йўқса... Муқағали Мақатаев ўз кундалигида: «Сабит оға қозоқ халқининг Бальзаги эди, жуда юксак ҳурмат-эҳтиромга сазовор бўлди. Бу мунаввар ўлим», – деб бежиз ёзмаганди. 

Мотам митингини Ғабит Мусирепов очди. КПСС Марказий Қўмитасининг Бош котиби Л. И. Брежнев қора ҳошияли мотам гулчамбарини бериб юборибди. Қардош республикалар, иттифоқдош миллатлар ёзувчилари навбатлашиб видолашув сўзларини айтишмоқда. Бир пайт чуст дўппи кийган икки ёзувчи сўзга чиқди: Назир Сафаров билан Носир Фозилов. Улар марҳум Сабит Муқанов тирилиб кетадигандай ўринлатиб таъсирли нутқ ирод этишди. Раҳматли Сабит оғанинг ўзбек адабиёти классиги, Ленин мукофоти лауреати, адиб Ғафур Ғулом билан мангу дўстлигини, қозоқ ёзувчиси қазосидан хабар топиши биланоқ Ғафур Ғулом дафн этилган қабристонга бориб, унга дўстининг қазосини қийнала-қийнала эшиттириб, қабрига ташлаш учун бир ҳовуч тупроқ олишга изн сўраганларини юракни тебрантирадиган тарзда ҳаяжон билан баён этишди. Ғафур ака қабридан олинган оқ матога тугилган тупроқ қора ер ўз бағрига олган Сабит оғанинг қабрига оҳиста тўкилди. Дафн маросимига йиғилган азадор қавмнинг кўзида ёш қалқди. 

Жийдали-Бойсун ерини қозоқ билан баравар забт этган таниқли ўзбек ёзувчиси, икки марта Ўзбекистон Давлат мукофотининг лауреати, Қозоғистон Республикаси Президенти Н. Назарбаевнинг «Тинчлик ва тотувлик» мукофотининг соҳиби, Бейимбет Майлин номидаги адабий мукофот лауреати Носир Фозиловни биз, ёшлар ўша кезда илк бор кўрдик. Таассуротимиз кўнглимизда ўчмас бўлиб муҳрланди. 

... Туркистон фарзанди, ўзбек ёзувчиси Носир Фозилов билан ёшлигимдан яқин бўлдик. Ўзбек адабиётининг классиги (у ҳам Туркистон фарзанди) Одил Ёқубов иккаласи Алматидаги Ёзувчилар съездига келганда ҳам, меҳмонхонадан жой олиб, Бейсембай оға (Кенжебайули) хонадонига соғиниб келишарди. Болалиги Тошкентда юпун ўтган, Чўлпон, Абдулла Авлоний каби адибларнинг кўзини кўрган, Фитрат билан ҳамсуҳбат бўлган, ўзбек адабиётининг классиги Ойбекнинг дўсти Бейсембай оға ҳам иккала инисини соғиниб ўтирарди. Дийдорлашганида эса дўстлари – улуғ ёзувчи Ойбекни, ажойиб рассом Ўрол Тансиқбоевни сўраб, суҳбат қуради. Ўз давридаги босмачилик ҳаракати ҳақида эсдаликларини айтиб беради. Бағрида ўсган Ғани Муратбаев, Султанбек Хўжанов, Назир Тўреқулов, Содиқбек Сапарбеков ҳақида гап кетганида кўзларига ёш қалқиб, йиғлаб ҳам олади. Ўзбек халқининг икки иқтидорли ёзувчиси билан Бейсембай оға суҳбатлари асносида гап айланиб 1937 йилги қатағонда отилиб кетган ардоқли оғаларга келиб тақалади. 

Бейсембай оға Абдулла Авлоний, Фитрат, Чўлпон ҳақида ҳикоя қилади. Икки оғам ва мен вужудимиз қулоққа айланиб, диққат билан тинглаймиз. «Чўлпон – унинг тахаллуси, ҳақиқий исми Абдулҳамид Сулаймонов! Бизнинг Мағжан каби ҳур фикрли шоир эди. Отилиб кетди, афсус». Бейсембай оға оғир хўрсинади. Уни тинглаб ўтирган икки ёзувчи ҳам мунгли ҳолатда. Шундай асл инсонларни асраб қололмаганига ўкинади. Уларнинг мунгини қуюқлаштиргани устига қуюқлаштирган Бейсембай оға менга кутубхонасидаги «Ўзбек адабиёти намуналари» (Тошкент, 1928 йил) деб номланган тўпламни олдиртириб, ўзбекча ўқишимни буюради. Менинг ўзбекча ўқиганимга қаноатланмай ўзи ҳам ўқийди. Бейсембай оға ўкинч билан: «Мана, сизлар қандай ижодкорни отдинглар!?» – дейди. Бу Фитрат ташкил этган тўплам. 

Вазмин Одил оға чуқур ўйга чўмади. Чаққонроқ Носир ака: «Бундай буюк шоирни отгунча, мана, бизни отиб ташласа бўлмасмиди...» – дейди ўктам овоз билан.

Суҳбат асносида Сабит, Ғабит оғалар асарларини ўзбекчага ўгиришини айтади Носир оға. “Сабит оғани, Қалмаханни қозоқчадан ўзбек тилига қийналмай таржима қиламан, Ғабитингиз кўнавермайди”, – дейди у соф қозоқ тилида. «Ғабит ўзга тилга ўгирилмайдиган ёзувчи... – дейди Бейсембай оға. – Эҳтимол, бу унинг ютуғидир. Эвазига Сабит, Қалмаханнинг асарлари ҳаётнинг ўзидай табиийку... 

«Кечаги собиқ Иттифоқ даврида Носир оға билан шундай қалин муносабатда эдик. Илиқ оға-иничилик муносабатимиз ўша даврдан бугунга қадар давом этиб келди. 

М. Ауезов, С. Муқанов, Ғ. Мусиреповларнинг 100 йиллигини ўзбек бовурлар биз билан баравар Ўзбекистонда нишонлашди. Қалаубек Турсинқулов бошчилигида бир гуруҳ ёзувчилар Ўзбекистонга бордик. (Мен ҳар учаласида маъруза қилдим). Ташкилий ишларнинг бош-қошида Носир ака, Одил оғалар! «Акаларимизнинг тўйига укаларимиз келди», дейишарди улар сидқидилдан самимий қувониб, уч алп оғаларига бўлган соғинч ҳиссини биз – иниларига бўлган иззатга улаштириб. 

Носир ака Алматига кўп келарди. Бир куни Қалаубек дўстининг тўйига ташриф буюрди. Йўл-йўлакай Қазиғуртда тўхтаб ўтибди. Қазиғурт – Қалаубек Турсинқуловнинг киндик қони томган замин. Чамаси, қозоқ ҳамкасбига туққан еридан туҳфа олиб боришни кўзлаган. Китоб дўконига киради. Сотувчи қиздан сўрайди.

 – Қароғим, Қалаубекнинг китоби борми сенларда? 

– Қалаубек оғайники турмайди, – дейди сотувчи.

 – «Қалаубекники турмайди», дема, «ётмайди», де ...

Ҳазилкаш Носир оға сотувчи қизнинг ўйламай айтган гапини ҳазилга буради. 

– Тез сотилиб кетади, китоблари, деганимку ... – сотувчи қиз юзи қизариб жавоб беради.

Носир оғанинг юрган ери доимо ўйин-кулги, топиб айтилган сўз, таги зилсиз самимий ҳазил эди. 

Икки оғамни, ўзбек адабиётининг икки ажойиб ёзувчиси асарларини, аввало ўзбек, сўнгра қозоқ тилида ўқидим. Бунга сабабчи таржимон Кўбей Сейдеханов. Кўбей Сейдехановнинг ўзбек адабиётига ихлоси баланд. Икки ҳассос ёзувчи, Саид Аҳмад билан дўст эди. Одил оғанинг «Муқаддас» ҳикояси, «Улуғбек хазинаси» романи, Носир оғанинг «Қорхат» ҳикоясидан тортиб барча қиссаларигача «Түркістан хикаялары» деб аталган тўпламида жамлаб, қозоқ тилига ўгирди. (Саид Аҳмад асарларини ҳам таржима қилди). Кўбей Сейдеханов менинг яқин қариндошим. Мен унинг таржима асарларига тақризлар ёздим. Таржима китоб ҳақида ёзган мақолаларим, ўзлари билан танишгач, Одил оға, Носир оға ҳақидаги бутун-бутун мақолаларга айланди. Ўзим ишлаган («Қазақ әдебиеті», «Егемен Қазақстан») газеталар учун ардоқли оғаларимдан талай марта суҳбат олдим. Шундай қилиб икки оғамнинг қадрдон инисига айландим. 

Одил ва Носир оғалар бошчилигида ўзбек адиблари менинг Туркистонда ўтган ярим асрлик тавваллуд тўйимга ҳам ташриф буюришди. Иккаласи ихлос ила тилакларини баён этишди. «Мени Сабит оғам «Сари бала» деб эркалаб чақирарди. Энди мен «Сари чол» бўлиб қолдим. «Сари бала» деган унвонимни сенга тантанали топшириш учун олиб келдим...» – деб баланд минбардан самимий тилагини айтди Носир оға. Мен қувона қабул қилдим бу унвонни. Ҳақиқатан мен учун олиб келган, деб ўйлабман ўшанда ёшлигимга бориб. Кейин ўйлаб қарасам, олдиндаги оғалари Муқағали, Сабит, Ғабит, Бейсембайларга бўлган ҳурмат ифодаси экан бу. Менга аталгани ширин дийдор экан, холос. Яна «Сари бала» деган унвони. Шунисига ҳам шукур! 

Яна бир келганида Сабит Муқанов ижодий лабораторияси ҳақида ёзилган «Ёзувчи ижодхонаси» деган китобимни олиб кетиб, Меҳмонқул Исломқулов иккаласи ўзбек тилига таржима қилишди. Бу оғалик олий ҳимматидан беҳад мамнунман. Ўзбек халқи китобсевар, ўқимишли халқ. Савдосини ҳам битираверади, китобини ҳам ўқийверади. «Қўнақбай – Сайрамнинг ўзбеги. У қозоқ тилини мукаммал билади», дейди ҳазилга буриб. «Қўнақбай дегани нимаси?» – деб ўйга толаман. Кейин билишимча, «Меҳмон» сўзининг таржимаси экан. «Меҳмон, мейман» сўзининг синоними, ҳам қозоқчаси «қўноқ»ку ... 

Ҳаммаслак, ҳамфикр икки оғани биз ҳам бутундай қабул қилардик. Иккаласини бирга Туркистонга таклиф қилиб, ижодий кечамни ўтказдим. Х. А. Яссавий номидаги Халқаро қозоқ-турк университетининг 800 кишилик кенг залига одам сиғмай қолди. Қозоқ, ўзбек дейиш йўқ. «Олтин ўрда”, Ўзбек хондан тараган икки туғишган элнинг зиёлилари тўлиқ жамланди. Туркистоннинг зиёли аҳли ҳар иккала фарзандининг қадрдон заминга бўлган соғинчга йўғрилган қизиқарли, ҳаяжонли дил сўзларини зеҳн қўйиб тинглади. Иккаласига бирдай от миндирдик, тўн кийдирдик. Совет даврида асарлари нафақат ўзбек тилида, балки жаҳон тилларида кенг танилган, эл эзгулигига айланган машҳур адиблар сўнгги даврда тўрт девор орасида тоталитар турғунлик тузумда деган ўйдан туғилган ижодий учрашув эди бу. 

«Туркистонни киши танимайдиган даражада ўзгартириб, камол топтириб юборибсанлар, – дейишади иккаласи бир овоздан. – Тошкентдан қаери кам мана бу Туркистоннинг?!»

Орадан йиллар ўтиб Одил оға фонийдан боқийга рихлат қилди. Ўзбек адабиёти хазинаси яримлаб қолди. Туркистоннинг Тошкентдаги икки кўзидан бири мангуликка юмилди. Йиғладик. Эгизакдек бўлиб қолган дўсти дунёдан ўтгач, Носир ака йиқилай деб турган гувала уй каби ғариблашиб қолди. Шунда ҳам қадрдон замини – Туркистонга йилига бир марта от бошини буришни канда қилмади. Бир келганида: «Одил оғанг кириш сўзи ёзиб бераман, деган эди. Улгурмади, шекилли. Хоҳласанг, янги асаринг – «Туркистон тўплами»га мен ёзайин кириш сўзини», – деди. Қувониб кетдим. «Турк дунёсини жамлайдиган тўплам»га кириш сўзини Носир акам ёзиб берди (“Туркистон тўплами”, учинчи китоб, 2011). Дўстининг омонатини бажарди, менга оғалик қилиб, олқишга кўмилди... 

Тошкентдан хабар келди. «Носир оғанг ўғлини уйлантириб, тўй бермоқда...» Шаҳар ҳокими ўринбосари Сейит, Иқон қишлоғи ҳокими, ўзбек маданият маркази раиси, Одил, Носир оғаларга алоҳида ғамхўрлик кўрсатиб юрган Дониш учаламиз бордик. Ўзбек халқининг барча яхшилари шу ерда. Тўй ажойиб ўтди. Сўз беришганида: «Биз Туркистон Республикасидан келдик...» – деб бошладим. (Бу Республика 1920-25 йиллар оралиғида мавжуд бўлган, пойтахти Тошкент шаҳри эди. – Қ.Е.) – У туркий халқларнинг бугунги олтита республикаси устидан қараб турган давлат! – Жамоатчилик ҳайрон. – У олти давлатга жамоат ва қалам арбобларини тайёрлаб беради. Бундан беш йил муқаддам вафот этган Одил оғани ҳам, бугун келин олиб, шод-хуррам бўлиб ўтирган Носир акани ҳам «Туркистон Республикаси» тайёрлаб берган (сукунат). Носир ака ҳам, Одил ака ҳам ўша Туркистоннинг меваси... «Ҳамма аввал ўйланиб қолди, сўнг хушнудлик билан кулиб юборди. Туркистоннинг ўрта асрларда туркий халқлар пойтахти бўлгани тарихий ҳақиқат. 

Эрталабки нонуштага уйига таклиф қилиндик. Тўй ўтказдингиз, тўй ташвиши билан янгамиз чарчади. Бормай қўя қолайлик, дедим мен. 

 

– Янганг? Чарчади, дейсанми? Мен чарчайдиган хотинни олмайман. Янгаларинг чарчаш у ёқда турсин, оёғи ерга тегмай, мисли қанот бағишлагандай учиб юрибди... Сизлар тўйга келгач, хонадондан бир пиёла чой ичмасангиз бўлмайди. 

Бордик. Меҳмон бўлдик. Шўх кулги шуъласига кўмилдик. 

Яна бир сафар тик гапирди.

– Одил оғанг ҳаётдан ўтди. Энди мени ўлсин, деб юрибсанми, а? 

– Ие, оғатой, қаттиқ гапингизга не сабаб? – шошиб қолдим мен.

– Олтмишингни нега тўйламаймиз? 

– Олтмишимда онажоним вафот қилди. Она одамда битта – ягона эмасми?! Онаси кўп кишига ўхшаб тўй-тўйлаб юрсам, уят эмасми?! 

– Ҳа, буёғи ҳам бор. Бироқ, бизни юраверади, деб ўйлайсанми? Сенинг тўйингни кўрсам, деганимку... 

– Бир тўйим бўлиши аниқ менинг... Бироқ қачон эканини айта олмайман. Сиз, албатта, шу тўйда қадрли меҳмон бўласиз.

– Ҳа, дарвоқе... Эсингда бўлсин, сенинг бир тўйингни кўрмай кетмайман, бир тўйингни тўйламай сира ўлмайман... 

– Ниятингизга етинг, Носир ака!

Олтмиш ёшни нишонламагач, Носир оға сингари оғаларнинг ихлосини кўриб, билгач, 63 ёшни тўйлашга жазм этдик. Шогирдларим «Қулбек Ергўбек ва бугунги туркология» мавзуида халқаро илмий-назарий конференция ташкил этишди. ТУРКСОЙ доирасида ўтган анжуманга 

«Б. Кенжабайулининг туркшунослик музейи», «Туркий халқлар кутубхонаси», «Туркий халқлар санъат галереяси» тақдимотини қўшдик. Етти жилдлик «Туркистон тўплами» ҳам шу тантанада. Жаҳон туркшунос олимлари Туркистонга жамланди. Ўзбекистондан таклиф қилинган Носир Фозилов ҳам келди. «Қўноқбойи» ёнида! 

Носир оғам, аввало, оға тутинган Бейсембай Кенжебайулининг «Туркшунослик музейи»ни томоша қилди. «Хўп ажойиб музей бўлибди», деди Носир акам. 

Туркийлар дунёсини Туркистонга олиб келиб, отангнинг қучоғига сиғдирибсан... Фахрланиб кетдим. “Маънавий отам, қозоқ туркшунослиги бошида турган азиз устозим олдидаги қарзимни озгина бўлсада ўтадимми?” – деб қувондим. Музей тушовини М. Жўлдасбеков билан Х. Ю. Миннегулов (Татаристон) кесишди. 

Сўнгра «Туркий халқлар кутубхонаси»га келдик. Тасмасини Носир Фозилов билан Ўмирзақ Айтбайули кесишди. Туркий тилдаги жуда кўп китоблар жамланган кутубхонани оралаб кўрди. Тасодифан бир китобга кўзи тушди. «Чулпан. Уйний сазим», Қазан, 2014. Китоб кўзига оловдай босилди Носир аканинг. Қўлига олди. Кўрди. Ўқиди. Татарча. Ўзбек тилидан таржималаган, татарнинг «муҳаббат куйчиси» атанган ажойиб шоири Радиф Гаташ. Таржимон дастхатини ўқиди: Туркестанга – Қулбек дуска

Казандаги «туранчи» Радиф Гаташтан. Август, 2015. Юзимизга ишонч билан тикилди. «Ҳа, шундай», – деб бошлаб, қозоқнинг Мағжонини, ўзбекнинг Чўлпонини татар тоғамга (Бейсембай оғанинг умр йўлдоши Минкамал оренбурглик татар қизи эди) айтиб, шеърларини ўгиртириб алоҳида-алоҳида китоб ҳолида Қозонда чиқарилишига камарбаста бўлганимни баён этдим. Носир ака мени қучоқлади. 

«Туркий халқлар санъати галереяси»га етдик. Тасмасини Россия Федерацияси Думасининг депутати Г. А. Юнусова (Бошқирдистон) ҳамда «Егемен Қазақстан» газетасининг ўша пайтдаги бош муҳаррири Жанбўлат Аупбай кесишди.

Қайтиб келамиз. У фикрларини айтади. «Киши кексайгач, қадрдон заминини соғинар экан. Туркистонимни беҳад соғинаман. Ҳатто тушларимга киради. Қорачиқ ўзанида чўмилиб юрганим, сертупроқ кўчаларда пиёда юрганим... Одил ака ҳам ёлғизлатиб кетди. Бугунги Туркистон илгариги Туркистон эмас, беқиёс ўсган. Энг қизиғи – ўзининг тарихий қиёфасини сақлаган ҳолда ўсиб бормоқда. Жанубий Қозоғистоннинг марказига айланади, дейсанми? Яхши. Нурсултаннинг сўзини эшитиб қолдим: «Туркистон – туркий халқларнинг маънавий пойтахтига айланади”, деди. Сенинг Туркистонга биратўла кўчиб келганинг қандай яхши бўлди. Университет Туркистонни бир поғона кўтарган эди. Энди сен экспозиция қилиб очган Бейсембай оғанинг «Туркий халқлар «музейи, манавий турк юртидан тараган қанчадан-қанча миллат-элатлар атоқли туркшунос олимларининг китобларини жамлаган «Туркий халқлар кутубхонаси», яна аканг Берсинбекнинг руҳига бағишланган «Туркий халқлар бадиий санъати галереяси» – ҳаммаси Президент Нурсултан Абишулининг даъватига жавоб эмасми? Булар Туркистоннинг том маънода «Туркий халқларнинг маънавий пойтахти”га айланишига таъсир қилади. Бунинг бари яхши. Энди бундоқ: Кўбей дўстим кетгач, ўзбек ёзувчиларининг асарларини қозоқ тилига ўгирадиган таржимон қолмади. Туркистонда ўзбек аҳолиси етарли. Сен ўзбек тилини биласан. Тилга теран киришиб, Кўбей оғанинг ишини давом эттирсанг, яхши бўларди. Бир пайтлари Кўбей менинг «Туркистон ҳикоялари”мни таржима қилганида, ёрдамлашганингни айтган эди”. Мен розилик бердим. 

– Носир ака, Ўзбекистон Республикасининг икки марта Давлат мукофоти лауреатисиз. Эҳтимол, сиз ҳам хусусий кутубхонангизни бизга берарсиз? Умрингиз давомида ижодингизга илҳом берган, билим билан бойитган, тараққий эттирган маънавият хазинангиз қадрдон заминингизга кўзингиз тирик пайтида етиб қолсин-да? 

– Ўйланиб кўрай ... Умрим бўйи тўплаб, йиққан китобларим. Илгари ўқиган китобларимни шу кунларда қайтадан варақлаб, мутолаа қиляпман. Китобларим билан гаплашаман. Сирлашаман. Кўзим қиймай тургани-чи. Ўйланиб кўрай, «Сари бала». 

Уйга келгач, ўзи ҳақидаги “Меҳрингизни туйиб яшадим” (2015) мақолалар тўпламини «Қулбекжон! Янганг тўплаб, жамлаган китоб. Оғанг ҳақида. 12.09.2015» – деган дастхат билан туҳфа қилиб, Жийдали-Бойсун ерининг Бойсун ўлкасига отланиб кетди. 

Сездим, орқасига қарай-қарай кетди.Китобни варақлаб, кўздан кечириб ўтирибман. «Туркистон ҳикоялари» деб номлаб, Туркистонни мадҳ этиб келаётган ўзбекнинг ҳассос ёзувчиси Носир Фозилов иккинчи марта Давлат мукофотига тавсия этилганида биз ёзган «Топдиму, йўқотмадим» («Егемен Қазақстан», № 440-444, 17 сентябрь, 2011й.) деб номланган мақоламиз ҳам шу тўпламдан жой олди. 

... Ўша кезда, Носир акам чегарадаги божхонадан у томонга ўтганча, ҳатто уйига етганча орқасига қайта-қайта қараб кетган чамаси... Қадрдон заминга бўлган меҳр-муҳаббат туйғуси баланд келиб, уйига боргач, дарҳол йигитларни ёнига чорлаб, ҳаёти ҳамроҳига айланиб улгурган китоблари билан сирлашиб, хайрлашиб, қутиларга жойлаб, маънавият хазинасини бизга, ўзи туғилиб ўсган Туркистонига йўллади кутубхонасини! Турфа хил китобларни уловларга юклаб олиб кетаётган йигитларга қараб туриб: «Сабит оғам, «Қадрдон она тупроқ, замин, сендан ҳароратли неъмат йўқдир, сабаби, сенда дунёга келиб, сендан парвоз қилдик», деган эди. Кишига киндик қони томган ердан зиёда ер бўлмас экан. Кўзим қиймас хазинам менинг туғилган жойим – қадрдон шаҳрим, қадрдон Туркистонимга бешикаст етсин, Қулбек ташкил этган «Туркий халқлар кутубхонаси”га омон-эсон етиб, бутун ҳаётимга, ёзувчилик фаолиятимга хизмат қилган бойлигим эндиликда кейинги авлодимга хизмат қилсин!» – деди ҳаяжон ила.

– 5-6 май кунлари Туркистонда тақдимоти ўтказилган «Туркий халқлар кутубхонаси»даги 24 туркий тилдаги 32 мингта китобдан 4 мингтаси ўзбек тилидаги китоблар. Уларнинг аксариятини сиз юбордингиз. Нур ёғсин сизга, Носир оға! Кўкламнинг кўркам кунида Туркистоннинг туркийлар марказига айланиб, ўсиб, ривожланиб бораётган қадрдон заминингизга хуш келибсиз! – дедим ички ҳаяжон ила Носир ака Дониш Маннотов орқали юборган нодир китобларни қабуллаб оларканман. 

... Энди, мана, ўша Носир акамиз йўқ фонийда!

Иним Шомирза Мадалиев Носир аканинг қазоси ҳақидаги хабарни айтган чоғда кўз олдимдан юқоридаги воқеалар бирма-бир ўтди. Мен: «Ёзувчини «йўқ» деб айтишга асло бўлмайди. Ёзувчининг ўзи оламдан ўтгани билан унинг асарлари кейинги авлод билан бирга яшайверади-ку!” – деб шукрона келтирдим, ўзимга ўзим тасалли бердим... Алвидо, оға, охиратингиз обод бўлсин!»

Қулбек ЕРГЎБЕК, профессор, Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси бошқаруви аъзоси., 2018-01-17, 17:52 207
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.