26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Оммавий қирғин қуролларини тарқатмаслик: ишонч чоралари

Қозоғистон Республикаси Президенти Н. Назарбаевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши мажлисидаги нутқи 

Ҳурматли Бош котиб!

Ҳурматли Кенгаш аъзолари!

Хонимлар ва жаноблар!

Бизнинг мавзуга оид брифингимизда сизни қутлаётганимдан мамнунман. Қозоғистоннинг БМТ Хавфсизлик Кенгашининг муваққат аъзолигига сайланиши ва бизнинг бугунги раислигимизни жаҳон ҳамжамиятининг мамлакатимиз ва унинг тинчликсевар сиёсатига ишончи сифатида баҳолаймиз. 

Ушбу лавозимга сайланган Марказий Осиёнинг дастлабки давлати сифатида биз Бутунжаҳон ташкилотининг ушбу муҳим органида минтақамиз халқларининг “овози” бўла олдик. 

Қозоғистоннинг Хавфсизлик Кенгашидаги фаолиятида дастлабки йил ўтди. Биз Хавфсизлик Кенгаши кун тартибидаги долзарб масалаларни ҳал этишда қатнашарканмиз, имкони борича фаол, омилкор бўлишга ва эҳтиросларга ўрин бермасликка ҳаракат қилдик. 

Афғонистон/”Толибон”, ДАИШ ва “Ал-Қоида”, Сомали/Эритрея бўйича қўмиталарга раҳбарлик қиларканмиз, уларнинг самарали ишлашига салмоқли улушимизни қўшиб келмоқдамиз. 

Тиғиз ҳамкорлик учун Кенгашга аъзо барча давлатларга миннатдорчилигимни билдираман. 

Ҳурматли хонимлар ва жаноблар!

Бугунги тадбир Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашида Қозоғистон раислик қилган пайтдаги асосий воқеа ҳисобланади ва атайин ҳозирги замоннинг глобал кун тартибида турган энг долзарб мавзулардан бирига бағишлангандир. 

Тинчлик ва хавфсизлик мақсадларига эришишга йўналтирилган ишонч чоралари зиддиятларнинг олдини олиш ва долзарб глобал муаммоларни ҳал қилишда муҳим роль ўйнайди. 

БМТ Бош Ассамблеясининг 47-сессияси минбаридан мен Осиёда хавфсизлик ва ишонч чоралари бўйича минтақавий тузилма барпо этиш таклифини илгари сурган эдим. 

Заҳматли дипломатик фаолият натижасида бу механизм яратилди. Бугунги кунда минтақанинг 26 мамлакатини бирлаштирган Осиёда ўзаро ҳамкорлик ва ишонч чоралари кенгаши самарали фаолият юритмоқда. 

Чорак асрдан сўнг Хавфсизлик Кенгашининг муваққат аъзоси сифатида Қозоғистон номидан БМТ минбарида яна нутқ сўзламоқдаман. 

Аммо мен шуни таъкидлаб ўтишга мажбурманки, ҳам айрим мамлакатлар орасида, ҳам дунёвий даражада ўзаро ишончни кучайтириш масаласи тобора кескинлашаётир ва янада долзарб бўлиб қолмоқда. 

Ишонч чоралари хавфсизликнинг глобал иншоотини тутиб туриш, бутун сайёрамиз миқёсида тинчликни сақлашнинг энг муҳим элементи сифатида кун тартибида туриши зарур. 

Нега?

Биринчидан, ишонч чоралари инсоният янги кенг кўламли уруш арафасида турган пайтда, ХХ асрнинг иккинчи ярмида бутунлай йўқолиб кетиш хавфининг олдини олиш жараёнида ўзини оқлади. 

БМТ Низомида ёзиб қўйилганки, бизнинг асосий вазифамиз – “келгуси авлодларни уруш фалокатидан қутқариш”.

 

Чорак аср давомида менинг давлатим Семипалатинскдаги жаҳоннинг энг йирик ядро полигонини ёпиб, БМТ рўйхатида жаҳондаги тўртинчи ядро қуроли эгасидан ядро қуролини тарқатмаслик бўйича глобал етакчиликкача бўлган шиддатли йўлни босиб ўтди.

(Давоми. Боши 1-бетда).

 

Ядро қуроли ва ядровий мамлакат мақомидан воз кечиш бизнинг онгли равишда қилган, самимий танловимиз, бутун Қозоғистон халқи томонидан қувватланган, жаҳон ҳамжамияти томо­нидан муносиб баҳоланган ихтиёрий қароримиз эди. 

Бугунги кунда мамлакатимиз ядро хавфсизлиги соҳасидаги барча асосий хал­­­­­­­қаро шартномаларнинг иштирокчиси ҳи­­соб­­­­­­ланади ва ўзининг ядросиз мақомини қонунан мустаҳкамлаб олган. 

Иккинчидан, ўзаро ишонч муҳити хал­қаро ҳамкорликнинг янги моделини шакл­лантиришга кўмаклашади. 

МАГАТЭ Кам бойитилган уран банкининг очилиши бундай ҳамкорликнинг ёрқин намунаси ва амалдаги инъикоси бўла олади. Бу билан Қозоғистон уранни тарқатмаслик режимини мустаҳкамлаш ва ундан тинч мақсадларда хавфсиз фойдаланишга ўзи­нинг навбатдаги ҳиссасини қўшди. 

Учинчидан, Қозоғистоннинг ядросиз йўли бошқа мамлакатлар учун намуна ва амалий қўлланма бўлиб хизмат қилиши мумкин. 

Биз ядро қуролидан воз кечиб ва ядровий давлатлардан ҳужум қилмаслик кафолатини олиб, мустақил мамлакатимизни барпо этдик ва мустаҳкамладик, унинг юксак хал­қаро обрў-эътибор қозонишига эришдик. Шимолий Корея раҳбариятини биздан ўрнак олишга чақирамиз.

Тўртинчидан, илмий-технологик та­рақ­қиётнинг ҳозирги имкониятлари ва гло­баллашувнинг муқаррарлиги оммавий қирғин қуролларини тарқатмаслик ва­зи­фасини инсониятнинг омон қолиши масаласига айлантирмоқда. 

Оммавий қирғин қуролларига эга мам­лакатлар сонининг ортиши ядровий, кимё­вий, биологик ва радиологик қурол­ларнинг бузғунчи кучлар қўлига тушиб қолиш эҳтимолини ҳам кучайтиради. 

Бугунги кунгача мавжуд бўлган ядровий хавфсизликни таъминлашга оид ҳуқуқий ҳужжатлар 20-аср охирларида “ядровий давлатлар клуби” кенгайишининг олдини ололмади. 

Ўйлайманки, Ядровий қуролларни тар­қатмаслик тўғрисида шартномага асос­ланган ўта зарур тарқатмаслик тартибини мустаҳкамлаш чуқур ментал ўзгаришларни, янги атрофлича сиёсий қарорларни тақозо қилади. 

Тарқатмаслик соҳасида ишончни мус­таҳкамлаш сифатида қуйидаги чораларни таклиф этаман:

Биринчи. Ядровий қуролларни тар­қатмаслик тўғрисида шартномадан чиқиб кетишни мураккаблаштириш зарур, деб ҳисоблайман. 

КХДРнинг намунаси ядро қуролига эга бўлишни истаётган бошқа мамлакатларни ҳам шундай қадамга ундаши мумкин. 

Ядровий қуролларни тарқатмаслик тўғрисида шартномани шубҳага қўймаган ҳолда, Шартномани бузаётган мамлакатлар учун БМТ ХКнинг, санкция ва мажбурлаш чораларини ҳам қўшган ҳолда, юз берадиган аниқ оқибатларни белгиловчи махсус резолюциясини ишлаб чиқиш имкониятини кўриб чиқишни таклиф қиламан. 

Иккинчи. Оммавий қирғин қуролларини сотиб олиш ва тарқатишга қарши қатъий чораларнинг амалда ишловчи механизмини ишлаб чиқиш зарур.

Бундай кўп томонлама битимлар БМТ Хавфсизлик Кенгашининг алоҳида резо­люциялари билан тасдиқланиши лозим. 

Оммавий қирғин қуролларига эга бўлиш истагини бартараф этишнинг асосий чораси сифатида, атом қуролидан ихтиёрий ра­вишда воз кечган, шунингдек, ядросиз мақомга эга мамлакатларга ядровий давлат­ларнинг ҳуқуқий жиҳатдан асосланган мажбурий кафолатлари тизимини ривож­лантириш зарур, деб ҳисоблайман.

Учинчи. Дунёвий хавфсизлик тизимини замонавийлаштириш жараёнининг муваф­­фақияти ёки мағлубияти жаҳон ҳам­жамия­тининг қуролланиш сарқитларини бар­тараф этиш қобилиятига бевосита боғлиқ. 

Давлатларнинг ҳарбий блокларга бўли­нишини ўтмишда қолдириш керак, улар мавжудлигининг ўзи қўзғатувчи ва бемаъни бўлиб қолди.

Айнан шу жойда давлатлар ўртасида ишонч зарур.

Умумжаҳон урушга қарши чораларига ўз муносабатимни “Жаҳон. XXI аср” Мани­фестимда баён этганман. У БМТнинг 100 йиллигигача ядро қуролисиз жаҳонни бунёд этишга ёрдам берувчи ҳаракатларни таклиф қилади. Агар жаҳон ҳамжамияти қўллаб-қувватласа, бу мақсадга эришиш мумкин.

Тўртинчи. Сиёсий ишонч ва тизимли мулоқотни халқаро ҳаётга, албатта, қай­тариш керак. 

Қўшма умумий ҳаракатлар режаси(ҚУҲР) бунга яхши мисол бўла олади. Эроннинг ядровий дастури бўйича келишув тар­қатмаслик соҳасида муваффақиятли кўп­томонлама дипломатия бўлиши мумкин­лигини намойиш этди.

У мураккаб масалаларни музокаралар йўли билан ҳал этишнинг амалий намунаси бўлди.

Мазкур Битимга ишонч муҳити туфайли эришилди, унинг тузилишига Қозоғистон ҳам ўз улушини қўшди. 

 Битим айрим қатншачиларининг ўз мажбуриятларини бажармаётганлиги ҳи­собига ҳозирги вақтда вужудга келган айрим мураккабликларга қарамасдан, ҚУҲР­нинг келгусида муваффақиятли амалга оширилишига ишонч билдираман. Мазкур масалани АҚШ Президенти билан муҳокама қилдик.

Бизнингча, Шимолий Корея ядровий муаммосини созлаш масаласида ҳам худди шунга ўхшаш амалий ёндашувни қўллаш мумкин. Маълумки, Корея ярим оролида юз бераётган воқелар чуқур зиддиятларни намойиш қилмоқда.

Шу муносабат билан биз жалб этилган томонларни Шимолий Корея масаласини жадал ва амалий ҳал этишга чақирамиз.

Биз ишонч муҳитини яратиш ва Пхеньян­ни музокаралар столига қайтариш учун муҳим шарт сифатида “ядровий беш­лик” томонидан КХДРга хавфсизлик кафолатларини бериш тарафдоримиз.

Қозоғистон жалб этилган томонларда шундай зарурат туғилган тақдирда музока­ралар учун майдонча беришга тайёр.

Ишонч чоралари бугунги кунда фожиали воқеалар юз бераётган Яқин Шарқ учун ҳам ҳар қачонгидан муҳимдир. 

Суриядаги низолар минтақадан олис жойларда ҳам салбий оқибатлар туғдир­моқда.

Бу ерда шуни таъкидлаш муҳимки, Ас­тана майдончасидаги мулоқотга айнан ўзаро ишонч негиз бўлди, у Женева музо­караларини тўлдирган ҳолда Сурияда тинч­лик ўрнатиш жараёнига ўзининг муно­сиб ҳиссасини қўшмоқда.

Астанада шундай 7 музокара ўтди. 

Бешинчи. Ядро қуролларидан холи минтақалар барпо этишни, оммавий қирғин қуролларининг тарқалишига қарши курашда энг самарали воситалардан бири, деб ҳисоблайман.

Бу ҳам жамоавий ишонч кўринишининг ўзига хос шаклидир.

Яқин Шарқда ядросиз минтақа барпо этиш борасида саъй-ҳаракатларни давом эттириш муҳимдир.

Манфаатдор томонларни ишни янгилашга даъват этаман ва ишонаманки, айрим мам­лакатлар ўртасида вужудга келган келиш­мовчиликлар ҳадемай барҳам топади.

Олтинчи. Бугунги кунда илм-фан ютуқ­ларини қўллаган ҳолда қуролланиш пой­гасининг янги тўлқини вужудга келиши хавфи туғилмоқда. 

Шу муносабат билан халқаро ҳамжамият янги ҳарбий ва ахборот технологияларининг яратилиши ҳамда тарқатилиши устидан назоратни кучайтириши лозим.

Ишонч чоралари коинот кенглиги қуроллантирилишининг олдини олишга умумий ёндашувларни шакллантиришда ҳам зарур, деб ҳисоблайман.

Ушбу масалалар БМТнинг алоҳида мажлисида кўриб чиқилиши лозим.

Ҳурматли хонимлар ва жаноблар!

Бугунги кун воқеалиги шундайки, жа­ҳондаги ядро қуролига эга давлатлар ўртасида ўзаро тушуниш ва ишонч бўлган тақдирдагина кўплаб низоларнинг олдини олиш ва уларни самарали созлаб туриш мумкин. 

Ядро ҳалокатининг олдини олиш учун инсоният олдидаги буюк жавобгарлик уларнинг зиммасида турибди. Айнан энг йирик ядровий давлатлар ядросиз олам учун курашнинг бошида бориши, оммавий қирғин қуролларини қисқартиришда намуна кўрсатиши лозим.

Бинобарин, бу қолган мамлакатлар четда томошабин бўлиб туради, уларга ҳеч нарса боғлиқ эмас, деган маънони билдирмайди.

Жаҳон ҳамжамияти – бу ягона ор­ганизмдир, у ўзининг кўпхиллиги ва кўп­тузумлилиги билан қудратли, у сайёра­мизда яшаётган миллатлар ҳамда халқлар ўртасида мувозанат ва уйғунлик бўлган тақдирдагина яшаб, ривожлана олади. 

Айнан шунинг учун биз биргаликда халқаро ҳуқуқлар устуворлигига асосланган анча хавфсиз ва адолатлироқ дунёвий тартибга эришишимиз керак.

Бу ишда БМТ Хавфсизлик Кенгашига алоҳида роль ва тарихий вазифа юкла­тилиши шубҳасиз.

Аминманки, ХХI юз йилликда инсоният оммавий қирғин қуроллари хавфидан озод жаҳон сари муносиб йўлни босиб ўтишга қодирдир. 

Ишонаманки, жаҳон ҳамжамиятининг жамоавий ҳаракатлар қувватига кўпай­тирилган ишончи, иродаси ва идроки сайё­рамизнинг дунёвий ҳалокат жарлигига қулаб кетишига йўл қўймайди. 

Эътиборингиз учун ташаккур!

, 2018-01-20, 10:02
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.