26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Жангчи шоир

Фашизмга қарши жангларда ҳалок бўлган 38 нафар ҳамқишлоғимизнинг ҳар бири ҳақида алоҳида китоб ёзса арзигулик. Уларнинг ичида собиқ жангчи, ҳассос шоир Додо Хидиров ҳақида отам, онам, аммамдан жуда кўп эшитганман. Амакимни яхши билганим учун у ҳақда батафсилроқ ҳикоя қилмоқчиман.

Додо амаким Хидир бобомизнинг иккинчи фарзанди бўлган. У барча нуроталик ва форишликлар ичида «Додо Хидир булбул» деб ном қозонган эди. Туман, вилоят, республика газета ва журналларида тахаллуси «Додо Хидир» бўлган ёш шоирнинг шеър ва мақолалари тез-тез чиқиб турган ва эътибор қозонган.

Додо Хидир 1920 йили 15 мартда Фориш туманининг Можарм қишлоғида дунёга келган. Колхозлаштириш йилларида унинг қишлоғида “Қизил Хизмат” колхози ташкил қилинган эди. Хидир бобом амакимнинг зеҳни кучли бўлганини бошланғич таълим олган чоғларидан сезган шекилли, уни Нуротадаги Пушкин номли ўрта мактабга ўқишга жўнатади. Додо Хидир мактабни 1937 йилда аъло баҳоларга битириб, 1938 йили биринчи февралдан бошлаб Можарм қишлоғидаги Лоҳутий номли 21-тўлиқсиз ўрта мактабда бошланғич синф ўқитувчиси бўлиб иш бошлаган.

“Мактабни аъло баҳоларга битирди”, деганимиз бежиз эмас. Мен болалигимда кўрган, уйимизда анча йиллар сақланиб келган “Мақтов Ёрлиғи”ни ҳозиргача эслайман. Бир томонида Ленин, иккинчи томонида Сталин расми солинган, турли нақш ва байроқлар билан безатилган Ёрлиқда Додо Хидировнинг мактабни аъло баҳолар ва намунали битирганлиги айтилган эди. Амаким Нуротада мактабда ўқиб юрган пайтларидан журналистика ва шеърият билан шуғулланган. Унинг туман, вилоят газеталарида Додо Хидир имзоси билан чиққан «Биз ҳам аскар бўламиз» (I.VIII. 1939 й.), «Ватан ишқи», «Ижод йўлида», «Доно, улуғ одам» (“Нурота” газетаси, 1939 йил), жанг майдонидан юборган, тожик тилида битган «Шото равам» деган шеърлари сақланиб келган.

Додо Хидир ўз маълумотини оширишга интилиб, 1940 йилда Самарқанд Давлат университетига (у вақтда Ўзбекистон Давлат университети деб аталган) ўкишга киради. Кейин билсам, амаким шу университетнинг тарих факультетида Шароф Рашидов билан бир курсда ўқиган экан.

 Додо Хидиров 1940 йил 7 ноябрь куни Совет Армияси сафига чақирилади. Армия хизматини Белоруссиянинг пойтахти Минск шаҳридан бошлайди. Урушнинг биринчи кунини у Белоруссиянинг Слуцкий қалъасида Ворошилов дивизиясига қарашли 228-ўқчи полкда қарши олганини ёзган. Шундан кейин 1943 йили июль ойида унинг жанг олдидан ёзган мактуби ва “Шото равам” номли шеъри қўлга тегади. Афсуски, бу мактуб жангчи шоирдан келган охирги дарак эди. Уруш тугади ҳамки, на ундан, на у хизмат қилган полкдан бирон хабар, ҳатто қорахат ҳам келмади. Уни ота-онаси Хидирбой ота ҳамда Шодигул аялар, ака-укалари Кўчарбой, Назарбойлар, синглиси Тўхтамгул бир умр кутишди. Турли манзилларга, ҳарбий ташкилотларга, архивларга умид билан ёзишди. Жавоб келармикан деб “тиқ” этса эшикка қарашди. Бешовлари ҳам охирги нафасгача кутиш билан дунёдан ўтиб кетдилар. Ҳар бир ёзилган хатга “бедарак йўқолган” деб жавоб келган.

Бу шеър урушдан кейин ҳам оғиздан оғизга кўчиб юрди. Ҳамқишлоғимиз Даврони Мавлон унга мусиқа басталаб, тўй-маъракаларда ашула қилиб айтар эди. Эсимда, шоирнинг буни эшитган ота-онаси, ака-укалари, опа-сингиллари зор-зор йиғлар эдилар. Амакимдан хотира сифатида унинг жанг майдонидан ёзиб юборган «Шото равам» шеъридан парча ва унинг ажойиб шоир Мунаввар Пардаев таржима қилган ўзбекча матнини қуйида қисқартириб эълон қилишга қарор қилдим.

ШОТО РАВАМ

 

Гўед, очи-додом фаҳманд:

Бар немисҳо дорам ман жанг.

Ҳоло нашуд овам баланд

Умед дорам, шото равам.

 

Сина монда хоб ман дар бўз,

Ба душман наметеям рўз.

Чангҳо сар шуд дар нисфи рўз

Умед дорам, шото равам.

ҒОЛИБ ҚАЙТАЙ

 

Айтинг, билсин ота-онам,

Немис билан жангда мен ҳам.

Довқур сафда бир кун бардам,

Умидим бор – ғолиб кайтай.

 

Кўкрак қўйиб бўз ерларга 

Душманларни тиққум гўрга.

Оташ тўлди ўру қирга,

Умидим бор – ғолиб қайтай.

 

 

Бозорбой КЎЧАРОВ. Еттисой тумани., 2017-05-06, 15:30 937
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.