26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Дадамнинг ўқувчиси

Давлат мукофоти лауреати, ёзувчи Носир Фозиловни ёд этиб

Болалигим қишлоқда ўтган. Ҳозирги Нуртас овули мен туғилган Ёйилма қишлоғи эди. Эсимни таниб, мактабга борганимда дадам Тошкентда бизнинг Носир Фозилов деган ёзувчи қариндошимиз борлигини айтган. Ҳар замонда уйдагиларга Носир келяпти, деган хабар етса, дадам ов қилиш учун тайёргарлик кўриб ўтирарди. Кейинчалик, қатор адиблар бирга келадиган бўлиб, шоир Мавлон Икром дадамнинг овчи биродарига айланди. Бир куни Мавлон акадан хат келибди, дадамга бир ўсимликнинг ўзбекча атамасини (ҳозир ёдимда йўқ) ёзиб юборинг, деб.

Қишлоқдаги кўримсизгина уйимизда Абдулла Орипов ҳам меҳмон бўлганди. Бу 1966 йил бўлса керак. Дадам, бу ёш бола ким, деб сўраганларида, Носир акам, “Э, Поччака, бу бола кичкина деманг бизни, олиб урамиз сизни дейдиганлардан”, деган эдилар. Кўп ўтмай “Ўзбекистон хотин-қизлари” журналида Абдулла аканинг “Онажон” шеъри босилиб чиққан.

Мактабни тугатиб, Носир акамнинг уйида яшай бошладим, чунки институтга ўқишга кирган эдим. Амакиси ўқишга киритиб қўйганда, деб ўйламанг. Амакимнинг яшаш тарзи худди дадамникидек эди. Кучингни синаб кўр, бўлмаса келаси йил келасан, деди. Ўзингга ишониб яшаш керак, деган тушунчага ўшандан амал қилардим. Тарбиямда ота-онамдан кейин амакимнинг ҳам таъсири кўп бўлди. Ялқов бўлмасанг, бировнинг ҳақини емасанг, манман бўлмасанг, ҳаётда ўрнингни топасан, дердилар.

Саида опа дунёдан ўтган пайтлар. Дадам Тошкентга борганларида Саид Аҳмад аканинг ҳовлисига олиб бориб, улар узоқ суҳбат қурганларини айтиб юрардилар. Тўхтасин Жалолов, Неъмат Аминов билан дадам уйимизда кўп ҳамсуҳбат бўлганлар. Ўзбекистон телевидениесининг сухандони Ўктам Жобиров дадамнинг санъатга қизиқишини билиб, ўзининг най ва скрипкасини совға қилиб кетган эди.

Мен буларни дадамни мақташ учун айтаётганим йўқ, Носир акамнинг дадамга эҳтиромини билдирмоқчиман. Катта ёзувчи билан оддий ўқитувчининг орасидаги меҳрни айтсам арзигуликдир. Амаким дадамни бошқаларга устозим, деб таништирардилар, бизни эса сингилларим деб эмас, устозимнинг қизлари дердилар. Аслидаям дадам уларга ҳаётда устоз бўлган эканлар. Гапирганларида дадам гапираётганга ўхшарди. Айниқса, дадам ўтганларидан кейин укам Ўткирни ўзига яқин тутиб юрдилар. Таъзияда ўтириб ҳам эшитдимки, сўнги пайтларда дадамни кўп эслаган эканлар.

Дадам яхши деҳқон эдилар. Муборак келинойим билан қовун сайлига келсалар, қувончини яширолмай, кўнгилларини олиш учун балиқ овига ҳам олиб борар, ёш боладек югуриб, хизматларида бўлар эдилар. Носир акам билан фахрланиб юрардилар.

Фозил бобом ҳам, Жаҳон опам ҳам 90 ёшларида ўтган эдилар. Шу 90 ёш Носир акамга ҳам насиб этибди. Бугун ушбу мақоламизда ёд этган барча азизларимизнинг охиратлари обод бўлсин! Биз оиламиз билан бу инсонларнинг ҳаётимизда бўлганлигига шукроналар айтамиз.

Сирдарёнинг бўйларида изларингиз қолди-ёв,

Сиз келмаган давраларда сўзларингиз қолди-ёв,

Келади деб сизни кутган кунларимиз қолди-ёв,

Элин суйган суюклигим, ардоқлигим, хўш энди.

Тамара ҚУДРАТОВА, 2018-01-19, 19:19 887
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.