26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Президент Мактуби: агросаноат мажмуаси ривожланишининг янги имкониятлари

Президентнинг “Тўртинчи саноат инқилоби шароитларида ривожланишнинг янги имкониятлари” Мактубида илгари сурилган учинчи вазифа – “Ақлли технологиялар” – агросаноат мажмуаси ривожлантиришда олға сапчиш учун имконият”, деб аталиб, бу вазифа қишлоқ хўжалиги соҳасида меҳнат қилаётган барча фуқароларга тегишли. 

Мамлакатимиз, вилоятимиз аҳолисининг аксарият қисми қишлоқ ҳудуд­ларида яшашини, қишлоқ хўжалиги соҳасида бандлигини, шунингдек, Қозоғистон ўзбеклари азалдан асосан шу соҳа билан машғул эканлигини эътибор­га олсак, Мактубдаги учинчи вазифа  деярли ҳар биримизнинг эътиборимизни тортиши сўзсиз.

Агросаноат мажмуаси мамлакат озиқ-овқат хавфсиз­лигини таъмин­лашнинг энг муҳим омили. Қишлоқ аҳоли­си­нинг турмуш даражасини яхшилаш, аҳолини иш билан таъмин­лаш, иқтисодий ўсиш ҳам шу тармоқ­нинг ривожланиш даражасига боғлиқ.

Мактубда мамлакатнинг аграр сиёсати меҳнат унумдорлигини тубдан ошириш ҳамда қайта ишланган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспортини ўстиришга йўналтирилиши кераклиги  алоҳида таъкидлаб ўтилган.

Давлат раҳбари турли қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етишти­ришни, ғалла тайёрлашни ўрган­ганимиз, бу билан фахрланишимизни айтади. Аммо бунинг ўзи етарли эмаслигига эътиборни қаратади. Қишлоқ хўжалик хомашёсини қайта ишлаш ва жаҳон бозорларига юқори сифатли маҳсулотлар билан чиқиш лозимлигини таъкидлайди. Яъни, бутун агросаноат мажмуасини шу вазифани ҳал этишга тубдан йўнал­тириш муҳимлигини айтади.

Мактубда  юқоридаги вазифани ҳал этишнинг аниқ йўналишлари белгилаб берилган.

Биринчи навбатда аграр илмнинг ривожланишига асосий эътиборни қаратиш. Бугунги кунда қишлоқ хў­жалиги соҳасида янги билимларсиз янги технологияларни яратиш ва самарали татбиқ этиш мумкин эмас. Агросаноат мажмуаси барча соҳа­ларининг илмга бўлган эҳтиёжи тобора ортмоқда. Масала жаҳон тажрибасида  ижобий тасдиғини топган илғор тех­но­­логияларни ўзлаштириш ва мам­лакатимиз шароитига мослаш­тиришдан қолган. 

Элбоши аграр университетларнинг ролига алоҳида тўхталган. Улар шунчаки диплом бериш эмас, чина­камига агросаноат мажмуасида ишлаш эҳтиёжи билан “ёниб турадиган” ёки илм билан шуғулланадиган мута­хассислар бўлиши керак. Бунинг учун ўқув дастурларини янгилаш, аграр университетларнинг қишлоқ  хўжалиги соҳасидаги энг янги билим ва энг илғор тажрибани тарқатадиган марказларга айланишига эришиш керак. Чунончи, М. Ауезов номидаги Жанубий Қозоғистон давлат университети агросаноат мажмуаси учун мутахассислар тайёр­лаш билан бирга, вилоятимизда тажриба-синов участкалари, синов-ишлаб чиқариш майдончалари яра­тишга жиддий эътибор қаратяпти. Профессор-ўқитувчилар ва таълим олувчилар агросаноат соҳасидаги   молиялаштириладиган илмий лойиҳа­лар танловларида иштирок этиб, грант соҳиблари бўлмоқдалар. Уларнинг натижаси ўлароқ Сайрам, Қазиғурт ва бошқа  туманларда  кенг кўламдаги тажриба-синов ишлари олиб борил­моқда. Талабалар, магистрантлар ва докторантлар қишлоқ хўжалик маҳсу­лотларини илғор технологиялар воситасида етиштириш йўлларини амалда илм, таълим ва амалиётни  биргаликда қўшиб ўзлаштирмоқдалар. Талаба-ёшларимиз орасида агроса­ноат соҳасидаги янги самарали ишлан­малар яратиш, патентлар олишга қизиқишнинг ортиб бориши бизни, албатта, қувонтиради.

Мактубда агросаноат мажмуасини ривожлантиришнинг яна бир неча муҳим йўналишлари ўз аксини топ­ган. Булар – экиш ва ҳосилни йиғиб олишнинг энг мақбул муддат­ларини олдиндан айтиш,  ерни минерал ўғитлар билан бойитиб, зараркунандалар, бегона ўсимликлар билан курашнинг мукаммал тизимларини жорий қилиш­дир. Шунингдек, экин майдонларини ҳаводан назорат қиладиган учувчисиз техникани (масалан, квадрокоптер) қўллаш вақтни ва маблағни тежаб, меҳнат самарадорлигини оширади.

Агросаноат мажмуасини ривожлан­тиришнинг Мактубда ифодаланган энг самарали йўллари сифатида янги технологиялар ва бизнес-моделларни татбиқ этиш, агросаноат мажмуасида фан ютуқларидан фойдаланиш дара­жасини оширишни кўрсатиб ўтиш мумкин. 

Қишлоқ хўжалик ширкатларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш вазифаси алоҳида таъкидланган. Ай­ниқса, майда фермер хўжаликларини бириктириш яхши самара беради. 

Замонавий қишлоқ хўжалиги бизнес иштирокисиз жиддий ривожлан­маслигига  Президент алоҳида эъти­бор қаратади. Сифатли маҳсулот етиштириш, уни қайта ишлаш – бир масала, иккинчи катта масала – жа­ҳон бозорида унинг харидорларини топиш. Шу сабабли, Мактубда мам­лакат бизнес билан ҳамкорликда жаҳон бозорларида етиштирилган маҳсулотлар сотиладиган стратегик жойларни, шароитларни топиш зарур­лигини таъкидлаган.

Президент Мактубида қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиш­ти­ришни жадаллаштириш маҳсулот сифа­ти ва экологик тозалигини сақлаш билан бирга олиб борилиши зарурлиги ҳам қайд этилади. Айнан шу йўл билан жаҳонга таниладиган “Қозоғистонда тайёрланган” табиий маҳсулотлар брендини яратиш ва ривожлантириш мумкин. 

Мактубдаги агросаноат мажмуасига тегишли яна бир муҳим масала – ердан унумли фойдаланиш. Ҳозирда республикамизда қишлоқ хўжалигига яроқли ерларни эгаллаб, ундан оқи­лона фойдалана олмаётган ёки умуман фойдаланмаётган фермерлар йўқ эмас. Шу сабабли, Президент ердан унумли фойдаланишни рағбат­лантириш ва самарали фойдаланиш юзасидан чоралар қўллаш кераклигини таъкидлаган.

Хуллас, яқин беш йилда агросаноат мажмуасида меҳнат унумдорлиги ва қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини  камида 2,5 баравар кўпайтириш вазифаси аниқ белгиланган. 

Президент Мактуби агросаноат мажмуаси ходимларига, оддий фер­мер­дан тортиб, юқори даражадаги менежерларга, қишлоқ хўжалик соҳа­сидаги олимларга, бўлажак мута­хассисларга ривожланиш бўйича аниқ йўлланмалар берувчи дастуриламал  вазифасини бажаради.

Неъматжон АЛМЕТОВ, М. Ауэзов номидаги Жанубий Қозоғистон давлат университетининг профессори, 2018-01-17, 22:32
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.