26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
2017 – Ютуқлар йили бўлди!

Ўтган йили декабрнинг сўнгги кун­­­ларида Сайрам туман маслаҳати депутати, туман ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси Ғанишер Райим­­қуловдан суҳбат олгандим. Чоп этиш мавриди энди етиб келди.

– 2017 йил сиз учун қандай ўтди? 

– Жуда суръатли йилни бошдан кечирдик. Яратганга шукур, ҳамма нарса: маблағ ҳам, куч-шижоат ҳам, халқнинг, ҳамюртларимизнинг қўллови ҳам етарли бўлди, фа­қат ният қилинган барча ишлар­ни амалга оширишга вақт тақчил­лигидан  қийналдик.

– Депутатлик фаолия­тин­гиздан кўнглингиз тўлдими?

– Маслаҳат фаолиятида бир қарашда кўзга кўринавермайдиган, аммо олдинга қўйилган мақсад­ларни амалга оширишда му­ҳим бўлган жиҳатлар кўп экан. Ҳаммаслаклигимиз, ҳамжи­­­ҳат­­­лигимиз, Элбошимиз ва Ҳу­ку­­­­­­­ма­­­­­­­тимизнинг халқчил сиё­са­ти ту­­­­файли кўплаб ижобий ўзга­ришлар юз бераётганини кўриб турибмиз. 

Шу жумладан, мен ўзим сай­ланган Қорабулоқ қишлоғи мисо­лида ҳам қатор янгиликларни кўр­сатиш мумкин. Масалан, мен сайловолди дастуримда баён этил­ган масалаларнинг 70 фоиздан зиёди ҳал этилганини айта оламан.

– Масалан...

– Бизда қишлоқ хўжалиги асосан ирригация тармоқларига асосланган. Мирзабобода Закира каналининг тозаланиши туфайли  деҳқонларимизнинг мўл ҳосил олишларига имконият яратилди. Бекниёз ота, Охунбобоев ном­ли кўчаларда ёритгичлар ўрна­тилди. Болалар истироҳат боғи қурилиши масаласи ҳал этилди. 

600 ўринли мактаб каби ижти­моий аҳамиятга эга иншоот учун лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёр­лашга бюджетдан 20 млн. тенге маблағ ажратилишига эришдик. Янги бино қурилгач, 92-сонли “Оқсув” мактабининг эски биносини боғча сифатида ишлатиш кўзлан­моқда. Бу каби ишларнинг бар­ча­сини санаб чиқиш қийин, ўй­лайманки, вақтли матбуотни ку­затиб бораётган муштарий янги­ликларнинг кўп қисмини билади.

Бизнеснинг ижтимоий масъу­лиятини унутмаган ҳолда, тадбир­корлик фаолиятимдан ҳам улуш ажратишга ҳаракат қилмоқдаман.

– 104-сонли мактаб қўшимча биноси қурилишида ҳиссангиз бор экан.

– Ҳа, келажагимиз бунёдкорлари учун амалга оширилаётган бу қурилишга 200та шифер ажрат­гандик. Бир қанча эҳтиёжманд хонадонларга моддий ёрдам бер­дим. “Мактабга йўл” акцияси дои­расида 20та кам таъминланган оила фарзандлари учун форма харид қилдик. Уйининг томини ёпиш қорли-қировли кунларга қолиб кетаётган бир оилага ҳам 150та шифер ажратдик, бир хонадоннинг дафн маросимини ўтказиб бердик.  

– Сиз Сайрам туман ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси сифатида ҳам қатор ишларни амалга оширдингиз...

– Бу йўналишда ҳам баҳо­ли қудрат фаолият юритмоқдамиз. Нафақат туман, балки вилоят тадбирларида ҳам имкони борича қатнашишга интилмоқдамиз. Ба­­­­ҳам­­­­жиҳатлигимиз туфайли ту­­­­­­­­­­­­­­­­­­ма­нимиз ҳар соҳада илғор. Ви­­­ло­­­­­­ят ўзбек тили, маданияти ва анъаналари кунида юртдош­ла­­римиз бунга яна бир карра иқрор бўлдилар. 

“Маънавий янгиланиш” дои­расида ҳам қатор тадбирлар ўтка­зилмоқда. Халқимиз санъатидан келаётган мерос – мақом йўна­лишида ижод қилаётган юртдо­шимиз, вокал санъаткор  Зардиана Иззатуллаеванинг эл олдида чиқи­шини ташкил қилдик.  

– Туман ўзбек этномаданият бирлашмаси ташкил қилган Арча байрами ҳақида кўп илиқ гаплар айтилди.

– Ҳа, кўпчиликнинг беғараз кўмаги билан ўтган бу тадбирни алоҳида кўрсатиб ўтишни ис­тар­дим. Янги йил арафасида ту­мандаги мактабларнинг ҳар би­­ридан кам таъминланган оилада тарбияланаётган уч нафардан – жами икки юз нафардан зиёд бола учун “Оқсарой” тўйхонасида “Эртаклар оламида” деб номланган байрам тадбири ташкил этилди. Қозоғистон Парламенти Мажлиси депутатлигига икки марта сай­ланган, Қозоғистон халқи Ас­сам­блеясида Элбошининг муовини бўлган Рўзақул Холмуродовнинг ўгитларини болалар жон қулоғи билан тингладилар. 

Ушбу байрамда кўп йиллар мобайнида туман таълим бўлимини бошқарган Сайрам туманининг фахрий фуқароси, вилоятимиз ва республикамизда ҳалол меҳ­нати, публицистик мақолалари билан танилган устоз Каримжон Юсвалиевнинг иштироки кечамиз дастурини янада бойитди. Шим­кентдан атайин таклиф қилин­ган Holidey компаниясининг мульт­фильм ва эртак қаҳрамонлари сиймоларини ўзида акс эттирган вакиллари байрамга ўзгача файз бағишлашди.

– Юқорида тилга олган­ла­рингиз – бажарилган ишлардан бир шингили бўлса керак. Ўй­лайманки, 2018 йилда уларнинг сони ҳам, салмоғи ҳам янада ошади. Катта ишлар кўпчилик билан бўлиши аниқ.

– Туманимизнинг равнақи йўлида астойдил хизмат қилаётган Анвар Исмоилов номли касб-ҳу­нар коллежи раҳбари Гулчеҳра Исмоилова, таниқли тадбиркорлар Фахриддин Исломов, Акмал Исо­қов, жамоат иши жонкуярлари Жабборқул Сергалиев, Абдурасул Юсупов, Шавкат Олимов, Ҳуснид­дин Элтоев ва бошқа кўплаб эл иши учун жонфидолик қилаётган юртдошларимиз этномаданият бирлашмаси фаолиятига ҳам улкан улуш қўшмоқдалар. Уларнинг барча-барчасига  миннатдорчилик билдиришни истардим. 

– Самимий суҳбатингиз учун раҳмат

Абдумалик САРМОНОВ суҳбатлашди, 2018-01-17, 22:37 197
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.